Экоолам      Бош саҳифа

«Нафс аждаҳоси бўлмаса…»

Бу воқеа уруш таъсиридаги синовли пайтда – ўтган асрнинг тақчиллик йилларидан бирида содир бўлган экан. Тошкентнинг Ўрда мавзесида қолипли нон олиб келаётган юк машинаси нимадир фалокат бўлиб, ағдарилиб кетибди.

«Нафс аждаҳоси бўлмаса…»

Табиийки, машинадаги нонлар ерга тўкилган. Кабинада ҳайдовчи ва масъул-назоратчидан иборат икки нафар «юқори»нинг одамлари бўлишган.

Ўшанда бир кафт буғдой, бир тиш­лам нон топиш анқонинг уруғи бўлган вақтларда одамлар учун нон топиб ейиш тугул, уни қўлида ушлаб ҳидлаб кўриш ҳам тансиқ бир ҳол бўлган экан. Юк машинаси нонни шаҳардаги белгиланган дўконларга тарқатиб чиқиши, шу тартибда одамларга нон махсус тақсимот асосида – киши бошига жуда кам миқдордан сотилиши керак эди.

Ағдарилган машинани кўрган маҳаллий аҳоли ерга тўкилган нонларга ёпирилиб келган. Шунда нонни белгиланган жойга етказиш учун масъул бўлган нозир қаттиқ саросимага тушади. Шунча одамни бир ўзи ё икки кишилашиб ҳам қайтариб бўлмаслиги аниқ. Яқин атрофдан ёрдамчи куч чақиришга ҳам имкон йўқ. Хуллас, бир кунлик нон бир гала оч-юпун оломонга урвоқ ҳам бўлмасдан саноқли дақиқалар ичида талон-тарож бўлиб кетиши ҳеч гап бўлмай қолган.

Лекин негадир мустамлакачи нозир кутган ҳодиса юз бермаган. Одамлар югуриб келиб, олдинига ағдарилиб ётган машинани кўтариб, ўнгаришга ёрдамлашишган. Кейин эса, ерга тўкилган нонларни авайлаб олиб, битта-битталаб машинага яна қайта тахлай бошлашган.

Нозир шу куни нонларни дўконларга тарқатиб бўлгач, ҳисоблаб қараса, шунча оч оломоннинг қўлига тушган нондан бир донаси ҳам камаймаган экан...

Бу гаплар эртак ё афсона эмас, яқин ўтмишимизда бизнинг ота-боболаримиз билан юз берган аниқ ҳаётий воқеа. Қурсоғида ҳеч нарса бўлмаган, уйда болалари бир тишлам нонга зор бўлиб турган жуда қалтис бир пайтда ота-боболаримиз инсонлик номи, қадр-қиммати ва шаънини очлик-йўқчиликдан анча баландда тутишгани ҳар биримиз учун катта сабоқ аслида.

Мана шу каби нуқталар бизнинг нигоҳимиз ҳамиша қадалиши керак бўлган маънавий юксакликлар бўлса, ажаб эмас.

Қаноатни ўзига дастур билган кишининг қорни оч пайтларда ҳам кўзи ва кўнгли тўқ бўлади. Ор-номус, шараф ва иффатини мустаҳкам ва баланд тутиб, қўлини тиланчиликка узатмайди. Тилини шикоят ё дийдиё қилиш билан булғамайди. Ўзининг танг ҳолига бошқаларни айбдор санамайди. Ҳар кунни бир ҳоли борлигини, кунлар эса ҳамиша яхши-ёмон, кенг ва тор, синовли ва саодатлилигича айланиб-такрорланиб туради. Бу тақдирга чинакам ишонч боғлаб яшаган аждодлар бордан ортиқча ғурурланиш, йўқдан норизо қайғуриш каби ҳоллардан узоқ бўлишган. Ваҳоланки, уларнинг ҳолати, яшаш шароити бугунги кишиларникидан анча фарқ қилган. Оддий пахса девордан бошпана қилган, кундалик емиши бир кафт емак бўлган, минишга биргина ҳачири ҳам бўлмаган инсон қалбидаги чексиз қаноат орқали бир умр ўзини бахтли ҳис қилиб яшай олган.

Бугун аҳволимиз анча ўзгарди. Кийимимиз ранг-баранг, ейиш-ичишимиз хилма-хил, уй-жойимиз сароймонанд, уловларимизнинг ҳайбатидан от ҳуркадиган бўлди. Ўзимиз моддий томондан қанчалик бой бўлсак-да, қалбимиз қашшоқлашиб қолаётгандай гўё. Қашшоқлик баъзан тубанликка ҳам йўл очиши мумкин. Буни тўғри илғаб етган инсонлар қашшоқликни ҳеч қачон қалбга яқин йўлатмаганлар. Қалб қашшоқлашса, инсон ўз маромини йўқотиб, издан чиқиб боради. Маром эса, меъёр билан бўлади. Меъёрни билиш номавжудни кўриш, унинг ҳамма хусусиятларини билиш, инобатга олиш, риоя қилиш ва шунга кўра иш тутиш – яшаш демакдир. Бизнинг қандай инсон эканимиз ҳам, инсонийлигимиз ҳам ана шу меъёр билан ўлчанади.

Аммо ҳамманинг ҳам ўз меъёри бор. Дунёни ҳар ким ўз қаричи билан ўлчаб яшайди. Муҳими – кишиларнинг ўзлари топган хусусий меъёрлар умумбашарий ва унданда улкан меъёрларга қанчалик уйғун экани билан белгиланади. Масалан, ейиш-ичишда инсоннинг кундалик эҳтиёжи қанча? Уй қуришда-чи? Оилавий тадбирлар ўтказишда сунъий тарзда ўйлаб топилмаган табиий меъёрлар борми? Ки­йим кийишнинг меъёри қаерда?

Бу каби саволларга жавоб топишда инсониятнинг табиий эҳтиёжларидан келиб чиқилади. Инсон ўз асл табиати ва табиийлигидан тобора узоқлашиб бораётган ҳозирги кунларимизда ҳақиқий эҳтиёж ҳам ўз ўрнини кўплаб сохта ва сунъий ҳавойи хоҳишларга бўшатиб бераётир. Шу сабабли асл эҳтиёж қайғуси эмас, сохта ва кераксиз ҳой-ҳаваслар ҳавотири кишиларни кўпроқ ташвишга соладиган бўлди. Энди оддий бир инсон сифатида буюрилганидай чиройли яшаб ўтиш қайғуси эмас, моддият борасида бошқалардан кам бўлиб қолмаслик мусобақаси хаёлимизни кўпроқ банд қилиб қўйди. Турмушимизда сунъийлик юқори ўрин эгаллайдиган бўлди.

…Олдингилар ёзнинг сара меваларидан қуритиб сақлаб қўйишган. Улар қуритилгач, ҳам қорин тўйдириш учун озиқ, ҳам тананинг ширинликка бўлган табиий эҳтиёжини таъминловчи восита, деб қаралган.

Бугунги мардум учун қорин тўйдириш қаро қайғу эмас. Кўнгилхуши учун ейишни истаса, ширинликлар ҳам сон-минг. Лекин уларнинг деярли ҳаммаси сунъий. Сунъий озиқ табиий эҳтиёжни тўла қоплай олмас экан. Шундан талвасага тушган инсон ҳар мақомга йўрғалаб кўряпти. Ўз ҳавасларини байроқ қилиб, бошқалар билан ёқа бўғишишгача боряпти. Баъзан қирпичоқ бўляпти.

Бугун бизни очлик ҳолати эмас (зотан, бундай ҳол бизда йўқ), оч қолиш васвасаси кўпроқ ташвиш ва хавотирга соляпти. Нафс арқонини ҳамма ўз тарафига тортаверганидан нафс майдонларида баъзан издиҳом пайдо бўляпти. Шу йўл билан айрим нарсаларда сунъий равишда тақчилликни юзага келтиряпмиз. Қўлимизда тутганимиз эҳтиёжимиздан анча кўп бўлса ҳам қуруқ қолиб кетиш хавфи юрагимизга ваҳима солиб қўйяпти.

Бир пайтлар одамлар очликдан кунжара еб, шишиб қолиб, ҳалок бўлгани айтилади. Бугун бизда оч қолган одам йўқ. Агар кимдир жон таслим қилса, очликдан эмас, васваса ваҳимасидан қулаши мумкин.

Тўғри, беш бармоқ баробар эмас. Халқнинг ичида амал-тақал қилиб кунини кўраётганлар бор. Ҳатто, оиласи билан бошпанасиз кун кечираётганлар, қозони ойлаб гўшт кўрмайдиганлар, қорни тўйиб овқат еёлмаётганлар, борингки, битта нонга пул тополмаётганлар ҳам бўлиши мумкин. Ҳақиқатда шу ҳолга тушиб қолган инсон ўз ҳолини бировга изҳор этишдан ҳаё қилади. Қайтанга ҳолатини ҳаммадан яшириш ҳаракатида бўлади. Интернетга чиқиб олиб катталарга ҳар хил мурожаатлар йўллашга юзи чидамайди. Ўз ҳоли учун бошқаларни айбламайди. Дунёнинг ишларини муҳокама қилиш билан зиммасига ўзича қозилик ўртугини ёпиб олмайди. У ҳамиша ўз иши билан машғул бўлади. Фойдаси бор ва бўладиган ишларни қилади. Тамом.

«Фалон нарсанинг нархи ошиб кетаётган экан, шундан бирон қоп олиб қў­йишим керак», деган кимса йўқсил эмас. Зеро, йўқсилнинг нархи ошаётган ўша молдан қоплаб олиш тугул, мисқоллаб олишга ҳам чоғи келмайди. Нонга пул топганидан хурсанд яшаётган киши шакар емаса ҳам куни ўтаверади. Шунинг учун нархлар ошиши, мол тақчиллашиши ҳақиқий йўқсил учун унчалик катта аҳамиятга эга, деб бўлмайди. Бундай киши агар қалбида қаноатни маҳкам тутиб яшаса, бошқа ўзгаришлар унга таъсир ўтказа олмайди. Мол-дунёси бор, қаноатли одам учун ҳам бундай ўзгаришлар муҳим эмас. Лекин улкан сармоядор ё йўқсил ҳолдаги қаноатсиз кимса бундай синовли пайтларда катта саросимага тушиши тайин.

