Карлос МУРСИАНО,

Испания

Йўловчи қарағай дарахтлари орасидан ўтган ёлғизоёқ йўлда тупроққа ботиб борарди. Дарахтларнинг бир-бирига чирмашиб кетган шох-шаббалари орасидан ботаётган қуёшнинг толиққан нурлари аранг ўтиб турибди.

ҚАЙТИШ

Киши қоя устига қурилган, ортида денгиз ястаниб ётган ва шу топда ботаётган қуёшнинг қизғиш нурларида чарақлаб турган кичкина, пастқам уйга яқинлашгани сайин тупроқ тубсиз ҳамда ёпишқоқдек туюла бошлаганди. Оёқлари ерга таянч излаганча чуқур кириб кетар, тобора қадам олиши оғирлашиб олдга силжиётган эди. Дарахтлар сийраклашгач, юриш бироз енгиллашди. Энди ишонч билан эркинроқ ва тезроқ одимлаш мумкин. Уйдан бир неча қадам нарида йўловчи тўхтади: шундоқ рўпарасида уйнинг қуёш нури ёритиб турган томонида қуриб-чатнаб кетган қайиқ турарди, эшкаклари бўлса ёнида бир-бирига чалкашиб ётибди, эски узун ўтирғич янги бўёқдан чиқарилган. Пастда эса — денгиз, ҳадсиз-ҳудудсиз, беором, кумушранг кўпикларга беланган тўлқинларнинг шовқини эшитилади. Ана қаранг, балиқчи қушнинг қанотлари қуёш нурида ялтиллаб кетди, у тумшуғида балиқча йилтиллаб кетмагунча бир неча бор шўнғиди. Уфқ тепасида пайдо бўлган, аранг кўз илғагули туман тутуни роса пишиб етилган сарғимтир қуёшни секин чулғаб ола бошлади. Тун ташриф буюраётган эди.

Йўловчи уй эшигининг олдига келди-да, тўхтаб қолди. Очиқ эшикдан у хотинини кўрди. Аёли печка олдида тиз чўкиб олганча олов ёқаётганди. Аммо у ортидан кимдир кузатиб турганини хаёлига ҳам келтирмасди. Киши тез кўз югуртириб, таниш уй анжомларига бир-бир қараб чиқди: ана, оқ ёрқин гулли эмал кастрюл, мана, эски йил тақвимидан йиртиб олинган сурат, печ устидаги қозон қайнаб турибди, қумғондаги сув ҳам ҳуштак чалишга ҳозирлик кўриб биғиллай бошлади... Мана, уларнинг тахтаси униқиб кетган ётоқлари, у ҳар бир буюмни биттаям қолдирмай нигоҳидан ўтказишда давом этди — бу усти пластмассадан қилинган стол, учта тўқима стул, эски каравот. У шундагина тилга кирди:

— Хотин…

Аёл худди бир жойини куйдириб олгандек сапчиб тушди. У шундоқ ўгирилганди, кўз олдида номозшомнинг бўзрайган алвонранг шафағида эркак кишининг қадди намоён бўлди. Аёл қўлларини тутма этагига артганча эшикка секин яқинлашди. Эркак унинг елкаларидан қучоқлаб олди, аёлнинг паттайган қуюқ сочлари елкаларига тўшалиб турар эди. Иккисининг нигоҳлари бир зум бир-бирига қадалди. Аёл эркакнинг кўзларида ғамбодалик сасини ва ҳадсиз чарчоқни англади. Эр эса аёлининг кўзлари тубида яширин оғриқни кўрди, бироқ ожизанинг кўзида қуёш нурлари аксланди чоғи, оғриқ сўнганга ўхшади. Эркак ўзини стулга ҳорғин ташлади, суяниб олди, аёл эса тараддудланган куйи печ томон ўгирилди, тутиб олган этагини ечди, бир шиша вино ва стаканни олди. Каравот устида турган тўқима саватчани олди ва секин эрининг олдига — столга қўйди. Эркакнинг нигоҳи пишиллаганча маза қилиб ухлаб ётган чақалоққа тушди. У эҳтиёткорлик билан бола томонга эгилди, у болага тегиб кетиш ёхуд унга чанг юқтиришдан чўчиётгандай эди. Бошқа қўли худди олдидан рўёни ҳайдамоқчи бўлгандек серманиб кетди, томоғи хиппа бўғилгандай бўлди ва хирилдоқ овозда деди:

— Қизми?

— Ўғил, — жавоб қилди аёл. Она дастлаб боласига, сўнг эрига нигоҳ ташлаб қўйди, эри титроқ лаблари билан чақалоқнинг пешонасидан оҳиста ўпди.

— У сени опкетишгандан олти ой ўтгач туғилди, — деди аёл саватни жойига қўяр экан.

Эркак қоп-қора қуюқ соқолларини силаб бироз турди-да, шишани олди.

— Ҳадемай икки йил бўлади, — деди аёл ғамгин ва сокин овозда. — Сенгаям осон бўлмагандир?

Эркак худди сўқир кўздек бўшлиққа нигоҳ ташлаган куйи, саволни эшитмагандек деди:

— Сенга буни тушунтириб бўлармикан, ҳеч нима ҳақида, ҳеч нима билмаслик. Ҳеч нима! Батамом! На менсиз ўзингни уддаляпсанми ва на боламиз туғилдими, йўқми. Уч йил ўтирасанми, камроқми. Денгизни кўрмаслик. Қамоқхона девори-ю, соқчиларнинг милтиқларидан бошқа ҳеч вақо, фақат бир хил башаралар. Ҳар куни, доим — жазирама ёзми, қаҳратонми, ёмғир уриб турибдими. Баъзан сўроққа чақириб қолишади. Ҳаммаси мендан хуфиёна моллар тўғрисида сўрашади. Яширинча иш қилгувчи олчоқлар билан қай йўсин боғлиқлигимни сўрашади. Систога дуч келган кунимга минг лаънат. Сўроқда унга мен айтар эдим: «Худо хайрингизни берсин, гапимга қулоқ...» У бўлса: «Менга худо хайрингизни демагин!» Мен эсам: «Қулоқ солинг ахир, мен хуфия иш билан шуғулланувчилардан эмасман, мен балиқчиман, холос. Мендан ул-бул нарсаларни етказиб қўйишни илтимос қилишганди, холос». Барака топгур бўлса: «Сен ялангоёқлар ҳамиша ўзларингни оппоққина қилиб кўрсатасанлар», дейди. Мен бўлсам, ялинаман: «Бироқ марҳаматли жаноб, хотиним бир ўзи қолиб кетди, бунинг устига, оғироёқ». У бўлса, писанда қилади: «Парво қилма, ўзига бошқа доя топиб олади. Сен валангсаланг яхшиси, ҳамтовоқларингнинг исм-шарифларини айт, тушундингми? Исм-шарифларини!» Мен дейман: «Мен Систодан бошқа бирор кишини танимасам, унинг ўзи эса мендан аввал ўтирган бўлса». Билсанг эди, бундай жойда абадий қолиб кетиш қанақалигини, аввалига сени бу ерга қачон олиб келишганини унутасан, сўнг бугун қайси кунлигини билолмайсан, кейин март ёки йигирма саккизинчиси деган луқмалар қулоғингга чалинади-ю, бироқ бунинг сенга фарқи қолмайди. Мени ҳамма овутиш пайида: «Бунча қисинмасанг, муҳлатинг кўз очиб-юмгунча ўтади-кетади! Икки-уч йил ҳам гапми!» Хўш, икки ёки уч йил кутиш нима эканини тасаввур қила оласанми?

Эркак мажолсиз бир алфозда букчайиб, жим бўлиб қолди. Аёл гапира бошлади:

— Тушунаман, — аёл эркакнинг қўлидан шишани олиб стаканга вино қуйди. Эркак қизил винони сипқориб ичди-да, ҳузур қилиб оғзини чапиллатиб қўйди. Сўнг сўради:

— Хўш, ўзинг бу ерда менсиз қийналиб қолмадингми?

— Уканг Тео ёрдамлашди. Балиқ келтириб турди. Жазирама кунларда уйдаги ишлар ҳам етарли эди. Балки, яна ичарсан?

Эр хотини олдига қўйган товоқчадаги овқатдан бир неча қошиқ ичди, хўрсиниб деди:

— Эртага денгизга чиқаман...

— Ҳали денгизга йўл бўлсин! Қайиқни бўяшинг керак, тўринг ҳам илма-тешик бўп ётибди. Тео билан бир маслаҳатлашиб кўр.

Эркак стакандагини бир кўтариб бўшатди-да, ўринга чўзилди.

— Ҳа, маслаҳатлашиш керак, — деди уйқусираб ва ўринга чўзилиб бирпасда донг қотиб ухлаб қолди.

Аёл оёқ сасини ҳам чиқармаслик учун хона бўйлаб оҳиста одимлаганча ўз ишларига уннай бошлади. У аввалига эрининг олдига боя қўйган товоқдаги овқатдан тотинган бўлди, ўзига винодан қуйди, ичди. Идишларни йиғиб печкани ёқди. Чақалоқ уйқусида нималардир дегандек ғингшиниб қўйди-да, яна тин олди. Аёл ухлаб ётган эрининг ҳорғин юзига термилиб ўтирарди. У гўё эрининг барча ғам-андуҳларига садаға бўлмоққа шайдек меҳрга йўғрилиб ўтирарди. У девордаги кўзгуни олиб ташқарига чиқди. Қуёш аллақачон ботган ва олтин баркашдек ой осмонда ялтиллаб, денгизда аксланиб, қарағайларнинг тепасига келганди. Ҳов, нарида, кўз илғар-илғамас масофада инига кечиккан ўрдаклар осмонни тилимлаб учиб борарди. Аёл кўзгуга назар ташлади, қадоқ бўлган бармоқлари билан дағал тусга кирган юзини, ғира-ширада зўрға кўриб турган ёноқлари ва қовоқларини силади, лабларига зеҳн солди, бармоқларини лабида ҳўллаб, қуюлиб тушган сочларини тўғрилаган бўлди.

Бола ғингшиди. Аёл уйга кириб уни кўтариб олди-да, яна ташқарига чиқди. Бола ялтироқ ойнинг сўлим нурларида кўзларини пирпиратиб яна жим бўлди. Денгизнинг силлиқ сатҳида соҳил томон бир қайиқ интилмоқда, оқшом нурларида балиқчининг қадди кўзга ташланиб ҳам қолади. У эшкакларининг маромида тебраниб келяпти. Қаердадир қайинлар орасида аллақандай қушнинг сайраши эшитилди. Аёл боласини бағрига босиб тураркан, ҳа, бу ҳаёт барибир яшашга арзийди, деган хаёлга борди. Уни бахт шуури аллалаётгандай эди. Мана, ёри келди, энди у ҳар оқшом уни эркалайди, сочларини силайди, тонгда эса яна у қайиғини денгиз томонга сургайди. Қўлини бахтига тўймайдиган ошиқдек силкитганча уфққа си­нгиб кетади ва қош қорая бошлаганда бояги балиқчидек офтобда қорайганча, чарчаган ва бахтиёрона бир қиёфада ов билан соҳилга оёқ босади. Аёл боласини қўлида кўтарганча, уйнинг олдида соҳилга қаратиб қўйилган ўриндиққа ўтирди, қарағайзорда яна беором, ёлғизланиб қолган сайроқи қушчанинг ёқимли саси кела бошлади.

1971 йил.

Рус тилидан

Маҳмуд БЎРОН 

таржимаси  




Ўхшаш мақолалар

Тил –  миллатнинг қалби,  тафаккурнинг жонли ифодаси

Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси

🕔09:19, 23.10.2025 ✔6

Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:

Батафсил
Беҳбудийнинг сўнгги васияти

Беҳбудийнинг сўнгги васияти

🕔15:48, 03.10.2025 ✔59

Жадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.

Батафсил
Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

Она мушук ва меҳр мўъжизаси

🕔15:48, 26.06.2025 ✔204

Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Тил –  миллатнинг қалби,  тафаккурнинг жонли ифодаси

    Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси

    Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:

    ✔ 6    🕔 09:19, 23.10.2025
  • Беҳбудийнинг сўнгги васияти

    Беҳбудийнинг сўнгги васияти

    Жадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.

    ✔ 59    🕔 15:48, 03.10.2025
  • Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

    Она мушук ва меҳр мўъжизаси

    Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

    ✔ 204    🕔 15:48, 26.06.2025
  • Тинчлик қадри  «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Тинчлик қадри «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 80 йил тўлди. Бу анча узоқ муддат. Бир инсоннинг умридай, эҳтимол ундан ҳам ортиқ. Лекин ўша машъум урушнинг мудҳиш асоратлари ҳали-ҳамон ўчгани йўқ.

    ✔ 261    🕔 15:27, 08.05.2025
  • Оилани  камбағалликдан  эркак  қутқаради

    Оилани камбағалликдан эркак қутқаради

    • Азим Тошкентнинг Олмазор тумани «Юқори Себзор» маҳалласида 83 ёшли, Ўзбекистон халқ устаси Маҳмуджон Мамажонов яшайди. Табаррук ёшда ҳам меҳнат қилишдан бир лаҳза тўхтамаган ҳунармад уста меҳнатга муҳаббати йўқ одамни бой яшашга рағбати йўқ одам, деб ҳисоблайди.

    ✔ 269    🕔 16:16, 17.04.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар