Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси
Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
БатафсилРустам банк бошқарувчиси этиб тайинланганига уч ойча бўлиб қолди. Шу вақт ичида тизимдаги ишларни пухта ўрганиб, йўлга қўйиб улгурди. Кунлик иш режасига қатъий риоя қилади.
Ярим кечагача ишлаб, чарчаб борган кунларда ҳам эрталаб ишга одатдагидек ярим соат олдин борар, кунлик қиладиган ишларни режалаштирар, кундалик газеталарга кўз югуртириб чиқишга ҳам улгурарди.
Шундай кунларнинг бирида ишхонага кириб, эндигина ўтирган эдики, қўл телефони жиринглаб қолди. Синфдош жўраси Ғанишер экан. Сўрашишди.
«Келаётган якшанба Оллоёр муаллимнинг олтмиш йиллик юбилейи экан. Шуни айтиб қўяй, деб қўнғироқ қиляпман. Ўзи «овора қилиб нима қиласан, иши кўп одам», деб айтмаган экан. Балки ўша ишидан истиҳола қилганмикин... Шунинг учун мен қўнғироқ қиляпман».
— Раҳмат, Ғани жўра. Албатта бораман. Шу баҳона онамни ҳам кўриб келаман. Қишлоқни, дўстларимни ҳам жуда соғинганман…
«Хайр бўлмаса, кўришгунча».
— Хайр, саломат бўл.
Рустам столидаги барча қоғозларни бир четга суриб қўйди-да, бир нуқтага тикилиб, беихтиёр ўқувчилик йилларини эслай бошлади. Дарсда ўтиришлари, ўқитувчига халақит беришлари, кўча болалари билан жанжаллашишлар ва ниҳоят, Оллоёр муаллимнинг тарсакиси... «Мени тўғри йўлга солган, кўзимни очган шу муаллимим бўлади. Агар у менга вақтида танбеҳ бермаганида, мен ҳозир бу мансабда, бу хонада эмас, балки панжара ортида бўлармидим. Худо кўрсатмасин... Бир умр миннатдорман сиздан, Оллоёр муаллим!»
Рустам ёрдамчисини чақириб, шанба кунига режалаштирилган ишларни бошқа кунга қолдиртириб, ўша куни ишхонада бўлмаслигини билдирди. Куни билан барча режалаштирилган ишларни тамомлаб, кечқурун уйига қайтди.
* * *
Қишлоққа кетиладиган кун Рустам ҳам, хотини Висола ҳам ишдан вақтлироқ қайтишди. Рустам укасига телефон қилиб, кечқурун боришини айтиб қўйгач, йўлга чиқишди.
Қишлоққа етиб келишганда ҳали кеч бўлмаган, ҳамма ўз иши билан банд эди. Ота ҳовли бирпасда шодиёнага айланди. Ариқ лабидаги ёнғоқ дарахти соясига қўйилган катта чорпоя меҳмонларга мунтазир эди. Ўртоқлари ҳам эшитиб, етиб келишди. Суҳбат қизигандан қизиди. Хуллас, ёшлик йилларини ёдга соладиган ажойиб кеча бўлди. Вақт алламаҳал бўлгач, ҳаммалари тарқаб, Рустам ҳам шу чорпоянинг ўзига жой солдирди.
Қишлоқ ҳавоси ўзгача. Шаҳардан борган одам нафас олиб тўймайди. Рустам кеч ётганига қарамай, одатдагидай эрта турди. Шарқираб оқиб турган булоқ сувига роҳатланиб ювинди. Ҳаммалари нонушта қилишди. Онаси қаймоқ билан сийлади.
Кейин бир айланиб келай, деб машинага ўтириб, ўртоғи Ғайратни топди. Унга Оллоёр муаллимнинг паспортини бир баҳона қилиб олиб келишини илтимос қилди. Ғайрат ҳам мактабга керак экан, деб ҳужжатни олиб келди. Иккаласи Висолани олиб, туман марказига тушиб, нотариусга киришди.
Тўй вақти бўлиб қолгани учун тўғри тўйхонага боришди. Рустам Оллоёр муаллим билан қучоқ очиб кўришгач, қизғин табриклади. Сўнг ўзларига ажратилган жойга бориб ўтиришди.
Айтилган меҳмонлар келиб бўлгач, мактаб директори юбилярни табриклаб, даврани очиб берди. Домланинг қишлоқ аҳолисини саводхон қилишдаги хизматларига тўхталди. Шундан кейин унинг тенгқурлари, маҳалладошлари, халқ таълими мутасаддилари бирин-кетин сўз олиб, табрик устига табрик давом этди. Муаллимга совғалар топширилди, тўнлар кийгизилди.
Навбатдаги қўшиқдан кейин ўртакаш йигит «домламизнинг пешқадам шогирдларидан», деб Рустамнинг фамилиясини эълон қилганида сўзга чиқишга олдиндан тайёрланиб келган бўлса-да, Рустам негадир бирдан ҳаяжонланди.
— Қадрдонлар, мен устоздан жуда қарздорман. Мени тўғри йўлга солган, шу даражага эришишимга сабабчи — мана шу устоздир...
Шу гапларни айтди-ю, тили калимага келмай, довдираб қолди. Ўйлаб қўйган фикрларининг ҳеч бири шу тобда хаёлига келмасди. Ҳамма унга кўз тиккан. Рустам ўнғайсизланганидан жиққа терга ботган эди...
* * *
У юқори синфда ўқиётганида дарсларни бутунлай ташлаб қўйганди. Отаси кимсан, катта бир колхознинг раиси бўлгани уни ҳаволантириб қўйганди. Кўпгина муаллимлар сўрамасдан яхши баҳо қўйишар, Рустам ҳам улар билан ўзининг ўртоғидек муомала қиларди. Фақат яхши ўқиши кераклигини қайта-қайта талаб қилавериб, ҳоли-жонига қўймагани учун Оллоёр муаллимни ёмон кўрарди.
Синфда охирги партани ўзига доимий «қароргоҳ» қилиб олган, хоҳлаган ишини қилиб ўтиришга шу жой жуда мос эди-да. Бир куни олдинги партада ўтирган икки синфдош-қизнинг сочини сездирмай бир-бирига боғлаб қўйди. Ўшанда Оллоёр домланинг дарси эди. Қизлардан бири турмоқчи бўлди-ю, «вой» деб ўтириб қолди. Бунақа хурмача қилиқлар фақат Рустамдан чиқишини бутун синф яхши биларди.
Ўқитувчи Рустамни олдига чақирди. Аввалига Рустам тил учида «иккинчи қилмайман», деб қутулмоқчи бўлди. Домла ҳар доимгидек жиддий оҳангда ўртага чиқишини талаб қилганидан кейин бошқа иложи қолмади.
Ўқувчиларнинг ота-онаси қаерда, нима вазифада ишлаши Оллоёр муаллимни қизиқтирмасди. У баъзи бир ўқитувчиларга ўхшаб, ўғлингизнинг ўқитувчисиман, деб мансабдорлардан ишини битириб олишни ҳам ўйламасди. Унинг учун синфдаги ҳамма қоракўз бир — ўқувчи.
Шу пайт Рустамнинг юзига шундай тарсаки тушдики, кўзларидан учқун сачрагандай бўлди. У Оллоёр муаллимга аламли бир қаради-да, ташқарига отилиб чиқиб кетди. Ҳовлидаги ўриндиққа ўтириб, ўқитувчисидан қандай қилиб ўч олишни режалаштира бошлади. Қишлоқда ҳали ҳеч ким уни бунчалик таҳқирламаган эди. Бу Рустамга жуда қаттиқ алам қилди. Синфдошлари орасида бор обрўси бир пул бўлди, иззага қолди.
Танаффус пайтида уни Оллоёр муаллим чақираётганини айтишди. «Ҳа, қилган ишидан мулзам бўлиб, энди мендан кечирим сўраса керак, — деб ўйлади ичида. — Мен барибир кечирмайман!» Шундай ўйласа-да, домланинг ялиниб, узр сўрашини кўргиси келдими, ҳар ҳолда олдига кириб борди. Қараса, домланинг авзойи кечирим сўраб, бошини силайдиган эмас.
— Хўш, Рустамбой, мендан хафа эмасмисан?
У жим ерга қараб тураверди.
— Рустам, сен бир эл устидаги инсоннинг ўғлисан. Эртага отангга муносиб одам бўлишинг керак. Шу кетишингда отангга муносиб фарзанд бўлолмайсан. Ўқишга ҳам киролмайсан.
— Менинг ғамимни емай қўя қолинг, — деди қўрслик билан.
— Мен сенинг ғамингни емоқчи эмасман. Олсанг, насиҳат, олмасанг, ихтиёринг. Айтиш менинг бурчим, — деб босиқлик билан гап бошлади муаллим. — Мана, Ҳакимбойваччанинг ўғли — Али. У ҳам сенга ўхшаб тантиқ бола эди. Отаси бир неча марта ўғлининг ёнини олиб, ўқитувчиларни ҳақоратлаб кетганди. Мактабни битиргач, отаси катта пул бериб, олийгоҳга киритиб қўйди. Тагига машина олиб берди. У эса тантиқлик қилиб, иккинчи йилидаёқ ўқишни ташлаб келди. Безори болаларга қўшилиб, гиёҳванд бўлди. Эрининг бундай феълига тоқат қилолмай, хотини бечора кетиб қолди. Ўзини гиёҳвандликда айблаб, қамашди. Отаси ўғлининг аҳволини кўриб, қон босими кўтарилиб, ўлиб кетди. Сен ҳам шундай бўлмоқчимисан?..
Муаллимнинг гаплари шунчаки, қўрқитиш учун айтилаётган гаплар эмас, айни ҳақиқат эди. Ҳатто, ўша кишининг қўлига кишан солиб олиб кетишаётганини Рустамнинг ўзи ҳам кўрган. Хаёлида бирдан ўша кишан тақилган кимса ўрнида ўзини тасаввур қиларкан, кўзидан тирқираб ёш оқаётганини сезмай қолди...
— Али ҳам бир пайтлар менинг қўлимда ўқиган эди. Мана шу гапларни унга ҳам айтиб тушунтирганман. Лекин у отасининг пули, мансаби, молу дунёсига алданиб, гапимни назар-писанд қилмаган эди. Ким билади, балки мен унга гапимни тўғри тушунтириб беролмагандирман. Ҳар ҳолда, унинг фожиасида мен ўзимни ҳам айбсиз санолмайман...
* * *
Ана шу суҳбатдан кейин Рустам бу гапларни кўп хотирлади. Деярли ҳар куни бир қур шу суҳбатни эсга олиб, ўзининг олдида турган икки йўлдан бирини тезроқ танлаши зарурлигини ўйлай бошлади.
Тўғри, Рустамнинг бирдан ўзгариб қолишини ҳеч ким кутмаган эди. Айниқса, синфдошлари. Бу ҳол ёз чилласида ёққан қордай ҳаммани эсанкиратиб қўйди. Ҳатто, бир гал энди биринчи партада ўтириб астойдил ўқимоқчи эканини айтганида синфдоши Висола «кўрамиз, қаергача бораркансан?!» дегани ҳам яхши эсида.
Ким нима деса, деди-ю лекин Рустам ростакамига ўзгарди. Ҳар бир дарсга пухта тайёргарлик кўриб келадиган, қўшимча адабиётларни ҳам қолдирмай ўқиб борадиган бўлди. Ўзи аввалдан зеҳни ўткир, хотираси кучли, ақли теран бола эди. Фақат дангасалик, кибр, манманлик ўқишининг белига тушов бўлиб турган экан-да. Уч-тўрт ойда синфнинг энг пешқадамига айланди-қолди.
Мактабни тугатгач, университетнинг иқтисодиёт факультетига ҳужжат топширди. Имтиҳонлардан яхши ўтиб, талабаликка қабул қилинди. Билимга иштиёқ талабалигида ҳам сўнмади. Олийгоҳни имтиёзли диплом билан тамомлади. Отаси раҳматли ўшанда ўғлидан хурсанд бўлиб, яп-янги «Тико» совға қилган эди.
Устозлари олийгоҳда олиб қоламиз, дейишганда соҳам бўйича ишлайман, деб рози бўлмади. Бу орада синфдоши Висоланинг ҳам муомаласи ўзгарди. Оила қуриш ҳақидаги таклифига рози бўлди. Ўша йили тўйи бўлди. Фаолиятини оддий бир корхонада иш ўрганувчиликдан бошлаб, қисқа вақт ичида бошлиққа айланди. Мана, ҳозир юқори лавозимда ишлаяпти...
* * *
Қўлида микрофон ушлаб давранинг ўртасида турган Рустам бу гапларни овоз чиқариб айтдими ё хаёлидан ўтказдими — англолмади. Қисқаси, айтса-айтмаса, бу тарихни билмайдиган одам борми бу даврада?
— Буларнинг ҳаммасига домламиз Оллоёр муаллим сабабчи бўлган, — деди ниҳоят Рустам. — Энди, домла, мен ҳам сизнинг олдингиздаги қарзимни узмоқчиман. Мана шу машина оиламиз номидан сизга совға. Мана бу калит, ҳужжатларни шу бугун сизнинг номингизга расмийлаштириб келганмиз.
Даврада қарсак бўлиб кетди. Кимдир «Яшавор, ота ўғил», — деди. Оллоёр муаллим нима дейишини билмай:
— Э-э, ўғлим, кераги йўқ. Бу ўзингга керак бўлади, — дея олди холос.
— Устоз, мен сиз туфайли шу даражага эришдим. Давлат менга машина ажратган. Мана, дарвоза олдида шай турибди. Кексайган чоғингиз тўй-маъракаларга бориб келиб, миниб юринг.
Рустам жойига бориб ўтириб, кетар вақти бўлганини айтиб, дўстлари, устози билан хайрлашиб, тўйхонадан чиқар экан, елкасидан босиб турган оғир юкдан халос бўлгандай, ўзини енгил ҳис қилди.
Абдували НАБИЕВ,
Ургут тумани
Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
БатафсилЖадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.
БатафсилҲар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.
Батафсил