Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога беадад шукрки, умримизнинг яна бир ойи тинчлик- хотиржамлик билан ўтиб, поёнига етиб боряпти.
Бу ойни ғанимат билиб, ундан имкон қадар унумли фойдаланишимиз учун махсус таълимотларни бизга таълим берган муаллим Пайғамбаримизга дуою саломларимиз бўлсин.
Бугун Рамазоннинг сўнгги кунларида, бу фазилатли ой воситасида нималарга эришганимиз, уни қандай ўтказганимиз, нафсимизга машаққат етказиб қилган амалларимиз келгусидаги ҳаётимиз учун қай даражада аҳамиятли эканини сарҳисоб қилиш палласида турибмиз.
Рамазондан нима топдик? Яратганнинг раҳмати бўлиб бошимизга келган бу ойдан қанчалик фойда ололдик?
Рамазон тугаяпти, лекин бу ойда нафсимизни одатлантирган яхши амалларимиз ҳам шу ой билан бирга тугайдими ёки яна бардавом бўлиб бораверадими?
Ҳар бир инсон шу каби саволларни ўз-ўзига бериб, ўзини тафтиш этиши натижасида қилинган амалларнинг салмоғи маълум бўлади. Зеро, мўмин банда ҳар бир амали беҳикмат эмаслигини идрок эта олиши зарур.
Зоµирий жиµат
Биздан олдин яшаб ўтганларга қилингани каби рўза тутиш биз – уммати Муҳаммадияга ҳам фарз қилинди. Бунинг учун ойларнинг ичида энг улуғи бўлган Рамазон танланди. Бу ойнинг субҳидан шомигача ейиш-ичиш ва мубошаратдан нафсни тийиш буюрилди. «Рўза тутишингиз ўзларингиз учун яхшидир», дея алоҳида таъкид этилди. Рўзадорликнинг ҳисобсиз яхшиликларига эришмоқ учун нималар қилиш зарурлиги ҳам кўрсатилди.
Кун бўйи емак-ичмаксиз юриш бизга ўз ҳолимиздан хабар беради. Дунёдаги ишлар бизнинг ўз кўнглимиз тусаган тарзда эмас, ҳар бир иш фақат Аллоҳнинг изни-иродаси билангина воқе бўлишини англаб етиш учун бу энг яхши фурсатдир. Банда чанқайди, очқайди, ҳузурида истаган ноз-неъматлари муҳайё. Аммо шундай пайтда у ўз ихтиёри билан табиий равишда нафсини жиловлашни афзал кўради. Бу эса уни қаноатга, сабр-тоқатга ўргатади. Таассуфки, бу каби фазилатлар бугун дунёда тобора танқислашиб бораётгани ҳаммамизга маълум. Қаноатсизлик – ўткинчи ҳой-ҳавасларга ҳирс қўйиш орқасидан бора-бора инсонни тамагир, худбин, қаллоб, бировнинг ҳақига риоя қилмайдиган, тажовузкор ва разил кимсага айлантириб қўйиши ҳеч гап эмас. Буни дунёнинг айрим жойларида бўлаётган талотўпларда гувоҳи бўлиб турибмиз. Аслида инсон вужудининг табиий эҳтиёжи жонимизни жафога қўядиган даражада кўп эмас. Эртадан кечгача нафсини тушовлаб юрган ҳам, кун бўйи мечкайлик русумини тутган ҳам Аллоҳ берган умрини яшаб, ҳаётини давом эттираверади. Тийилган нафс эса ўзини тежайди. Шунинг орқасидан катта хайриятларга сазавор бўлади. Одамларнинг ҳурмати, меҳри, ҳавасига лойиқ кўрилади. Бундай банда аввало, ўз хатти-ҳаракати ва ҳаётидан кўнгли тўлиб, хотиржам бўлиб яшайди. Атрофдагилар ундан рози бўлади. Аллоҳ ҳам бундай бандасини хуш кўради, иншаалоҳ.
Рўзадорлик сабаб эришиладиган руҳий хотиржамлик инсон учун нечоғли зарур неъмат эканини айтиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Бу инсонларнинг барчаси интиладиган азиз ва тансиқ бир неъматдир.
Рўзани кўпчилик истеъмолдан тийилиш деб тушунади. Аслини олганда рўза шундангина иборат эмас. Бу рўзадорликнинг зоҳирий тарафи – дастлабки босқичи холос. Бу жиҳатни бир ой давомида ўз ҳаётида жорий қилишга, алҳамдулиллаҳ, ҳамма рўзадор асосий эътиборни қаратади. Бироқ шу зоҳирий жиҳат билан чекланиб қолмаслик зарурлигини айримлар хаёлдан фаромуш қилиб қўяди.
Маънавий истеµком
Рўза фақат оғизни ейиш-ичишдан тийишгина эмас. Том маънода нафсни жиловлаш учун бу ишлар етарли бўлмайди. Бунинг учун бадандаги бошқа аъзоларда ҳам рўзанинг таъсири сезилиши керак. Мўмин – ўзига ва ўзгаларга заҳмат етказмайдиган кишидир. Саҳарда оғизни ёпиб, кун бўйи ғийбат, бўҳтон, туҳмат, ёлғон, чақимчилик, уришиб-талашиш, сўкиниш каби офатлардан тилини тия билмаган кишининг рўзаси фақат очлик ва чанқоқликдан бошқа нарса эмаслигини Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қилганлар. Тил – тиғдан кескир. Тиғ яраси битади, тилнинг жароҳати битмайди. Тиғнинг шитоби баданга заҳмат берса, тилники жонни оғритади.
Тил офатларининг яна бир ёмони беҳуда гаплар ҳисобланади. Баъзилар азиз умрининг катта қисмини беҳуда гаплар билан ўтказиб юбораётганига унчалик эътибор бермайди. Ҳолбуки, шу зайлда кун кеч бўлиб, умр ўтиб кетади. Ҳаётда керак-нокерак, муҳим-номуҳимни ажрата олиш ҳам инсондан катта салоҳият талаб этади. Ҳақнинг буйруғига итоат кўрсатиб, рўза тутаман, деган киши ана шу нарсани ҳам яхши билиши зарур.
Бадандаги бошқа аъзолар ҳам худди тил каби ўз ҳаддида – маънавий истеҳкомда турмоғи керакки, шундагина заҳмат чекиб тутилаётган рўзадан кўзланган асл мақсад ҳосил бўлади.
Айниқса, кўзга алоҳида эътибор керак. Ҳозирда оғиримизни енгил, узоғимизни яқин бўлишини кўзлаб ишлаб чиқарилган айрим замонавий анжом-воситалар инсон нури дийдасининг кушандаси бўлмаслиги зарурлигини бир мулоҳаза қилиб кўрайлик...
Яқинда бир хабарни ўқидим. Узоқ йиллик илмий-амалий тажрибага эга бўлган машҳур кўз шифокори шахсий кузатувлари натижасида бир нарсани аниқлабди. Ҳар куни қоронғу хонада ярим соат экранга тикилиб ўтириш кўз саратонига сабаб бўлиши мумкин экан.
Беҳуда ишлардан тийилиш дегани жуда кенг тушунча. У инсон ҳаётида учраши мумкин бўлган ҳамма жабҳаларда кўрилиши эҳтимол. Булардан албатта ҳушёр бўлишимиз лозим.
Мурувват –
фарз адосида
Яна бир катта синов борки, ажр-савобнинг кўпроқ бўлишини истаб, кўпчилик бу амални ҳам Рамазонда бажаришни маъқул кўради. Бу молиявий ибодат саналган закотдир. Пешона тери билан ҳалол меҳнат қилиб топган, нисобга етган маблағининг қирқдан бир қисмини «ўз эгалари»га топширади. «Ўз эгалари» деганимиз бу – ҳамма нарсаси етарли бўла туриб, закот олиш учун ўзини фақир-мискин қилиб кўрсатадиган, тама юзасидан бошқалардан тиланиб туриб оладиган, ҳой-ҳавасларию беҳуда исрофгарчиликлар орқасидан қарздорликка учраган кишилар бўлмаслиги керак. Таассуф, ҳозирги кунимизда бундайлар ҳаёни ҳам унутиб қўйишяпти.
Ҳақиқий ҳақдорлар ўз эҳтиёжини бировга билдиришга андиша қилади. Ҳатто уларнинг туриш-турмушида ҳам фақир ё мискинлик кўзга ташланмаслиги мумкин. Улар ўзгалар мурувватига кўз тикиб яшашни ўзларига эп кўрмайдиган мард инсонлар. Лекин бошига бир синов тушиб, қўли калта бўлиб турибди. Уларга закот берилганда ҳам худди ўзини айбдордай ҳис қилиб, ийманиб туради. Шундайларни излаб топиш керак. Уларнинг кўнглига малол бермасдан закотни адо этиш керак.
Ҳадиси шарифларда марҳамат қилинганки, мўмин ўзи тўқ бўла туриб, қўшнисини оч қўймайдиган кишидир. Пул, маблағ инсонлар орасида айланиб турадиган нарса. Уни ўз ҳақдорларидан ман қилмаслик ҳам ўзига хос фазилат, олижанобликдир. Бойликнинг ҳар бир мисқоли учун елиб-югуриб, заҳмат чекиб қўлга киритгандан кейин уни шундайлигича бошқа бировга бериб юбориш баъзан нафсга малол келиши мумкин. Лекин биладики, бу ўзганинг ҳақи – омонат. Омонатни эса эгасига етказиш керак. Эътибор беряпсизми? Рўза инсоннинг қай даражада омонатдорлигини ҳам имтиҳон қиляпти. Бандани бу жиҳатдан ҳам тарбиялаяпти.
Фитр садақаси ҳам худди шундай. Баъзи одамларни қарасангиз, кийимларнинг энг сарасини кияди, таомнинг энг зўридан ейди, уловнинг энг қимматини минади. Лекин фитр беришга навбат келганда фитрнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб туриб, садақа беради. Қани бу ишда мувофиқлик?
Агар бизда – ўзимизда шундай ҳолат кузатилса, унда билайликки, ўттиз кун тутган рўзамиз бизни мол-дунёга бўлган ортиқча ҳирс чангалидан қутқаролмабди.
Холис к´нгил билан
Баъзан кўча-кўйда яна бир ҳодисанинг гувоҳи бўламиз. Айрим одамлар бошқаларга ўзининг рўзадорлигини пеш қилиб, нимагадир эришишни кўзлайди. Масалан, ўз хизмат вазифасини бажаришда сусткашлик ё дангасаликка йўл қўйганини рўзадорлигини важ қилиб ёпмоқчи бўлади. Кечалари таровеҳ намозида қойим бўлгани, Қадр кечасида тонггача бедор бўлганини иддао қилиб, гўёки, «мен бошқалардан афзалман», демоқчи бўлади. Э, биродар, қилаётган тоат-ибодатингиз, солиҳ амалларингиз дунёда бошқаларни ҳақир санаб, ўзингизни устун кўришингиз, шунинг орқасидан бирор имтиёзга эришишингиз учун эмас. Асло! Бу ишларингиз сизга ҳеч қачон имтиёз бермайди. Сиз бу амалларни бошқаларга кўз-кўз қилиш учун эмас, холис Аллоҳ учун, Аллоҳ розилигини кўзлаб қилмоқдасиз. Агар ният шу бўлмаса, бу амалингизнинг кераги ҳам, фойдаси ҳам йўқ.
Мана, ҳадемай Рамазон ойи ҳам тугайди. Лекин нафсимизни тарбиялаш йўлида бошлаган солиҳ амалларимиз шу ой билан бирга тўхтаб қолмаслиги шарт.
Аллоҳ таоло ҳар бир кунимизни худди Рамазондаги каби файзли-баракотли қилсин!
Шуҳратжон ҒОЙИМОВ,
Тошкент шаҳридаги «Кулолқўрғон» жомеъ масжиди имом-хатиби
Фракция Суд-экспертлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда
🕔09:24, 23.10.2025
✔16
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда муҳокама қилинди. Хусусан, «Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Батафсил
«Тилимизнинг бойлигини четдан эмас, ўзидан қидиришимиз керак»
🕔09:20, 23.10.2025
✔16
Ўзбек адабий тили сўз бойлигининг такомиллашувида ташқи манба, яъни бошқа тиллардан кирган сўзлар сезиларли ўрин эгаллагани, унинг луғат таркибида санскрит, суғд, хитой, юнон, араб, мўғул, форс-тожик, қадимий яҳудий, рус ва рус тили орқали бошқа Европа тилларидан ўзлашган сўзлар хусусида манбалар, илмий тадқиқотлар ҳамда луғатларда кўплаб маълумотлар учрайди.
Батафсил
Қонунчилик палатасида: Хусусий мулк кафолатидан дори воситалари назоратигача
🕔15:35, 16.10.2025
✔33
Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қабул қилинди.
Батафсил