Инсон ўзинг      Бош саҳифа

Она деган туш

Она меҳри – тилсим. Унинг тафтини кўрамиз, сезамиз, лекин у қаердан келганини, қайси оламлардан бизга туҳфа қилинганини билмаймиз. Биз меҳрни ташкил қилувчи кимёвий элементлар таркибини билишимиз мумкин, лекин унинг кимёвий таркиби ақл-идрокимиз учун англанмаган сир бўлиб колаверади.

Она  деган  туш

Меҳрнинг зоҳирий кўриниши, жилваланиши, тажаллийси бор, у макон топ­ган ўрин – она қалби бор. Лекин унинг туб илдизи, сарчашмаси, кимёвий таркиби Яратган  даргоҳидаги махфийликдир.

Оналик ҳақида, унинг табиий-физио­логик белгилари ҳақида анча нарса биламиз ёки бизга шундай бўлиб тую­лади. Онанинг болага, боланинг онага интилиш-тортилиши, аввалгидек сирли туюлса-да, биз бу ҳақда кўпам ўйлаб ўтирмаймиз, Аллоҳ шундай яратган-да, деб қўя қоламиз. Анча нарса билишимиз ҳақидаги ўй эса шунчаки, таги бўш даъво, холос. Жаҳоний адиб Достоевский «Телба» романида ёзганидек, «Камолотга эришиш учун олдин кўп нарсаларни тушунмаган бўлиш керак! Агар жуда тез тушуниб оладиган бўлсак, унда чала тушунган бўлиб чиқамиз». 

Она меҳри айни шундай тушуниб тушунилмайдиган, ақлнинг ақл тиши ўтмайдиган сирли ва сеҳрли ҳодисадир. Шу каби сирли-сеҳрли ҳодисалар қаршисида ақл ва мантиқ ожиз қоладиган ҳоллар, ҳолатлар учун инсоният бадиий-адабиёт, шеъриятни кашф қилган. Зеро, шеърият сир-синоатга, махфийликка туташ, унга кесишган оламдир, шундай оламнинг сўз ва оҳангдаги тажассумидир.

Муҳтарама опамиз, Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева Энахон Сиддиқованинг «Она ҳақида достон» қасидасига ёзган «Меҳрдан гулчамбар» номли мўъжаз сўзбошида ёзадилар: «Достон бир нафасда, бир зарб билан ёзилган, ички оҳанглари жарангдор, жозибали, инсоний самимий туйғулар ифорига қорилган. Воқеалар ҳаётий, ўртантиради, ўйлантиради». Бу – достонга берилган аниқ ва лўнда тавсиф. Ушбу тавсифни кўзда тутган ҳолда достоннинг бадиий-ҳиссий қурилишига бир кўз, назар ташласак.

Достонни улкан бир қўшиққа менг­заш мумкин. Асар хос бир мусиқавий оҳанг билан оқади, жаранглайдиган, бундай мусиқавийликни пайдо қилган куч, восита, шубҳасиз, халқимиз даҳоси яратган «Оқ теракми, кўк терак, Сиздан  бизга ким керак», деган сўзлар қуйма мисралардир. Достон айнан ушбу сўзлар билан бошланади.

Болалар ўйинида такрор-такрор айтиладиган оддийгина қўшиқ сўзларида туйқусдан ва умуман ҳам англаб етиш қийин ва ҳеч қачон охиригача англаб етиб бўлмайдиган қандайдир сир ва сеҳр бор. Аввал нақорат сиртига, уни ташкил этган сўзларга назар солайлик. Энг оддий сўзлар: оқ терак, кўк терак, сиз, биз, ким, керак, деган савол. Лекин шу оддий сўзлар  бирлашгач, яхлит бирикма қаъридан онгда элас-элас пайдо бўлгич, кўриниб-кўринмайдиган, сезилиб-сезилмайдиган шундай маънолар онг-шууримизни чулғайдиган фақат бадиий мўъжиза деб аташ мумкин.

Достоннинг қўшиққа мойил илк табиати ушбу нақоратни етакчи  ўринга қўйганми ёки у шоира онгида бетиним жаранглаб, бутун достонни қўшиққа эвирганми? Ҳар икки омил бирваракайи­га бақамти ишлаган, дейиш мумкин. Сиртдан қарасак, нақоратдаги сўзлар Онага, унинг машаққатли ҳаёт йўлига боғлиқлиги йўқдек. Лекин боғлиқлик шундай  бир моҳирлик билан, содда табиийлик билан топиладики, у биринчи, пролог фасл якунланган тўртликдаги «топиб бер» радифига жо этилади:

 

Оқ теракжон, қўллари

Чеварамни топиб бер.

Беҳиштга олиб борар

Йўлларимни топиб бер.

 

Яна айтиш жоизки, нақорат сўздан асар давомида бироз ўзгарган ҳолда бот-бот такрорланади: Оқ теракжон, кўк терак, Биздан сизга ким керак? Яъни биринчи қисмда сўроқ ўрнида тасдиқ, иккинчи қисмда сиз билан биз ўрин алмашиб, дам сиз, дам биз олдинга ўтади. Бундай ўзгаришлар бадиий маъно талаб-эҳтиёжи асосида содир бўлади. Лекин нақоратнинг асл матнидаги етакчи оҳанг бутун асар давомида ўзгармасдан сақланади. Достоннинг маъно-моҳияти билан нақорат орасидаги руҳий-ҳиссий робита асарда бутунликни вужудга келтиради ҳамда икки ўртада кўзга кўринмас уйғунликни таъмин этади. «Пинҳоний уйғунлик ошкора уйғунликдан аълороқ», бу — донишманд Героклит сўзи.

Ушбу нақорат достоннинг ич-ичидан сизиб ўтиб, унинг мусиқий ўқ илдизини ҳосил қилар экан, шунда биринчидан, болалар ўйинида айтиладиган, сиртдан содда, одми кўринган сўзлар қанчалик улкан маъно оҳанг потенцияга эга экани маълум бўлса, иккинчидан, бу имконият, потенция достон воситасида янги уфқ, янги кўламга эга бўлади.

Ўздан ўзиб, ипни узиб ижод қилиш нима дегани? Аввало ип нима, нега уни узиш керак? Ип бизни ҳаётий дунёга боғлаб турган, ҳамма нарса аён, икки карра икки – тўрт бўлиб кўринадиган одми кўз қараш, ҳашаки тасаввурдир. Ҳазрат Навоий «Лайли ва Мажнун»да ёзганларидек:

Эй, қайда замона бирла хурсанд,

Бўлғон санга ўзлукинг оғир банд.

Ўзлукдин ўзингни айла озод...

 

Бундаги «қайда замона» вақт кишанини англатиб, ҳар бир тирик вужуд замона ва вақт кишани билан боғланган. Агар биз дунёга бошқача, кутилмаган, фавқулодда нигоҳ билан боқмас, боқолмас эканмиз, биз унинг сир-синоатини ҳеч қачон туймаймиз. Дунё эса сир-синоатга тўла бир макон, шоир айтганидек, «Дунё деган шундайин англаб бўлмас сир экан...»

Бадиий ижодга меҳр ва сеҳр бағиш­ловчи кўринмас куч – ушбу сир-синоат, унинг ичида туриб, ичида эмаслигимизни кўриб туриб кўрмаётганлигимизни руҳоний кўз ва сезги ила ҳис қилишимиздир.

«Она ҳақида достон»нинг шеърий қисмларида ҳам ҳазин, ҳам ўйчан, ҳам сокин, ҳам шиддатли бир куй онг-шууримизда янграб-жаранглаб туради. Бунда болалар ўйинида айтиладиган нақорат-очқич вазифасини бажаради.

Она меҳри, она муҳаббати – азалий мавзу. Шеърият пайдо бўлибдики, у онани тараннум этади, мавзунинг турли қирраларини кашф этиб, ўлмас образларга муҳрлайди. Бундай собитликнинг илмий асоси ҳам мавжуд. Бутун борлиқ барҳаёт бўлиб, завол топмай, тириклик тарзида бардавом бўлиши она меҳри, оналик муҳаббатига боғлиқ бўлса-чи? Айтайлик, тухумни ёриб, ёруғ дунёга кўз очган полапонларига нисбатан она қуш қалбида, жону вужудига чексиз бир боғлиқлик жазб бўлмаганда, улар нес-нобуд  бўлиб кетмасмиди? Ушбу ҳолатни жами жонзотга кўчирсак ва масалани жаҳоний маъно маснадига кўтарсак, оналик меҳри бутун борлиқни мавжудлик сифатида тутиб турувчи куч, деган хулоса ўз-ўзидан келиб чиқади.

Ҳам пайғамбар, ҳам подшо бўлган Ҳазрат Сулаймон бу азалий қонуниятни билган ва шу асосда машҳур бир масалада тўғри ечим топган. Туғруқхонада аёл уйқусираб боласини босиб ўлдириб қўяди ва ёнида ухлаётган аёлнинг чақалоғини ўзининг ўлик боласи билан алмаштиради. Ҳийлани сезган она ўз боласини талаб қилади. Хуллас, бола кўтарган ва «бола меники» деган икки аёл ажрим учун Ҳазрат Сулаймон ҳузурига келишади. «Бола меники», дейди бири, «бола меники», дей­ди иккинчиси. «Жаллод!» дейди Сулаймон ва буюради: «Болани ол-да, иккига бўлиб, ярмини бунга, ярмини унга бер!»

 

Бири – ажаб бўлипти, сенга ҳам йўқ, менга ҳам, дегандай мамнун жилмая­ди, иккинчиси – фарёд билан «йўқ, подшоҳим, болани ўлдирманг, ўшанга берақолинг, тирик қолса бас», дейди. Шунда Ҳазрат Сулаймон буюради: «Болани дод солган аёлга беринг, унисига жазо бериб, ҳайдаб чиқаринг!»

Лекин ривоятдаги ҳайдаб чиқарилган аёл ҳам она эдику! Нега у ўзиники бўлишига умиди узилгач, бировнинг боласи қатилига ҳам рози бўлди? Достондаги Она етим ўтганлиги, бир эмас, уч ўгай она жабрини тортганлиги ҳақида аламли сатрлар бор. Шунда мен асл моҳиятини тушунмайдиган (юқоридаги Достоевскийнинг «тушунмаслик» ҳақидаги гапини эсланг) ўгай она феномени чиқадики, унга жўяли жавоб топиш осон эмас. Ўзининг боласи учун жон олиб, жон берадиган аёл, она нега бировнинг боласига жабр қилади? Ҳамма аёл шундай эмас, албатта. Ўгай боласини ўзиникидан орттириб, оқ ювиб, оқ тараб тарбия қилган оналар қанча. Лекин ўгай она ҳақидаги аччиқ ривоятлар ҳамон тиниб-тинчигиси йўқ.

Она (у она эмас, албатта, ўгай оналар)дан тортган азобларининг акс-садоси ўлароқ, шундай мисралар туғилади.

 

Мен етим ўтдим, беҳад

Ўгайлик қилди дунё

Ўгай она қўлида

Сомондай соврилдим-о.

Онали етимни, оҳ,

Гул етим дерлар, болам...

 

«Она ҳақида достон»нинг ҳаракатга келтирувчи кучи, мотори хотирадир. «Хаёлим сувратида ҳовлимиз этагидаги лойшувоқ кулбага югуриб чиққан қизғалдоқлар, офтоб рўяда хар куни чумчуқ билан ўйнашадиган олачипор илон, онам ўриб қўйган сочларимда селкиллаган толпопук, онамнинг қалампирмунчоқлар анқиган бағри (қандоқ бахтли экан ўша кунларим) бугун худди эртакка ўхшайди». Бу иккинчи фаслдаги насрий қисмдек парча бўлиб, шоиранинг нигоҳи, бадиий илғаши ўтмиш хотиралардан куч олиб ҳаракат қилаётганига яққол мисолдир.

Хотира бирор кимса ёки воқеа ҳақида ёдда сақланиб қолган тафсилот ва у ҳақдаги таассурот бўлар экан, унда қандай кайфият ва руҳ етакчилик қилиши жуда муҳим. Устоз шоир Мақсуд Шайхзода «Ёд диёрида кезайлик бир пас», деб ёзар экан, бу диёр ҳам қувонч, ҳам аламлар масканидир.

Бундай тасвирлар Она ҳаётига боғлиқ эсда қоларли, бўртиб кўринадиган ҳолатлар, муаллиф, яъни қиз фарзанднинг хаёл кўзгусида сақланиб, муҳрланиб қолган парча-парча воқеа-­ҳодисалардир. Айтайлик, иккинчи фаслда девор-дармиён қўшни Зулайҳо хола ҳақида қавс ичида шундай тавсиф берилади: «Энкайиб юради, шундай энкаядики, боши ерга тегай деб қолади, йўлни кўролмаса ҳам, илдам кетаётганини кўриб ҳайронлигим ошади». Бу гапда ёш қизалоқнинг табиий беғубор нигоҳи, эллик йил нарида қолган, аммо ҳозир тирилиб-тикланган нигоҳи бадиий-эътиборимизни жалб қилади. Ёки Она инжиқлик қилаётган чақалоғига алла айтар экан, муаллиф ёзади: «Онамнинг айтган алласи шу қадар мунгли, шу қадар ҳасратлики, эшитиб юракларим зирқираб кетади, сўрида ётганимча онам қавиган чит кўрпачани бошимга тортиб, кўзларимни яшираман, негадир «пиқ-пиқ» йиғлайвераман».

Айни шу нуқтадан назм бошланади. Шоира гўё дўмбирани қўлга олади ва ҳар бир банди «Дўппи тикарлар онам» деб тугалланувчи ажиб бир шеър, мунг­ли қўшиқ янграйди:

 

Бола кўнглим гуллатиб,

Ҳайратга дўнар олам.

Супачада ўтириб,

Дўппи тикарлар онам.

 

О, болалик қайтса-ё,

Онам алла айтса-ё,

Эркалаб уйғотса-ё,

Дўппи тикарлар онам...

 

Бу шеър, бу қўшиқни эндиликда бувижон бўлган шоира эмас, кўрпачани бошига тортиб кўзларини яшириб, негадир «пиқ-пиқ» йиғлаётган ўша қизалоқ ёзмоқда эмас, деб ким айта олади? Ўша қизалоқ қалби ҳамон ҳозирги  шоира вужудида эмасми? «Пиқ-пиқ» йиғи саси келмаяптими ушбу сатрлар қаъридан?

Вужуд улғайиб, кексайгани билан одамнинг жавҳари – кўнгил кексаймайди, у боқий. Кўнгил  қаримас, деган гап олтин зангламас, деган гапдан беҳад кучли.

Шу ердан, яъни достон бошида туриб, унинг адоғига нигоҳ ташлаймиз, – зеро, фикр ҳам нигоҳ, у осма кўприк каби бизни у манзилдан бу манзилга обориб-обкелиб туради, – ва кўрамизки:

«Онамнинг қирқидан кейин келинимиз Озода сандиқни очиб, олдимга бир катта тугун қўйди.

– Бувимнинг васияти. Ўтганимдан кейин опангизга беринг, дегандилар.

– Нима бу?! — ҳайронлигим ошди. Озода индамай тугунни ечди. Не кўз билан кўрайин, байрамларда, туғилган кунларида онамга олиб борган совғаларим, кўйлаклик матоларим, қандай берган бўлсам, шундайлигича тахи бузилмай турибди...

«Онамнинг қўли тегиб, табаррук бўлган, деб эслаб юрар, келинига, қизларига бувингдан эсдалик, деб берсин», дебдилар. Додлаб юбордим. Совғаларимнинг ҳаммаси, ҳаммаси, гўё менга тўкилиб, мунглиғ, танбеҳомуз қараб турарди».

«Пиқ-пиқ» йиғи ва дод-фарёд. Ҳар иккаласи бир бўлиб, бирикиб, китобхонга ичиккан туйғунинг ёруғ изҳорини тақдим этади.

 – Алдаб кетди-ёв, болам,

Чақирмаяпти отанг.

Шундай дея ўтирар.

Бош тебратиб сўрида.

Дунёсининг отамсиз,

Қолмагандек бурди-я.

Бу – Отадан кейин қолган Онанинг ҳолати. Урушда эри ва икки ўғлини йўқотган жабрдийда аёл аза очмай уларни кутиши, уруш тугаганига ишониб-ишонмай, энди жигарлари қайтадигандай, қайтмагач, аламини военкомдан олиб, уни қамчи билан савалагани, у қилт этмай туришию, аёл уввос тортиб, ҳушсиз йиқилгани ҳақидаги гаплар қаттол урушдан ке­йинги ўзбек воқелигини тавсифлайдиган аянчли манзаралардир.

Достон, таъбир жоиз бўлса, тўкис оила тасвиридир. Бундай оила, одатда, зарурий учлик – Ота, Она ва боладан иборат бўлади. Бола ўрнида ва тимсолида шоира турган бўлса, Онанинг ўрнида, жуфтликда Ота бўлиши  муқарардир, айни шундай манзарагина ҳам тугал, ҳам гўзалдир.

Она дунёни тарк этар экан, ҳамон жуфтини эслайди, унинг изидан боражагини бот-бот таъкидлайди. Бундай яқинлик («Отам билан Онамни қариндош, таниш-билишлар чину ҳазил аралаш Тоҳир-Зуҳролар дейишади») – нариги дунёга ҳам кўчиб ўтаётган меҳр-муҳаббат достонини ич-ичидан нурлантириб туради.

Ғарб мамлакатларида глобаллашув ниқоби остида маънавий-ахлоқий таназ­зул авж олган бир пайтда Ўзбекистонимизда шундай бир асар яратилиб,  унда инсон қалби ва зийнатида, ўзбекнинг беғубор кўнглида ҳамиша  устивор бўлган покиза туйғулар, олижаноб кечинмалар тараннум этилар экан, бу бизнинг диёримиз Аллоҳнинг назари тушган, минглаб-ўн минглаб азиз авлиёлар, улуғ Соҳибқиронлар киндик қони тўкилган муқаддас маскан бўлганидан яна бир нишонадир. Маънавий-ахлоқий поклик шундай бир бойликки – унинг баҳоси йўқ. Бу чинакам бебаҳо бойлик.

Маънан бузилган халқ қанчалик бой бўлмасин – қашшоқдан-қашшоқдир. Маънан қашшоқ бойлик – уч пулга қиммат бойликдир. Глобаллашувнинг  ё шарофатидан, ё касофатидан илк бор ахлоқ инсоният бор-йўқлиги учун глобал аҳамият касб этди. Зеро, маънавий таназзул охир-оқибат Ердаги хатони ҳалокатга олиб келиши мумкин. Заминнинг тақдири инсоният ахлоқининг қандай бўлишига боғлиқ бўлиб қолди. Достоевский «Дунёни гўзаллик қутқаради» деб экан, ундаги «гўзаллик» сўзи замирида, ўзак томирида – гўзал ахлоқ туриши муқарар. Туғилиш ва яшаш – одам бўлиш имкониятидир. Яъниким, бу – туғилган одамнинг барча-барчаси – ҳали одам эмас, деганидир. Одамни одам қиладиган бош омил ахлоқдир.

Дунёда тасодиф йўқ. Тасодиф ички моҳиятни пинҳоний намоёнидир. Дос­тон илк марта нуфузли «Жаҳон адабиёти» журналида чоп этилиши тасодиф эмас. Зеро, ушбу асар ҳозир жаҳон адабиётидан қолган инсоний  ҳислар, гўзал ахлоқ ҳақидаги дос­тондир.

Покдомон оталар, мушфиқ ва меҳрибон Оналар бор ҳаёт гўзал ва қадрли, шунинг учун «Она ҳақида достон»: «Лекин тинч, безавол / Турибди замин / Дунёда оналар борлиги учун!» дея якунланар экан, бу глобал аҳамиятга эга фикр­дир.

Сувон МЕЛИ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, адабиётшунос




Ўхшаш мақолалар

Тил –  миллатнинг қалби,  тафаккурнинг жонли ифодаси

Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси

🕔09:19, 23.10.2025 ✔5

Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:

Батафсил
Беҳбудийнинг сўнгги васияти

Беҳбудийнинг сўнгги васияти

🕔15:48, 03.10.2025 ✔58

Жадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.

Батафсил
Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

Она мушук ва меҳр мўъжизаси

🕔15:48, 26.06.2025 ✔204

Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Тил –  миллатнинг қалби,  тафаккурнинг жонли ифодаси

    Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси

    Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:

    ✔ 5    🕔 09:19, 23.10.2025
  • Беҳбудийнинг сўнгги васияти

    Беҳбудийнинг сўнгги васияти

    Жадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.

    ✔ 58    🕔 15:48, 03.10.2025
  • Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

    Она мушук ва меҳр мўъжизаси

    Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

    ✔ 204    🕔 15:48, 26.06.2025
  • Тинчлик қадри  «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Тинчлик қадри «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 80 йил тўлди. Бу анча узоқ муддат. Бир инсоннинг умридай, эҳтимол ундан ҳам ортиқ. Лекин ўша машъум урушнинг мудҳиш асоратлари ҳали-ҳамон ўчгани йўқ.

    ✔ 261    🕔 15:27, 08.05.2025
  • Оилани  камбағалликдан  эркак  қутқаради

    Оилани камбағалликдан эркак қутқаради

    • Азим Тошкентнинг Олмазор тумани «Юқори Себзор» маҳалласида 83 ёшли, Ўзбекистон халқ устаси Маҳмуджон Мамажонов яшайди. Табаррук ёшда ҳам меҳнат қилишдан бир лаҳза тўхтамаган ҳунармад уста меҳнатга муҳаббати йўқ одамни бой яшашга рағбати йўқ одам, деб ҳисоблайди.

    ✔ 268    🕔 16:16, 17.04.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар