Инсон ўзинг      Бош саҳифа

Улуғ момо

Улуғ момом... Чаккасига райҳон тақиб, доимо самимий чеҳра билан юрар эдилар. Биз қишлоқ шевасида табаррук бувимизни «катта» деб атардик. Болалигимизда ёнларига боришга ошиқардик...

Улуғ момо

Ҳовлисида ширин олмалар, тошмурутлар ғарқ пишган пайтлар... Қозонни тўлдириб сутли бўтқа пишириб берардилар. Момомнинг юрак тўла меҳрини ўша пайтларда ҳис қилганман. Қўшниларга таомлардан улашганларини кўриб, инсон қалби шунчалар ҳам меҳру муҳаббатга тўла бўладими, деб ҳайрон қолардим. Молхона тўла қўй бўларди. Бу барака раҳматли Бекмурод бобомдан мерос эди-да. Уларни барча фарзандларига улашган...

Дуолари ҳам гўзал сўзлар билан жилоланган эди. Содда ва самимий... Халқона сўзлар... «Умрингдан барака топгур, тандиринг тўла нон бўлсин, қозонинг тўла ош бўлсин. Олтин бошинг омон бўлсин. Менинг ёшимга кириб юринглар. Этагинг тўла фарзанд бўлсин...» Бу сўзларда мустажоб сир-синоатлар бор эди. Шу самимий сўзлар билан қурилган бувимнинг кафтидаги дуолар билан бу авлод қад ростлади. Тоза палак ёйди. Тупроғи покиза сув билан қорилган бу авлодга умрини, ўзлигини бахшида этган қаҳрамон она образини яратди.

Улуғ момомни қишлоқ аҳли, кўрган-билганлар «Келинлар қўзғолони» фильмидаги Фармонбиби бувига ўхшатишар эди. Аслида уйда ҳам, маҳаллада ҳам, ҳаётда ҳам Фармонбиби эдилар. Салобатли жуссалари, рангпаргина юзлари, ширали овозлари ва аниқ-кесиб гапиришлари, мулойимгина насиҳатлари, ижобатли дуолари билан бой эдилар моможоним. Бадавлат эдилар... Ризқи ва қадами қутлуғ момонинг даргоҳи ҳам кенг эди. Қалби саховатга тўла, мўътабар аёл эдилар. Момомнинг уйидаги сандиқда ўтмиши бисёр эди... Бир уюм бойлик... Бир олам хотирот... 

Мен момомдан кўп ҳикмат ўргандим. Маъноли яшаш сирини ўргандим... Инсон бўлиб яшашни ўргандим... Меҳру муҳаббатни ўргандим... Оқибатни ўргандим...

Фарзанду набираларининг тўйларида давраларни тўлдириб, кайвони момо бўлиб юрар эдилар. Яхши кунларнинг дуогўйи эдилар. Дуосидан авлоди, илдизи барқ ура бошлади. Меҳр билан берилган тарбия, ҳалол ризқу ҳалол луқма болаларини камолотга етаклай бошлади.

Ўша дамлар ёш бўлсам ҳам яхши эслайман, бобомдан эрта ажралган, фарзандлар тарбияси-ю, уларни улғайтиришини қўлларига олган момом бошларига катта этакни қўйиб даладан молу қўйларни боқиш учун ўт таширдилар. Икки қўлларини белига қўйганча, олис-олис йўл босиб, мардонавор юриб келар эдилар...

Ўша воқеаларни кўриб, момомнинг шунчалар қадди тик, соғломлиги, бақувватлигини тасаввур қилганман. Бугун эса, момомнинг ўша пайтдаги қиёфасида ўзбек аёлининг мардонавор тимсолини кўриб, момомнинг меҳнаткашлиги, оилапарварлиги, дилбар шахслигини ич-ичимдан ҳис қиламан.

Мен ҳозир, айни кучга тўлган пайтимда ҳам ўттиз килограмм чиқадиган хашакни этакда бошимга қўйиб, қўлим билан ушламасдан олис масофадан кўтариб келишимни тасаввур қилолмайман. Сабрим, матонатим етармикан... Куч-қудратим етармикан, деб ўйланиб қоламан.

Момом доимо пиёда юришни канда қилмаганлари сабаб саломатликлари яхши бўлган. Соғлиғидан нолиган эмас. Бу матонатли аёлнинг бир кунлик бажарган юмушларини бугунги кун аёллари бир ҳафтада бажара олмасалар керак. Ғайратли, қўли чаққон аёл эдилар. Моможонимга — барча учун бирдек қайғурадиган бир аёлга яратган эгам беқиёс метин ирода-ю, сабот ато қилган эди. Момомиз бошдан ўтказган қайғуни, ташвишни ҳар қандай аёл ҳам кўтаришга, енгишга қодирмикан, деб ўйлаб қоламан. Ўзбегимнинг момоларига хос сабру қаноат бор экан, оилада ҳамиша бахт устун бўлади.

Бу ёруғ оламда ҳар бир инсон туғилган кунидан токи сўнгги кунига қадар яшаш учун курашишда не-не машаққатлар ва қувончларни бошдан кечиради. Улуғ момонинг ҳаёти мазмунли ва тасодифларга бой бўлган десам, муболаға қилмаган бўламан. Раҳматли бобомдан жудо бўлган кундан бошлаб момомнинг ҳаётида иккинчи давр саҳифаси очилади. Бу машаққатли ва синовли давр... Ҳаёт йўллари ва йиллари инсонни тарбиялайди, табиат таълимида пишириб боради.

Тўқсондан ошган момомизнинг тўйларда, яхши кунларда ёшлар билан давра айланиб рақс тушганини кўрганлар тетик, бардам-бақувват, доимо саломат юришларига қойил қолар эдилар. Нигоҳи ўткир, сўзи дур Улуғ момо анвойи гулларнинг шайдоси эдилар. Чаккасига райҳон таққанча ўзбекмомоларнинг ёрқин бир тимсоли сифатида қутлуғ қадамжоларни зиёрат қилишни, пиёда юришни жуда севар эдилар. Кимки суҳбатга тортса ёки танишиб қолса, 35 та неварам, 65 та чеварам, 5 та эварам бор, деб юраклари фахрга тўлиб гапирардилар доим. «Мен бой момоман. Шунча фарзандларим бор, уларни кўрганимдан, тўйларида бош бўлганимдан хурсандман. Яна умр берса Худойим, эвараларимнинг тўйларини ҳам кўрсам, уларга тўнлар тиксам, армоним қолмасди», деб дуо қилардилар доим.

Дарахтлар ичида узоқ яшаган ва илдизи кўп, сояси кенг чинор бўлади. Улуғ момомни улкан чинорга қиёслагим келади. Чинордек бақувват эдилар, метинқалб эдилар, иродалари мустаҳкам эдилар... Илдизлари эса бир олам авлодлари саналади. Бекмурод бобом билан бахтли ҳаёт кечириб серфарзанд бўлишган. Тўнғич фарзанди — Невара ая бўладилар. Менинг давлатим... Бахтим-қувончим... Бу дунёда бойлигим — меҳрқуёшим онам.

Шу йил баҳорда ҳовлимизга келдилар. Кўзларида қандайдир сўлғинлик бор эди. Ўн кун меҳмон бўлдилар уйимизда. Кетиш палласи узоқ хайрлашдилар биз билан... Болам, энди бошқа келолмайман, хафа бўлмагин. Мана бу ҳассам сенга мерос. Менга ўхшаб юз ёшларга кириб юргин, деб дуо қилдилар. Момонинг кўзларида ёш қалқди. Гўёки, бошқа кўришмайдигандек... Юрагим бошқача, ўзим ғалати бўлиб кетдим... Йиғлагим келди.

Раҳматли Улуғ момомизни оддий чўпакдан бўлган ҳассалари бўларди. Оддий чўп... Шу оддийгина чўпнинг момом билан нақадар яқин бўлиб кетгани, сирдош бўлиб, елкадош бўлиб юргани, доимо содиқлиги, миннат қилмасдан йўлида равона бўлиши — бу эсдалик бўлиб қолган хотирот.

Тўдамайдон қишлоғи кўчаларини шу ҳасса билан кезардилар... Момомнинг кўп дардига шерик бўлган ҳам шу ҳасса... Инсон ёлғиз қолса ўзи билан ўзи гаплашади. Буларнинг барчасига ҳасса гувоҳ бўлган бўлса не ажаб.

Шу муборак ҳассани моможоним менга васият қилиб қолдирдилар.

«Болам, бу ҳассани олиб қўй, менга ўхшаб тўқсондан ошиб, юз ёшларга кириб юргин», — деб узоқ дуо қилдилар. Оддий таёқдан бўлган бу табаррук ҳасса қирқ йилдан буён суянчиқ бўлган экан. Бир инсонни қирқ баҳорни кўришига тенг умр кечирган ҳасса. Ҳар куни шу ҳассага бир қараб қўяман. Шу ҳасса каби бизни ёрдамимиз тегмаган-а, деб хаёл сураман. Ёнларида бўлолмаганимиздан ўксинаман. Менга мерос ҳасса... Момомни кўргандек бўламан уни қўлга олиб.

Ўша кунги дийдор онлари момомнинг сўнгги видолашиши экан. Улуғ айём кунлари Улуғ момо омонатини топширдилар. Тумонат одам йиғилди. Ҳамма ёши улуғ момонинг кийимларини бўлиб олишар, сўнгги манзилга йўл олган чубин отга қўл чўзишиб, кўтаришарди.

Момонинг маржон сўзлари, ижобат дуолари, барча орзулари рўёбга чиқди. Улуғ момо эккан райҳонлар кўклаб, атрофга бўй таратди. Унинг насими момом яшаб ўтган ҳовлини тутди.

Райҳонлар... Жаннат атрини таратган гуллар... Момом мангу қўним топган уйда ҳам атрин тўкиб ётади бу жаннат гуллари. Кокилларин ўйнатиб, саболарда тебраниб қўшиқ айтади...

 

Мансур ЮНУС




Ўхшаш мақолалар

Тил –  миллатнинг қалби,  тафаккурнинг жонли ифодаси

Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси

🕔09:19, 23.10.2025 ✔6

Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:

Батафсил
Беҳбудийнинг сўнгги васияти

Беҳбудийнинг сўнгги васияти

🕔15:48, 03.10.2025 ✔59

Жадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.

Батафсил
Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

Она мушук ва меҳр мўъжизаси

🕔15:48, 26.06.2025 ✔204

Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Тил –  миллатнинг қалби,  тафаккурнинг жонли ифодаси

    Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси

    Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:

    ✔ 6    🕔 09:19, 23.10.2025
  • Беҳбудийнинг сўнгги васияти

    Беҳбудийнинг сўнгги васияти

    Жадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.

    ✔ 59    🕔 15:48, 03.10.2025
  • Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

    Она мушук ва меҳр мўъжизаси

    Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

    ✔ 204    🕔 15:48, 26.06.2025
  • Тинчлик қадри  «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Тинчлик қадри «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 80 йил тўлди. Бу анча узоқ муддат. Бир инсоннинг умридай, эҳтимол ундан ҳам ортиқ. Лекин ўша машъум урушнинг мудҳиш асоратлари ҳали-ҳамон ўчгани йўқ.

    ✔ 261    🕔 15:27, 08.05.2025
  • Оилани  камбағалликдан  эркак  қутқаради

    Оилани камбағалликдан эркак қутқаради

    • Азим Тошкентнинг Олмазор тумани «Юқори Себзор» маҳалласида 83 ёшли, Ўзбекистон халқ устаси Маҳмуджон Мамажонов яшайди. Табаррук ёшда ҳам меҳнат қилишдан бир лаҳза тўхтамаган ҳунармад уста меҳнатга муҳаббати йўқ одамни бой яшашга рағбати йўқ одам, деб ҳисоблайди.

    ✔ 269    🕔 16:16, 17.04.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар