Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси
Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
БатафсилРичард ХАРДВИК
Жером Стэйли учун бу одатдаги юмуш эди. Аммо ёзишмалар бошланиши билан Вероника уни ҳайрон қолдирди. Аёлнинг мактубларида нолиш, норизоликдан асар ҳам йўқ эди.
Бошқа аёллар эса ёлғизлигидан, зерикаётганидан шикоят қилишар эди. Стэйли бундай мазмундаги мактубларга ўрганиб қолганди. Вероника умидсизликка тушадиганларга ўхшамасди. Улар танишганига ва ёзишмаларни бошлашганига нақ икки ой тўлганида Вероникадан оташин изҳорли жавоб мактубини олди. Унда қуйидаги сўзлар битилганди «...Азизим Жером! — деб ёзган эди у навбатдаги хатида. — Мен ҳам худди сизга ўхшаб ёлғизликка ўрганиб қолдим. Сизнинг Эднангиз оламдан ўтганига икки йил бўлибди. Жеймс мени ташлаб кетганига ҳам мана бир ярим йил бўляпти. Қийналиб юрмай десангиз, тақдирга тан бериш керак экан. Нима ҳам қилардик, уларнинг насибалари шу ерга келганда узилган экан-да! Аммо сизнинг тасалли мактубларингиз юрагимда аллақачонлар ўчиб кетган деб ўйлаган умид учқунини яна алангалатиб юборди. Тақдир инояти бизни шу клуб орқали учраштиргани учун шукроналар бўлсин...»
Жером кулиб қўйди, сабаби унинг жавоб мактуби Вероникада шундай туйғулар уйғотиш мақсадида ёзилган эди. Тўғри, биринчи хати бироз қисқароқ ёзилганди. Чунки аёл киши расмий манзиллар орқали эркаклар билан танишишдан уялади-да. Манзил «Катта ва кекса ёшдаги дўстларнинг танишув маскани» деб номлангани ҳам Стэйлининг ғашини келтирди. Унинг фикрича, танишув манзили номини ўзгартириши керак. Йўқса, у мижозларидан тез кунларда бирма-бир айрила бошлайди. Жером Стэйли касби бўйича психолог эмасди, шунчаки унга «лақма бойвучча хонимларнинг бошини айлантириб, пулини шиладиган қаллоб, фирибгар» деган ёрлиқ роса мос тушарди. Аммо шахсий тажрибасидан билардики, ҳафсала билан ҳаракат қилинса, аёлнинг уятчанлигини енгиб ўтса бўлади. У одатда мижозларига иккинчи мактубини уларни юмшоқлик билан тинчлантириш, шубҳаларини йўққа чиқариш мақсадида ёзарди. Мана, бу гал ҳам номаси нишонга тегибди. Учинчи мактубида Стэйли одатдагидек ўзаро учрашиши мумкинлигига ишора қилди. У ўз мактубида инсон туйғуларини ўйинчоқ қилмаслигини ғоят эҳтиёткорлик билан изҳор этишга ҳаракат қилгани сайин, айни пайтда ўртадаги масофа олислиги, муайян муаммо туғдиришини афсус билан қайд этди. Вероника ҳам ўз ўрнида жавоб хатида учрашишга умид билдирди. Уларнинг мактублари энди: «Севгилим Жером!», «Азизам Вероника!» деган жумлалар билан бошланарди. Иккови ўзаро суратлар алмашишди.
«...Азизам Вероника! Стэйлининг ўзи буюк санъат намунаси деб ҳисоблаган олтинчи мактуб узоқ давом этаётган интизорликка якун ясаши керак эди. Мана, суратингизга тикилиб ўтирибман. Руҳимни ажиб туйғулар чулғаб олган. Уларни фақат илк бор севиб қолган йигитчагина англаши мумкин. Ҳа, бу айнан севги туйғусидир! Уни бошқача атасам, ўзимни алдаган бўлардим. Афсуски, мен бахтли кунлари энди келадиган ёш бола эмасман. Биз ҳозир шундай яшаяпмизми, демак, секин ҳаракат қилишимиз йўқотиш билан баробар. Кишининг севгилисидан узоқ масофада яшаши бу унинг умуман яшамаётганидан далолатдир! Хуллас, Вероника, ҳузурингизга қараб учяпман. Чоршанба куни тушдан кейин соат кундузги бешларда ёнингизга етиб бораман. Агар ташрифим қайсидир жиҳатдан сизга малол келса, илтимос, дарҳол хабар қилинг. Кучли муҳаббат ва юксак ҳурмат билан Сизнинг Жеромингиз...»
Аёллар бундай мактубларни авайлаб-асраб, ўраб-чирмаб минг йиллаб сақлашини у жуда яхши биларди. Мактуб жўнатилганидан роса уч кун ўтгач, Вероника уни аэропортда кутиб олди. Аёлни кўриб Жером ҳанг-манг бўлиб қолди. Одатда, хат орқали танишган аёллари унга юборган суратларига қараганда анча хунук бўлишарди. Сабаби, сураткашлар мижозларини чиройли кўрсатиш учун бор ҳунарини ишга солишарди. Аммо Вероника ёшига нисбатан жуда гўзал эди. Ҳатто, соч турмаги ва қомати ҳам ўзига жуда ярашиб турар эди. Йиллар сурони унинг чиройига соя сола олмаганди.
— Жером! — деди аёл.
— Вероника! — деди бунга жавобан Стэйли.
— Менга худди узоқ айрилиқдан сўнг энди кўришиб тургандекмиз, — деди энтикканича аёл унга қўлини узатар экан.
— Менга ҳам худди шундай туюляпти, севгилим. Биз илгари фақат менинг орзуларим дунёсида учрашганмиз, — Жеромнинг оғзидан беихтиёр шу каломлар чиқди. Ваҳоланки, у умрида ҳали ҳеч кимга бунақа илиқ сўзлар айтмаганди. Энг қизиғи, бу гаплар чин дилдан айтилган, самимий сўзлар эди. Улар таксида кетишаркан бутун йўл бўйи бир-бирининг қўлларини ушлаб гаплашиб боришарди. Вероника ўзига тегишли бўлган хусусий меҳмонхонадан Жером учун алоҳида қулай ва шинам хона ажратиб қўйганди. Жером, албатта, Верониканинг илиқ кутиб олганидан мамнунлигини яшириб ўтирмади. Икки йил аввал Эдна вафот этгач, унга хотинидан 60 минг доллар мерос бўлиб қолган. Аммо ҳозир бу маблағ деярли тугаб бўлган эди.
— Ҳечқиси йўқ. Ҳар биримизга ҳам ўтмишимиз билан хайрлашиш осон кечмайди.
...Орадан икки ҳафта ўтди. Стэйли бу давр мобайнида анча ёшаргандек бўлди. Қадамлари шахдамлашди, лабларида кулги, кўзларида ўт пайдо бўлди. Вероника бирор ёққа кетганида унинг қайтишини сабрсизлик билан кутарди. Бир оқшом итальянча ресторанда шамлар ёғдусида овқатланиб ўтиришганида ниҳоят Вероникага жиддий тикилиб сўради:
— Азизам, бахтимиздан баъзан қўрқмайсанми?
— Тушунмадим, — хайрон бўлди аёл. — Одам ўз қўлида турган бахтидан ҳам қўрқадими?
Жером ғамгин жилмайди.
— Мен бахтлилигимизни уйлаб, негадир баъзан қўрқувга тушаман.
Вероника кулиб юборди.
— Илгари буни пайқамаган эдим ёки яқинда оила қурган киши қарий бошлайдими?!
«Эҳтимол, ҳақиқатдан ҳам ёшим таъсир қилаётгандир», деган гап ўтди хаёлидан. Сўнг ўйчан оҳангда деди:
— Ғалати-да, Вероника. Менинг ёшимда кишининг ҳаёт тарзидаги ҳар қандай, ҳатто яхши ўзгариш ҳам унга таъсир қилади, шекилли. Хуллас, бунга кўникиш ҳам осон кечмас экан. Вероника уни диққат билан тингларкан, энди кулмади, маъқуллагандек бош силкиб, идишидаги винодан бир-икки қултум ичар экан, бу хусусият ёшдан қатъи назар, кўпчиликка хос, деди. Кўз очиб юмгунча орадан бир ой вақт ўтди. Жером энди ўйланиб қолди, чунки бир ой одатда унинг белгилаган энг охирги муддати эди. Илгариги маъшуқалари бир ойдан ортиқ бир кун ҳам яшамаган эди. Йўқ, адашмаса, улардан бирига бу имконият насиб этганди. Унинг исми Матильда эди. Стэйли ўшанда ўткир тумовга чалиниб, кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолди. Бемор одамнинг ҳолидан кимдир хабар олиб туриши керак-ку! Шунда Жером тузалиши билан Матильда нариги дунёга равона бўлди. Вероника эса, мутлақо бошқача. У кундан-кунга гул-гулгун очилиб борарди. Орадан беш ҳафта ўтса ҳамки, Жером ундан халос бўлишга ўзини мажбур эта олмасди. Аёл унинг бўйдоқлик ҳаёт тарзига аралашмас, бундан ташқари, шунақанги мазали таомлар пиширардики, айниқса, ҳеч ким жўжа кабобни ҳатто тамаддихоналарда ҳам бунақа усталик билан пишира ололмасди. Баъзан Жером қизишган пайти: «Бўлди, эртагаёқ режамни амалга ошираман», деб ўзига-ўзи сўз берарди. Аммо эртасига ҳеч нима ўзгармасди. Улар ўртасидаги ўзаро яқинлик, илиқ муносабатлар чўзилгандан-чўзилиб борарди. Мусиқа тинглаётиб ёки китоб ўқиётиб, улардан бири қандайдир фикрни айтиб қоларди. Шунда иккинчиси яқинда мен ҳам худди шу ҳақида ўйлаб турувдим, деб ҳайрон бўларди. Айни пайтда эса эски одатларини қўмсаган Стэйли озод, эркин, мустақил бўлишга интиларди. Шундай чоғда унинг хаёлидан «Букрини гўр тузатаркан-да», деган ўй ўтарди. Гоҳо ўзини Вероника билан қаттиқ боғланмаганман, бу ришталар ҳам бошқалари каби ҳадемай узилиб кетади, деб ишонтирмоқчи бўларди. Аммо туйғулари, севгиси ҳам хавотири каби ошгандан ошиб борарди. Орадан икки ой ўтди.
«Бу ҳаётимнинг энг бахтли онлари бўлди, Жером, — дея тан олди бир куни Вероника. — Гўёки...». Стэйли газета ўқишдан тўхтади: «Гўёки нима?». Аёл бош чайқади: «Йўқ, шунчаки, ўзим. Биласан-ку, баъзан аёллар ғалати кайфиятга тушишади... Айтганча, бугун кечқурун концертга борамиз, эсингдами? Концертда Моцартни ижро этишади. Ахир, Моцарт жону дилим!»
Жером газетани тахлар экан, аста хўрсиниб қўйди, чунки у ҳам Моцарт симфонияларининг шайдоси эди. Ниҳоят, орадан мўлжалдагидан узоқроқ бўлган уч ой ўтгач, Стэйли энди қатъий ҳаракат қилиш кераклигини англаб етди. Акс ҳолда, Вероника ҳеч қачон жонига тегмас, иккаласи бир умр бирга аҳил-иноқ яшаб ўтиши мумкин эди. У Вероникани азбаройи яхши кўргани учун раҳм-шафқат кўрсатишга харакат қилди, токи севгилиси қийналмай бу дунёни тарк этсин. Ухлайди-ю, уйғонмайди, бундан ҳам осонроқ ўлим бўладими? Кейинги ҳафта улар яна концертга отланишди. Бу гал Бетховеннинг мусиқаларини тинглашди. Иккаласи ҳам бу бастакорнинг ашаддий мухлиси эдилар. Шу боис узоқ вақт яқинда эшитган мўъжизакор мусиқалари таъсирида бўлишди. Жером ана шу оқшом анчадан буён ўйлаб юрган режасини амалга ошириш учун қулай фурсат деган қарорга келди. У заҳарни ўтган ҳафта топиб қўйган эди, ҳозир эса Вероника ювинаётган маҳал чўнтагидаги заҳарнинг ҳаммасини вино тўлдирилган идишга бўшатди. Вероника одатда ухлаш олдидан асл мусалласдан бир финжондан ичар эди. Ювиниш хонасидан унинг хиргойиси эшитилиб турарди.
«Азизам, яхши кўрган мусалласингдан ичасанми?» — баланд овозда сўради Стэйли. «Ҳа, майли, концерт ажойиб ўтди, тўғрими, азизим?!». «Ҳа, нимасини айтасан, мусаллас олиб борайми, жонгинам?». «Майли, раҳмат. Шошма. Бугун ичмай қўя қолай, мусиқадан маст бўлганим етар, нима дединг?»
Бу жавобдан негадир Жэром енгил тин олиб, идишнинг қопқоғини ёпиб, биллур тиқинини тиқиб қўйди. Ахир, манфур режасини амалга оширишни яна бир кунгина орқага сурса, ҳеч нима бўлмас, бугун қандай бахтли кун ахир! Остонада тунги кўйлакда пайдо бўлган Вероника Жеромга қараб кулиб турарди.
— Эртага жўжа кабоб пишириб берайми? — нозланиб сўради Вероника.
— Қанийди, жонгинам, — деди Жером идишни ошхона жавонига қўяр экан. Яна йигирма тўрт соатдан кейин ҳаммаси тугайди, у ўзининг қачондан буён қўмсаб юрган одатдаги қари бўйдоқлик ҳаётига қайтади. Стэйли шу хаёллар билан Вероникани ўпиб қўйди. Вероника ҳам ўз ўрнида шундай самимий ва қайноқ бўса билан севгилисига жавоб қайтарди.
...Қабристондаги жазирама иссиқдан сўнг меҳмонхонанинг салқин ҳавоси унга жуда ёқди. Аммо нега руҳи сўлғин, ичига чироқ ёқса ёришмайди ёки хато қилиб қўйдими, балки ёши ўтиб бораётганининг таъсиримикан бу?! У билан ораларида шундай самимий яқинлик бор эди-я! Энди ҳаммаси тугади. Хайриятки, Жером ҳеч қийналмасдан жон берди. Энди афсусланишдан умуман фойда йўқ. Бизнес ўз номи билан бизнес. Ундан кўра, янги танишув ва янги мактубни тезроқ бошлаши керак. Ўтган сафарги мактубида янгича фикрлар, ёндашувлар пайдо қилган эди.
«...Ҳайронман, — дея хаёлидан ўтказарди Вероника юзидаги азадор қора тўрини очар экан. — Улар мен пиширган жўжа кабобни бунчалик ёқтиришмаса?». У ошхонадаги жавондаги идишдан олиб, ўзига бир қадаҳ мусаллас қуйиб, «Катта ва кекса ёшдаги кишилар билан танишиш» манзили орқали янги хушторлар билан танишиш учун янги мактуб ёзишга киришди. Фақат танишув клубининг номи ғалати-да, — мулоҳаза қилди Вероника финжондаги мусалласдан ҳўплар экан. — Аммо мусаллас ажойиб, фақат таъми хиёл ўзгарибдими...
Бу унинг сўнгги сўзлари эди. Чунки Жером кечқурун майга солиб қўйган заҳар ўз ишини қилганди.
Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
БатафсилЖадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.
БатафсилҲар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.
Батафсил