Экоолам      Бош саҳифа

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ҳамиша эътиборда бўлади

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг хайрли ташаббуслари билан жорий этилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида республика бўйлаб манзарали, мевали ва бута кўчатларини экиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси  ҳамиша  эътиборда бўлади

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг хабарига кўра, 2021 йил куз ва жорий йил баҳор мавсумида жами 213 миллион туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экилиши ташкил этилди. Шунингдек, республикадаги йирик, ўрта ва кичик маҳаллаларда жами 70 миллион 800 минг туп ҳамда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ёқаларига 72 миллион 500 минг туп терак кўчати ва қаламчалари экилиб, суғориш тизимини яхшилаш бўйича 238 та қудуқ қазилган.

Бундан ташқари туман (шаҳар)ларда мавжуд 740 та сув ташиш автотранспортлари ерга қадалган кўчатларни суғориш ишларига жалб қилинган. Ҳар бир ҳудудда экилган дарахт ва буталар суғориш, парвариш ва муҳофаза қилиш учун юридик ва жисмоний шахсларга бириктирилган. Бироқ, нима учун масъуллар сусткашликка йўл қўйишмоқда? Нима учун экилган кўчатларнинг барчаси ҳам илдиз отиб кетмаяпти?

Соҳа вакиллари мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди. 

Ўзибўларчиликдан нобуд бўлишган

Абдурашид СОДИҚОВ,

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига старт берилиши билан халқимизнинг бу жараёнларга ёндашуви умуман ўзгача бўлди. Ҳар йили 200 миллион кўчат экилар эди. Лекин, бу йилги тадбирларимиз натижасида бу рақамлар сезиларли даражада ортди. Кўчатларимизнинг экилиш жараёнини 100 фоиз деб ҳисобласак, шундан 90 фоизи суғориш тизимига, яхши парваришлаш ва касалликка чалинган кўчатларимизга ишлов бериш ишларига сарфланади.

Республика бўйича бу борада кўп ишлар амалга оширилди. Аммо текширувларимиз натижасида масъул ходимлар ўз ишларига виждонан ёндашмагани аниқланди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 25 минг, Андижон вилоятида 163 минг, Бухоро вилоятида 16 минг, Жиззах вилоятида 515 минг, Фарғона вилоятида қарийб 1 миллион, Хоразм вилоятида 161 минг, Тошкент вилоятида 12 минг, Тошкент шаҳрида 110 минг туп кўчат суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга экилган. Бу борада республика бўйича ўз ишига масъулият билан ёндашмаган шахсларга дарахт кўчатларини парваришлаш бўйича 10 минг 577 та мажбурий кўрсатмалар берилиб, кўрсатма талабларини лозим даражада бажармаган 109 нафар мансабдор шахсларга нисбатан 311 млн сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди.

Мансабдор шахсларга мажбурий кўрсатмалар берилгани ўз ижобий натижаларини кўрсатди ва томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилиб, қуриш ёқасида турган кўчатлар нобуд бўлишининг олди олинди.

Вазирлар Маҳкамасининг 43-сон қарорига ўзгартириш­лар киритилиб, такомиллаштирилиб, Адлия вазирлигидан ҳуқуқий хулосалар олиниб вазирлар муҳокамасига киритилган. Бу қарор имзолангач, унга киритилган ўзгартиришлар бўйича иш олиб боришни бошлаймиз. Бундан сўнг ҳар бир кўчатнинг ўз эгаси бўлади. Бу бўйича тўлиқ маълумотлар қарорда кўрсатиб ўтилган.

Юқоридаги рақамлар ва экилган кўчатларнинг ҳали барг ёзмасдан нобуд бўлиши жуда ҳам ачинарли ҳолдир. Маълумки, бир дарахт бир оилани кислород билан таъминлайди. Шу дарахтнинг йўқ бўлиши эса ўша оиланинг тоза ҳаводан маҳрум бўлишига олиб келади. Кўпчилигимиз бу ҳақида биламиз, аммо дарахтлар ҳаётига қасд қилиш ҳамон давом этмоқда. Бунинг устига экилган кўчатларни амал олишига кўмаклашиш ўрнига «экиб қўйдим, ўзи кўкарар» қабилида иш қилмоқдамиз. Дарахтга ҳам меҳр бериб парваришласагина барг ёзиб бизни тоза ҳаво билан таъминлайди. Ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашган мансабдор шахслар эса юртбошимиз томонидан илгари сурилган ғоя моҳиятини ҳалигача тушуниб етганлари йўқ. Катта-катта қурилиш компаниялари эса ўз манфаати йўлида ҳатто ям-яшил боғларни ҳам йўқ қилиш пайида.

