Ислом цивилизацияси марказига тамал тоши қўйилди.
Ўтмишдаги буюк юртдошларимизнинг халқимиз ва башарият олдидаги хизматлари мустақиллик йилларида муносиб қадрланиб, ҳурмат ва эътибор топмоқда. Ватан тарихи ва маданиятига, илмий-маърифий ва маънавий меросга ҳурмат билан ёндашиш, уни ўрганиш ва бойитиш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш ҳар бир давлат ва жамият тараққиёти ҳамда барқарорлигининг муҳим шартларидан ҳисобланади.
Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк алломалар ва мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани, ислом дини ва маданиятини ривожлантиришдаги ўрнини бутун дунё ҳамжамияти кенг эътироф этмоқда. Уларнинг ичидан буюк олимлар, меъмор, ҳунарманд, амалий ва тасвирий санъат усталари етишиб чиқдиларки, улар яратган асарлар, маҳобатли бинолар, нафис санъат буюмлари, миниатюра ва хаттотлик намуналари жаҳон маданияти меросида алоҳида ўрин эгаллайди.
Ислом маърифати ва унинг ёшлар ҳаётида тутган ўрнини инобатга олиб, аллома ва мутафаккирларимизнинг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини дунё жамоатчилигига етказиш, диний-маърифий қадриятларимизни тарғиб ва тадқиқ қилиш мақсадида ўтган йили Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданият маркази ташкил этилди. Кейинчалик марказ олдида турган вазифаларнинг аҳамияти ва кўламидан келиб чиқиб, унинг номини Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, деб аташга қарор қилинди.
Бугунги мураккаб даврда Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш марказнинг энг асосий мақсад ва вазифаси этиб белгиланди. Шунингдек, терроризм ва экстремизм Ислом дини таълимотига мутлақ зид ғоя экани, экстремистик оқим ва йўналишларнинг бузғунчи ғояларига қарши илмий раддиялар тайёрлаш, Ислом террорга қарши эканини кенг жамоатчиликка етказиш ҳам олдимизда турган муҳим ва долзарб вазифаларимиздандир. Бугунги ёшлар эътиборини аждодларимизнинг яратувчанлик даҳоси билан бунёд этилган ноёб меросни илмий асосда ҳар томонлама чуқур ўрганишга кенг жалб этолсак, айрим мафкуравий хуружларга нисбатан жамиятда кучли маърифий иммунитет ҳосил қилишга эриша оламиз.
Жорий йилнинг 15 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Ҳазрати Имом мажмуасида бўлиб, бунёд этиладиган марказ биносига рамзий тамал тоши қўйди. Давлатимиз раҳбарининг: «Бу марказни қуришдан мақсад Ислом маърифатини ўрганиш, боболаримизнинг буюк меросини, авваламбор халқимизга, дунё ҳамжамиятига етказишдир. Худо хоҳласа, ҳамма саъй-ҳаракатларимиз ёшлар таълим-тарбиясига, илм-фанга, маданиятга, тинчлик-осойишталикка замин яратади», деган гаплари келажакдаги фаолиятимиз учун дастуриламал бўлиб ҳизмат қилиши, шубҳасиз.
Буюк меросимизни жаҳон ҳамжамиятига етказиш бугунги кунда қанчалик муҳим ва долзарб эканига бир неча хорижий давлатларга қилинган сафарларда такрор-такрор гувоҳ бўляпмиз. Алломаларимизнинг асарларини ўқиб, фойдаланаётган кўпгина хорижликлар уларни айнан бизнинг заминимиздан етишиб чиққани ҳақида маълумотга эга эмас. Бу борада марказимиз бугунгача дунёдаги йигирмадан ортиқ илмий марказ билан алоқа ўрнатишга эришди. Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Туркиядаги қатор илмий-текшириш институтлари, Истанбулдаги Тўпқопи музейи, Франция ислом маркази, Париждаги Лувр музейи, Санкт-Петербургдаги Эрмитаж давлат музейи ва бошқа қатор етакчи марказлар билан ҳамкорлик ўрнатилиб, бу борада еттита меморандум имзоланди. Келгусида мазкур марказлар билан илмий ҳамкорликни изчил давом эттиришни режалаштирганмиз.
Хорижий ҳамкорларимиз юртимиздаги бундай улкан ислоҳотларни хайрихоҳлик билан кутиб олиб, имкон қадар бизга кўмакчи бўлишяпти. Жумладан, марказимизга бир қанча ноёб манбалар тақдим этилди. Бу тадқиқотчиларимиз учун катта имконият дегани. Ҳозирда марказ кутубхонаси шакллантирилмоқда. Бугунга қадар унга 400 дан ортиқ ноёб қўлёзма харид қилинди. Юртдошларимиз ўзларидаги қадимий қўлёзмаларни марказимиз кутубхонасига топширмоқда. Бу халқимизнинг имон-эътиқод, маънавият ва маърифатга интилишидан, эзгу ва савобли ишларга бош қўшаётганидан далолатдир.
Абдуазим ТЎРАХЎЖАЕВ,
Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари вазифасини бажарувчи
Кучли партия гуруҳлари маҳаллий Кенгашлар ва ҳудудлар ривожига ҳисса қўшади
🕔11:43, 20.08.2026
✔87
Бугун сиёсий партиялар маҳаллий Кенгашлар фаолиятида ўз дастурий мақсадларини амалга ошириш воситаси сифатида партия гуруҳлари институти имкониятларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Партия гуруҳлари фаолияти миллий қонунчиликда белгиланган ваколатлар асосида амалга оширилиб, маҳаллий вакиллик органларида сиёсий плюрализм ва депутатлик назоратини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Батафсил
2030 йилгача экологик маданиятимиз қанча ошади? Экология қўмитаси раиси парламент сўровига жавоб берди
🕔14:36, 14.08.2026
✔190
Инсонда табиатга оқилона муносабатда бўлиш, уни асраб-авайлаш ва атроф-муҳит софлиги учун масъулият ҳисси ёшликдан, оиладан ҳамда таълим-тарбия даргоҳларидан бошланадиган узлуксиз маънавий ва маърифий жараёндир.
Батафсил
Мустақиллик қиёфаси
🕔14:35, 14.08.2026
✔179
Ўзбекистон бундан ўн йил бурун қандай эди, ҳаётимиз, шароитларимиз, туриш-турмушимиз, тафаккуримиз, бийрон тилимизнинг ҳоли нечоғли эди ўша пайтларда?!
Батафсил