Тозалик ва озодалик ойлиги Поклик – иймондандир
Бугун кўчаларимизда, боғ ва маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари авжида. Бу манзара ўтмишдаги гўзал анъаналарни ёдга солади.
БатафсилЯқинда Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманининг чўл ҳудудида 14 бош кийикка қирғин келтирган браконьерларнинг қилмишлари бутун халқни ларзага келтирди.
Шунинг билан тизимда ҳанузгача катта муаммо борлиги, у вақт ўтган сари янада катталашиб бораётганлиги намоён бўлиб қолди.
Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атро-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси маълумотига кўра, Қорақалпоғистонда 2021 йилда браконьерлар 6 та ҳолатда «Қизил китоб»га киритилган жами 35 та кийикнинг бошига етган. Ушбу мудҳиш воқеалар ҳақида оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг маълумотлар берилди. Табиатга зиён етказганларнинг кейинги тақдири қандай бўлганлиги ҳақида ҳам маълумотлар ёйилди. Аммо, ноқонуний овчилик камайиш ўрнига кўпайиб бормоқда. Ҳали бу расмий аниқланганлари, аниқланмаган ҳолатлар қанча?
– Бизга асосан хабарни овчиларнинг ўзлари беради. Масалан, овга 3 киши чиқмоқчи бўлиб, иккитаси учинчисини қолдириб кетса, қолиб кетган овчи алам қилган ҳолда ўзининг ҳамтовоқларини сотиб беради, – дейди Қораўзак тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Қуат Тажимуратов.
Мана шунинг ўзидан кўриниб турибди-ку, бепоён даштларда қанчадан-қанча қонхўрлар изғиб юргани номаълум. Бу тизимдаги катта муаммо, чунки, табиатни муҳофаза қилиш керак бўлган тегишли орган ходимларининг моддий-техник таъминоти ноқонуний овчиларникидан анча паст.
– Ноқонуний овчилар йўлтанламас тезюрар транспортларда тиш-тирноғигача қуролланиб юрган бўлади ва улар изига тушган экоинспекторларни чангига ҳам илгаштирмайди. Аксарият ҳолатларда экоинспекторлар ўз шахсий автотранспортлари билан ёнидан ёнилғига маблағ сарфлаб узоқ масофаларга рейдларга чиқишади. Ёнилғининг ҳозирги кундаги баҳоси ҳаммага аён, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар масалалари бўлими бошлиғи А.Бабажанов.
Ҳақиқатдан ҳам Қорақалпоғистон ҳудуди катта, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни тўлиқ назорат қилиш имкони йўқ, чунки моддий-таъминот аҳволи қониқарсиз. Боз устига жиноятчиларни ушлаш учун барчаси бирдек вазифани бажарса ҳам экоинспекторларнинг ойлик маоши миллий гвардия, ички ишлар, ЙПХ, божхона ходимларининг маошларига нисбатан анча кам эканлиги аниқланди. Аммо, экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар натижасида бюджетга миллиардлаб пул туширилмоқда.
Табиатни муҳофаза қилишда қўшни Қозоғистон давлатига ҳавас қилса арзийди, масалан, бундан икки йил аввал 330 минг атрофидаги сайғоқлар сони шу йилги май ойидаги саноқ натижалари бўйича 1 млн. бошдан ошган.
Қозоғистонда икки йил олдин икки нафар экоинспекторларнинг браконьерлар билан курашда вафот этгани тизимдаги ишларни бутунлай ўзгартириб юборди, овчиликка мораторий эълон қилинди, натижасини эса кўриб турибсиз.
2019 йилда Мўйноқ тумани ҳудудида 20 бош кийикни отиб ўлдирган ноқонуний овчилар экоинспекторларга қарата 10 маротаба ўқ узганлиги матбуотда кенг ёритилди. Лекин, ундан нима хулосага келинди? Афсуски, ҳеч қандай муносабат сезилмади.