Зомин бўлаётган Қурилиш

Умаржон ХАЛИЛОВ,

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари

Қурилиш вазирлигида шаффоф қурилиш тизими ташкил қилинган. Унга кўра, дарахтларни ноқонуний кесиш ёки бирон бир қурилиш давомида, қурилиш лойиҳалари ишлаб чиқилаётганда дарахтларни нобуд қилиш ва уларни кесишга олиб келган ва қурилиш нормаларини бузган корхоналарнинг рейтинги бир поғона пасайтирилади.

Бу рейтинг пасайиши ҳар йилги республика бўйича эълон қилинган тендерда қатнашиш ҳуқуқини бир мунча чеклайди. Агар бундай ҳолатлар бир неча маротаба так­рорланса, ўша корхона умуман рейтингга қўйилмайди ва ҳеч бир қурилиш тендерларида иштирок этолмайди.

Ҳозирги кунда дарахтларни кесиш ёки қуритиш кимгадир манфаат келтираётган кўринади. Бу, айниқса, қурилиш объектлари томонидан амалга оширилаётгани кузатиляпти. Тошкент шаҳрида қурилиш объектлари томонидан дарахтларга нотўғри муносабатда бўлинишининг олдини олиш мақсадида 424 та қурилиш объектлари тушган ҳамда қурилиш ишлари олиб борилаётган жойлар назоратга олинди. Мана шу қурилишлар бевосита давом этаётган ва қурилиш ишлари амалга оширилиши мумкин бўлган жойлардаги 5189 туп дарахт хатловга олиниб дарахтларнинг ўлчами, тури ва сони доимий яшовчанлиги муҳофазага олинган.

 Сабаби, эртага қурилишлар олиб бориш даврида ёки қурилиш ўрнига тушган дарахтларни муҳофаза қилиш ҳамда ноқонуний кесилишининг олдини олиш мақсадида ҳар бир қурилиш объектларига бириктирилган инспекторларимиз кечаю-кундуз назорат олиб боришмоқда.

Экология давлат қўмитасида «Яшил макон» электрон платформаси жорий этилган бўлиб, «Яшил йиллик» тадбири доирасида шу йилнинг 1 мартидан бошлаб синов тариқасида ишга туширилди. Бу платформа ҳудуддаги мавжуд дарахтларнинг хатлови ва мавсумий янги экиладиган дарахт кўчатлар ҳисобини юритиш, уларни парваришлаш, ҳар бир ҳудуд соҳалар кесимида киритилган маълумотларни мониторинг қилиш ҳамда назоратини олиб бориш учун хизмат қилмоқда. Платформага киритилган дарахт ва буталарни экилганлик тўғрисидаги маълумотларни кенг жамоатчилик томонидан кузатиб бориш имконияти яратилган.

Бу каби ишларнинг барчаси давлат ҳар бир кўчатнинг ҳаётига эътиборсиз эмаслигини яққол кўрсатади.

Яшил бойлик

Абдушукур ҲАМЗАЕВ,

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши раисининг ўринбосари

Суғориш манбаси бўлмаган ҳудудларда дарахт кўчатларини экиш тавсия қилинмаган. Чунки юртимиз кам ёмғирли мамлакатлар қаторига киради. Бор-йўғи йил давомида тушадиган ёмғирларимиз ўртача 250-300 миллилитр, тоғли ҳудудларимизда 400-500 миллилитрни ташкил қилади. Лекин бу ҳам йил давомида тўғри тақсимланмаган. 250-300 миллилитр дегани йил давомида ерга 20-30 сантиметр намгарчилик тушади. Бу намгарчилик билан биз дарахт кўкартира олмаймиз. Шунинг учун суғориш имконияти мавжуд ҳудудларда дарахт кўчатларини экиш талаб этилади. Суғориш тизими яхши йўлга қўйилган ерларга экилган дарахтларнинг парваришига, суғорилишига икки йил давомида эътибор берадиган бўлсак, бу кўчатлар тутиб, ўзини-ўзи эплаб кетади.

Юқорида 2,4 миллион туп дарахт кўчатлари сувсизлик ва етарли парвариш бўлмагани сабабли қуриб қолиши кузатилган ҳолатлар келтириб ўтилди.

Шуни таъкидлашимиз лозимки, Ўзбекистон шароитида намгарчилик кам деганимиз дарахт кўчатларини кўкартиролмаймиз дегани эмас. Лекин сув тизимини яхшиласак ва дарахт парваришига кўпроқ эътибор қаратсак, экилган кўчатларимиз тезроқ амал олади ва бу дарахтлар кўп йиллар бизга беминнат хизмат қилади.

Яшил табиат бизга жуда ҳам зарур. Дарахтлар бу табиий кондиционерлардир. Ривожланган мамлакатларда ўртача бир инсонга 18-20 тадан дарахт тўғри келар экан. Бизда қанча дарахт бор, деган савол туғилиши табиий. Бизда ҳозирча бунинг аниқ ҳисоб-китоби мавжуд эмас. Асосан дарахтларимиз ўрмон фондида жойлашган майдонлар бўлиб, тахминан ҳар бир ўрмонда 400-500 тупдан дарахт бўладиган бўлса 1,2-1,3 миллиард туп дарахт бор. Лекин бу дарахтлар тоғларда, қирларда жойлашган. Бизга, айнан шаҳар ҳудудларига, автомобиль йўлларига аҳоли пунктларига кўпроқ дарахтлар керак.

Дарҳақиқат, юртимиз ҳам ривожланган мамлакатлар каби дарахтлар билан қопланиши учун, дарахтлар кесилишининг олдини олишимиз, ҳаётимизда дарахтларнинг ўрни қанчалар муҳимлигини англашимиз, экилган кўчатларнинг жонига қасд қилмасдан уларнинг амал олиши учун меҳр бериб парваришлашимиз лозим. Зеро шунданига кўзланган мақсадга эриша оламиз.

 

«Оила ва табиат» мухбири

Мансурбек ЖАББОРОВ

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

Мансаб ёки  обрўни эмас, халқ манфаатларини  маҳкам тутган  депутат

Мансаб ёки обрўни эмас, халқ манфаатларини маҳкам тутган депутат

🕔16:35, 11.12.2025 ✔7

Айжамал опага фидойилик аждодоларидан ўтган. Отаси Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ҳамиша ўз фарзандларини халқпарвар, меҳрибон ва жонкуяр қилиб тарбиялашга интилган.

Батафсил
Ҳаво  ифлосланишида инверсия таъсири,  у нима дегани?

Ҳаво ифлосланишида инверсия таъсири, у нима дегани?

🕔16:33, 11.12.2025 ✔9

Тошкентда кузатилаётган ҳаво сифатининг ёмонлашиши бир вақтнинг ўзида намоён бўлиб, бир-бирини кучайтирган бир нечта табиий-иқлимий ва антропоген омиллар йиғиндиси билан боғлиқ. Табиий-иқлимий омиллар орасида кучли инверсия ҳодисаси ҳаво сифатининг бузилишига энг катта таъсир кўрсатмоқда.

Батафсил
Автомашинамиздан воз кечолмасак, тоза ҳаво исташда  мантиқ борми?

Автомашинамиздан воз кечолмасак, тоза ҳаво исташда мантиқ борми?

🕔11:00, 04.12.2025 ✔49

Тоза ҳаво бугунги кунда нафақат юртимиз, балки бутун дунё мамлакатларининг оғриқли муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар бир давлатда демографик кўрсаткичлар ўсиб боргани сайин тоза ҳаво масаласи ҳам кўндаланг муаммога айланмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар