Инсон ўзинг      Бош саҳифа

ЧЎЛ БУ — ҚЎШИҚ

ёхуд табиатнинг меҳрга зор нодир дарахти

Қизилқум саҳроси бағридаги овулда умргузаронлик қилиб, сурув ортидан юрган бир чўпон дўстим бор. Яқинда ўша қадрдонимни учратиб қолдим. Иш билан шаҳарлаган экан. Гап орасида, бу ерда сиқилиб кетаётганини, эртага тонг отиши билан чўлга қанот чиқариб учишини айтиб қолди.

ЧЎЛ БУ — ҚЎШИҚ

— Қўйсанг-чи, наҳотки, шундай гўзал, катта шаҳарда ҳам зериккан бўлсанг?! Чўлга бунча ошиқмасанг, — дедим.

— Ҳар кимга ўз киндик қони тўкилган ошёни азиз. Мени саҳро бағрига чорлайверади. Унда ўсган саксовулзорлар менга худди қалин ўрмонни эслатади. Улар мен учун қадрли. Билсанг, чўл бу — қўшиқ. Камина эса ана шу қўшиқ шайдосиман.

Чиндан ҳам, чўпон дўстим айтганидек, саҳронинг сеҳри, сир-синоати, мўъжизаси, ажойиб ҳодисалари талай. Буни англаш, ҳис қилиш учун фақат чўлда яшаш керак.

Кўпчилик бепоён, чек-чегараси кўринмайдиган чўлларда яшаш қийин бўлса керак, деб ўйлайди. Четдан қаралса, у ерда ҳаёт йўқдай туюлади. Аслида саҳро бағрида ҳаёт ҳамиша қайнайди. Унинг сизу бизга маълум бўлмаган синоати, ғаройиботлари сероб. Синчиклаб тингласангиз, чўлдан таралаётган бу қўшиқ сокин ва вазмин оҳанги билан аллалагандай бўлади.

Қизилқум ва Қорақум чўллари наботот ва ҳайвонот оламига анчайин бой. Мамлакатимизда ўрмон билан қопланган майдонларнинг каттагина қисми ана шу чўл ҳудудлари ҳиссасига тўғри келади. Бу ерларда саксовул, черкез, қуёнсуяк, қандим, шувоқ, нўхатак, янтоқ, илоқ ва бошқа ўсимликлар ўсади. Улар чорванинг тўйимли озуқаси ҳам ҳисобланади.

Гуллашини кўрсангиз эди...

Юртимизнинг Навоий, Бухоро, Қорақалпоғистон сингари минтақаларидаги катта-катта майдонларда ўрмондек бўлиб ўсиб ётган саксовулзорлар кўзга ташланади. Саксовулнинг гуллашини кўрсангиз, табиатнинг нақадар мўъжизакор эканига амин бўласиз. Миллион йиллардан буён саксовулзорларда судралиб юрувчилар, кемирувчилар, қўйингки, барча жонзотлар яшайди. Саксовул фақатгина чўл, ярим чўл, адирликлардагина ўсади. Қайсидир маънода бу ўсимликни чўлнинг ҳақиқий кўрки, дейиш мумкин. Негаки, улар кучли шамол «оқизиб» юрадиган кўчма қумларни тўсиб, барқарорлаштириб туради. Қолаверса, чўл ҳайвонлари жазирамада унинг соясидан паноҳ топади. Саксовулзорлар биринчидан, ҳавони тозаласа, иккинчидан, унинг илдизлари қум барханларининг кўчиб юришига барҳам беради.

Беаёв кесилаётган «тирик жон»

Тошкент-Қўнғирот тезюрар поездида Қорақалпоғистон Республикасига кетмоқдаман. Вагон ойнасидан чўлга тикиламан. Бепоён майдонларда ўсиб ётган саксовулларга кўзим тушади. Маҳаллий аҳоли уни «Чўл арчаси», дейди. Ҳақиқатда саксовул чўл-биёбон учун ҳаёт нашидаси, тириклик белгиси. Аммо айримлар ана шу саксовулларга қирон келтиряпти. Чўлда яшаётганлар кўмир, газ йўқлиги учун ҳар йили кўплаб дарахтларни кесиб, қишлик ўтин тайёрлашади. Аҳоли вақтида кўмир билан таъминланмас экан, аҳвол эски ҳаммом, эски тослигича қолаверади. Аксарият фуқаролар экология билан боғлиқ қонунларни яхши билмайди. Тўғри, мактаб, олий ўқув юртларида экология илмидан сабоқ берилади. Афсуски, бу камлик қилмоқда.

Муҳофазага муҳтож табиат

— Келаётиб, кўзингиз тушгандир, хўжалигимизнинг барча яйловларида саксовул дарахтлари худди ўрмондагидек ўсиб ётибди. Бўйи 1,5-2 метр, танасининг диаметри 1 метргача келадиган бу ўсимликнинг яшил новдалари органик модда тўпланишига хизмат қилади, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими Мустафо ЭГАМҚУЛОВ. — Очиғи, чўлда саксовулнинг аҳамияти катта. У аҳоли учун ўтин, чорвага тўйимли озуқа ҳисобланади. Лекин айрим лоқайд кимсаларнинг оқибатини ўйламай ташлаётган қадами қимматга туш­япти. Улар кўпинча ёзда йўлда кета туриб, тамакиси қолдиғини ташқарига улоқтиради. Оқибатда жазирамада қуп-қуруқ қовжираб турган ўт-ўлан бирдан лов этиб ёнади. Ёзда ана шундай ҳол икки-уч марта рўй берди. Овул одамлари кўмагида бир амаллаб оловни ўчирдик.

Мустафо Эгамқуловнинг куюнчаклик билан айтишича, чўл, ярим чўл ҳудудларидаги яйловлар, уларнинг ҳаётимизда тутган ўрни, мавқеи, аҳамияти борасида жамоатчилик дунёқараши ва билимини ошириш зарур. Ана шунда уларнинг табиатга, заминга етказаётган кулфатлари камайиши мумкин.

Яйловхўжа оға исмли чорвадор танишимиз билан Элликқалъа ҳудудидаги Қирққиз қалъаси қолдиқларини томоша қилдик. У ердан чиққач, қизиқ бир ҳолатга гувоҳ бўлдик: йўл четида баланд қилиб саксовул дарахтлари юкланган тўрт-бешта юк машиналари турарди.

— Билмадим, ақл-ҳуши жойида, она табиатга меҳр-муҳаббати бор инсон бундай ишга қўл урмайди. Аслида табиат бир турни яратиш учун неча юз йил сарфлашини ўйлаб кўриш керак. Шундай экан, бундай номаъқул ишга қўл урган кимсаларни асло кечириб бўлмайди, — дейди у. — Яна табиат қонуни ниҳоятда шафқатсиз эканини ҳам ёддан чиқармаслик керак.

Алал-оқибат шу атрофдаги ҳайвонот дунёсига ҳам катта зарар етяпти. Бу дарахтларга қушлар ин қуради, ўнлаб жониворларга макон бўлади. Шундай экан, саксовул дарахтларининг йўқолиб кетишига асло йўл қўйиб бўлмайди.

Оролқумда ўрмонзор

...Оролнинг қуриган тубида турибмиз. Ер қақраб, тарс-тарс ёрилиб кетган. Сал нарида туялар ўтлаб юрибди. Орол денгизининг қуриши оқибатида экологик нохуш вазият юз берган катта ҳудуддаги табиатни сақлаш, денгиз чекиниши туфайли пайдо бўлган майдонларга иқлимбоп дарахт ва ўсимликлар экиб, қум кўчиши, заҳарли чанг-тўзоннинг ҳавога кўтарилиши олдини олишдек муҳим ишларни ўрмончилар уддалаб келмоқда. Жуда катта майдонни эгаллаган Оролқумнинг асосий қисми мамлакатимиз ҳудудига тўғри келади. Бу улкан майдондаги қум кўчиши, чанг-тўзонларнинг осмонга кўтарилишининг олдини олиш ҳам тегишли ташкилотлар зиммасидаги вазифа ҳисобланади. Ана шу масъулиятли ва машаққатли юмуш билан асосан, Қорақалпоғистон Республикаси ўрмон хўжалиги бошқармаси шуғулланмоқда. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан барпо этилган саксовул, черкез, юлғунзорлар бир неча ўн минг гектарни ташкил этади. Саксовул уруғи сепилган ва қадалган майдонлардаги кўчатлар тезда бўй чўза бошлади. Орол денгизининг қуриган қисмида ўзгарувчан иқлим ҳукмрон. Ана шундай мураккаб шароитда ҳам қорақалпоғистонлик ўрмончилар «Битта кессанг — юзта эк», деган мақолга амал қилиб, тер тўкяпти. Лекин бу дарахтларни ҳам кесиб кетиш ҳолатлари барибир учрамоқда.

Илгари одамлар ерга саксовул уруғини сепиб, ортидан қўй сурувини ҳайдашар экан. Сурув оёғига илашган уруғлар узоқ-узоқ манзилларгача етсин деб. У ерларда ўсиб чиққан саксовул дарахти, чорвани тўйимли озуқа билан таъминлаган.

Бўри ҳамласидан ҳимоя

Навоий шаҳри марказидан Сарибел қоракўлчилик хўжалигигача бир юз ўттиз чақиримча масофа бор. Ана шу хўжаликдан ўтиб, Айдаркўлга яқинлашсангиз, қалин ўрмонни эслатувчи саксовулзорлар бошланади. Саксовул, айниқса, Боймурод, Учтепа, Ўтемурат, Керегетов сингари ҳудудларда жудаям қалин ўсган.

Маҳаллий халқ саксовулни асраб-авайлайди. Буни шу ҳудудда ўсган Рустем чўпон сўзлаб берган қуйидаги ҳикоядан ҳам билса бўлади.

— Бу ҳикояни отамдан эшитганман, унга эса бобом айтиб берган, — дейди суҳбатдошим. — Қаҳратон қиш кунларининг бирида Айдаркўл соҳилидаги чўпон отарига бўри оралабди. Чўпон отига сакраб минибди-да, ҳай-ҳайлаганча бўрилар ортидан қувибди. Натижада отардан узоқлаб кетганини сезмай қолибди. Буни сезган бўрилар галаси чўпонни ўраб олмоқчи бўлибди. Чўпон отини чоптириб, саксовул ўтини тўпланиб ётган ерга яқинлашибди. Ва дарҳол саксовулни ёқибди. Ўт гуриллаб ёниб, бўрилар чекинибди. Бу орада овулдагилар ҳам етиб келибди. Хуллас, чўпон саксовулнинг қуриган ўтини туфайли бир ўлимдан қолган экан. Шу-шу ота-боболарим саксовулни асраб-авайлаб келади. Умуман, Қизилқумда истиқомат қилаётган қариялар набираларига ушбу ўсимлик билан боғлиқ кўплаб ривоят ва афсоналарни сўзлаб беришади.

Ўрмончиларни анчадан бери оғриқли масала қийнамоқда. Бепоён саҳро бағридаги ўрмонзорлар чекиниб, саксовулзорлар кесилиб бормоқда. Айбдор — болта кўтарган инсон. Қолаверса, кейинги йилларда чўл ўтлоқларнинг ўзлаштирилиши туфайли саксовул, черкез, қандим, юлғун, шувоқ турлари ва бошқа ўсимликлар аҳоли, чўпон-чўлиқлар томонидан ёқилғи сифатида ишлатилмоқда. Бу ўта долзарб муаммонинг моҳиятини, сабабини, чўлдаги оддий одамдан тортиб, идорада ўтирган мутахассисгача тушунмоғи, кесилиб, ёқилаётган дарахтларни сақлаб қолиш учун оёққа турмоғи лозим.

Улуғбек ЖУМАЕВ,

«Оила даврасида» мухбири

Тошкент-Қизилқум-Тошкент




Ўхшаш мақолалар

Тил –  миллатнинг қалби,  тафаккурнинг жонли ифодаси

Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси

🕔09:19, 23.10.2025 ✔6

Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:

Батафсил
Беҳбудийнинг сўнгги васияти

Беҳбудийнинг сўнгги васияти

🕔15:48, 03.10.2025 ✔59

Жадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.

Батафсил
Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

Она мушук ва меҳр мўъжизаси

🕔15:48, 26.06.2025 ✔204

Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Тил –  миллатнинг қалби,  тафаккурнинг жонли ифодаси

    Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси

    Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:

    ✔ 6    🕔 09:19, 23.10.2025
  • Беҳбудийнинг сўнгги васияти

    Беҳбудийнинг сўнгги васияти

    Жадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.

    ✔ 59    🕔 15:48, 03.10.2025
  • Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

    Она мушук ва меҳр мўъжизаси

    Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

    ✔ 204    🕔 15:48, 26.06.2025
  • Тинчлик қадри  «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Тинчлик қадри «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 80 йил тўлди. Бу анча узоқ муддат. Бир инсоннинг умридай, эҳтимол ундан ҳам ортиқ. Лекин ўша машъум урушнинг мудҳиш асоратлари ҳали-ҳамон ўчгани йўқ.

    ✔ 261    🕔 15:27, 08.05.2025
  • Оилани  камбағалликдан  эркак  қутқаради

    Оилани камбағалликдан эркак қутқаради

    • Азим Тошкентнинг Олмазор тумани «Юқори Себзор» маҳалласида 83 ёшли, Ўзбекистон халқ устаси Маҳмуджон Мамажонов яшайди. Табаррук ёшда ҳам меҳнат қилишдан бир лаҳза тўхтамаган ҳунармад уста меҳнатга муҳаббати йўқ одамни бой яшашга рағбати йўқ одам, деб ҳисоблайди.

    ✔ 269    🕔 16:16, 17.04.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар