Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси
Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
БатафсилИқтисод фанлари доктори, профессор Мамаюнус ПАРДАЕВ ва журналист Фармон ТОШЕВнинг ушбу суҳбати бизга ноодатий туюлди. Мулоқот суҳбатдошлар томонидан йиллар давомида «ён дафтар»га ёзиб юрилган, «Қайдлар» рукнида чоп этилган китобчалардаги нуқтаи назарлар асосида бўлиб ўтган. Бу суҳбат ҳар биримизни дунёга чуқурроқ, теранроқ қарашга ундашини ҳисобга олиб, уни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.
Мамаюнус ПАРДАЕВ: Инсон ўз ҳаётида нимани йўқота олмайди?
Фармон ТОШЕВ: Эришилмаган нарса ва мартабани йўқотиш мумкин эмас.
М.П: Буюк аждодларимиздан нима фарқимиз бор?
Ф.Т: Улар тахаллусни ўзи туғилиб ўсган маскан номидан олишган, биз эса номимизни кўча ва маҳаллага қўймоқдамиз.
М.П: Севгида ҳам математик амаллардан фойдаланилади, деган гап бор.
Ф.Т: Тўғри, фақат бўлиш амалидан бошқасидан фойдаланилади.
М.П: Илон нега заҳар тўплайди?
Ф.Т: Ўзидан бошқа йиртқичлар борлиги учун.
М.П: Ёлғон гапиришимизнинг сабаби нимада?
Ф.Т: Рост гапимиз йўқлигида ёки ёлғон сўзлашнинг осонлигида.
М.П: Безовталик кўпроқ кимларга хос?
Ф.Т: Аламзада, ўчакишувчи кишиларга, аламини олмагунча уларнинг кўнгли тинчимайди.
М.П: Моддий ва маънавий қашшоқликнинг фарқи нимада?
Ф.Т: Қорни оч одам емак сўрайди, маънавий қашшоқ эса обрў, иззат талаб қилади.
М.П: Бировга ҳаводан ташқари ҳам текинга бериладиган мулк борми?
Ф.Т: Бор, у — СЎЗ.
М.П: Ўзини билган ким?
Ф.Т: Кўнгилнинг қули.
М.П: Ўзини билмаган-чи?
Ф.Т: Нафсининг қули.
М.П: Олманинг тагига олма тушади, деган қоида ростми?
Ф.Т: Рост, фақат чириган олма ҳам шу дарахтнинг тагига тушади.
М.П: У дунёда дўзахга тушмаслик учун нима қилиш керак?
Ф.Т: Бу дунёда дўзахдан қўрқиш лозим.
М.П: Коррупцияни йўқотишда қонун муҳимми ёки ошкоралик?
Ф.Т: Ошкоралик. У бўлмаган жойда қонун ишламайди.
М.П: Инсон ҳаётда доимо кимгадир суяниб яшаши керак, деб ўйлайсизми?
Ф.Т: Ҳа, фақат қачон, кимга, нима учун суянишни билиш лозим.
М.П: Демак, суянган одам ютади.
Ф.Т: Эҳтимол, умуман бировга суяниб ўрганган одам кейинчалик тиргаксиз яшай олмайди.
М.П: Яхшиларнинг кўзга ташланиши учун не керак?
Ф.Т: Ёмонларнинг ўзи етарли.
М.П: Зиёли учун энг катта гуноҳ нима?
Ф.Т: Ўқишга вақт топмаслик.
М.П: Жавонда ўқилмай турган китобларни қандай изоҳлаш мумкин?
Ф.Т: Маънавий қашшоқликнинг жонли кўриниши.
М.П: Фаолликка рағбат керакми?
Ф.Т: Ҳа, лекин у оқилга кўрсатилса масъулияти ошади, нодонга кўрсатилса кеккайиб кетади.
М.П: Ёш боланинг шўхлиги учун қайси жазо чораси маъқул?
Ф.Т: Уни фикрлашга, ўқишга жалб этишдир.
М.П: Инсон қачон нафсга қул бўлиши мумкин?
Ф.Т: У ўз эҳтиёжини бошқара олмаса.
М.П: Иқтидор ҳам сўниши мумкинми?
Ф.Т: Ҳа, у эгаси томонидан эътироф этилса.
М.П: Виждон қачон кўзга ташланади?
Ф.Т: Фақат пушаймон қилганда.
М.П: Фарзанд тарбиясида энг мақбул усул нима?
Ф.Т: Шахсий ибрат.
М.П: Оила қачон бузилади?
Ф.Т: Эр хотинга мулозамат қилмаса, хотин эрга итоат этмаса.
М.П: Жамоани ўз ортидан эргаштириш учун нима қилиш керак?
Ф.Т: Олдин унга итоатгўй, сўнгра қул бўлиш лозим.
М.П: Раҳбар учун энг хавфли иллат нима?
Ф.Т: Ўзини ҳаммадан ақлли билиш.
М.П: Қобилиятсиз болалар ҳам бўлиши мумкинми?
Ф.Т: Йўқ, эътиборсиз, фаросатсиз ота-она бўлиши мумкин.
М.П: Ёмон асарнинг ҳам ўқувчиси бўладими?
Ф.Т: Ҳа, у муаллифнинг ўзи.
М.П: Маънавиятдаги энг хунук ҳолат нима?
Ф.Т: Тўйхона, базмгоҳларнинг кутубхонадан салобатли, чиройли бўлишидир.
М.П: Одамларни неча ёшигача тарбияламоқ лозим?
Ф.Т: Ёшлигида вояга етгунича, ёши ўтгандан кейин умрининг охиригача.
М.П: Иккиюзламачида иккита юз борми?
Ф.Т: Йўқ, аслида унда юз бўлмайди.
М.П: Тарафкашлик ва гуруҳбозликнинг сабаби нимада?
Ф.Т: Ожизликда.
М.П: Тафаккурни нима чиниқтиради?
Ф.Т: Фақат тафаккур.
М.П: Инсоннинг асл қиёфаси қачон кўзга ташланади?
Ф.Т: Зўриққанда, жаҳли чиққанда.
М.П: Танқиднинг ҳам яхшиси борми?
Ф.Т: Бор, тушунган одамга киноя қилишдир.
М.П: Ҳамма нарсани синовдан ўтказувчи унсур нима?
Ф.Т: Сабр ва яна сабр.
М.П: Қайнота ва қайнонанинг янги келин олдидаги бурчи нима?
Ф.Т: Уни янги муҳитга шахсий ибрат орқали кўниктириш.
М.П: Улфатчилик фойдалими?
Ф.Т: Йўқ, у меҳнат қилиш қобилиятини сусайтиради. Улфатчилик — дўстлик эмас.
М.П: Фаросат муносабатда шаклланадими?
Ф.Т: Йўқ, у қондан ўтадиган мерос, шу боис у баъзан илмли кишида ҳам бўлмаслиги ёки аксинча, илмсиз кишида ҳам бўлиши мумкин.
М.П: Мақтов, ҳамду сано нима?
Ф.Т: Бизга тезда таъсир этувчи, вужудга хуш ёқувчи, лекин секин-аста кўзни хира, онгни карахт қиладиган доридир.
М.П: Пулни исроф қилиш қашшоқликка, сўзни исроф қилиш аҳмоқликка олиб келади. Вақтни исроф қилиш-чи?
Ф.Т: Ном-нишонсиз яшашга.
М.П: Ҳаётда кўпчилик ўйлаб кўрмаган ўхшашликларга мисол айта оласизми?
Ф.Т: Нодон мутахассис музейдаги экспонатга, танбал тиланчига, бемаврид гапирувчи эзмага, хотиржамлик бепарволикка ўхшайди.
Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
БатафсилЖадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.
БатафсилҲар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.
Батафсил