Ўтган асрда Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек ҳаётида юз берган бир воқеани адибнинг турмуш ўртоғи шундай хотирлаган экан:

«Бир кеча, ёдимда, Ойбек ёзиб ўтирарди. Мен ҳам ёзибми, ўқибми ўтирибман.

– Зарифа, қорним оч, жуда очиқдим, – деб қолди Ойбек.

Мен нима дейишни билмайман, индамадим, жавоб қилолмадим. Негаки, уй қуп-қуруқ эди.

– Бирор нарса йўқми? – сўради Ойбек.

Ўрнимдан туриб, шкафни ахтардим. Ҳуж­радаги хурмача, халталарни текширдим. Бир ҳовуч йирик кепак, бир-икки қошиқ шакар топдим, сўнг хурмачанинг тагини сидира-сидира бир қошиқ ёғ олдим. Примусда кепакни қовуриб, сўнг унга шакар аралаштириб, дастурхонга тортдим. Билмадим, бу қандай таом бўлди экан? Ойбек ҳазратлари номи менга ҳам номаълум бўлган бу таомдан бир-икки марта қошиқ учида олган бўлди. Сўнг «Сен ҳам егин», деб мени ҳам қистади.

– Йўқ, очиқмадим. Ўзингиз ея беринг, – дедим унга.

Менинг ҳам қурсоғимда ҳеч нарса йўқ, фақат қаноат бор, холос.

Ойбек озгина еди. Озгинасини қолдириб, деди:

– Эрталаб болаларга берарсан».

Қалбда қаноат бўлса, икки қошиқ оби ёвғон ҳам қоринни тўқ тутаркан. Бўлмаса, бутун дунёни еб битириб ҳам яна оч қолиш мумкин.

Аслида давлат белгилаб қўйган қулай нархларни сунъий ошириб, осмонга чиқараётганлар, сунъий тақчиллик юзага келтираётганлар ҳам ўзга сайёраликлар эмас. Нафс тузоғига тушган биз ва ўзимизнинг яқинларимиз.

Машрабдай улуғ зот «Нур бўлур эрдим агар нафс аждаҳоси бўлмаса», дея надомат чеккан эканлар. Нафс аждаҳоси инсонни ҳамиша очлик, йўқчилик билан қўрқитиб туради. Қориннинг тўқлиги, кўнгилнинг ва кўзнинг тўқлиги ҳам қаноат билан. Оч кўзни тупроқ тўйдиради деган гап бор. Ўшандан олдин кўзни очишга улгуриб қолиш керак экан. Акс ҳолда, ичимиздаги нафс аждаҳоси бизга ҳеч кун бермайдиган кўринади.

P.S.: Инсон юкининг енгил бўлишини эмас, белининг бақувват бўлишини ўйлаши керак. Чунки юк – ихтиёрий бўлмаслиги мумкин, бел эса, ўзининг доимий аъзоси.

 

Абдусаттор ХОЛМУРОДОВ




Ўхшаш мақолалар

Мансаб ёки  обрўни эмас, халқ манфаатларини  маҳкам тутган  депутат

Мансаб ёки обрўни эмас, халқ манфаатларини маҳкам тутган депутат

🕔16:35, 11.12.2025 ✔7

Айжамал опага фидойилик аждодоларидан ўтган. Отаси Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ҳамиша ўз фарзандларини халқпарвар, меҳрибон ва жонкуяр қилиб тарбиялашга интилган.

Батафсил
Ҳаво  ифлосланишида инверсия таъсири,  у нима дегани?

Ҳаво ифлосланишида инверсия таъсири, у нима дегани?

🕔16:33, 11.12.2025 ✔9

Тошкентда кузатилаётган ҳаво сифатининг ёмонлашиши бир вақтнинг ўзида намоён бўлиб, бир-бирини кучайтирган бир нечта табиий-иқлимий ва антропоген омиллар йиғиндиси билан боғлиқ. Табиий-иқлимий омиллар орасида кучли инверсия ҳодисаси ҳаво сифатининг бузилишига энг катта таъсир кўрсатмоқда.

Батафсил
Автомашинамиздан воз кечолмасак, тоза ҳаво исташда  мантиқ борми?

Автомашинамиздан воз кечолмасак, тоза ҳаво исташда мантиқ борми?

🕔11:00, 04.12.2025 ✔49

Тоза ҳаво бугунги кунда нафақат юртимиз, балки бутун дунё мамлакатларининг оғриқли муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар бир давлатда демографик кўрсаткичлар ўсиб боргани сайин тоза ҳаво масаласи ҳам кўндаланг муаммога айланмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар