Аслида одам боласига яратган тарафидан инъом қилинган кун, ойларнинг ёмони йўқ. Инсон яхши нияти, ойдин фикрати, меҳнаткаш қўли, эзгу орзу-мақсадлари билан ҳар бир лаҳзани баракага, файзга айлантира олади.
Аммо ҳам жисмонан, ҳам руҳан тикланиш ойи бўлган моҳи Рамазоннинг ўзгача хосияти, ўзгача ҳикмати борлиги аён. Бу ой ҳеч қайси муслим, муслиманинг ҳаётидан беиз ўтиб кетмайди. Ўйлаб кўрсам, менда ҳам шу ой билан боғлиқ талай хотиралар бор экан…
бир йили Рамазон ойи жазирама ёзга тўғри келди. Мустақиллик байрамига бир ой қолганида гуруҳ-гуруҳ бўлиб вилоятларга бу байрам моҳиятини теранроқ англатиш учун чиқар эдик. Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани чекимизга тушди. Эрталабги учрашувларни ўтказгач, шийпонга – бир фермернинг хўжалигига бордик.
Орамизда Даврон Эргашев, унинг созандалари ҳам бор эди.
Тушликка таклиф бўлганида рўзадорлигимизни айтиб, узр сўрадик. Менда ўша санъаткор йигитлар олдида рўзадор эканимизни намойиш қилиш фикри уйғондими, овозимни баландлатиб:
— Ким еб-ичса бораверинг, биз Ойнисахон билан (ёнимда фалсафа фанлари номзоди, миллий университет доценти эди) салқинроқда дам олиб турамиз, — дедим. Шийпоннинг бир хонасига бошлашди. Ўтирсак, Даврон Эргашев ҳам кириб келди.
— Одамлар тўплангунча, рўзадорлар шу ерда дам олиб турарканмиз, — деди.
Бошимдан биров сув қуйгандек бўлди. Ёш эстрада хонандаси бўлса, тўйларда юрса, рўза тутмайди, деб ўйлабман-да. Ўйларимдан уялиб кетдим. «Давронжон, мени кечиринг», дегим келди, лекин унинг сокин чеҳраси, худди шундай нигоҳида гина сояси йўқ эди. «Рўзани ҳар банда ўзи учун тутади, тутмаганга беписанд қараш, уни камситиш учун эмас». Бу куннинг менга энг яхши сабоғи шу бўлди.
У пайтларда биз Дархонда яшардик. Воқеаларнинг фаслга алоқаси йўқлиги учун бўлса керак, Рамазон ойининг қайси ойга тўғри келгани эсимда йўқ. Маҳалламизда Ғайратжон исмли тадбиркор бор эди. Бир куни ифторлик пайтидан сўнг уйимизга кириб, хўжайиним билан бир пас ўтирди-да, чиқиб кетди.
— Камтарингина юриш-туришимизга қараб, бизни эҳтиёжманд деб ўйлади, шекилли, закот бериб кетди. Хижолат бўлмасин, деб индамай қўя қолдим. Лекин биздан ҳам муҳтожроқ бандалар бордир, ўшаларга берсак яхши эди, — дедилар хўжайиним.
Маҳалламизда деярли ўзига тўқ одамлар яшарди. Бир-иккита аёлманд инсонлар бор-у, уларнинг кўнгли осмонда бўлади, бериш — қийин, уларнинг олишлари ундан ҳам қийин.
— Ҳа-я, қўшни таҳририятда эри вафот этган аёл бор, болалари ҳам икки-учта шекилли, ўшангга Ғайратжоннинг номидан олиб бориб бера қолай, — дедим.
— Тағин, ўзимиздан деб юрма, албатта, Ғайратжоннинг номини айт, — деб тайинлаб қолдилар хўжайиним.
Шундай қилдим. Ишдан қайтишда зинапоядан тушиб кетаётсам, қўшни таҳририятнинг фарроши тушиб келяпти, ёнида бир аёл.
— Маъмура (мен пул берган бева аёлнинг исми шундай эди) менга закот берди, маошингиз оз, Ғайратжон деган тадбиркор бериб юборди, керагингизга ишлатарсиз, деди. Барака топишсин, Ғайратжон ҳам, Маъмура ҳам. Ўзим рўза тутолмадим. Қўшниларим орасида рўзадорлар бор, эртага – шанбада мана шу пулга харажат қилиб, икки-учтасини чақириб, кичкинагина ифтор қилиб юбораман...
Бошқа гапларни эшитмадим. Зотан кўнглимни қўзғатадиган энг зарур гапни эшитиб бўлгандим. Бу аёл ҳам ўша закотни ўз корига эмас, рўзадорларга бир пиёла чой бериб, савоб олиш учун ишлатмоқчи бўлибди.
Одамлар ундай бўлиб кетяпти, бундай бўлиб кетяпти, бу гаплар эски гаплар, деймиз. Аммо халқнинг қон-қонига сингиган фазилатларнинг йўқолиб кетиши осон эмас. Керак бўлганда, улар тупроққа қадалган уруғга сув етиб, қуёш тушгандек қайта кўкариб чиқаверади. Бугунги синовли кунлардан матонат, ҳамжиҳатлик билан ўтаётганимиз ҳам шу фикримни исботи эмасми?
Қутлибека РАҲИМБОЕВА
Экологик партия фракцияси: «Яшил» тараққиётга йўналтирилган фаолият
🕔18:03, 16.04.2026
✔12
Жорий йилнинг биринчи чораги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси учун муҳим давр бўлиб, мамлакатнинг «яшил» иқтисодиётга ўтиш жараёнларини тезлаштириш фракция фаолиятида, депутатларнинг аҳоли билан мулоқотида энг устувор масалага айланди.
Батафсил
Парламентда қабул қилинган янги қонунлар: халқ манфаати – олий мезон
🕔15:56, 13.04.2026
✔59
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакат хавфсизлиги ва фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган бир қатор муҳим қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Батафсил
Шавкат МИРЗИЁЕВ: «Яхши ниятда экилган ҳар бир кўчат бу – ҳаёт, бу – тоза ҳаво, бу – соғлом муҳит, бу – келажак»
🕔16:03, 02.04.2026
✔156
Давлатимиз раҳбари тадбирда нутқ сўзлар экан, халқимиз азал-азалдан Наврўз кунларида, оиласида фарзанд туғилганда томорқасига, майдон ва хиёбонларга, йўл четларига яхши ният билан кўчат қадаб, гул-у райҳонлар экканини таъкидлади.
Батафсил