унга ёрдам берса бўлади
— Ўғлим 15 ёшда. Ўзига, қўлидан бирор нима келишига умуман ишонмайди. Дадилроқ бўлсин, деб спорт тўгарагига бердим.
Қатнашни бошлаган кунидан «Барибир мендан спортчи чиқмайди», дея ишончсизлик билан суст ҳаракат қила бошлади. Оқибатда ҳақиқатдан ҳам, машғулотлардан айтарли натижа чиқмади. Касб танлаш масаласида ҳам шу: бирор соҳа устаси бўла олишига ишонмайди.
Муқаддас ИМОМОВА,
Паркент тумани
— Ўсмирлик даврида ўз режалари ва қарорларидан иккиланиш ҳисси тез-тез учраб туради, — дейди Ўзбекистон психологлар ассосиацияси Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти бўлими раҳбари, психолог Шоира ИСОҚОВА. — Ўзига баҳо бериш болалик давридан бошлаб ривожланади. Вақт ўтиши билан бу баҳо у ёки бу томонга ўзгариши ҳам мумкин. Ўсмир ўзида катталарнинг ишончига эҳтиёж сезади. Катталарнинг унга таъсир кўрсатиши, тарбия бериши учун энг қулай шароит бу — умумий меҳнат билан шуғулланишдир. Агар кичик ёшдаги бола ёрдамчи бўлиш ролидан қониқса, ўсмир катталар билан тенг фаолият кўрсатиши, лозим бўлганда, улар ўрнига ишлай олишини кўрсатишга интилади. Шунинг учун боланинг катта бўлганини англаш, у билан жиддий муносабатда бўлиш ва унга масъулиятли ишларни топшириш лозим. Бу жараён ўзига бўлган ишончни оширишда муҳим роль ўйнайди.
Агар фарзандингиз ўзига ишонмаса, аввало, у билан шу масала ҳақида очиқчасига гаплашиб олинг. Ўзингиз ва оила аъзоларингизнинг унга нисбатан муносабатига эътибор беринг. Эҳтимол, унинг мустақил қарор қабул қила олмаётганига сиз сабабчидирсиз. Балки қийинчилик ва хавф-хатардан ортиқча ҳимоя қилаётгандирсиз. Ўзига бўлган ишонч туйғуси қийинчиликларни енгиб ўтиш жараёнида шаклланади. Унга қийинроқ вазифалар бериб, бажаришини илтимос қилинг. Кундан кунга зиммасидаги юмушларни қийинлаштириб боринг. Рағбатлантириб туришни ҳам унутманг. Бундай топшириқлар ўсмирда тажриба ошириш имконини туғдиради. Муваффақиятга эришиш — ўсмирнинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Ўсмир ота-онасининг унга муносабати ва эътиборидан келиб чиқиб, ўзининг ҳаётдаги ўрни қай даражада эканини баҳолайди. Унга оиланинг бир қисми эканини тушунишига ёрдам бериш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ҳеч кимга ўхшамайдиган хислатлари, иқтидори борлигига кўпроқ урғу беринг. Ҳиссиётларини, ҳаётга қарашларини ўртоқлашса, диққат билан тингланг. Бирор ёрдам сўрамагунча ёки унинг учун хатарли ҳолатни сезмагунингизча маслаҳат беришга ошиқманг. Мустақил қарор қабул қилишига имкон беринг. Спортга бўлган қизиқишини оширишга уриниб кўринг. Бирор ишга киришишидан олдин унинг қийин томонлари ҳақида эмас, балки ижобий тарафлари ҳақида кўпроқ гапиринг. Агар у бир ишни бошлаган бўлса, охирига етказиб қўйгунга қадар рағбатлантириб туринг. Бу ундаги иккиланишларга чек қўяди. Яна олға интилишига куч, туртки беради.
Фарзандингизда ҳамкорлик ҳиссини шакллантириб боринг. Бунинг учун оила даврасида кимни қандай муаммолар қийнаётганини гаплашишингиз мумкин.
Қуйидаги тавсиялар ўсмирнинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлашга ёрдам беради:
1. Унинг ўрнида бўлганингизда ўзингиз нима қилишингиз мумкинлиги ҳақида гаплашинг.
2. Фарзандингизнинг эришган ютуқлари, ўқишидаги муваффақиятлари учун рағбатлантириб туринг.
3. Эркин танлов имконини беринг.
4. Ўз ғояларини амалга ошириши ва изланиши учун шароит яратинг.
5. У билан кўпроқ мулоқот қилиб, фикрларини тингланг.
6. Муваффақиятга эришиши учун илҳомлантиринг.
Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА
ёзиб олди.
Автомашинамиздан воз кечолмасак, тоза ҳаво исташда мантиқ борми?
🕔11:00, 04.12.2025
✔40
Тоза ҳаво бугунги кунда нафақат юртимиз, балки бутун дунё мамлакатларининг оғриқли муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар бир давлатда демографик кўрсаткичлар ўсиб боргани сайин тоза ҳаво масаласи ҳам кўндаланг муаммога айланмоқда.
Батафсил
Сунъий ёмғир атмосфера ҳавосини тозалашда қанчалик самарали?
🕔10:59, 04.12.2025
✔36
Тошкент шаҳрида бир неча ҳафтадан буён давом этаётган ҳаво ифлосланиши фонида сунъий ёмғир ёғдириш масаласи яна муҳокамалар майдонига чиқди. Тўғри, юртимиз осмонида сунъий ёмғир ёғдириш ҳақида бир неча йиллардан буён айтиб келинади.
Батафсил
Уй ҳавосини энг яхши тозаловчи етита ўсимлик
🕔10:54, 04.12.2025
✔28
Қиммат техникалар эмас, табиий йўллар самарали ва зарарсиз
Батафсил