Тозалик ва озодалик ойлиги Поклик – иймондандир
Бугун кўчаларимизда, боғ ва маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари авжида. Бу манзара ўтмишдаги гўзал анъаналарни ёдга солади.
БатафсилБугун аксарият мамлакатларда аҳолининг ярмидан кўпи шаҳарларда истиқомат қилади. Келажакда бу рақамлар яна ўсиши кутиляпти.
Шаҳардаги атроф муҳит одамларнинг ҳиссий ва жисмоний саломатлигига жиддий таъсир қилади. Шаҳарлар иқлим ўзгаришлари ва бошқа инқирозларга мойил. Буларнинг барчаси шаҳарда хавфсиз, қулай ва экологик тоза ҳаёт тобора долзарб аҳамият касб этишини англатади.
Ташхис: табиат етишмовчилиги
Америкалик журналист Ричард Лоу ўзининг «Ўрмондаги охирги бола» китобида бир қатор тадқиқотлар натижаларини тақдим этади. Унга кўра, табиат билан кам алоқада бўлган кишида диққатнинг бузилиши, депрессия ва соғлиқ билан боғлиқ муаммолар келиб чиқишини исботловчи далиллар келтирилган. Журналист бу ҳолатни «инсонда табиат етишмовчилиги» деб атайди.
Шаҳарлардаги яшил ҳудудлар сершовқин шаҳар ҳаётида инсонлардаги жиззакилик ва асабийликни енгиллаштиради. Одамлар асабийлашганда табиат билан тез-тез алоқада бўлишга интилади. Яшил боғлардаги қисқа муддатли сайр ҳам шаҳар аҳолисининг асабини тинчлантиради. Қолаверса, яшил масканлар одамларга қувонч улашади, улардаги ташвишларни камайтиради, қийинчиликларни енгишга ёрдам беради ва ижтимоий алоқани таъминлайди. Оддий қилиб айтганда, она табиат билан уйғунлик одамларни соғломроқ, бахтлироқ ва ақллироқ қилади. Шунинг учун ҳам нафақат шаҳарларда, балки бутун мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган яшил лойиҳа барчамизни бир қадар ҳушёр бўлишга ва табиатга бир зум ошно бўлиб, тафаккур қилишга чорлайди.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси эса она табиат билан ана шундай уйғунликнинг энг оқилона йўли десак тўғри бўлади.
Кўзбўямачилик – келажакка очиқ хиёнат
«Мавсум тугашига ҳам озгина вақт қолди. Лекин, бу борада қилинган ишлар аҳволи мени хавотирга солмоқда. Айрим ҳудудларда ҳали ҳам ишлар номигагина ташкил этилиб, кўзбўямачилик давом этаётгани тўғрисида менда маълумотлар етарли», деди Президент Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ижроси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида.
Дарҳақиқат, иш бор жойда хато бўлганидек, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш жараёнларида ҳам камчиликлар учраб турибди. Иш кўлами катта, миллионлаб ниҳоллар экишнинг ўзи бўлмайди. Бу жараёнда хато ва камчиликлар бўлиши табиий ҳол. Аммо дарахтларнинг кейинги парваришида ва суғориш ишларида бу хатоликлар такрорланмаса бўлди.
Жойларда ҳақиқатда экилмаган жами 5 миллион туп кўчатларни ҳисоботда қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқлангани боис, мутасаддилар зиммасига апрель ойида барча камчиликларни тўлиқ бартараф вазифаси юклатилди.
Кенг жамоатчилик жалб этилмоқда
– «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг «Яшил йиллик» тадбири доирасида жорий йил баҳор мавсумида дарахт кўчатларини экиш жараёнларида кенг жамоатчилик жалб қилинган, – дейди бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳфаза қилиш давлат қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов. – Шунинг учун ҳам баҳорнинг илк кунидан бугунги кунга қадар экилиши режалаштирилган 125 миллион дона кўчатдан 120 миллион 123 минг донаси (96,1 фоиз) экиб бўлинган.
Республика бўйлаб экилган кўчатлар тўғрисидаги барча маълумотлар шу йил 1 мартдан бошлаб синов тариқасида ишга туширилган «Яшил макон» электрон платформасига киритиб борилмоқда.
Барча туман ва шаҳар ҳокимликларида ташкил этилган махсус штаблар томонидан бугунги кунгача жами экилган кўчатларнинг 119,4 млн.таси ёки 99,4 фоизи платформага киритилди.
Республика бўйича 197 та маҳаллада «каштан кўчаси», «эман кўчаси», «чинор кўчаси» каби намунавий кўчалар ташкил этилмоқда. Шунингдек, «Йўл кўкалам» унитар корхоналари томонидан умумий фойдаланишдаги автомобил йўллари четларига жами 15,3 миллион дона терак қаламчалари экилган бўлиб, улар йўллардаги зарарли газлар миқдорини камайтиришда муҳим ўрин тутади.
Суғорилмаган кўчат қолмайди
Ҳар бир дарахт кўчатларини экишда суғориш тизими мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилмоқдаки, бу ўтган йиллардаги сувсиз нобуд бўлган минглаб ниҳолларнинг тақдири такрорланмаслигини таъминлайди.
Мисол учун, биргина Навоий вилоятда 8 млн. 216 минг туп мевали ҳамда бута қаламчалари экилган бўлиб, вилоят бўйича манзарали ва мевали кўчатлар экилган ҳудудларда 64 дона тик қудуқлар, 180 км. қўшимча ариқлар, 268 гектарда томчилатиб суғориш тизими, 36 дона суғориш насослари ўрнатилган. Кармана туманида 20 гектар майдонда томчилатиб суғориш усулида тутзор барпо қилингани, Хатирчи туманида фермер хўжалиги томонидан 130 гектар ер майдонида ток ва мевали дарахтлар экилиб, томчилатиб суғориш тизими яратилгани айниқса эътиборга молик.
Жиззах вилоятида жами 10 млн. 400 минг дона кўчатлар экилган. Бахмал туманида фермер хўжаликлари томонидан 92 гектарга 156,5 минг дона мевали кўчатлар экилиб, томчилатиб суғориш тизими яратилган. Зомин туманида 4,3 гектар майдонда «Яшил боғ» ташкил этилган бўлиб, унда 4 мингдан зиёд манзарали кўчатлар экилган. Бундан ташқари тадбиркорлик субъектлари томонидан 112 гектарда 195 минг дона ҳар хил турдаги мевали кўчатлар экилиб, томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган.
Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги «Қўнғирот» МФЙ ҳудудида 405 гектар майдонни кўкаламзорлаштириш ҳамда ободонлаштириш мақсадида 110 гектар майдонга олма кўчатлари экилиб, кўчатларни суғориш мақсадида 10 та ер ости қудуқлари қазилган. Шунингдек, Пастдаргом туманидаги «Гулистон» МФЙ ҳудудида фермер хўжаликлари томонидан 621 гектар ер майдонга 536 минг туп мевали кўчатлар экилиб, томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилган.
Худди шундай Наманган вилояти Чортоқ тумани «Ўрикзор» маҳалла фуқаролар йиғини худудида 30 йилдан бери фойдаланилмаётган, ўзлаштирилмаган 107 гектар адирликда 200 минг туп наъматак, 10 минг туп бодом, шунингдек арча, терак, павловния ва бошқа манзарали дарахт кўчатлари экилмоқда. Бу ердаги кўчатлар ҳам томчилатиб суғорилади.
Иқлимга мос кўчатлар танлаб олинган
Ҳар бир ҳудуд об-ҳавосига мос кўчат турини танлаб олиш – бу ўша ниҳол дарахтга айланишининг ярим кафолати дегани. Чунки биламизки айрим дарахтлар сувсевар, айримлари қумли ва тошли ҳудудларга, қолганлари эса бошқа бир иқлимда яхши ўсади.
Шунинг учун ҳам жойларда ташкил қилинаётган ўқув-амалий семинарлар, уста боғбонлардан мастер-класслар бу жараёнда муҳим аҳамиятга эга.
Шунда ўқув-амалий семинарларда соҳа олимлари, агроном ва катта тажрибага эга бўлган фахрийлар томонидан тадбир иштирокчиларига иқлим шароитига мос дарахт турларини танлаш, ер тайёрлаш, экиш, парваришлаш, суғориш, касалликларга қарши курашиш ва дарахтларга шакл бериш билан боғлиқ билим ва кўникмалар берилмоқда.
Кўчатларни етиштириш ва етказиб беришда очиқ-ошкораликни таъминлаш ва уларнинг нархи асоссиз ошиб кетмаслиги учун жойларда 300 дан ортиқ кўчат ярмаркалари ва савдо нуқталари ташкил этилди ва уларнинг фаолияти устидан қатъий назорат ўрнатилган.
Хулоса ўрнида
Инсоният яралибдики табиатга ошно, уйғун яшайди. Унинг неъматларидан баҳра олади. Бежиз мактаб доскаларининг ранги яшил эмас. Яшил ранг қалбга ҳотиржамлик беради, кўзларни чарчатиб қўймайди. Шунинг учун ҳам зумрад боғларга, далаларга борганда инсон ёш боладек қувонади, қалби бир олам завқу, шавққа тўлади.
Аммо ҳар биримиз ҳам шундай гўзаллик ва жаннатмонанд боғларни, гулзорларни яратиш ўз қўлимизда эканини англайвермаймиз. Баъзида эшигимизнинг тагига бир туп кўчат ёки икки туп гул экиб қўйишга ҳафсала қилмаймиз. Ваҳоланки, дунёнинг яшил масканларини ойна жаҳон орқали кўриб қолсак, ширин энтикиб қўямиз.
Бобомиз Алишер Навоий ҳазратларининг мана бу даъвати аслида ҳар биримизнинг қалбимизда акс-садо бериши керак:
Тухум ерга кириб, чечак бўлди,
Қурт жондин кечиб, ипак бўлди.
Лола тухмича ғайратинг йўқму?!
Пилла қуртича ҳимматинг йўқми?!.
Ҳа, кўчат экиш, экин-тикин қилиш, томорқалардан унумли фойдаланиш савобли амаллар сирасига киради. Киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам унинг ҳақига муттасил равишда савоб бориб туриши учун ерга ниҳол қадаш кераклиги муқаддас ҳадисларимизда ҳам таъкидлаб ўтилган. Шундай экан, бу эзгу ишдан ҳеч бирмиз четда қолмайлик.
Саида ИБОДИНОВА,
«Оила ва табиат» мухбири
Бугун кўчаларимизда, боғ ва маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари авжида. Бу манзара ўтмишдаги гўзал анъаналарни ёдга солади.
БатафсилМамлакатимизда жорий йилнинг июнь-июль ойларида учта веб-платформа ва бир нечта ижтимоий тармоқ ўрганилганда 17 турдаги – жами 1300 дан ортиқ ҳайвонлар таклиф қилинган 544 та онлайн эълон қайд этилган.
БатафсилМамлакатимиздаги ҳар бир идора ва ташкилот фаолиятига баҳо берганда биринчи галда унинг халқ билан мулоқоти, муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф қилишдаги саъй-ҳаракатига эътибор қаратилади.
Батафсил