Хоразмлик ижодкорнинг Қодирий боғига совғаси
Бир пайтлар мактаб ўқувчилари ўртасида бир-бирига китоб совға қилиш одати урф эди. Туғилган кун ёки байрамларда дўстлар томонидан туҳфа қилинган энг қимматли тортиқ – бу китоб бўларди.
БатафсилАлишер Навоийни аксарият буюк шоир, бир қанча илмий ва адабий асарлар муаллифи сифатида танийди. Яна унинг давлат арбоби тарзидаги улкан фаолияти ҳам кўпчиликка яхши маълум.
Аммо бу буюк инсоннинг жонзотларга шафқат ва марҳамати, боғу бўстонлар яратиш, уларни умумхалқ манфаатлари йўлида тасарруф этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари кўпчиликка аён бўлмаса керак.
Шафқат
Бир йили султон Ҳусайн Бойқаро қишни Марв шаҳрида ўтказган экан. Шунда Алишер Навоий ҳам султон ва бошқа аъёнлар билан бирга ўша жойда қолган.
Алишер Навоийнинг замондоши ва шогирди Ғиёсиддин Хондамирнинг маълумот беришича, шу сафарда Ҳазрат Навоийнинг мислсиз шафқатларидан далолат берувчи бир ҳодиса бўлган.
Бир сайроқи қуш (фохта) Навоийнинг чодирига эмин-эркин кириб юрган. Ҳеч ким унга халақит бермагани учун у ерда уя ясаб, тухум ҳам қўйган.
Қиш тугаб, баҳорнинг иссиқ кунлари бошланганда ҳайъат пойтахт Ҳиротга отланган. Аммо чодирга уя қурган қушнинг тухумлари очилмаган эди. Бу ҳолда чодирни йиғиш албатта тухумларга зиён етказар, қушни ҳам безовта қиларди.
Навоийнинг зотий шафқат ва табиий марҳамати шуни тақозо қилдики, қуш тухум очиб, болаларини учирма қилгунича чодир жойидан қимирлатилмай, шу ерда қолдириладиган бўлди. Мулозимлардан бири – Хожа Ҳасан Бахтиёрга у чодирни муҳофаза қилиб туриш ва қуш болаларини учирма қилганидан кейин хизмат ҳақи учун чодирни ўзи билан олиб кетиш вазифаси топширилди. Топшириққа мувофиқ жонивор болаларини катта қилиб олиб кетгунича мулозим уларга кўз-қулоқ бўлиб турди.
Ҳазрат Навоийнинг биргина қушга шу қадар эҳтиром кўрсатиши унинг авлодларига ҳам мерос бўлиб бугунга қадар етиб келганида эҳтимол юзлаб жониворлар ва ўсимликлар «Қизил китоб»ларда қўним топмаган бўларди.
Хондамир яна бир воқеада Алишер Навоий бехос кийимига илашиб қолган чумолини тезда уясига элтиб қўйиш учун намоздан сўнг масжиддан зудлик билан чиқиб кетганини ҳам ёзиб қолдирган. Бизнинг назаримизда чумоли шунчаки бир митти ҳашарот, оёқ остида ўрмалашиб юрадиган зараркунанда. Унинг ҳажми ва шакл-шамойили қандай бўлишидан қатъи назар, у ҳам худди инсон каби бир яратиқ ва жонли бир махлуқ эканига кўпда эътибор берилмайди. Агар унга айни шу нуқтаи назар билан қарай олсак, Навоийнинг шафқати ва муруввати бежиз эмаслигига амин бўламиз.
Ҳозирда бу каби ҳашаротлардан қутилиш илинжида минг турли заҳарли воситалар қўллаш авж олган. Эҳтимол уларнинг зараркунанда ва ашаддий талафотчилиги кўпчилик инсонлардаги ана шундай шафқат ва мурувватнинг камёблашиб бораётгани билан боғлиқ эмасмикан?.. Ахир, ҳар бир ишда ҳар доим саломга яраша алик бўлиши табиий-ку.
Халқ учун барпо этилган боғлар
«Вақфия» асарида Алишер Навоийнинг ўзи эътироф этишича, 1475 йилда султон унга Ҳиротдаги Марға кўшкининг ёнидан ҳовли қуриш учун ер инъом этган. Серҳосил ва унумдор қора тупроқли, тошлари ҳам манфаатли мазкур ерга ҳазрат фақат ҳовли бино қилиш билан чекланмайди. Олдин ҳеч кимга иморат қуриб яшаш насиб этмаган ушбу хушҳаво ердаги бино атрофига Навоий бир қанча дарахтлар экиб, боғ барпо этган. Турли гул-чечаклар кўкартирганки, бу ўттиз жериб (тақрибан бир таноб миқдоридаги ер ўлчови) ер кўрган кишининг баҳри дилини яйратадиган бир масканга айланган. Боққа ҳатто султон Ҳусайн Бойқаро ҳам бир неча бор истироҳат учун келиб турган.
Бу ишларни баён қилар экан, ҳукмдордан тортиқ олиш иморат ва боғ барпо этишдан асл мақсадни Навоий шундай ёзади: «Умидим будурким, ҳамиша ул ер бу давлатқа сазовор ва мудом бу хоксор ҳам бу иноятка бархўрдор бўлғаймен. Иншаоллоҳу таоло...» Кўринадики, Навоийнинг ғарази боғ яратиб, уни давлатга, халққа, эл-юртга савоб умидида хизмат қилиш учундир. Кейинроқ Навоий бу каттагина ҳудуддаги шахсий мулкини таълим учун халқ ихтиёрига топширганини билдирган. Хондамир шу жойда барпо этилган «Дорул ҳуффоз» ва «Ихлосия» мадрасасида турли ўлкалардан келган минглаб ёшлар таҳсил олганини, уларнинг барча таъминоти Навоийнинг хусусий маблағлари эвазига қопланганини ёзиб қолдирган.
Шаҳар ташқарисидаги ҳудудлардан Олинжон булуки Фаррошон мавзесида беш (72,5 жериб), Боғи Мурғонда бир (4 жериб), Сабада Равон кентида 3 (16 жериб), Сифлий маҳалласида бир нечта (олтмиш 323 жериб) узумзор ва бошқа мевали боғлари борлигини келтириб ўтган. Булардан ташқари Бодғиз вилоятидаги Тудаги коризи, Гумбуроқ булукидаги Парагач коризи ҳамда Ҳиротруд вилоятидаги Гул кенти барча боғ ва дарахтзорлари, фойдаланиш майдони билан бирга тўлиғича Навоийнинг шахсий мулки ҳисобланган. Мазкур мулклар ҳудудида жамоат фойдаланиши учун бир қанча бино ва иншоотлар ҳам барпо этилган. Мулкларнинг доимий ободлиги учун ходимлар тайин қилинган. Улардан тушадиган маблағлар эса, ходимларнинг маоши, илм аҳлига кўмак, эҳтиёжмандларга ёрдам сифатида тақсимланган. Шунча мол-мулк эгаси ҳисобланган Алишер Навоий бир сидра кийим ҳамда оддий эл қатори емак билан кифояланган ҳолда умр кўрган. Замондошлари Навоийни катта мол-давлат соҳиби бўлгани ҳолда ҳеч қачон бойликни тўплаб қўймагани, ҳатто кўпинча ҳузурида закот беришга етарли сармояси бўлмаганини ёзишган.
Навоий учун боғ яратиш даромад ва сармоя топиш илинжи эмас, Ҳақ йўлида халққа холис хизмат қилиш воситаси саналганки, мулк ўз-ўзидан кўпайиб, баракаланиб борган.
Умр боғи
Навоий умрни ҳам бир боғ, инсонни эса ўша боғдаги бир дарахтга менгзайди. Дарахт ер остига илдиз отиб, тупроқни ёриб чиқаркан, боғдаги ҳаёти бошланади. Ҳаёт унга олдин ям-яшил тарзда гуркираб ўсиш, гуллаб яшнаш, кўрганлар кўзини қувнатиш, муаттар бўйи билан димоқларни хушлантириш, кейин эса, ўз навбатида мева тугиш имконини беради. Мевалари ғарқ пишиб етиларкан, толонга учрайди. Кузак унинг япроқларини сарғайтириб, тўкади. Ниҳоят, бир кун келиб, шунчалик шавкатли туюлган умр адоғига етади. Гуркираган баравж дарахт қуруқ бир ўтинга айланади.
Инсоннинг туғилиши, ривожи, таназзулида ҳам шу ҳолат айнан такрорланади. Навоий талқинича, борлиқдаги ҳар бир мавжудот инсонга тириклик моҳиятини уқтириш учун намоён бўлади. Инсон ўз ҳаётининг баҳору ёзларидан унумли истифода этолмаса, кузак келгач, самара бера олмайди. Қишнинг оппоқ қорлари худди кафан каби уни ўз қаърига олади.
Умр кунин қисмат этибтур қазо,
Ҳар чоғи бир ишга қилур иқтизо.
Ўнғача ғафлат била побастлиқ.
Жаҳл йигирмигачау мастлиқ.
Ўттузу қирқ ичра эрур айшу ком,
Ваҳки манга ул доғи эрди ҳаром.
Қилмади элликда тараққий киши,
Олтмишу борча таназзул иши.
Юқоридаги байтларда Алишер Навоий ўз ҳаётини янада муносиброқ тарзда ўтказа олмаганига бир ўкинч туйгани англашилади. Нафақат яраган илмий, бадиий мероси, балки умри давомида қилиб ўтган кўплаб хайрли ишлари билан миллионлаб одамлар қалбидан жой олган ва беш асрдан бери унутилмай келаётган бир инсоннинг бундай ёндашуви биз учун бироз оғир келиши мумкин. Аммо ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасини мангуликка муҳрлай олиш имкони борлигини теран ҳис қилган, ишонган ва шу асосда яшаган инсон учун бу оддий ҳолдир. Алишер Навоий ана шу жиҳатдан ҳам ҳали-ҳамон инсоният забт эта олмайдиган энг баланд чўққи бўлиб қолаверади.
Бир пайтлар мактаб ўқувчилари ўртасида бир-бирига китоб совға қилиш одати урф эди. Туғилган кун ёки байрамларда дўстлар томонидан туҳфа қилинган энг қимматли тортиқ – бу китоб бўларди.
БатафсилБотирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
БатафсилЖадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.
Батафсил