Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси
Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
БатафсилАзим Қашқа бўйидаги кўприк ёнида қад ростлаб турган савдо мажмуасига етмасдан, ҳамроҳим машина рулини ўнг тарафдаги йўлга бураркан, бироз ўйланиб, деди:
— Ука, билсангиз, мана шу йўлни бир пайтлар эсабойлик Ўнгбой ака қурдирганди. Қаранг, вақт дегани, умр дегани шамолдек сездирмасдан ўтиб кетар экан. У киши ҳозир ҳаёт бўлмаса ҳам, эл учун ўзидан хотира қилиб шу йўлни қолдириб кетди. Ўнгбой аканинг кекса онаси бор. Келинг, шу табаррук онахон билан бир суҳбатлашиб, дуосини олиб келайлик.
Мен рози бўлдим. Кўп ўтмай, машинамиз кун чиқарга қараб қурилган уйнинг дарвозаси ёнида тўхтади.
Ичкаридан овоз эшитилди.
— Келаверинглар, айланиб кетайлар, эшик очиқ, ит ҳам бойловли, невараларим мактабга кетишган, келаверинглар.
Момо билан кўришиб, ёнидан жой олдик.
Момомиз ҳам зерикиб ўтирган экан чоғи, суҳбатдош топилганидан хурсанд бўлиб деди:
— Мендек эзма кампирни йўқлайдиганлар ҳам бор экан-да, энди нима қилайин, невараларимни боврималлаб ўтирибман.
Бу ёғини сўрасангиз, отим Хосият, ёшим саксондан тўрт ёш ўтган. Аслим Сортўлдилик. Отамни Хушбоқ чавандоз, энамни Норбуви деб чақиришган. Мен кенжаси. Бу томонини айтсам, тўримдан, гўрим яқин. Невараларга юк бўлиб ётибман. Ишқилиб, шуларим тепиб-тепкилаб кўмишсин-да...
Ҳали зўрсиз, дедингизма, қаёқда. Зўрлиғим қолдима, ёшлигимда зўр эдим, урчуқ ийирардим, қўша-қўша туя, бия, сигирларни соғардим. Куви пишардим. Гилам, жулхурс тўқирдим. Ҳозирги ёшлар буни қаердан ҳам билсин. Бу ёғи оёқ қурғур чўлоқ-мертик бўлса. Оёғимни Ўктамжон ўғлимнинг боласи шуйтиб кетди, айланайлар... Бунга уч йилча бўлди. У пайтда болагина эди. Қучоқлаб ётувдим. Ярим кеча уйғониб, «шамоллайман», деди. Супадан тушаятиб сирпаниб кетдим. Оёғим синди-қўйди. «Хундорим сен бўлдинг», дедим. Норасида гўдак-да, ниманиям биларди. Ишқилиб, шулар омон бўлсин. Бола-чақа билан ҳаёт дегани қизиқ-да, айланайлар. Бовани гапиринг, дедингизма, бовам раҳматли иккам саксон ёшида ташлаб кетди-да... Нима, дунёга устун бўлармиди? Ёмон яшамади, иймонини берсин. Эй, айланайлар, одам боласининг қисмати шу экан-да... Яратганнинг олдида подшоям, гадоям бир-да.
Энди ўзимдан айтсам, ўн олтимда Абдусамад деган дўхтир жигитга эрга беришди. У пайтларда ирим шундай эди-да... Куёвди чимилдиқда кўрарди келинчаклар. Бовангиз қорувли, келбатли жигит экан.. Юрагим жиз этиб кетди. Муҳаббат деганлари шу бўлса керак-да... Шунча йил бирга яшаб, ҳеч сен-менга бормадик. Аҳил-тотув яшадик. Дайравот тарафда ўша йилларда бовангиз билан Можор қишлоғидан бўлган Кенжа Азизовдан бошқа дўхтир йўқ эди. Кеча-кундуз уйимиздан дардига даво излаб келганларнинг кети узилмасди. Тағин мақтаяпти деманг-у, Абсам дўхтир десангиз, етти яшардан етмиш яшаргача танирди. Ўзиям ғайрати ичига сиғмаган одам эди-да, раҳматли. Яна денг, оилам, бола-чақам деб ўзини ўтгаям, чўққаям ураверарди. Билмаган иши йўқ эди. Деҳқончилик, чорвадан яхши хабардор, яна дарёдан балиқ овлашга қизиқар, уста Абди деган овчи билан ошна эди. Қариндош-уруғ, дўст-биродар, эл учун куйиб, қайғуриб юрарди. Айтгандай, бовангиз қишлоқдаги қабристонни аввалига ўзи чим девор билан ўради, кейин деворлар нурагач, темир панжара билан ўраб чиққанди.
Бовам билан рўзғор тикиб, оз эмас, кўп эмас, ўн олти бола кўрдик. Тўртови бизга ато қилмади. Ўн иккисини асраб қолдик. Сизларга айтсам, тўнғичимиз Ўнгбой бошқача эди. Буни қаранг, раиснинг, ферма мудирининг боласи қолиб, оддийгина қишлоқ дўхтирининг боласи мактабни олтин медаль билан битириб, олийгоҳда ўқиса-я?! Ўша пайтда ҳам озгина ҳақиқат бор экан. Бўлмаса, жўжабирдек жон эдик. Ахир, ўн икки болани едириб-ичириш, тарбиялаш ҳазил гапми? Ўғлимиз ўқишни тугатиб, Қамашидаги йўлсозлик идорасида муҳандис, бошлиқ бўлиб ишлади. Найлай, боламнинг умри қисқа экан, қирчиллама жигит ёшида, айни болаларининг камолини кўрадиган пайтда бизни ташлаб кетди. Ўнгбойимдан қора бўлиб тўрт ўғил, тўрт қиз қолди. Илойим, отаси кўрмаганларни болалари кўрсин.
Айтгандай, Бойбўри, Эсабой, Қозоқ қишлоқларини туташтирувчи йўлни Ўнгбой Юсупов қурганини одамлар ҳалиям тўй-маъракаларда айтиб юришади.
Иккинчим Ўктам ҳам китобнинг, илмнинг шайдоси, ишқибози бўлди. Ёшлигидан мелиса бўламан, деб юрарди. Акасининг изидан бориб, у ҳам мактабни олтин медаль билан битирди. Кейин Тошкентда ҳуқуқшуносликка ўқиди. Отаси билан икковимиз бирорта шаҳарлик қиз қошини кериб, кўзини сузиб, бошини айлантирмасин-да, деб, тонг отгунча ўйлаб чиқардик. Кейин қишлоқдан муносиб қиз топиб, уйлаб қўйдик. Ҳозир бир ўғил, икки қизи бор. Қизининг каттаси бу йил олийгоҳ талабаси бўлди.
Ўктамжон ўқишни тугатиб, қўшни вилоят — Сурхондарёнинг Термизига кетди. Елкасидаги пагони шундай ярашиб туради, ўғлимнинг.
Бехосдан момонинг чўнтагидаги телефон овоз берди. Момо шошилиб тугмани босди.
— Ўктамжон, сенмисан, товушингдан айланиб кетай, болам, келиним, болаларинг яхшими? Сизларни соғиниб кетдим. Иш кўп, дейсанма? Нима, шу иш деганинг энангданам азизма?! Айтгандай, бойбўрилик Сарман мелисани танийсан, ўша аканг бир ёзувчини эргаштириб келиб, гапимни ёзиб ётипти, китобга чиқараймиш.
Ниҳоят, момонинг телефони ўчди.
— Ўғлим ҳукуматнинг одами-да, мажлиси бор экан.
— Қизларингизни ҳам айтинг, — дедик.
— Қизларни ёзиб нима қиласизлар, қиз дегани каттарса, бировники бўлади. Ҳай, майли, уларам болам-да... Шу қурғурлар ҳам энасининг орқасидан бир керилса, керилсин. Каттасининг оти Садаф, сўнг Сайёра, Гулнора, Озода, Муҳаббат, Мақсуда, Жонгул, Адолат, Насиба, Мўътабар. Ўнта бўлдима-йўқма?
— Бўлди.
— Бирда ҳисоблаб чиқувдик. Набиралар қирқ саккизта, чеваралар йигирмата бўпти. Айтгандай, Озода билан Муҳаббат отасининг қўлини олишиб, шифокор бўлишган. Бариси ўзларидан кўпайиб кетишган. Бир хилларини момо демаса, танимайман. Энди бу ёғи қаричилик-да, болам...
Ишқилиб, юртимиз тинч, биздек кексаларни эъзозлаётганлар омон бўлсин. Буни қаранг, қишлоғимизда ҳар куни икки, учта тўй бўлаяпти. Атайлаб айтиб кетишади. Аввалгидек жоним бўлса экан, тўйлаб юрсам. Ичим қизиб, келин-куёвларни миндириб ўтаётган мошинларни томоша қилгани кўчага чиқаман. Пешонаси беш қарич жигит-қизларга ҳавасим келади, Яратгандан шундай омон-эсон кунларга етказганига шукроналар қиламан.
Ниҳоят Хосият момо билан хайрлашдик. Йўлда кетарканмиз, ҳамроҳим деди:
— Ажойиб момо экан, шундайми?
— Онамга ўхшаркан...
— Менга ҳам онамни эслатди.
Ҳамроҳим ёшланган кўзини енги билан артди.
Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
БатафсилЖадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.
БатафсилҲар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.
Батафсил