Йигирма саккиз йил тарих учун қисқа муддат дейишга ўрганганмиз, аслида кам ҳам эмас. «Бўладиган бола бошидан маълум» деган гап бор.
Чорак асрдан зиёд даврда жамиятда кўп эврилишлар юз берди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида сиёсатда, ички тизимда муайян принциплар муҳим роль ўйнаган. Мамлакат иқтисоди, армия, чегара, бошқарув механизми, ҳокимият учун ошкора ва махфий курашлар, тарафкашлик, гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, москвапарастлик, ГКЧП... Осон эмас, қийин, таҳликали давр эди бошида. Раҳбар керагида муросачи, вақти келса қатъий бўлиши шарт эди. Ахир, бу ёқда халқ тақдири, келажаги турибди!
Шундай бир қийин замонда мустақиллик сақлаб қолиндими – сақланди, БМТ ва бошқа ташкилотларга аъзо бўлиб, халқаро ҳуқуқ тикландими – тикланди. Баъзи кичикроқ республикалардаги каби ички уруш, мухолифатга ён бериш ёки ютқазишлар рўй бермадими – буям уддаланди. Майли-да, кимдир норози, кимдир рози. Муҳими, тинчлик барқарор сақланди. Тинчлик бор жойда тараққиёт бўлади.
Ўтган давр ҳақида фикрлаб кўрганда айнан барқарор тинчлик сақлаб қолингани энг катта ютуғимиз ҳисобланади.
Бу гапга кимдир монелик қилмаса керак.
Мустақилликнинг кейинги, тараққий этиши зарур бўлган босқичида қатор муаммолар йиғилиб қолгани маълум ҳам бўлди. Ҳозирги туб ўзгаришлар, кенг ислоҳотлар шу улкан муаммоларни бартараф этиш тамойилига асосланган. Ўтган вақт ичида кимдир биздан кўпроқ тараққий этганини билардик, аммо айтиб бўлмасди: матбуот берк, ижтимоий тармоқ йўқ эди. Халқдан эса «сен кўраётган кунингдан розимисан?» деб сўралмаган. Ижтимоий муаммолар, ҳақсизлик, кўзига ёмон кўринган одамга атай босим ўтказиш, бунинг оқибатидаги адолатсизлик, маълум бир йўналишдаги раҳбарлар – ҳокимият, хавфсизлик, ҳуқуқ соҳасидаги катталарнинг ашаддий коррупцияга берилиб кетишлари мамлакат иқтисодининг маълум қисмини ўпириб кетганини энди биляпмиз.
Бири порахўр, бири катта миқдордаги пулни «ювган», чет эл банкига ўтказган, маблағ ўмариб чет элга қочиб кетган... Бу – соғлом ҳолат эмас. Биринчи раҳбарга суянишни эп кўрмаган, адолат билан фаолият юритишни хоҳламаган, «келажаги буюк» деб аталаётган Ўзбекистоннинг эртанги кунига тупурган, шахсий манфаатдан бошқаси бекор, деб ҳисоблайдиганларнинг иши бу.
Хўш, энди айтинг, улар кимга содиқ одамлар эди: раҳбаргами, юртгами? Ҳар икковигаям хиёнатни маъқул кўрганлар.
Бу маблағларнинг миқдорини ижтимоий тармоқларда кўриб оғзинг ланг очилиб қолади. Агар ўғирланган пулларнинг ҳаммаси давлат хазинасига қайтса, Ўзбекистонда ночор қатлам қолмасди-ёв, деб ўйлайман. Обод қилиниши керак бўлган жойлар – обод, текисланиши, асфальтланиши зарур бўлган хароб йўлларимиз рисоладагидек бўлиб кетармиди, дейман.
Кейинги уч йилда халқ учун кенг миқёсда қулайлик, фаровонлик эшиклари ланг очилди. Энг муҳими, журналистларга ҳақни ҳақ деб гапириш имконияти берилди. Бу жудаям катта гап. Интернет ва ижтимоий тармоқларда баён этилган факт, далил ва фикрлар орқали Президент ўзи хулоса чиқаришга ўтди.
Ниманинг белгиси бу?
Журналист, қаламкаш, блогер халққа қайишиб ёзади-да бир муаммони. Бундан Президент хабар топиб, дарҳол чора кўраётган бўлса – яхши-ку. ундан олдинги чорак асрда қаламкаш, ёзувчи, журналистнинг муаммо айтишга тили қулф эди-ку. Худди боғча боласидек «ура-ура, Президентга раҳмат!» дейишдан нарига ўтмай қолувдик.
Энди, ана, ўйла, фикрла, таҳлил, хулоса қил. Аммо холис хулоса қил, алдама, одамларни чалғитма – тамом-вассалом. Олдингидай чайналиб, буралиб, дардингни айтолмай букилиб ўтиришингга ҳожат йўқ.
Энди қалам аҳли нафақат ижтимоий муаммони кўтармоқда, балки унинг тўла ҳал этилишига ҳисса қўшмоқда. Бу журналист учун эрккина эмас, масъулият ҳам юклайдиган улкан ҳодиса.
Яқинда сайёҳлик иштиёқи билан ўн кун Туркияда бўлдим. Ўзи чет эл саёҳатига кўп ҳам қизиқмайман-у, аммо борган заҳоти одамларнинг кайфиятига эътибор бердим. Ҳеч кимнинг кўзида ваҳима йўқ, эртанги кунидан хавотир олишни сезмайди. Маданият жуда юқори, бир гугурт харид қилсангиз ҳам дўкончадан «чўҳ ташаккурлар» эшитасиз. Шаҳарсозлик ўта ривожланган, масалан Анталиянинг бирор жойида машина тирбандлигини, қизил чироқда ўтаётган пиёда ёхуд йўл ўртасида қудуқ кўрмадим. Тўхташ тақиқланган белгиларга онда-сонда дуч келасиз ва у ерда қоидабузарлик қилган ҳайдовчи ҳам йўқ, ўзи умуман елкасида «polic» деган ёзуви бор шахсларни фақат аэропортда кўрдим.
Биз ҳам бир-биримизга шундай такаллуф кўрсатсак эди, деб орзу қилдим.
Марказдаги ошхона, дўкон ва меҳмонхона қиммат бўлиши мумкин, аммо чекка бир мавзенинг энг чекка ошхонаси ҳам чеккалиги учун мижозсиз қолмайди, айниқса, кечқурунлари хушкайфият билан ўтирган, чой ичиб қўшиқ айтаётган мижозларга кўзингиз тушади. Масжидда азон товуши эшитилса, кимдир бориб намозини адо қилади-да, яна келиб хўрандалигини давом эттиради. Алламаҳалгача шу манзара. Одамлар хотиржам, ҳаётдан кўнгли тўқ.
Пули тугаб қолиши, ишсиз қолиши, уйи бузилиши, ишлаётган идораси тугатилишидан чўчиб олазарак юрганлар ҳам бордир, албатта. Аммо мен кўрмадим.
Ўзбекнинг ҳам ҳаёт тарзида шундай хотиржамликни, чўчимасликни кўргим келди...
Юртимизда бугун олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар буюк ўзгаришлар муждасини бераётир. Муттасил ҳаракатлар ҳар жабҳада бор, бирор соҳа орада депсиниб қолаётгани йўқ. Лойиҳалар, режалар порлоқ истиқболга қаратилган. Энг муҳими, одамлар кўнглида эртанги кунга ишонч пайдо бўлди. Халқ рози бўлишини истаб қилинаётган астойдил хатти-ҳаракатлар, иншааллоҳ, ўзининг ширин самарасини беради.
Собир ЎНАР,
ёзувчи, Давлат мукофоти соҳиби
Фракция Суд-экспертлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда
🕔09:24, 23.10.2025
✔14
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда муҳокама қилинди. Хусусан, «Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Батафсил
«Тилимизнинг бойлигини четдан эмас, ўзидан қидиришимиз керак»
🕔09:20, 23.10.2025
✔13
Ўзбек адабий тили сўз бойлигининг такомиллашувида ташқи манба, яъни бошқа тиллардан кирган сўзлар сезиларли ўрин эгаллагани, унинг луғат таркибида санскрит, суғд, хитой, юнон, араб, мўғул, форс-тожик, қадимий яҳудий, рус ва рус тили орқали бошқа Европа тилларидан ўзлашган сўзлар хусусида манбалар, илмий тадқиқотлар ҳамда луғатларда кўплаб маълумотлар учрайди.
Батафсил
Қонунчилик палатасида: Хусусий мулк кафолатидан дори воситалари назоратигача
🕔15:35, 16.10.2025
✔30
Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қабул қилинди.
Батафсил