Давр нафаси      Бош саҳифа

МАНГУЛИКНИНГ БИР ЛАҲЗАСИ

Дунёда ҳамма нарса вақт тегирмонида янчилиб ўзгаргани билан инсон барибир ўша-ўша. Туғилиш, ҳаёт ва ўлим ҳамиша барқарор. Айни шунинг учун ҳам асрлар ўтиши, даврнинг ўзгариши, тамаддуннинг эврилишлари абадий саволлар ва уларнинг жавобига заҳа етказа олмайди. Бундан минг йил олдинги савол ҳам, унинг жавоби ҳам тафаккуримизда ҳали-ҳануз оҳори тўкилмаган ҳолда тураверади. 

МАНГУЛИКНИНГ  БИР ЛАҲЗАСИ

Балки шу сабабдан бўлса керак, ҳаёт сафарига ҳар бир киши абадият оралаб йўлга чиқади. Манзилга етиш йўлнинг охирига бориш дегани эмас. Ҳар кимнинг ўз ҳаёт траекторияси мавжуд. Бу ўринда йўлнинг охири эмас, сафарнинг якуни муҳимроқ саналади. 
Абадият сафарида мангулик олдида кечадиган вақт эса, жуда қисқа. Кимдир уни ҳатто лаҳзага тенг кўради. Яхшилаб ўйлаб кўрсак, умримизнинг ўзи мангуликнинг бир лаҳзаси эканига амин бўламиз. Айни кунларда ўша мангу лаҳзаларнинг яна бир бекати ортда қолаётир. Лаҳзаларни ортда қолдириб олдинга илгарилашнинг нима билан якун топиши эса, ҳаммага маълум...
Олдинда муқаррар келажак яшириниб ётибди. У ҳамиша кўзимизга орзу-умидларимиз рўёби, мўъжизалар олами, умримизнинг интиқ манзили бўлиб кўринаверади.     
Вақтни негадир «ғанимат» дейишади. Унинг ғаниматлиги нимада экан? Назаримда, ўтган муддатда нималарга эриша олингани вақтнинг ғаниматлигини ифода этса керак. Сарҳисоб қилиб кўрадиган бўлсак, ўтган бир йил давомида нималар қила олдик? Учқур вақт тулпорида нималарга улгурдик? Биздан нима қолди?
Эски ва янги йил алмашинаётган бир паллада бу каби саволларга жавоб излашнинг айни мавриди бўлса керак... Гарчи, шоир айтган ушбу фикрлар ҳақиқатдан холи эмас: 

Неча йил яшадинг? Гап унда эмас...
Нима иш қилгансан, ўшандан гапир.
Ўтган умр эмас, қилган иш билан
Қиймати ўлчанар инсоннинг ахир. 
Аслида, ҳар бир кунини сарҳисоб қилиб борадиган киши учун бундай саволларга жавоб топишнинг ҳеч бокиси йўқ. Аммо бир неча ўн йиллар давомида бу ҳақда ўйлаб кўрмаган кимсанинг бирон хулоса чиқариши қийин. Умр дарбадар поезд эмаски, ҳар мақомга йўрғалаб, боши оққан томонга ўз билганича кетаверса. Унинг қатъий ҳаракат низоми – рельси ва қатнов жадвали (графиги) бор.
Ҳозир айримлар кеча-кундузнинг олдингидан кўра анча қисқа эканини нолиб гапиришади. Эмишки, ҳозирда ота-боболаримиз замонига ­қараганда сутка бироз қисқарганмиш. Шундан ҳаётда кўп нарсаларга улгуриб бўлмаётганмиш. Вақт бир зумда, кўз юмиб очгунча ўтиб ­кетаётганмиш. Бундай иддаоларга инониш мумкинми? 
Даромади гап шуки, вақтимизнинг баракаси кетиб қоляпти. Кўпда нокерак юмушлар билан, баъзан зерикиб фурсат ўтказяпмиз. Мана биргина мисол: бир суткада телефон деган матоҳ қанча вақтингизни оляпти? У орқали интернетдаги бекорчи «сайру саёҳат»ларчи?
Ҳадиси шарифларнинг бирида «Банданинг Аллоҳ наздида энг севимли иши бу – оз бўлса-да, давомли бўлган яхшиликдир», дейилади. Ҳар ким ўз имкони етган ишни, гарчи у кичкина ва арзимас бўлса ҳам, ҳамиша бардавом қилиб борса, куни келиб, катта муваффақиятларга эришиши мумкин. Кўп ҳолларда бундай ишларга қунт ва ҳафсала етишмайди, холос. Ёки астойдил бел боғлаб киришилган ишни салдан кейин шундайича ташлаб қўя қоламиз. Донишмандларнинг «Оз-оз ўрганиб доно бўлур, қатра-қатра йиғилиб, дарё бўлур», деган ҳикматлари ҳам бежиз эмас.
Одатда янги йилни катта орзу-ҳаваслар, умид ва интилишлар билан кутиб оламиз. Бир-бировга эзгу тилаклар тилаймиз. Соғлиқ, бойлик, омад, бахт сўраймиз. Лекин негадир умримизга, қилаётган касбу коримизга барака тиламаймиз. Агар инсоннинг вақти, умри баракали бўлса, шунинг ўзи энг катта бойлик, омад ва бахт эмасми?.. 
Янги йил остонасида бир-биримизга қиладиган хайрли тилакларимизда аввало қут-барака тилашни эсдан чиқармайлик. Зеро, заррагина барака лаҳзага мангулик мақомини беришга қодир.

Муқаддас КАРИМОВА




Ўхшаш мақолалар

Кучли  партия гуруҳлари  маҳаллий Кенгашлар ва ҳудудлар ривожига ҳисса қўшади

Кучли партия гуруҳлари маҳаллий Кенгашлар ва ҳудудлар ривожига ҳисса қўшади

🕔11:43, 20.08.2026 ✔110

Бугун сиёсий партиялар маҳаллий Кенгашлар фаолиятида ўз дастурий мақсадларини амалга ошириш воситаси сифатида партия гуруҳлари инс­титути имкониятларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Партия гуруҳлари фаолияти миллий қонунчиликда белгиланган ваколатлар асосида амалга оширилиб, маҳаллий вакиллик органларида сиёсий плюрализм ва депутатлик назоратини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Батафсил
2030 йилгача экологик маданиятимиз қанча ошади?  Экология қўмитаси раиси парламент сўровига жавоб берди

2030 йилгача экологик маданиятимиз қанча ошади? Экология қўмитаси раиси парламент сўровига жавоб берди

🕔14:36, 14.08.2026 ✔203

Инсонда табиатга оқилона муносабатда бўлиш, уни асраб-авайлаш ва атроф-муҳит соф­лиги учун масъ­улият ҳисси ёшликдан, оиладан ҳамда таълим-тарбия даргоҳларидан бошланадиган узлуксиз маънавий ва маърифий жараёндир.

Батафсил
Мустақиллик  қиёфаси

Мустақиллик қиёфаси

🕔14:35, 14.08.2026 ✔192

Ўзбекистон бундан ўн йил бурун қандай эди, ҳаётимиз, шароитларимиз, туриш-турмушимиз, тафаккуримиз, бийрон тилимизнинг ҳоли нечоғли эди ўша пайтларда?!

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар