Экоолам      Бош саҳифа

Дарахтлар гапирадилар, япроқлар сўзлайдилар...

Ақлимни таниганимдан буён ҳаётнинг бир гўзал манзараси бўлиб тутлар хотирамдан ўрин олган. Ҳовлимиз тўридаги улкан марварид тутни «Момо тут» деб атардик.

Дарахтлар гапирадилар, япроқлар сўзлайдилар...

Бу тут айни илик узилди пайти оппоқ марвариддек пишарди. Албатта, тут тагига катта сурп тўшаб қўйилар ва атрофи ёғ тушса ялагудек тоза тутилар эди. Ниҳоятда хуштаъм тут меваларидан бир пиёла еган одам бошқа ширинликни егиси келмас эди. Ялтираб турган ям-яшил япроқлар орасидан оппоқ-оппоқ тут мевалари кўриниб туриши киши дилини яйратади. Чумолилар карвонининг тут тагига келиб кетишларини кузатишнинг ўзи завқли, митти чумчуқлар ҳам ўз насибасини чўқилаб еяётганини томоша қилиш мароқли эди. Ортиб қолган тут меваларидан моможоним шинни тайёрлаб сопол кўзага солиб қўяр, айни қиш чилласида дармондори қилиб барчага тарқатар эди.

Дастурхонимизда доимо тутмайизлари турар, Санобар катта энам «Ҳар куни ҳеч деганда ярим пиёла тутмайиз еган одам касал бўлмайди», дердилар. Бировнинг боласи боши айланиб йиқилиб тушибди, ёки бирорта ҳамқишлоғимиз кўзи тиниб ўтириб қолибди, деб эшитсалар, дарҳол тут шинни ва тутмайиздан бериб юборарди.

Катта энам қишлоқ келинларини «Сенларди қўлларинг синғанма? Мана шу марварид тутлардан майиз, шинни қилмайсанлар, шотутдан шарбат тайёрламайсанлар, натижада жил бўйи силланг қуриб, оғзингдан совуқ сувинг ағиб журасан. Шотут жанаварди турған-битғанғинаси қон бўладику шуниям тайёрлаб эрларингга, балаларингга ичирмайсанлар, жалқовсанлар. Ўзларингдиям қирққа кирмай ҳайдар-ҳайдар чочинг тўкилади, тишинг тўкилади, қалдирғоч қанотидай қошинг тўкилади, ойдай жузинг тиришиб, қийшайиб қолаберади. Нимадан шуйтади? Қувват жўғидан», – деб дашномларга кўмиб ташларди. Раҳматли катта энам ҳар йили қишлоқ келинларини йиғиб шинни, шотут шарбат тайёрлатиб, бўлиб берарди.

Тут – илоҳий дарахт. Унинг остини тоза тутиш кераклигини ҳам шу донишманд энамдан эшитганмиз.

Уруш йиллари қишлоқлардаги улкан-улкан тутлар қандай қилиб одамларни очликдан асраб қолишга ёрдам берганини ҳам Санобар катта энам айтиб берганлар:

«Ҳаммаёқда очлик, қаҳатчилик. Одамлар тут пишиғига жетгунча ранглари сорғайиблар кетарди. Тезроқ тутлар пишсаю тўйиб-тўйиб тутхўрлик қисак, деб орзу қиларди ҳамма. Ўша жиллардаям ўзбегимди доласидан ойналай ўт-ўлан яхши бўлиб аллақочан молларди авзи кўкка жетған эди. Худаға шукур қилиб, кимди сигири кувроқ сут берса даррав қўшнисиға илинади. Мақсадимиз: ҳеч ким кунжара жеб ўлмаслиги эди. Буни устига-устак ҳар биримиз уруш бўлаётған жерлардан поездда об келинган жетим, сағирларди бала қилиб асраб олғанмиз денг. Кегангина балаларди ариқлиғини олдида бизди балалар тетик кўриниб қолди айналайлар. Бу ўрисдинг балалари тутди хом десак ҳам тушинмайди, кўзди паналаб жиб жутади. Ундан сўнгра уларди ичи аврайдида. Ғалча балалар. Уларни уришиб бўмайди, уриб бўлмайди. Анорди пўстини қойнатиб ич десак қочади. Қува-қув қилиб ушлаб олиб ичирамиз, тузалади. Бир амаллаб тут пишиғига жетганмиз қоқиндиқларинг кетайлар.

Ундан уяғига тутларди бир донасини ҳам қолдирмай қўритиб, тўрваларға солиб қиш-қировли кунларға тутмайиз қилғанмиз. Сенларди заманингдан айланайда. Ҳамма жойда тўқчилик. Тутлар тўгилиб жерда жойилиб жотибди. Ундай исровгарчилик қилмангларай. Барибир териб олмасанглар мен рози эмасман...»

Катта энамнинг таъна-дашномларидан кейин оқ сурплар гилам шаклида тикилиб шотутнинг тагига алоҳида, марварид тутнинг тагига алоҳида тўшаб қўйиладиган бўлди.

*   *  *

Тупроқни шўрлашдан асраб қолувчи, ернинг захини олувчи ҳам тут дарахтидир. У оламни атласга ўровчи ипак қуртининг асосий емиши. Аммо, кейинги йилларда тут дарахтларининг кесилиб, йўқ бўлиб кетаётганидан хавотирда эдим. Мана икки йилдирки, жойларда тут қаторлари ва тут плантацияларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ташаб­буслари билан пиллачилик соҳасини комплекс ривожлантиришга қаратилган яхлит ташкилий-технологик тизим барпо этилгач, йиғилиб қолган муаммолар ҳал этилмоқда. Бу борада мавжуд тутзорларни асраш билан бирга «кластер» усулига ўтиб, соҳа фидойиларининг моддий манфаатдорлиги оширилиб борилади.

«Жорий йилда пилладан тўрт марта ҳосил олишга бел боғлаган пиллачиларимиз аллақачон биринчи мавсумда тайёрланган 19 минг 256 тоннадан зиёд пиллани юқори навларда топширдилар»

 – дейди биз билан суҳбатда «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси раиси ўринбосари Олимжон Жумаев.

Бунда тут баргларини териш технологияси қўлланилганлиги айни муддао бўлмоқда. Яъни биринчи мавсумда тут новдалари ёппасига кесилмасдан, баргларигина териб олинади. Қолган куртаклардан чиқадиган барглардан кейинги мавсумда фойдаланилади.

Бу пиллачилик ривожланган Хитой ва Ҳиндистон тажрибаси Ўзбекистонда ҳам ўзини оқлаётганини кўрсатади.

Юртимиз кенгликларида кезар эканман, барча жабҳаларда меҳр пойдеворлиги кўзга ташланади. Ҳатто шу оддий тут дарахти ҳам бизга қадрдон. Унинг марварид меваси, атласдек ялтираб турган япроқлари, саратон чилласидаги сояси... Энг муҳими у билан боғлиқ хотиралар бор. У билан момоларимиз, боболаримизнинг ёди, эртакларга монанд кечмиши бор.

Балхи тутлар, шотутлар, марварид тутлар билан боғлиқ муқаддас хотиралар, ўзбегимнинг азиз ва шонли ўтмиши бор. Ҳа, дарахтлар гапирадилар, япроқлар сўзлайдилар.

 

Зулфия МЎМИНОВА, шоира




Ўхшаш мақолалар

Мансаб ёки  обрўни эмас, халқ манфаатларини  маҳкам тутган  депутат

Мансаб ёки обрўни эмас, халқ манфаатларини маҳкам тутган депутат

🕔16:35, 11.12.2025 ✔7

Айжамал опага фидойилик аждодоларидан ўтган. Отаси Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ҳамиша ўз фарзандларини халқпарвар, меҳрибон ва жонкуяр қилиб тарбиялашга интилган.

Батафсил
Ҳаво  ифлосланишида инверсия таъсири,  у нима дегани?

Ҳаво ифлосланишида инверсия таъсири, у нима дегани?

🕔16:33, 11.12.2025 ✔9

Тошкентда кузатилаётган ҳаво сифатининг ёмонлашиши бир вақтнинг ўзида намоён бўлиб, бир-бирини кучайтирган бир нечта табиий-иқлимий ва антропоген омиллар йиғиндиси билан боғлиқ. Табиий-иқлимий омиллар орасида кучли инверсия ҳодисаси ҳаво сифатининг бузилишига энг катта таъсир кўрсатмоқда.

Батафсил
Автомашинамиздан воз кечолмасак, тоза ҳаво исташда  мантиқ борми?

Автомашинамиздан воз кечолмасак, тоза ҳаво исташда мантиқ борми?

🕔11:00, 04.12.2025 ✔49

Тоза ҳаво бугунги кунда нафақат юртимиз, балки бутун дунё мамлакатларининг оғриқли муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар бир давлатда демографик кўрсаткичлар ўсиб боргани сайин тоза ҳаво масаласи ҳам кўндаланг муаммога айланмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар