Инсон ўзинг      Бош саҳифа

ЖАМИЛА МОМО

Бу воқеа бешинчи синфда ўқиб юрган пайтимда бўлганди.

ЖАМИЛА МОМО

Наманган шаҳрининг Чорсу даҳаси янгидан барпо этилаётгани сабабли эски ҳовлиларда яшаётганлар бошқа жойга кўчирилаётган эди. Бутун маҳалла вайронага айланган, ҳамма уйлар бузилаётганди. Биз ҳам синфдошимиз Юсуфжонникига ҳашарга бориб, енг шимариб ишга киришдик.

Кўч-кўронни юк машинасига ортар эканмиз, қўшни ҳовлидаги йиғи овози эътиборимни тортди. Секин ўша томонга юрдим. Очиқ турган дарвозадан ичкарига ўғриқараш билан мўраладим.

Ҳовли ўртасидаги супада бир момо ўтирарди. Атрофида чангга ботиб кетган фарзандлари ва яна қўлларида папка кўтариб, галстук таққан кишилар.

Ҳеч ким менга эътибор қилмасди. Табиатимда қизиқувчанлик бўлгани учун воқеани кузатишда давом этдим.

— Абажон, — деди сочига қиров қўнган бир киши. — Акам келсалар шу пайтгача келардилар.

— Овозингни ўчир! — деди момо. — Аканг келади. Уни ҳеч ким ўлган деган эмас. Ундан «қора хат» келмаган. Бедарак йўқолди, деган хат келган. Шунақа экан, у келади худо хоҳласа. Мани ўғлим қайтиб келади.

— Энди, ача,— гапга аралашди папка кўтарганлардан бири. — Бу хат қачон келган?

— Қирқ учинчи йилда. Мана, турибди, — момо ёстиғининг тагидан бир халтани олиб, ичидан титилиб кетган конвертни очди. — Мана, 43-йил 18 август куни Аҳмад шайтоннинг ўзи олиб келиб берган. У пайтларда раҳматли бобонгиз тирик эдилар. Мана шу тутнинг тагига ётқизиб олиб роса урганлар.

— Хўп, ача, — деди яна ўша папкали. — Ҳозир 2004 йил. Орадан қанча вақт ўтибди?

— Олтмиш бир йил. — деди иккинчи папкали.

— Ўғлингиз урушга кетаётганида неча ёшда эди? — сўради папкали.

— Йигирма иккида эди. Энди уйлантирмоқчи бўлиб тургандик, олиб кетиб қолишди.

— Хўп, ача, ўғлингиз ўшанда йигирма икки ёш бўлган бўлса...

— Бўйлари баланд, юзлари тиниқ, жудаям чиройли йигит бўлувди. Бирдан опкетиб қолди. Унашиб ҳам қўювдик.

— Хўп, ўшанда йигирма икки ёш бўлган бўлса, ҳозир саксон уч ёшга кирган...

Орага бироз сукунат тушди. Момо йиғлашини қўймас, чангга ботган уйдагилар ҳайрон, папкалилар эса нима қиларини билмасди.

Бу ҳолат анча чўзилди. Ҳамма бир-бирига маъноли қараб қўярди.

— Энди, ача, — деди ниҳоят гапдон папкали. — Бутун маҳалла бузилиб, янги жойга кўчириляпти. Битта сизнинг ҳовлингизни қолдира олмаймиз.

— Жон болам, ачанг ўргилсин! Бизни уйимизни бузиб ташлама. Ўғлим урушдан қайтиб келса, бизни қайдан топади? Янги жойга кўчиб кетганимизни билмайди-ку. У ҳовлини кўрмаган-ку.

— Ача, лойиҳа бўйича бу жойга кўп қаватли уй тушиши керак. Уни олган одамга айтиб қўямиз. Ўғлингиз келса, янги ҳовлингизга жўнатиб юборади. Бўладими?

— Ҳеч иложи йўқми, болам?

— Йўқ, ача. Сизга ваъда бераман. Агар ўғлингиз келса, янги ҳовлингизга обориб қўйишади. Бўладими?

— Майли, болам, сен папка кўтарган катта одамсан. Гапингга ишондим.

— Бўлмаса, ача, битта дуо қилинг.

Суҳбат тамом бўлиб, ҳамма дарвоза томон кела бошлади. Мен худди қўлга тушган ўғридек Юсуфжонларникига югурдим.

Кун кеч бўлгунча ишладик. Қўлим юмушда-ю, хаёлим бояги вазиятда. Тинмай саволлар келарди: бу момо ким? Нега бунча йиғлаяпти? Ҳокимият расмийлари нега уни бунча овутишди? Кутаётган ўғли-чи?

Ҳашар зиёфатидан сўнг эртага ишни давом эттиришга келишиб, тарқалдик.

Туни билан момони ўйлаб чиқдим.

Саҳар борсак, момонинг дарвозаси ланг очиқ. Атрофида тумонат одам. Кўпчиликнинг бошида дўппи, эгнида чопон, белида белбоғ. Ичкаридан аёлларнинг йиғи овози эшитиляпти.

Юрагимнинг бир томири узилгандек бўлди. Турган жойимда қотиб қолдим.

Билсам, кечаги момо саҳарда бандаликни бажо келтирибди. Дўстимнинг онаси ҳамшира бўлгани учун жон бераётган пайтида ёнида турибди.

Бироздан сўнг ўртоқлар йиғилдик. Юсуфжоннинг дадаси «Сизлар ҳам катта йигит бўлиб қолдинглар. Бунақа нарсаларда қатнашиб туринглар», дея бизни жанозага олиб чиқди.

Жаноза пайти имом-домла маъруза қилди. Сўнг расм-русмлар адо этилиб дафт этилди.

Қабристонда кимдир:

— Халойиқ, Жамила ача қанақа хотин эди? — деб бақирди.

— Оллоҳ раҳмат қилсин, паҳлавон аёл эди! — деди кўпчилик баралла.

Юсуфжонларникига қайтгач, ишга шўнғидик. Оқшом тушгач, Юсуфжоннинг дадасидан момо ҳақида сўрадим. У хўрсиниб жавоб берди.

— У кишининг исмлари Жамила ача эди. Раҳматли, ботир хотин бўлган. Саккиз фарзанди бўлиб, олти ўғил, икки қиз экан. Беш ўғли урушга кетиб, бирортаси ҳам қайтиб келмаган. Тўрттасидан «қора хат» келган. Фақат биттасидан бедарак йўқолди, деган хат. Шу ўғлини уруш тугагандан бери кутди. Ўлгунича кутди. Кеча келинойингиз уларникида эди. Жон бераётиб ҳам «бу уйлар бузилиб кетса, ўғлим тополмай адашиб юрмасин. Қуриладиган уйнинг хўжайинига айтиб қўйинглар. Келганида янги ҳовлига обориб қўйсин», деб кўп гапирибди. Оллоҳ раҳмат қилсин.

Нодирбек МАЖИДОВ,

Тошкент шаҳри




Ўхшаш мақолалар

Тил –  миллатнинг қалби,  тафаккурнинг жонли ифодаси

Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси

🕔09:19, 23.10.2025 ✔6

Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:

Батафсил
Беҳбудийнинг сўнгги васияти

Беҳбудийнинг сўнгги васияти

🕔15:48, 03.10.2025 ✔59

Жадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.

Батафсил
Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

Она мушук ва меҳр мўъжизаси

🕔15:48, 26.06.2025 ✔204

Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Тил –  миллатнинг қалби,  тафаккурнинг жонли ифодаси

    Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси

    Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:

    ✔ 6    🕔 09:19, 23.10.2025
  • Беҳбудийнинг сўнгги васияти

    Беҳбудийнинг сўнгги васияти

    Жадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.

    ✔ 59    🕔 15:48, 03.10.2025
  • Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

    Она мушук ва меҳр мўъжизаси

    Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

    ✔ 204    🕔 15:48, 26.06.2025
  • Тинчлик қадри  «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Тинчлик қадри «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 80 йил тўлди. Бу анча узоқ муддат. Бир инсоннинг умридай, эҳтимол ундан ҳам ортиқ. Лекин ўша машъум урушнинг мудҳиш асоратлари ҳали-ҳамон ўчгани йўқ.

    ✔ 261    🕔 15:27, 08.05.2025
  • Оилани  камбағалликдан  эркак  қутқаради

    Оилани камбағалликдан эркак қутқаради

    • Азим Тошкентнинг Олмазор тумани «Юқори Себзор» маҳалласида 83 ёшли, Ўзбекистон халқ устаси Маҳмуджон Мамажонов яшайди. Табаррук ёшда ҳам меҳнат қилишдан бир лаҳза тўхтамаган ҳунармад уста меҳнатга муҳаббати йўқ одамни бой яшашга рағбати йўқ одам, деб ҳисоблайди.

    ✔ 269    🕔 16:16, 17.04.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар