Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси
Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
БатафсилҚадим тамаддуннинг неча минг йиллик садолари келиб турган Навоий вилоятининг
Сармишсойидаги нодир обидалар — петроглифлар ўтмишимизнинг янгидан-янги қирраларини намойиш этиб, минглаб хорижлик меҳмонларни юртимизга чорламоқда. Зарафшон дарёсидан ўтиб, Қалқонота зиёратгоҳи ва Сармишсой дарасига бора-боргунча йўл ёқалари ободонлаштирилиб, беҳисоб анвойи гуллар ўтқазилган. Бутунлай янгича қиёфага кирган турар-жой бинолари эса ҳар қандай киши кўзини қувонтириб, кайфиятини кўтаради.
Қояларга битилган тарих
Айтишларича, «сармиш» қадимги сўғдийча сўз бўлиб, «саримушк» — «асл гул ҳиди анқувчи макон» деган маънони англатади. Номи узукка кўздек ўзига ярашган Сармишсой вилоят марказидан ўттиз беш чақирим шимоли-шарқида жойлашган. У Нурота тоғ тизмаларига кирувчи Қоратоғ этакларидаги энг хушманзара, гўзал даралардан бири ҳисобланади. Сабаби Зарафшон дарёсининг зилол сувлари юзини ювиб турган Навбаҳор тумани (Сармишсой дараси жойлашган маскан) қадим аждодларимизнинг бой маданий ҳаёти ҳақида маълумот берувчи ноёб тарихни ўз бағрида сақлаб келаётир.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Археология институти олимлари ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида ушбу ҳудудда маданий меросни ўрганишга киришган эди. Археологик қазилмалар натижасида қадимги яшаш манзилларининг қолдиқлари, жумладан, Қалқонота ёдгорликлари: Учтут, Чақмоқтош конлари, Сармишсой, Қорақўнғирсой, Биронсой, Қоятош суратлари каби қадимий ёдгорликлар борлиги аниқланди. Топилган осори-атиқалар шундан гувоҳлик берадики, бу қадим заминда эрамиздан аввалги VI-V асрларда ҳам аждодларимиз истиқомат қилишган. Учтут, Ижанд, Сармиш деб аталувчи манзиллардан топилган ашёвий далиллар, ёдгорликлар, тошбитиклар, ов қуроллари, бу маконда ижтимоий ҳаёт жуда эрта бошланганидан сўзлайди.
Навбаҳор туманидаги қадимги ёдгорликлардан яна бири Сармишсой дарасидир. Унинг баланд қоятошларидаги суратлар сони ўн мингдан ошиқ. Президентимиз Ислом Каримовнинг Сармишсой дараси ва у ердаги ибтидоий суратлар ҳақидаги қуйидаги эътирофи маънавият, қадрият, тарихга бўлган эҳтиромни янада оширади:
«Сизлар ҳар куни кўриб ва кезиб юрадиган Кармана шаҳрининг ёши нечада? Ёки чўли Маликдаги эски работ сардобалар қачон пайдо бўлган? Сармишсой дараси ва ғоридаги ибтидоий суратлар бу ўлканинг энг қадимий маданият бешикларидан бири эканидан дарак бермайдими?..»
Дарҳақиқат, бу замин бағридан топилган осори-атиқалар, ёдгорликлар, ов қуроллари, зиёратгоҳлар тарихдан ҳикоя сўзлайди, гўё. Чунончи, очиқ осмон остидаги ғаройиб тарихий ландшафт музейи туфайли Сармишсойни нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун жаҳон ҳамжамиятининг бойлиги, десак муболаға бўлмайди. Зеро, Сармишсой дарасидаги кўплаб тарихий ёдгорликлар, жумладан, турли даврларга оид тўрт мингдан ортиқ петроглифлар ҳали-ҳануз ўз жилосини йўқотмаган ҳолда дунё эътиборини ўзига жалб этиб келмоқда.
Зулқарнайн дараси
Мен туғилиб ўсган жойлар Сармиш дарасидан унча узоқ эмас. Шу боисдан болалигимда Жума бобом билан Сармишсой дараси ва ғоридаги ибтидоий суратларни кўргани тез-тез бориб турардик. Айниқса, бобом менга тошларга чизилган сурат-ёзувларни кўрсатиб, уларнинг тарихи ҳақида соатлаб сўзлаб берар эди. «Кампир кунжак», «Искандар Зулқарнайн» деб номланган даралар менда катта таассурот қолдирган. Улар мени ўзига тамомила ром этиб қўйганди. Ҳамон ёдимда, Зулқарнайн қоясига чизилган тош суратда, жаҳонни зир титратган, Искандар Зулқарнайннинг узоқ-узоқларга ғазаб, қаҳр, нафрат билан ўқрайиб турганини кўрганимда, бу суратни ким чизди экан, деб ҳайрон қолгандим. Ушбу қоядан сал наридаги қалъа қолдиқлари ва вайронасига кўзим тушгач, гап нимада эканини тезда фаҳмладим.
Ҳойнаҳой, Жаҳонгир (тарихда «Тахтизар» деб номланган) мазкур қалъада миллий қаҳрамонимиз Спитамен билан тўқнаш келган. Ўртада аёвсиз жанг бўлган. Кўплаб қурбон берилган. Бироқ шунга қарамасдан, қалъа аҳли ёвга таслим бўлмай, жон-жаҳди билан ўз юртини ҳимоя қилган. Алал-оқибат, Тахтизарни қўлга киритолмасдан хуноби ошган Искандар мана шундай қараб қолади…
Яна бир сафар у ерга борганимизда, бобомдан бу расмларни ким чизганини сўрадим. Шунда бобом нигоҳларини олис-олислардаги қояларга қадаганича оҳиста гап бошлади:
— Биласанми, қўзичоғим, бу даралар, қоялардаги харсангтошларга битилган юзлаб, минглаб суратлар аслида тарихдан сўзлайди. Сабаби, бу битикларни қадимда ота-боболаримиз юрак қўрини, қалб меҳрини бериб чизган. Шунданми, буларнинг ҳар биттаси қатида ривоят, афсона, нақл яширинган. Мен бу ёдгорликларни бебаҳо дурдоналар сирасига қўшган бўлардим, — деганди.
Улғайгач, бобом айтган гаплар нақадар ҳақиқат эканига амин бўлдим. Англадимки, ҳар бир инсон ўз юртидаги қадимий, салобатли тоғлар, дараларни яхши билиши керак экан. Айтганча, бобом нуқул Нурота тоғлари тизмаси дараларини Сусамбил бу, дея айтгани-айтган эди. Ҳа, афсона ва эртакларда таърифи келтирилган эркинлик, тенглик, бахт-саодат диёри Сусамбилнинг ўзи-ку, дегани эсимда.
Осмон остидаги хазина
Давлатимиз томонидан 2004 йили очиқ осмон остидаги маданий хазина — «Сармишсой табиий археологик мажмуи музейи қўриқхонаси» ташкил этилди. Мазкур музей қўриқхона зиммасига қадимги аждодларимиз яратган йирик маънавий бойликни асраш, эъзозлаш, уларнинг илмий аҳамияти ва қийматини ўрганиш, қадрлаш ҳамда уларни келажак авлодларга бутунлигича етказиш сингари қатор вазифалар юклатилди. Эътиборга молик жиҳати шундаки, ўтган йилларда Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистонда ўтказилган илмий анжуманларда Сармишсой маданий мероси тарихи, унинг умуммаданий аҳамиятини ифодалашдек муҳим масалаларга батафсил тўхталиб ўтилди. Шунингдек, Сармишсойда илмий ҳамкорлик ишларини олиб бориш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш мақсадида, бу ерга Ўзбекистон, Норвегия, Финландия, Россия, Қозоғистон каби давлатлардан етук мутахассис ва олимлар таклиф қилинди. Бугунги кунда «Сармишсой табиий археологик мажмуа музейи қўриқхонаси» ЮНЕСКО эътиборида. Бу эътироф Сармишсой номини бутун дунёга танитди. Бугун бу маскандаги қадимий аждодларимизнинг тош давридаги ҳаёти, тарихи, маданиятидан ҳикоя қилувчи ноёб қоятош суратлари, археологик тарихий-маданий ёдгорликлари, табиатнинг ранг-баранг жозибадор бойликлари хорижлик сайёҳларни ҳам қойил қолдирмоқда.
Аслида, соҳа мутахассисларининг таъкидлашларича, Нурота тоғ тизмаларига қарашли Қоратоғнинг Сармишсой дарасидаги қоятошларга чизилган расмлар, петроглифлар неолит, бронза даврига бориб тақалади. Қояларда буқа-тур, сигир, шер, йўлбарс, қоплон, бўри, ит, илон, қулон, от, туя, кийик, буғу, эчки, архар ва бошқа ҳайвонлар билан бирга ўқ-ёй, найза, қилич ва хўжалик буюмлари ҳамда турли геометрик шакллар акс эттирилган. Қоятошлардаги суратларнинг кўриниши ва ҳажми турлича бўлиб, айримлари 30-40 сантиметр, бир хиллари 70-80 сантиметр, баъзилари эса бир метрдан ортиқдир. Улкан қоятошларга туширилган тасвирлар даранинг қадимий табиати, ҳайвонот олами, инсониятнинг ибтидоий ҳаёт тарзини ва инсоният тараққиётининг маълум босқичларини ўзида тўла-тўкис акс эттирган.
Сирли сурат
...Сармишсой дарасини айланиб юриб, табиий силлиқ тош деворларнинг биридаги антиқа расм мени қизиқтириб қўйди. Унда йўлдан катта ва бадавлат карвон ўтаётгани тасвирланган. Чўл кемаси деб таърифланадиган, ўркачли йирик туялар икки қатор бўлиб, тизилишиб боряпти. Чиройли безатилган туянинг устида эса қўғирчоқдек ясантирилиб, баланд бош кийим кийгизилган қиз тасвири. Бунда келин олиб кетиш маросими тасвирланганини кўриш мумкин. Иккинчи қатордаги туяларда келин ва куёвнинг қариндош-уруғи сеп олиб боришмоқда. Ушбу тасвир фақат қуёш чиққан куннинг маълум қисмидагина бир неча дақиқа кўринади-ю, яна сирли равишда ғойиб бўлади.
Яна бир гап: ўрта асрларда чизилган петроглифларда ҳам ов мавзуси асосий ўринни эгаллайди. Бу манзараларда тоғ эчкиси, жайрон овлаш жараёнлари акс эттирилган. Сармишсойда тасвирланган бундай суратларда Мўғулистон, Сибир, Саҳрои Кабир, Жанубий Африка ва Европада топилган петроглифларга ўхшаш жиҳатлар кам эмас.
Донишмандлар китоби
Бугунги кунга келиб Навоий вилоятининг Сармишсой дарасига ҳамда бу ер яқинидаги қутлуғ жойларга бўлган қизиқиш кучайиб боряпти. «Сармишсой табиий археологик мажмуа музейи қўриқхонаси»дан хорижлик сайёҳларнинг қадами узилмайди. Буям киши қалбида фахр, ғурур ҳисларини уйғотмай қолмайди. Зарафшон воҳасининг Қоратовидаги қутлуғ қоя ва чўққиларни донишмандлар китоби десак бўлади. Боиси, уни ўқиган сайин, янги-янги саҳифаларини очаверамиз.
Улуғбек ЖУМАЕВ,
«Оила даврасида» мухбири
Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
БатафсилЖадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.
БатафсилҲар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.
Батафсил