Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси
Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
БатафсилДашт бургутини кўрганмисиз? Бепоён кенгликларга туташиб кетган биёбонларда юрган бўлсангиз, албатта, бу мағрур қушга кўзингиз тушгандир.
Мен уни ҳар гал кўрганимда, сортўлдилик Холиёр чўпон кўз ўнгимга келади.
Холиёр деганлари сизу бизга ўхшаган оддий одам, машҳурлигу шон-шуҳрат таратишдан анча кейин туғилган. Касби-кори оддий чўпонлик… Холиёр тўрт фасл ҳам бир хил: бошида сур телпак, эгнида чопон ёки чекмон, оёғида ағдарма этик, от устида юради. Ўзи хушчақчақ, самимий йигит, бозор-ўчар, тўй-маъракага доим аралаш. Хуллас, таниш-билиши, дўсти кўп.
Холиёр Сортўлдининг олд чўпони бўлган Тўрабой ва Норбиби момоларнинг қизи Ойсоатдан кейинги тилаб олган арзандаси. Тўрабой чўпон қирқ йил сурув кетидан юрди. Умрининг кўп қисмини дашту қирда ўтказди. У кишини яхши биладиганлар Тўрабой чорва илмини пухта эгаллагани, узоқни кўзлайдиган, тадбиркор ва қаттиққўл бўлганини айтади. Ота ўғли Холиёрни жондан азиз кўрса-да, ичида сақларди, ташига чиқармасди. Сабаби, унинг талтайган ва лапашанг бўлишини истамасди. Боласини беш ёшдан отга миндириб, сурув ҳайдашга ўргатди, табиат сирлари, илон изи сўқмоғу чексиз яйловлар билан таништирди.
Холиёр ўт-ўланни қовжиратган ёз гармселларида, қишнинг суякни қақшатадиган аёзларида биёбон узра сурув ҳайдади, нолиш нималигини билмади. Отасидан чўпонликнинг сирларини, ўт-ўланлар хосиятини ўрганди. Шу кенгликлар ҳаёт ва тириклик манбаи эканини болаликдан англаб етди. Аммо Холиёрнинг мактабга унчалик ҳафсаласи бўлмади.
Бор-йўғи олтинчини тамомлади, холос. Отаси ҳам ўғлининг «Алпомиш», «Гўрўғли»ни шариллатиб ўқиганини эшитиб, унга шуниси ҳам етади, деб ўйлади шекилли, уйига сўроқлаб келган муаллимларни обдон меҳмон қилиб жўнатди, улар ҳам қайта Холиёрни безовта қилишмади.
Холиёр ўн бешида отасининг ишончли ёрдамчисига айланган, ўзи тенгиларга нисбатан анча бўйдор ва вазмин эди. Кўп ўтмай, ишқ деган тилсимотнинг сеҳрли қармоғига илинди.
Қўшни чўпон Абдихолиқбойнинг эрка қизи Шафоатой шарт қўйди:
— Аввал у ёқ-бу ёқни кўриб келсин. Дунё фақат Сортўлдидан иборат эмас, ҳеч бўлмаса, армияга борсин…
Холиёрга қизнинг сўзлари аччиқ ботди. Ариза ёзиб, яшириқча ҳарбийга кетди. Икки йил ўтгач, кўкрак кериб тонгда қишлоғига «Не плач, девчонка»ни айтиб кириб келди.
Кўп ўтмай, уларнинг тўйи бўлди. Олахуржун елкасига тушган йигит иккиланмасдан отасининг қирғий таёғини олиб, қўй боқа бошлади. Оз эмас, кўп эмас — йигирма тўрт йил хўжаликнинг қўйини боқди. Уйида бетоб ётган Тўрабой бир куни қирда қўй боқаётган ўғлини зудлик билан чақиртирди.
Холиёр кела солиб, отасининг ёнига чўкди.
— Болам, — деди Тўрабой, — шу сўзларим ҳамиша ёдингда бўлсин, ҳеч ким отасининг мол-дунёси билан бой бўлмайди. Уканг Йўлдош билан икковингга қолаётган қўй-қўзи, эчки-улоқ, сигир-бузоқ, от ва йилқиларни тенг бўлиб олинглар. Уларни мен ҳалол меҳнатим билан топганман, билмадим, улар сизларга вафо қиладими, йўқми… Холиёр, ўғлим, бозорга мол олиб борсанг, қайтарма, уйингга келган совчини ҳайдама, биров остонангга нима сўраб келса бер, ҳеч кимни ноумид қилма, қарз олган кишига талаб қилиб борма, дўст танлашда адашма. Бошингдан зар тўкса ҳам Сортўлдидан ўзга элга кетма, чунки шу тупроқда бобонг, момонг ётибди, мен ҳам шу ерда қоламан.
Тўрабой эртасига бандаликни бажо келтирди. Отасининг васияти эса Холиёр учун ҳаёт қонунига айланди. У ота сўзига амал қилиб кам бўлмади, бой бўлди, топгани баракали, егани олдида...
— Биласизми, дўстим, ўйлаб қарасам, отам валий экан. Айтганларининг бари содир бўлди. Укам иккаламиз қанча чиранмайлик, отамиздан қолган моллар гоҳ у сабаб, гоҳ бу сабаб билан адо бўлди. Бировнинг моли ҳеч қачон татимас экан. Фақат ҳалол меҳнат қилиб топганингизгина ўзингизга юқаркан. Худди шундай бўлди. Эшигимга келган мардумни қучоқ очиб кутиб олдим, неки сўраса, оғринмай бердим. Кимдир маъракага қўй сўради, кимдир зиёфатга улоқ сўради, кимдир зориқиб бир қоп буғдой сўради, ҳеч кимга йўқ демадим. Бор дедим, бердим, бировдан қайтди, бировдан йўқ, парво қилмадим, назарга илмадим. Бир неча бор ўғилларимга, набираларимга кўпкари, кураш бериб тўй қилдим. Турли туман ва вилоятлардан дўст-жўралар топдим. Бошимга мушкул иш тушганда қўллашди, далда беришди. Шафоатой билан олти фарзандни ўстирдик. Ўктам, Ҳасан, Адҳам, Ҳусниддин отли ўғилларим, Муҳаббат, Хадича деган ойдай қизларим, келинларим, куёвларим бор. Ҳозир ўғилларим элнинг қўйини боқяпти, эллик гектар лалми еримиз бор. Буғдой, арпа экамиз.
Эй, дўст, мана, олтмиш уч ёшга қадам кўяман. Нолийдиган жойим йўқ, қўрада молим, остимда отим, белда белбоғим бор. Баъзан телпакни бошдан олиб ўйлайман. Умр дегани бир зумда ўтар экан. Ёруғ оламда одамдан яхши ном қоларкан, яхши ишлари қолар экан…
Ҳа, дашт бургути мағрур бўлади. Унча-мунча майда-чуйдани назарга илмайди. Холиёр ҳам шу: икир-чикирга бўй бурмайди, майда-чуйдадан баланд одам...
Ўролбой ҚОБИЛ,
Қамаши
Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
БатафсилЖадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.
БатафсилҲар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.
Батафсил