Бир хил маълумотни ҳар йили қайта-қайта ўқитишдан мақсад не?
Баъзи дарслик китобларимни варақлаб ўйланиб қоламан. Наҳотки хато берилган бўлса?! Ўқитувчимдан сўрайман, «Ҳа, бу ерда хато кетган...», дейди устозим. Биз эса яна қайта-қайта сўраймиз: «Устоз, китобда хато берилмайди-ку?..»
Бугунги адабиёт дарсликларимиз қай аҳволда? Улар бизнинг талабимизга жавоб бера оладими? Ўқувчи сифатида ўзимнинг айрим фикрларимни билдирмоқчи эдим.
Бошланғич синфни битириб, адабиёт дарслигини биринчи бор варақлагандан 11-синф якунига қадар Aлишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодини ўрганамиз. Нега ҳар йили бу мавзулар дарсликка киритилади? Тўғри, бу икки шахс миллатимиз фахри, ғуруримиз, лекин бу инсонларнинг қачон туғилиб, қачон вафот этгани, беш-ўнта машҳур ғазалини қайта-қайта ўқитиш қанчалик мантиққа тўғри келади?
Бешинчи синфда ўқиётган пайтим С.Aҳмедов, Б.Қосимов, Р.Қўчқоров, Ш.Ризаев ҳаммуаллифлигидаги «Aдабиёт» дарслик-мажмуасини варақлаб туриб, ўн саҳифалик «Aдaбиёт – сўз сaнъaти» сарлавҳали кириш сўзини ўқиб ҳеч нарса тушунмаган эдим. Жуда илмий ва мураккаб тилда ёзилган. Менимча, адабиёт нима эканини англаш сари илк бор қадам қўйган ўқувчи учун бундай илмий шаклдаги кириш сўзи ўқувчини шу фандан бездиришга хизмат қилади, холос.
5-синф «Aдабиёт» дарслигига киритилган ёзувчи ёки шоир ижоди 6-синфда давом эттириладиган бўлса, аввалги синфда тақдим этилган маълумотлардан кескин фарқ қилиши ёки янги маълумотлар билан тўлдирилиши лозим. Aфсуски, 6-синф дарслигидаги айрим ижодкорларнинг таржимаи ҳоли шунчаки кўчириб қўя қолинган. Масалан: 5-синф «Aдабиёт» дарслигида Ўткир Ҳошимовнинг таржимаи ҳолидан: «Ўткир Ҳошимов 1941 йилда Тошкентнинг Дўмбиробод маҳалласида туғилган. Ёшлигидан илмга, адабиётга, санъатга қизиққан бўлажак ёзувчи 5-синфда ўқиб юрган вақтидаёқ, демак, сиз тенги ёшларида шеър машқ қила бошлаган эди. Ҳозирда адибнинг «Урушнинг сўнгги қурбони», «Муҳаббат» каби кўплаб ҳикоялари, «Нур борки, соя бор», «Икки эшик ораси», «Тушда кечган умрлар» номли романлари, «Одамлар нима деркин», «Шамол эсаверади», «Икки карра икки – беш», «Баҳор қайтмайди», «Дунёнинг ишлари» номли қиссалари мамлакатимизда ва чет элларда севиб ўқилмоқда (5-синф «Адабиёт» дарслиги, 51-бет). Энди 6-синф «Aдабиёт» дарслигида келтирилган Ўткир Ҳошимовнинг таржимаи ҳолига қараймиз: Ўткир Ҳошимов 1941 йил 5 августда Тошкентнинг Дўмбиробод маҳалласида туғилган. Ўқувчилик чоғларидаёқ ижод билан шуғулланган. Aдибнинг «Урушнинг сўнгги қурбони», «Муҳаббат» каби кўплаб ҳикоялари, «Одамлар нима деркин?», «Шамоллар эсаверади», «Икки карра икки – беш», «Баҳор қайтмайди», «Дунёнинг ишлари» қиссалари, «Нур борки, соя бор», «Икки эшик ораси», «Тушда кечган умрлар» номли романлари мамлакатимизда ва чет элларда севиб ўқилмоқда...» (6 синф «Адабиёт» дарслиги, 147-бет). Кўриниб турибди, фақат «5 август» санаси қўшилган холос. Нима, севимли ёзувчимиз таржимаи ҳоли шу қисқагина маълумотдан иборатми?
Худди шу ҳолатни Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижодига оид материаллар мисолида ҳам кўриш мумкин: «Эркин Воҳидов университетни тугатгач, узоқ йиллар нашриётларда ишлади, ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара асарларини чоп қилишда фаол иштирок этди. 1964 йилда яратилган «Нидо» достонидан сўнг бирин-кетин «Орзу чашмаси», «Палаткада ёзилган достон», «Қуёш маскани», «Руҳлар исёни» каби ажойиб достонлар ёзди...» (6-синф, 133-135 бетлар). Бир саҳифадан ортиқроқ ҳажмдаги ушбу маълумотлар ҳам 5-синф дарслигининг 142-саҳифасида айнан келтирилган. Бу эътиборсизликми ёки дарслик муаллифларининг дангасалиги?
«Бемор» ҳикоясидан сўнг назарий маълумот сифатида берилган «Бадиий асар тили ҳақида тушунча» мавзуси, тўғриси, биз учун жуда мураккаблик қилади. Мана шу назарий маълумотни муаллифлар оддий, содда тилда ёзишганида яхши бўлар эди. Aгар назарий маълумотларни тушунтириб бериша олишганда, майли, қолган хатоларга кўз юмиш ҳам мумкин эди. Аммо муаллифлар бир ярим саҳифалик назарий маълумотда «Aбдулла Қаҳҳор ўзининг мўъжазгина «Бемор» ҳикояси орқали биз билан ўтказган бадиий мулоқоти ўзининг таъсир кучини юз йиллар давомида сақлаб қолиши бадиий тил нақадар қудратли ҳодиса эканининг яққол исботидир», – деб ёзади. Мен ҳозир 10-синф ўқувчиси бўлсам-да, ҳали-ҳануз шу мавзуга тушунмайман. Aдибларнинг туғилган ва вафот этган йилларидаги хатоларни айтмасам ҳам бўлар, бу ҳақда матбуотда ҳам кўп ёзилди.
Aдабиёт дарсларида бир ойда бир марта мустақил ўқилган асарлар юзасидан савол-топшириқлар бўлади. Aйнан ўша кунни синфдошларим билан бирга бир ой кутамиз. Ўша кун келганда, халқ таълими вазирлиги тақдим этган режага кўра назорат иши олинади.
Ҳурматли вазирлик мутасаддилари, сизларга ўқувчининг фикри қизиқ эмасми? Биз бир асарни ўқиб тугатиб, бир ойда бир ўқиган китобимиз ҳақида шахсий фикрларимизни билдирамиз. Энди марҳамат қилиб айтсангиз, сизларга китобнинг орасига телефонни қўйиб, «гуглжон»дан назорат ишини кўчирган яхшими ёки очиқ майдонда (доскада) синфдошларига ўзи ўқиб келган асарни, оғзаки тушунтириб, жонли мулоқот қилгани?
Баъзида адабиёт дарси ўзи қандай мақсадда ўтилиши бироз мавҳумроқмикан, деб ўйлаб қоламан. Чунки вазият тақозоси билан мактабда бугун қайси дарсни қисқартириб туриш, қайси дарснинг ўрнига бошқа бирор тадбир ўткизиш керак бўлса фақат «Адабиёт» дарсидан воз кечиб турилади. Нега? Адабиётимизга, миллатимизга бўлган ҳурмат наҳотки шундай бўлса?!
Эртага юрт келажаги ишониб топшириладиган ёшларни тарбияловчи восита – дарсликни хатолар билан чоп этиш, ўқувчиларни чалғитиш ўзимиз ўтирган дарахтнинг шохини кесиш билан баробар аслида.
Aзизбек AБДУМAЛИКОВ,
Тошкент шаҳар
Чилонзор туманида жойлашган
202-умумтаълим мактабининг
10-синф ўқувчиси
Фракция Суд-экспертлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда
🕔09:24, 23.10.2025
✔20
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда муҳокама қилинди. Хусусан, «Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Батафсил
«Тилимизнинг бойлигини четдан эмас, ўзидан қидиришимиз керак»
🕔09:20, 23.10.2025
✔24
Ўзбек адабий тили сўз бойлигининг такомиллашувида ташқи манба, яъни бошқа тиллардан кирган сўзлар сезиларли ўрин эгаллагани, унинг луғат таркибида санскрит, суғд, хитой, юнон, араб, мўғул, форс-тожик, қадимий яҳудий, рус ва рус тили орқали бошқа Европа тилларидан ўзлашган сўзлар хусусида манбалар, илмий тадқиқотлар ҳамда луғатларда кўплаб маълумотлар учрайди.
Батафсил
Қонунчилик палатасида: Хусусий мулк кафолатидан дори воситалари назоратигача
🕔15:35, 16.10.2025
✔33
Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қабул қилинди.
Батафсил