– Қозоғистонда экоинспекторлар сайғоқларни вертолётда учиб юриб назорат қилади. Саноқ ишлари ҳам айнан вертолёт орқали амалга оширилади. Ерда эса тезюрар, йўлтанламас кучли транспортларда ҳаракатланади. Биздаги экоиснпекторларга нари борса «Нива» ёки «УАЗ» берилади. Бундай ёндашув билан тизимда ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди, – дейди фахрий эколог М.Қосбергенов.
Тожикистоннинг тоғли ҳудудларида морхур каби йўқолиб кетиш арафасида турган ҳайвоннинг бош сонини кўпайтиришда айнан маҳаллий овчиларнинг ҳиссаси катта. Қадимдан овчиликни касб тутиб келаётган, тоғларнинг қир-адирларини беш бармоғидек биладиган овчилар морхурларнинг камайиб кетаётганидан хавотирланиб ўзлари ноёб ҳайвоннинг бош сонини кўпайтиришга ҳисса қўшади. Яъни, махсус дастурлар асосида морхурларнинг бош сонини кўпайтиришга эришган маҳаллий аҳоли, хусусан, овчилар мукофотланиб борилади. Ҳукумат битта морхурнинг нархини 35 минг доллар этиб белгилаб, морхурларнинг кўпайгани ҳисобига йилига 6 тадан 10 тагача морхур овлашга квота ажратади. Тушган пулнинг 40 фоизи қишлоқнинг ўзига қаратилади. 100 минглаб доллар келаётгани учун маҳаллий овчилар ўзлариёқ фаолликни ошира бошлайди. Шундай ишлар натижасида 1989 йилда атиги 130 бош қолган морхурларнинг 2018 йилга келиб сони 2337 бошга етган.
Энди кийикларга қайтсак. Минг афсуски, битта жайронни овлаш камида 13 млн. 500 минг сўмгача («Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни бўйича жайрон ови учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари этиб белгиланган) жарима тўлашига сабаб бўлишини била турса ҳам маҳаллий овчилар ноқонуний овчиликдан асло чўчимаяпти. Ноқонуний овчиларнинг кўрсатмалари бўйича, кийик гўштининг 1 килограмми 70 минг сўмдан сотилади. 10 кг гўшт берадиган ноёб ҳайвонни атиги 700 минг сўмга пуллаши бу нимани англатиши мумкин? Ҳа, ноқонуний овчилар ноёб жониворларни асосан гўшти учун эмас, хумор учун овлайди.
Ҳудудда браконьерлик ҳолатлари шу зайлда давом этаверса, яқин йиллар ичида ушбу кенжа тур ҳайвоннинг бутунлай йўқ бўлиб кетиш хавфи бор. Сайғоқларнинг куни жайронлар бошига ҳам тушмаса деймиз.
Хулоса гап шуки, табиатни муҳофаза қилиш учун моддий-техник таъминот яхши бўлмаса ва тизимдаги ишларга теран ислоҳот ўтказилмаса табиатга зиён етказувчилик давом этаверади. Шу боис, бу долзарб масала кун тартибига чиқиши даркор.
Есимхан ҚАНААТОВ
Бугун кўчаларимизда, боғ ва маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари авжида. Бу манзара ўтмишдаги гўзал анъаналарни ёдга солади.
БатафсилМамлакатимизда жорий йилнинг июнь-июль ойларида учта веб-платформа ва бир нечта ижтимоий тармоқ ўрганилганда 17 турдаги – жами 1300 дан ортиқ ҳайвонлар таклиф қилинган 544 та онлайн эълон қайд этилган.
БатафсилМамлакатимиздаги ҳар бир идора ва ташкилот фаолиятига баҳо берганда биринчи галда унинг халқ билан мулоқоти, муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф қилишдаги саъй-ҳаракатига эътибор қаратилади.
Батафсил