Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

ҲАЁТ — БУЮК МАКТАБ

Тарбия жараёнида миллий қадриятларимизнинг ўрнак олса арзигулик жиҳатлари кўп. Айниқса, бола тарбиясида шарқона қадриятларимиз, кўпни кўрган пиру бадавлат отахону онахонларимизнинг панднасиҳатлари ҳаёт йўлларимизни ёритгувчи шамчироқ бўлиб хизмат қилади.

ҲАЁТ — БУЮК МАКТАБ

Мактаб таълимининг вазифаси нафақат дунёнинг ажралмас манзарасини шакллантириш, балки мактаб ўқувчилари томонидан яхлит маънавий тарбия бериш сифатида ҳам тақдим этилади. Маънавият бирдан шаклланадиган жарён эмас. У боланинг ёшлигида оила ва мактабда олган яхши таълим-тарбиясига, ўқиган китобларидан олган сабоқларига боғлиқ.

Ҳаёт уммонида сузиб бораверган сайин унинг ўзи сенга нима тўғрию, нима нотўғри эканини кўрс атиб қўяверар экан. Аммо ундан ким қандай сабоқ чиқаради – бу унинг ўзига ҳавола. Шунинг учун ҳам айтишадики, «Гар инсон ҳаётдан олмаса таълим, Унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим».

Оталаримиз, момою боболаримиз ўгитлари биз учун тарбия. Отамнинг ҳар бир панд-насиҳати борки, у мен учун дастуриламал. Қуйида сизга отам билан боғлиқ ибратли ҳикояларни ҳавола қиламан.

Кунларнинг бирида ишдан уйга келсам ҳовлида отам катта ўғлим билан гаплашиб ўтирган экан. Уларга кўринмасдан бирпас қулоқ солиб турдим. Отамнинг эндигина етти ёшга чиққан ўғлимга ҳадеб тўғрилик, ҳалоллик ҳақида ривоятлар айтиб ўтириши менга эриш туюлди. Ўғлим Султонмурод ҳам ривоят ёқиб қолган шекилли қўлини иягига тираганча чалқанча ётиб, уни эшитмоқда эди. Отамнинг ўғлимга бу ҳақдаги ривоятларни жуда кўп бора айтиб бериб ўтирганига гувоҳ бўлганим боис бир гал отамга сал қаттиқроқ гапирган ҳам эдим. – Ота, шу ёш бола ҳали сизнинг айтган ривоятларингизни ҳазм қила олармикан? Ундан кўра, дарсини қилса яхшироқ эди, – дедим. Отам чўққи соқолини силаб, бирпас жим турди-да: – Болам, тарбияни аслида болага онанинг қорнидалигида бериш керак, агар билсанг. Тарбияда бир зум ҳам танаффус қилиб бўлмайди. Ҳар куни, ҳар соат тарбиявий аҳамиятли ҳикоялар айтиб, боланинг онгига сингдириш асло зарар қилмайди...

Кузак фасли эди. Тузлама қилаётган эдим, ордона қолгур мослама бузилиб қолса денг. Ишга шошаётганимдан ўғлим Султонмуродга шу маҳаллага келин бўлиб тушган синглимникидан банка ёпгични олиб келишини тайинладим. Султонмурод бориб айтилган нарсани олиб келди. Ўғлимнинг дастёр бўлганидан қувондим.

Кечқурун оилада ҳамма жамулжам бўлиб овқатланаётгандик, синглим Ойсара кириб келди. У шкафи очиқ ётганини, ичида тугунда қўйган пули йўқолганини айтди. Ҳанг-манг бўлиб қолдик. – Болаларимдан суриштирсам Султонмурод бир дўсти билан келиб банка ёпгични олиб кетди, дейишди...

Мен жаҳл отига миниб, ўғлимни тергай бошладим. Султонмурод бўлса «Мен олмадим, пулни кўрганим йўқ», деб ҳадеб пиқ-пиқ йиғларди. Шу пайт отам: – Менинг неварам ўғрилик қилмайди. Мен бунга аминман, – дея неварасининг ёнини олиб, бошини силади-да, кейин мулойимлик билан сўради. – Султонмурод, ёнингда ким бор эди, ўғлим? – Шокир. – Шокир кимнинг ўғли, болам, – яна сўради отам. – Мактаб кўчада турувчи Салим деган кишини, – деди ўғлим йиғлаб. – Ҳмм, демак, Абдулла шайтоннинг невараси.

Отам бир нимани сездими, ўғлим ва синглимни олдига солиб, уларникига қараб кетди. Дадаси ҳам жаҳл отига миниб улар билан кетмоқчи бўлган эди, – Сен қол, ўзим, – деди отам.

Бирор соатлар ўтгач, отам ўғлим Султонмуродни етаклаб кириб келди. – Пул топилди, келин, менинг неварам ўғрилик қилмайди дегандим-ку. Пулни Абдулла шайтоннинг невараси олган экан. Қайтариб берди.

Шунда отамнинг ўғлимга берган панд-насиҳатлари кор қилаётганини сездим.

Отамни маҳаллада каттаю-кичик бирдек ҳурмат қилади. Маҳаллада бир чигал муаммо борми, икки қўшнининг уриш-жанжали борми, оилавий можаролар борми – ҳаммасига отам аралашиб юради. Тўғриси, маҳалла аҳли илтимос қилиб олиб кетишади.

Ишдан қайтсам, отам қўлида кичик бир тугун билан йўлга отланиб турган экан. – Сафар оға оғирлашганмиш, бир бориб кўриб келай, савоб бўлади, – деди отам. Индамай қўя қолдим. Отам кетиб бўлгач, Сафар оғанинг оғир ётгани ҳақидаги гап-сўзлар ёдимга тушди. – Бормаса яхши эди. Сафар оғани бир нав ётибди, дейишаётганди, – дедим турмуш ўртоғимга савол назари билан боқиб. – От амни биласиз-ку, билганидан қолмайдилар. Неча марта айтдим, аммо мана, барибир кетди.

Отам кун пешиндан оғиб касални кўриб қайтди. – Қўлимда жон берди, менга илҳақ бўлиб ётган экан, – деди кўзига ёш олиб. – Йигитлик даврида шаҳарлик бир дўстидан катта қарз олган экан. Шунинг учун жон беролмай қийналиб ётган. Ўша одамнинг қарзини болалари узишига кафиллик бердим. У одам розилик бергач... кетди бечора. – Узолмасалар-чи, ота? Қачон қарамай, шундай ғалвали ишларга аралашиб юрасиз, – дедим. – Узишади, болам, узишади. Отасининг азоб чекиб ётганини кўрган ҳар қандай фарзанд ҳам ўзининг шу ҳолга тушишини истамайди.

Сафар оғанинг ўтганига бир йиллар бўлганида оғанинг катта ўғли Жонибек отамни машинасига миндириб олиб кетди. Ака-укалар Россияда ишлаб ўша қарздан қутилишган эди.

Ҳа, ҳаёт – буюк мактаб. Ундан доно ҳам, нодон ҳам бирдай таълим-тарбия олади. Тўғри хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола.

Дилором ҚУВОНДИҚОВА,

Қўшкўпир туманидаги 17-умумтаълим мактаби ўқитувчиси




Ўхшаш мақолалар

1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔53

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔121

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Олимпия  шаҳарчаси – Янги Ўзбекистон салоҳиятининг ифодаси

Олимпия шаҳарчаси – Янги Ўзбекистон салоҳиятининг ифодаси

🕔09:20, 25.08.2025 ✔117

Салкам уч йил ичида пойтахтимиз Тошкент шаҳрида муҳташам мажмуа қад ростлади. Олимпия шаҳарчаси! Бу Янги Ўзбекистонда бошланган улкан ислоҳотларнинг яна бир ёрқин натижаси бўлди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар