Қонун устувор бўлган жамиятдагина инсон қадри баланд бўлади, халқ манфаатлари олий қадриятга айланади. Тарихан қисқа даврда мамлакатда демократик ислоҳотларни амалга оширишда муҳим қадамларни қўяётган Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам адолатли жамият учун қулай муҳит, шарт-шароит яратилмоқда.
Очиқлик сиёсати, сўз эркинлиги, халқ билан мулоқот, аҳолининг дарду ташвишларини эшитиш – буларнинг барчаси сўнгги беш-олти йилда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Бугун мамлакатимизда бошланаётган конституциявий ислоҳотлар ҳам инсон манфаатларига хизмат қиладиган мана шундай кенг кўламли омилларнинг барчасини давлатимиз Бош қомусида акс эттиришни кўзлагани билан аҳамиятлидир.
Мамлакатимизда бўлиб ўтаётган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларда фуқароларимиз, кенг жамоатчилигимиз вакилларининг, айниқса ёшларнинг бефарқ бўлмасдан, ўз таклиф ва мулоҳазалари билан фаол қатнашаётгани ҳам жамиятимизда инсонпарварлик муҳитининг меваси дейиш мумкин. Бугун бефарқ бўлмасдан, Бош қонунга ўзининг таклифлари билан иштирок этаётган қатлам эртага унинг ижроси учун ҳам қатъий позицияда туради. Бу эса мамлакатда қонун устуворлигининг муҳим кўринишини ифода қилади.
Куни кеча мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказган учрашувида бу борада алоҳида тўхталиб ўтди.
Очиғини айтганда, конституциявий ислоҳотлар моҳиятини ҳалигача унчалик англамаган юртдошларимиз ҳам давлатимиз раҳбари айтган фикрларни эшитиб, бу нақадар ҳаётий зарурат эканини тушиниб етди, десак хато бўлмайди.
Чунки, Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича мамлакат раҳбарининг шахсан ўзи айтган ўнлаб таклифлар халқимиз йиллар давомида кутган, орзу қилган масалалар ифодаси, одамлар дуч келаётган кўплаб муаммоларнинг айни ечими сифатида янгради. Бу масалаларнинг Бош қомусимизда акс этиши эса чинакамига инсон манфаатларига хизмат қилади.
Президентимиз таъкидлаб ўтган устувор йўналишлар негизини ташкил этувчи «Инсон қадри учун» ғояси ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган «Инсон – жамият – давлат» деган ёндашув Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдирилмоқда. Янги жамият – Янги Ўзбекистон ҳаётида инсон қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши олий даражада ўз ифодасини топмоқда.
Бош қомусимизга таклиф этилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг аксарияти инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига тааллуқли бўлиб, мамлакатимизда «инсон қадрини улуғлаш», «инсон қадри учун» тамойили ҳаётга кенг тадбиқ этилаётганининг далолатидир.
Юртбошимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан халқимизга байрам табригида конституциявий ислоҳотнинг асосий йўналишларидан бири сифатида экологик масалаларга эътибор қаратиб, «ҳозирги вақтда кўплаб ривожланган давлатлар, табиатдаги глобал ўзгаришларни ҳисобга олиб, ўз конституциясига экологияга оид махсус боблар киритмоқда. Ўзбекистон Конституциясида ҳам ушбу долзарб масалага доир ҳуқуқий нормалар устувор ўрин эгаллаши лозим», – дея алоҳида таъкидлаган эди.
Кеча бўлиб ўтган учрашувда ҳам давлатимиз раҳбари бу масалага яна бир бор тўхталиб, экологик масалалар Асосий қонунда кенг акс этиши нақадар ҳаётий зарурат эканини ифодалаб берди. «Табиатдаги глобал иқлим ўзгаришлари, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазиятнинг тобора кескин тус олаётгани экологик хавфсизликни ғоят долзарб масалага айлантирди. Шу боис, Конституциямизда ушбу йўналишга доир экологик-ҳуқуқий нормалар ўз ифодасини топиши лозим.
Ҳеч шубҳасиз, бундай конституциявий ўзгаришлар жамиятимизда фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, айниқса, мансабдор шахсларнинг табиат ҳимояси учун масъулиятини кескин ошириш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларни янада кучайтириш имконини беради», – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Кенг жамоатчилик ҳамда мамлакат раҳбарининг юқорида қайд этилган таклифлари асосида Конституциявий комиссия томонидан таклиф этилаётган лойиҳада IX боб номланишига экологик ҳуқуқларнинг киритилиши, бир қатор экологик ҳуқуқлар белгиланиши, хусусан, ҳар бир инсоннинг соғлом ва қулай атроф муҳитга, унинг ҳолати ҳақида ҳаққоний ахборотга эга бўлиши ҳамда ўз соғлиғи ёки мулкига экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарни ўрни қопланиши ҳуқуқига эгалиги, давлат атроф муҳитни яхшилаш ва муҳофаза қилиш юзасидан зарур чоралар кўриши, давлат экологик мувозанатни сақлаш, қонунда белгиланган ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини ҳимоя қилиш чораларини кўриши бевосита инсонларнинг қулай атроф муҳитга бўлган ҳуқуқини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Бош қомусимизга экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳаси бўйича таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни сўнгги йилларда мамлакатимизда мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий ечими сифатида кўриш мумкин.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда атроф муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини сақлаш, экологик хавфсизликни таъминлаш ишларига эътибор янада кучайди. Шу жумладан, иқлим ўзгаришларининг олдини олиш ва унга мослашиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Биринчидан, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Гидрометеорология фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларининг қабул қилиниши, Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси, 2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг «яшил иқтисодиёт»га ўтиш стратегияси шулар жумласидандир. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган иқлим ўзгариши оқибатларига қарши кураш стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Иккинчидан, минтақамизда иқлим ўзгаришларига сабаб бўлувчи омилларидан бири – Орол денгизи фожеаси оқибатларини юмшатиш, Оролнинг қуриган тубида ўрмонлаштириш ишларини амалга ошириш, Оролбўйи ҳудуди аҳолиси фаровонлигини ошириш бўйича Юртбошимиз ташаббуслари билан улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Биргина мисол, сўнгги 40 йил давомида Оролнинг қуриган тубида қарийб 400 минг гектарда ўрмонзор ташкил этилган бўлса, 2018 йилнинг декабрь ойидан ҳозирги кунга қадар Оролнинг қуриган тубида қарийб 2 млн. гектарга яқин майдонга саксовул, черкез ва бошқа шўрга ва қурғоқчиликка чидамли ўсимлик уруғлари сепилди ва кўчатлари экилди. Ушбу ҳудудларда чўл ўсимликларидан «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш ишлари олиб борилиши ўз навбатида Орол денгизининг суви қуриган тубидан кўтарилаётган қум, туз ва чанг заррачаларининг салбий таъсирини камайтириш, глобал иқлим ўзгаришлари ва Орол денгизи қуришининг қишлоқ хўжалиги ривожланиши ҳамда аҳолининг ҳаёти ва фаолиятига салбий таъсирини янада юмшатиш имконини беради.
Учинчидан, давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда кенг кўламда амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кейинги беш йилда 1 млрд. дарахт ва бута кўчатлари экилиши ҳам шаҳарларимизга, маҳаллаларимизга файз бағишловчи яшилликка бурканган янги яшил ҳудудлар барпо этилиши билан бирга, юртимиз иқлимини мўътадил сақлашга, пировардида она табиатимизни асраш, аҳоли саломатлигини яхшилаш, халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Тўртинчидан, сув ресурслари тақчиллигининг олдини олиш борасида ҳам мамлакатимизда аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, биргина 2021 йилнинг ўзида 433 минг гектардан ортиқ майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилган бўлса, 2022 йилда 478 минг гектарда шундай технологиялар жорий этиш ҳисобига 534 млн. куб метр сувни иқтисод қилиш белгиланган. Бу ўз навбатида мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш билан бир қаторда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таннархининг пасайишига хизмат қилади. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг 145-бандига мувофиқ, шундай инновацион технологияларни амалиётга тадбиқ этиш ҳамда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига жорий йилда камида
7 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиш назарда тутилган.
Бешинчидан, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутувчи «яшил иқтисодиёт», «яшил энергетика», «ақлли қишлоқ хўжалиги» тамойилларини амалиётга жорий этиш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Кармана туманида ишга туширилган лойиҳа қиймати 110 миллион АҚШ доллари, қуввати 100 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси Янги Ўзбекистон энергетика тизимидаги биринчи улкан қадам бўлди. Йилига 252 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи мазкур фотоэлектр станция 30 мингдан зиёд хонадонни электр энергия билан таъминлаш имконини бериши билан бир қаторда 80 миллион куб метр табиий газни тежаб, атмосферага 160 минг тонна иссиқхона газлари чиқишининг олди олинишига хизмат қилади.
Яқиндагина Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида ҳам худди шундай фотоэлектр станция ишга тушди.
2026 йилга бориб Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станцияларининг умумий қувватини 8000 МВтга етказиш кўзда тутилмоқда. Бу ўз навбатида йилига 7 миллиард куб метрдан ортиқ табиий газни тежаш ҳисобига атмосферага 12 миллион тоннадан зиёд иссиқхона газлари чиқишининг олдини олиш имконини беради.
Яқин беш йил давомида қайта тикланадиган энергия манбалари улушини умумий энергия балансида уч баробар кўпайтирилиши мамлакатимиз аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқларининг электр энергияга бўлган эҳтиёжини таъминлаш янада яхшиланишига имконият яратиш билан бир қаторда, минтақада энергетик барқарорликни таъминлашга ҳамда республикамизнинг Иқлим ўзгаришлари бўйича Париж битими доирасида олган мажбуриятлари ижросини таъминлашга хизмат қилади.
Олтинчидан, атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олишда экологик тоза транспорт воситалари миқдорини ошириш, ёқилғи сифатини халқаро стандартларга мослаштириш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада ҳам мамлакатимизда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрида электробусларнинг ҳаракати йўлга қўйилганлиги ҳам бунга яққол мисол бўлади.
Мухтасар айтганда, глобал тусдаги экологик муаммоларни бартараф этишда экологик инновацияларни жорий этиш, экологик тоза, энергия самарадор ва ресурстежамкор лойиҳаларни амалга ошириш, «яшил иқтисодиёт»ни амалиётга тадбиқ этиш, мамлакатимизнинг экологик хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш, иқлим ўзгаришларига мослашиш имконини бериш билан бир қаторда иқтисодиёт тармоқлари ривожланишига, бу эса аҳолимиз фаровонлиги янада ошишига хизмат қилади. Бунинг негизида эса инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, янги Ўзбекистонимизни келгусидаги барқарор тараққиётини таъминловчи конституциявий ислоҳотлар туриши барчамизга маълум.
Камол ЖУМАНИЁЗОВ,
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари
– Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар каби атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳуқуқий пойдеворини мамлакатимиз Бош қомусида акс эттириш долзарб ва давр талаби ҳисобланади.
Конституциямизнинг 54, 55 ва 100-моддаларида атроф муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ нормалар белгиланган бўлиб, ушбу конституциявий нормалар глобал экологик муаммолар ҳамда мамлакатнинг бугунги шиддатли ривожланиш жараёнларида Президентимиз томонидан амалга оширилаётган экологик сиёсатнинг ҳуқуқий асосларини таъминлаш имконини бермаслигини кўрсатмоқда.
Дарҳақиқат, Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда бугунги куннинг энг муҳим масалаларидан бўлган экологик нормаларнинг Конституцияда акс этиши лозимлигига алоҳида тўхталиб ўтганлиги мамлакатимизда атроф муҳитни муҳофаза қилишга бўлган юксак эътибор намунасидир.
Жумладан, давлатимиз раҳбари табиатдаги глобал иқлим ўзгаришлари, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазиятнинг тобора кескин тус олаётгани экологик хавфсизликни ғоят долзарб масалага айлантирганини таъкидлади.
Қайд этиш жоизки, бугун экологик ҳолатлар ҳақида жиддий бош қотирадиган, экологик хавфсизликни таъминлаш учун, керак бўлса, қонуний нормаларни мустаҳкамлаш вақти келди. Бутун дунёда ишлаб чиқаришнинг жадал суръатлар билан ривожланиши, аҳоли сонининг ўсиб бориши, иқлим ўзгариши ер юзида чўлланиш жараёнларини тезлаштирмоқда. Ерларнинг деградацияга учраши, чўлланган ҳудудлар кўпайиб бориши бизнинг мамлакатимизда ҳам кузатилмоқда. Хусусан, Орол денгизининг қуриши натижасида 6 миллион гектар майдонда янги Оролқум чўли пайдо бўлди. Тоғли ҳудудларда илгари ўрмонзорлар денгиз сатҳидан 700-800 метр баландликда бўлар эди. Эндиликда улар 900-1000 метр ва ундан баландроқдан бошланмоқда.
Бундан ташқари, кейинги йилларда республикамизда экологик муҳит бузилиб, тез-тез кучли шамол ва қум бўронлари кузатилмоқда. Кун бўйи давом этадиган кучли шамол натижасида Орол денгизининг қуриган тубидаги қум ва туз заррачаларини ҳавога кўтариб, Оролбўйининг барча ҳудудларига туз ёғилади. Ҳатто, Нукус шаҳридаги ҳаво таркибида чанг миқдори меъёрдан 5,9 баробаргача кўпайган ҳолатлар ҳам кузатилди.
Давлатимиз раҳбари шунингдек, конституциявий ўзгаришлар жамиятимизда фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, айниқса, мансабдор шахсларнинг табиат ҳимояси учун масъулиятини кескин ошириш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга хизмат қилишини алоҳида қайд этди.
Фуқароларнинг ва мансабдор шахсларнинг атроф муҳит ва табиатга нисбатан ёндашувини, масъулиятини, айтиш лозим бўлса, маданиятини шакллантирмай туриб экологик барқарорликка эришиш қийин. Шу маънода Бош қомусимизда айни шу жиҳатларнинг акс этиши экологик барқарорликка эришиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлади.
Янгиланаётган Конституция мамлакатимизда инсоннинг қулай атроф табиий муҳитга эга бўлиш ва мамлакатнинг экологик хавфсизлигини кафолатлайдиган бош ҳуқуқий хужжат бўлиши лозим. Шу боис, Асосий қонунимизда экология соҳасидаги конституциявий талабларни мустаҳкамлаш мамлакатнинг экологик хавфсизлигини таъминлашга замин яратади.
Хайрилло ГАППОРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари,
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари