Биз жамиятимизда шундай ҳуқуқий маданиятни шакллантиришимиз керакки, унга мувофиқ Конституция ва қонунларга амал қилиш, бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш мажбурият эмас, балки кундалик қоида ва одатга айланиши шарт.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
(Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасидан)
Ҳуқуқий маданият жамиятдаги жуда кўп масалаларда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бугун ҳаётимизда қандай муаммоларга дуч келаётган бўлсак, шубҳасиз, бу ҳуқуқий маданиятнинг пастлиги, қонунларнинг инсонлар учун ишламаслиги, қонунни ҳурмат қилмайдиган, унга бўйсунмайдиган авлоднинг етишиб чиқиши билан боғлиқ.
Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида бу ҳақда атрофлича тўхталар экан, жазодан қўрқиб қонунга итоат этиш эмас, ҳар бир инсон болаликда олган тарбиясига кўра қонунни ҳурмат қилиши зарурлигини таъкидлади. «Фарзандларимизга болалик пайтидан «яхши» ва «ёмон», «мумкин» ва «мумкин эмас» деган тушунчалар ўртасидаги фарқни ўргатишимиз, ўзимиз эса уларга доим шахсий намуна бўлишимиз керак», деди.
Дарҳақиқат, бугун фарзандларимизга ҳуқуқ ва Конституция сабоқларини шунчаки фан сифатида ўтамиз. Унинг предмети, талаблари, «объектив», «субъектив» деган тушунчалар моҳиятини қайта-қайта тушунтираверамиз. Ҳолбуки, бола аччиқ ёки ширин таомни ўзининг табиий рефлекси орқали танлаб олгани каби, қонунга риоя этиш фарзандларимиз учун табиий эҳтиёжга айланмаяпти.
Биргина таълим тизимининг ўзида ёшлар таълим-тарбияси борасида кўзга кўринган ва кўринмаган нуқсонлар, муаммолар ва камчиликлар жуда кўп. Буларни ҳал этишга киришиляпти. Бироқ бунинг учун ҳам соғлом фикрлайдиган ўқитувчилар, чин маънода жон куйдирадиган фидойи инсонлар керак.
Қолаверса, ҳуқуқий маданиятда ортда қолишимиз бугун бошқа кўплаб соҳаларда ҳам етарлича муаммоларни келтириб чиқаряпти. Энг оғир иллатлардан бири бўлган коррупция, бюрократия, солиқ, божхона ҳамда банк тизимидаги мавжуд муаммолар, «хуфиёна» иқтисодиёт — буларнинг ҳаммаси ўз ҳуқуқини билмаслик ва қонунларнинг ишламаслиги туфайли эмасми?!
Айниқса, охирги вақтларда ёшлар ўртасида содир бўлаётган жиноятчилик ва оғир ҳуқуқбузарликлар ёшларимизда ҳуқуқий маданиятнинг йўқлигидан дарак беради. Бу, аввало, ўқувчиларда ҳуқуқий билим етишмаслиги ва «қонун сўзи» мактабларга тўлақонли етиб бормаётгани туфайли дейиш мумкин. Барчамизга маълумки, 8-синфдан бошлаб ҳуқуқ фани дарслари берила бошлайди. Лекин бола ўз ҳуқуқ ва эркинликларини англашни, мустақил фикрлашни 4-синфдан юқори синфга чиққанида адаптация давридан бошлайди. Турли тушунмовчиликлар, синфдошлари билан юқори синф ўқувчилари ўртасида ўзаро келишмовчиликларга учрайди. Айрим вазиятларда майда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар содир этилади. Вояга етмаган ёшлар ўртасида қасддан одам ўлдириш ва тан жароҳати етказиш каби ҳолатларга ҳам ана шундай ўтиш даври замин бўлади. Бу жамиятимиз учун, шубҳасиз, катта фожиа.
Сўнгги вақтларда ички ишлар ходимлари билан фақатгина ўқувчи жиноят содир этгандан кейингина ёки профилактика куни муносабати билангина мактабда учрашувлар ўтказилмоқда. Лекин айнан ёшлар ўртасидаги содир этилган жиноятлар юзасидан жойларда ўқувчилар кўз ўнгида очиқ суд жараёнлари олиб борилмаяпти. Бундай очиқ суд жараёнларида ўқувчилар иштироки уларнинг адолат ва қонун устуворлигини ҳис қилишларига замин яратади. Ёшларимиз ўз бурч ва мажбуриятларини чуқурроқ англаб етади.
Ҳар қандай муаммонинг илдизи, аввало, оилага бориб тақалади. Зеро, мактабда ҳуқуқни фан сифатида билса, оқ-қорани, яхши билан ёмонни, қонун билан жазо муқаррарлигини оила даврасида англайди. Демак, қонунларга бўйсуниш ва ҳуқуқий маданиятни оиладан бошлаб, кейин уни мактабда мустаҳкамласак, бунга фан сифатида эмас, ҳаётимизнинг ажралмас бир бўлаги сифатида қарашни шакллантира олсак, нимадир натижага эришишимиз мумкин.
Гулистон ҚОДИРҚУЛОВА,
Тошкент шаҳридаги 27-умумтаълим мактаби директор ўринбосари
Фракция Суд-экспертлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда
🕔09:24, 23.10.2025
✔14
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда муҳокама қилинди. Хусусан, «Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Батафсил
«Тилимизнинг бойлигини четдан эмас, ўзидан қидиришимиз керак»
🕔09:20, 23.10.2025
✔13
Ўзбек адабий тили сўз бойлигининг такомиллашувида ташқи манба, яъни бошқа тиллардан кирган сўзлар сезиларли ўрин эгаллагани, унинг луғат таркибида санскрит, суғд, хитой, юнон, араб, мўғул, форс-тожик, қадимий яҳудий, рус ва рус тили орқали бошқа Европа тилларидан ўзлашган сўзлар хусусида манбалар, илмий тадқиқотлар ҳамда луғатларда кўплаб маълумотлар учрайди.
Батафсил
Қонунчилик палатасида: Хусусий мулк кафолатидан дори воситалари назоратигача
🕔15:35, 16.10.2025
✔30
Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қабул қилинди.
Батафсил