Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси
Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
БатафсилСубҳон сувчининг бели, кейин оёқлари оғриди. Ана-мана дегунча орадан бир ҳафта ўтди. Оғриқ зўрайиб, оёқдан қолдирди. Касалхонага ётқиздилар.
Тўйчи база Субҳон сувчи билан бир хонада ётишни хоҳламади. Узун кун бош врачга ё хона алмаштиришни ёки Субҳон сувчининг ўз тенгиларига қўшиш зарурлигини уқтирарди. Аммо хоналар бандлиги учун бу муаммони ечиш кейинга қолдирилаётган эди. Субҳон сувчи касалхонага келган куни тушдан кейин хонага Тўйчи базанинг одамлари узун-қисқа бўлиб кириб келишди. Хонага тандир кабобнинг ҳиди урилди.
— Сизни қаранг-а?! — Тўйчи базага ҳамдардлик билдирди йигитлардан бири. — Бу дард қаердан ёпишди сизга? Тезроқ соғайиб чиқинг. Ишхонадан файз қочгандек бўлиб қолди.
Келганлар Субҳон сувчидан ҳам кўнгил сўрашди. Столни ўртага тортиб, дастурхон безашди. Мўйловлиси бир жуфт шишани халтадан чиқариб, дастурхонга қўйди.
— Бекор очдингиз-да, Камолбой, — ўзига яқин тутиб сизлади Тўйчи база. — Укол олаётувдим. Дўхтирлар билиб қолишса, уришадими?
— Қани, ака, — ўша Камол дегани Субҳон сувчига юзланди. — Келинг, дастурхонга яқинроқ ўтиринг.
— Индама, — Тўйчи база Камолга кўзини қисиб қўйди. — Ўрнидан туролмайди. Оёқлари ишламай қолган. Тарелкага ул-булдан солиб, қўлига тутқаз.
Йигитлар «олинг-олинг»лаб икки шишани бўшатишди. Тўйда ўтиргандек суҳбат бир соатдан зиёдроқ давом этди. Шу куннинг эртаси Тўйчи базанинг одамларидан яна бир талайи келди. Димоққа кабоб билан сомсанинг хушбўй ҳиди урилди. Булар ҳам Субҳон сувчини «зиёфат»га таклиф қилишди.
— Ноқулай бўляпти. Туринг қани, ака, сафимизга қўшилиб сомса, кабобдан олинг. Бир пиёла ичинг, шамоллашни кесади.
Тўйчи база йигитларга ола қараб, «тегма унга» маъносида бошини чайқаб қўйди. Врач келиб, суҳбатнинг белига тепди. Энди чақ-чақлашиш авжига чиқаётган эди.
Хона эшигини тақиллатиб Субҳон сувчининг синглиси кириб келди. Тўйчи база ёнбошлаб газета ўқиётган эди.
— Акагинам, оғажоним, — акасини қучоқлаб, кўз ёши қилди сингил. — Эшитиб, жон-пониб чиқиб кетди. Оёқларингиз ишламаётгани ростми? Сувга кириб нима қилардингиз? Қачонгача болаларнинг олдига тушиб юрасиз. Қодирқул меҳнат қилиб, нонини топсин-да...
Субҳон сувчи синглисининг кўз ёшларини артди.
— Дўхтирлар бир ҳафтада оёқларга ҳаракат киради, дебди. Бекорга кузнинг совуқ кунида сувга кирган эканман-да.
— Қўй қатиғидан чакки, қорин ёғи, қурт олиб келдим. Нонингиз борми? Куёвингиз Тошқўрғондан суғур ёғи олиб келган эди. Шамоллашнинг давоси. Ўзим суртиб, уқалаб қўяман.
Тўйчи база бу «ёввойи» аёлнинг жаврашидан ижирғаниб, ташқарига чиқиб кетди. Ярим соатлардан кейин хонага кирганида сингил акасининг устига кўрпани тортиб, иссиқ чой ичираётган эди. Субҳон сувчи терлаб, юзларига қизиллик югурди.
— Бекор овора бўпсан, — синглисини койиди Субҳон сувчи. — Ука-акаларинг хабарлашиб турибди. Янганг, қизлар келяпти-ю, эмизикли болангни уйда қолдириб келганинг яхши бўлмабди. Кечгача уйга боришга улгуроласанми?
— Жовли ака киракашлик қиляптилар, — акаси билан хайр-хуш қилди сингил. — Пешинда уйга кириб бораман. Индинга куёвингиз дори-дармон учун пул олиб келади.
Аёл чиқиб кетганидан сўнг Тўйчи база сувчидан сўради.
— Синглингизми?
— Сингиллар меҳрибон бўлади, — жилмайди Субҳон сувчи. — Сингилларни кўрсам, энамни кўргандай бўламан. Тоғнинг узоқ бир қишлоғига келин бўлиб тушган. Жигар-да, эшитиб кепти.
Шу сўровдан сўнг гап узилди. Хонага сукут чўкди. Эртаси эрталаб Субҳон сувчининг икки синглиси кўргани келди.
— Акажоним, жигаргинам! Мана, соғайиб қолибсиз. Кўпам қайғураверманг. Дўхтир ёзиб берган дориларни олиб келдик. Биттаси топилмади. Укангиз шаҳарга тушди... Топиб келади. Овқатланяпсизми? Иштаҳангиз қалай? Бўйимадарон ўтидан дамлама қилиб келдим, шамоллашга. Маставадан бир коса ичинг, иссиғида, — сингилларидан бири олиб, бири қўйиб аҳволлашди.
Ўн икки кундан бери Тўйчи база Субҳон сувчига анча кўникиб қолди. Сувчининг сингиллари келса, тилидан бол томиб Тўйчи базадан ҳам ҳол-аҳвол сўрашади. Кечқурун пайт топиб Тўйчи базадан Субҳон сувчи сўради:
— Оғайнилар келишмаяптими? Таништирмадингиз... Келиннинг дараги йўқ.
Тўйчи база уф-уф тортиб хўрсинди.
— Уч ака-укамиз, — кўнглини очди Тўйчи база. — Отамдан қолган ҳовли-жойни талашиб, юз кўрмас бўлганмиз. Келиб-кетаётган одамлар ишхонадагилар, жўралар, танишлар... Келинингиз «Мошин юборинг, мен сизни кўриб келай», деди телефонда. Сизга, сингилларингизга ҳавасим келди.
Субҳон сувчи уч кундан бери каравотига ўтириб, оёқларини ҳаракатга келтирадиган бўлиб қолди. Эрталаб Тўйчи база уйғониб, Субҳон сувчини ўрнида кўрмади. Бироздан кейин Субҳон сувчи хонага секин-аста қадам ташлаб кириб келди.
— Бой ака... Ў-ў, бошлиқ, — деди деворга суяниб Субҳон сувчи. — Анча бўлди тонг отганига, туринг-э... Тоза ҳавода бир айланиб келинг.
Аммо Тўйчи база туришга раъйи йўқ, ўзини ланж сезиб, бошига кўрпани тортди.
Субҳон сувчига рухсат беришди. Бугун у уйга қайтади. Йигирма кундан кейин бир келасиз, дебди дўхтирлар. Сингиллар хонани йиғиштириб, акасини кийинтира бошлади.
— Сиз йўғингизда кўчалар ҳувиллаб қолди. Жўра фермерни айтмайсизми? Ўтганда ҳам, қайтганда ҳам бир сўрайди. Невараларингиз «Бобом қачон келадилар?» деб сўрайвериб, танг қиляпти одамни. Ака, сизам акамиздек бўлиб қолдингиз, — Тўйчи базага юзланди сингиллар. — Қидириб боринг. Азиз меҳмонимиз бўласиз. Бу йил тўйимиз бор. Янгамни эргаштириб келасиз...
Сингилларнинг самимий илиқ гапидан Тўйчи базанинг боши эгилди. Унинг юраги тўлиб, кўзларини ўкинч ёшлари қоплаган эди.
Субҳон сувчи қўл узатиб Тўйчи база билан хайрлашмоқчи бўлганида у қучоқ очиб Субҳон сувчини бағрига босди. Нега бундай қилди — бу унинг ўзигагина аён эди.
Турсунбой БОЙМИРОВ
Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
БатафсилЖадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.
БатафсилҲар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.
Батафсил