Экоолам      Бош саҳифа

«Яшил макон»: Экканда бизники, суғоришда бегонаникими?

Яқинда ижтимоий тармоқларда дилни хира, ҳафсалани эса пир қиладиган бир ҳолат бўйича хабар тарқалди. Унда Навоий вилояти Зарафшон шаҳридан мурожаат қилинган бўлиб, шаҳарда экологик муҳит яхши эмаслиги, дарахтларни суғориш тизими талабга жавоб бермаслиги баён қилинган. Шунингдек, турли катталикдаги қуриб қолган дарахтлар фотосуратлари жойланган.

«Яшил макон»:  Экканда бизники,  суғоришда бегонаникими?

Яна бир ҳолатда эса Навоий шаҳридаги жазирама иссиқ кунлари кўплаб одамларни ўзига жалб этадиган кўл атрофига «Яшил макон» умуммиллий ҳаракати доирасида яхши ниятлар билан кўчатлар экилгани, аммо кўчатларга кетган харажат, одамларнинг меҳнати биргина «юқоридан келган топшириқ бажарилгач» унутилгани, афсуски сувсизлик натижасида уларнинг бирортаси кўкармагани ҳақида сўз боради.

Аслида гап бир ёки бир нечта жойдаги қуриган ниҳоллар ҳақида бормаяпти. Навоий мисолида юртимизнинг турли ҳудудларидаги очиқ, аммо аччиқ бўлган ҳақиқат кўрсатилмоқда. Тан олиш керакки, экилган миллионлаб дарахт кўчатларининг барчаси ҳам зарурий талаблар асосида, назорат билан, иқлимга чин маънода мослаб экилмаган. Айрим жойларда кўр-кўрона, мендан кетгунча қабилида, сувсиз жойларга қадаб кетаверилган. Бу кўчатлар баҳорги ёғингарчиликлар шарофати билан бир муддат яшиллигини йўқотмай тургандир эҳтимол, бироқ ҳозирги айни жазирамада улар вақтида суғорилмаса кузгача қуруқ чўпга айланиши аниқ. Ана ўшанда бунинг жавоби изланар, айбдорлар топилар ҳам, лекин беҳуда кетган яна бир йил, сарфланган харажатлар ўрни қопланмайди.

Албатта, куз ва баҳор мавсумида экилган кўчатлар парвариши бўйича бугунги кунда доимий мониторинг гуруҳлари шакллантирилган, назорати учун масъуллар бириктирилган.

Тўғриси, қанча-қанча қуриб қолаётган кўчатларни кўриб, ўша мониторинг ҳам фақат қоғозда, номигагина ташкил қилинган шекилли, деб ўйлаб қолар экансан киши.

 Шунинг учун ҳам кўчатлар парвариши ҳақида гап кетганда айрим мутасаддиларнинг «Ҳаммаси жойида, мониторинг гуруҳлари ишламоқда» деган «дежурный» жавобига кўп-да ишонавермаслик керак бизнингча.

Яхши ниятлар билан бошланган «Яшил макон» умуммиллий ҳаракатида кўчат экиш кампаниясида, аввало суғориш тизимини жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Афсуски, баъзи жойларда бу ниҳоллар фақат расмларда, қоғозларда гуллаб яшнайдиганга ўхшайди.

Яқинда ҳамкасбимиз Жиззахга бориб келди. «Ховос – Зомин» йўлининг икки четидаги сув кўрмас жойларга экилиб, қақраб, қовжираб, қуриб қолган кўчатларни кўриб «аттанг» дея ачинганини ҳикоя қилиб берди. Нима, кўчатларни амал олиши учун фақат назорат керакми? Инсонийлик, табиатсеварлик қаерда қолди? Нима учун минглаб кўчатларга бир ёки бир нечта инсон жавоб бериши керак? Ахир улар кўкласа, ўсиб дарахт бўлса ҳаммага бирдек фойда келтиради-ку...

Очиғи, экилган кўчатларнинг барчаси бирдек амал олишини кутаётганимиз, бунга ишонганимиз ҳам йўқ албатта. Аммо ҳеч бўлмаса кўп қисми кўкаришига умидимиз бор. Қурийдиган бўлса ҳам бунга сувсизлик, қаровсизлик сабаб бўлишини кутмагандик. «Яшил макон»дан умидларимиз катта. Агар шу кетишда давом этаверса, эртага қандай қилиб бунинг жавобини берамиз. Масъ­уллар наҳотки халққа, катта умидлар билан бу ташаббуснинг бошида турган давлат раҳбарига, қолаверса табиатга ва ўз виждонига қандай жавоб бериш ҳақида ўйлаб кўрмаётган бўлса?

Кўчатлар барчамизники, уларни баробар экдик, елкама-елка туриб томирларини тупроққа қўйдик. Шундай экан жазирама иссиқ кунларда кўчатларни суғоришда ҳам биргаликда жон куйдирайлик. Эртага биздан қақраган тупроқ эмас, яшнаган ўлка, боғларга бурканган далалар, сўлим гўшалар қолсин. Зеро, шу юртда фарзандларимиз улғаяди, шу ҳаводан ҳамма бирдек нафас олади. Кунда бир челак сув билан ана шу яшилликни асрашга ҳисса қўшиш мумкин. Кўчатларга раҳм қилиб, суғоришни унутмайлик. Инсон ташналикдан нақадар азият чекса, дарахтлар ҳам ана шундай қийналади. Ташна инсонга сув тутган каби кўчатларни суғорган ҳам савобдир. Дарахтларни биргаликда асраб қолайлик!

 

Ноила САҲОБИДДИН қизи




Ўхшаш мақолалар

Мансаб ёки  обрўни эмас, халқ манфаатларини  маҳкам тутган  депутат

Мансаб ёки обрўни эмас, халқ манфаатларини маҳкам тутган депутат

🕔16:35, 11.12.2025 ✔7

Айжамал опага фидойилик аждодоларидан ўтган. Отаси Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ҳамиша ўз фарзандларини халқпарвар, меҳрибон ва жонкуяр қилиб тарбиялашга интилган.

Батафсил
Ҳаво  ифлосланишида инверсия таъсири,  у нима дегани?

Ҳаво ифлосланишида инверсия таъсири, у нима дегани?

🕔16:33, 11.12.2025 ✔9

Тошкентда кузатилаётган ҳаво сифатининг ёмонлашиши бир вақтнинг ўзида намоён бўлиб, бир-бирини кучайтирган бир нечта табиий-иқлимий ва антропоген омиллар йиғиндиси билан боғлиқ. Табиий-иқлимий омиллар орасида кучли инверсия ҳодисаси ҳаво сифатининг бузилишига энг катта таъсир кўрсатмоқда.

Батафсил
Автомашинамиздан воз кечолмасак, тоза ҳаво исташда  мантиқ борми?

Автомашинамиздан воз кечолмасак, тоза ҳаво исташда мантиқ борми?

🕔11:00, 04.12.2025 ✔49

Тоза ҳаво бугунги кунда нафақат юртимиз, балки бутун дунё мамлакатларининг оғриқли муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар бир давлатда демографик кўрсаткичлар ўсиб боргани сайин тоза ҳаво масаласи ҳам кўндаланг муаммога айланмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар