Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси
Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
БатафсилШерғозиларнинг уйи қишлоқнинг моли ёйиладиган қирга шундайгина ушлашиб кетган. Отаси узоқдан тупроқ олдириб келиб юраманми, деб тепаликнинг ён бағридан иморат учун хомашё олди. Ҳам табиий девор бўлди, ҳам хоҳлаганча ғишт... Ўзи шундай бўлади-да, бу ер тарихийми, мозийдан мужда эмасми, эртага йўқолиб кетса, биров жавоб берадими-йўқми, ҳеч кимнинг иши йўқ... Шу денг, бу қирнинг бошланиши, юқорига ўрласангиз, тоққа етиб борасиз...
Янги кўчиб чиққан оила бўлганидан Шерғози ҳали дарвозасини қурдирмаганди. Тоққа қараган дераза олдида ўтириб, китоб варақларди. Тупроқ олинган томондан кириб келган ғалати жониворга кўзи тушди-да, китобни ёпди. Тоғли жойларда бундай ҳолатлар учраб туради, деб бунга кўп эътибор бермади. Табиатнинг жонзотлари-да, эгасиз юради, бирор кор-ҳол бўладиган бўлса, ити бор, қўймайди. Тикилиб қараса, йўқ, ҳовлига кирган бошқача, уст-боши типратиканникига ўхшаб тиканлар билан қопланган жонивор... Ҳидини олган ити катагида туриб, ер-кўкка сиғмай, занжирни узгудай сапчирди. Шерғози итни занжирдан бўшатди. Ит жониворга ташланди-ю, тисарилди. Ҳалиги жонивор тиканларини ҳурпайтириб, копток ҳолига киргач, Шерғозининг ҳам капалагини учириб юборди. Айниқса, ити унга илтижо билан қарагач, Шерғозининг берухсат, безорилик қилиб ҳовлига кирган жониворга нисбатан ғазаби қўзиди. Тикилиб қараса, жайра экан, чўпон акасидан эшитганди, уни ҳеч нарса ололмайди. Ғужанак бўлиб, тиканларини тикрайтирса, фақат одамгина унинг суробини тўғирлайди...
Билади, ўқиган: жайра мевалар, табиий ўсимликларнинг илдизлари билан озиқланади. Шундай экан, дала-даштда юравермайдими, ризқини териб, нима қилади бировнинг ҳовлисида… Шундайку-я, лекини бор-да. Хаёлидан яшин тезлигида ўтди: у ейдиган озуқалар ҳозир табиатда деярли тамом бўлган. Улар ўсадиган жойларга йўллар солинди, ўқувчилар саёҳатга чиқиб, у севиб тановул қиладиган ёввойи ерёнғоқ, туятўпонларни илдизи билан олиб кетишади. Одамлар экиб қўйган маданий илдизмеваларга борса, қопқон қўйиб, ушлаб олишди. Энди таваккал қилиб, қишлоқларни оралаб, итларга майна бўлиб, ғамлаб қўйилган картошка, сабзи, пиёзларга ўғринча тушадиган бўлишди...
Шерғози шуларни ўйлаб, омборга кирган жайранинг олдида ўзини айбдордай сезди. Ахир, уни тушуниш керак-да. Ўзингиз ҳам оч қолинг қани?! Ҳамма нарсага кўникиш мумкин, лекин очликка... Куни билан найзасини ҳурпайтириб, тўрт томонга чопса ҳам қорни тўймайди. Бундан ташқари, болаларига ҳам хўрак топиши керак. Илгари дўлана, равоч, қўзиқорин деган нарсалар мўл бўларди. Энди уларни ҳам одамлар эгаллаб олишди. Ана, бозор расталари тўла ўша маҳсулотлар сотиляпти.
...Шерғози қўлидаги сўйилни олиб, жайра кириб кетган оғилга яқинлашаркан, шулар ҳақида ўйларди. Ўлгудай очиққан бўлса керак, жайра уйиб қўйилган сабзини чангини чиқариб кемирарди. Шовқинни эшитгач, еб турган хўраги оғзида қолди, унинг олдида биринчи даражали душмани — одам турарди... Жон ширин, ортига қўққисдан бурилди: мунчоқдай майин кўзларини уйнинг эгасига илтижоли қадади. Шу пайт Шерғозининг важоҳати сўниб қолди. Нима, ҳимоясиз жониворни калтакласинми? Бу қандай бедодликки, уни шу ҳолга туширган унинг ўзи бўлса?..
Ёшлигида адабиёт муаллими Абдуғани Саидмирзаев Лев Толстойнинг «Кавказ асири» ҳикоясини айтиб берганида вужудини қоплаган туйғулар жамол кўрсатди. Оёқларига тахтакач урилган, банди Жилиннинг ҳолига йиғлаганди ўшанда. Тоғли қизнинг берган ёрдами туфайли, чоҳдан чиқиб қочади. Буни сезиб қолишгач, орқасидан қувишади. Етиб ҳам олишади, лекин унга раҳми келиб қайта олиб кетишмайди. Инсон барибир инсон-да, кўкрагининг чап томонида уриб турган нарса йўл қўймайди бунга...
Шу пайт жайра унинг олдида Жилиндай илтижо қиларди... Қани энди беозор жониворга таёқ ўқталиб кўринг-чи? Агар қалбингизда заррача инсонийлик бўлса, қўлингиз бормаслиги аниқ.
Шерғозининг ички туғёнлари жунбушга келди. Сўйилни улоқтирди. Буни сезган жайра оғилнинг эшигидан чиқиб, кўздан йўқолди. Унинг ортидан остонада кутиб турган ит қувиб кетди... Шерғози шу ҳолида қанча туриб қолганини билмади, унинг хаёлини омборга кириб келган, қўллари хамирга ботган хотини Бувбаҳор бузди.
— Ҳозир чиқиб кетган жонивор нима экан? Нимага эшикни ёпиб ушлаб қолмадингиз?
— Жайра экан, хотин, тикони одамга ёмон санчилади...
— Оббо, менга айтмайсизми, яқинда эрга теккан синглимнинг эри зарча экан. Ўшанинг касалига дори бўларди.
— Каламушдай нарса бўлса, унинг гўштини еб бўлармиди...
— Э-э, — шанғиллаб кетди хотини, — тузалса бўлди-да. Одамлар дарддан фориғ бўлай деб нималар қилмайди. Ҳатто, чаённи ҳам еяпти-ку, жайрага нима қилибди? У даво деб менга чўпон акам айтган... Шўрваси мойли бўлар экан...
Хотини жаврай-жаврай, ҳеч нарсани эплолмаслигини писанда қилиб, қўлининг хамирини ювгани кетди. Ҳовли билан битта бўлиб юрган товуқларини қарғади, тоғораларни даранглатди. Унинг жини тутса, ҳамиша шунақа қиларди. Шерғози донг қотиб қолди... Уни ғойибдан кимдир сўроқ қилаётгандай эди: «Мана, жўра, сен мактабда табиатдан дарс берасан-у, лекин уйингдаги хотинингнинг аҳволини билмайсан. Мактабда ўқувчилар ўқиб келмаса уришасан, хотинингга гапингни ўтказолмайсан... Табиатни асраш керак, деб қонун-қоидаларни рўкач қиласан, атрофингда ўзинг билан бирга яшаётган жониворларга муҳаббат қонунларини билмайсан. Табиат — бизнинг онамиз дейсан, лекин унинг нодир намунаси уйингга кириб қолса, хотинингга масаланинг моҳиятини тушунтиролмайсан... Шундай бўлгач, эртага фарзандларингнинг тақдири нима кечади?.. Ожизларга ёрдам бериш ўрнига уларни таҳқирлаш адолатданми?!»
Шерғозининг эсига жайрани қувиб кетган ити тушди. Қани, табиат табиат билан қандай гаплашаётган экан?
Ит эгасига ўзининг содиқлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлгандай жайра чиқиб кетган томонга ўзини урган эди. Унинг қадами катта, жайраникининг ўнтасини битта қилади. Хиёл ўтмасдан етиб олди-ку! Лекин бўри ололмаган, қобонларни доғда қолдирган жониворни итнинг олишига йўл бўлсин. Кескин бурилган жайра яна бир марта итнинг попугини пасайтириб қўйди. Кейин ўз йўлини давом эттирди... Ит уни қўрқитиш учун важоҳат билан ирилларди. Ёнига келиб ўткир тирноқларини намойиш қилиб тупроқни қуюндай тўзғитарди. Атрофини айланиб таҳдид солмоқчи бўларди. Шундан кейин ҳам жайра унинг нағмасига учмади. Омборхонадан еган озуқалари уни кучлантирганди. Чакалакзорлардан ўтиб, сув чиқадиган сойга бурилди-да, инларнинг бирига кириб кетди...
Ит жайра кириб кетган инни искади. Лекин у шу дамда юзига урилган тупроқдан умбалоқ ошиб кетди. Жайра бор кучини тўплаб душманининг юзига тупроқ сочганди. Кейин жайра намойишкорона олдидан чиқиб, йўлини давом эттирди.
Ит унинг қайси инга киришини билмоқчи, ундан эгасини хабардор қилмоқчи эди. Эҳ-ҳе, бу ерларда инлар шунчалар кўп эдики... Жайра яна бир инга кирди... Лекин ит яна бориб ҳидлагани қўрқди. Чиқишини кутиб ўтираверди. Лекин жайра бу инга кириб, бошқа индан чиқиб кетганди. Итнинг шунга қолганда фаросати етмади.
Ити келавермагач, Шерғози унинг орқасидан кетди. Деҳқонлар эккан лавлагизорлар яқинидан ўтаркан, бир нарсанинг зўр бериб ғингшиётганини эшитди.
Беихтиёр ўша томонга бурилди. Кўрса, ити жайраларга қўйилган қопқонга оёғидан тушиб қолибди. Ҳар қанча авайласа ҳам бўлмади. Кучли темир итининг оёғи суягини синдириб юборибди...
Уйига келиб, итининг оёғига малҳам қўйди, яра битиб тузалди, лекин оёғи чўммоқ бўлиб қолганди... Қишлоқда Шерғозининг чўммоқ ити деган гап тарқалди...
Шерғози итини кўчага ҳайдагани кўнгли бўлмасди. Овқатини бериб турарди. Гоҳида ўша воқеа эсига тушар, бир ҳолатда ётган итига «ёрилиб» қоларди:
— Эҳ, бечора, нима қиласан, қочганни қувиб... Хонакилаштирилмасингдан илгари сен ҳам шуларнинг бири эдинг... Энди бир бурда нон берганим учун ўзингни шунчалар ўтга-чўққа урасанми? Тўғри, вафодор бўл, лекин эви билан-да... Сенинг ёрдаминг билан табиатнинг битта рангини йўқ қилолмайман-ку... Йўқ, сен билан биз парранда ва даррандаларга меҳрни одамларнинг ёвуз дилига солиб, эзгуликка йўналтиришимиз керак. Қара, йўлда кўриб келдим, қанчалар кўп ин, ҳозир уларнинг кўпчилигида, афсуски, ҳеч бир жонивор яшамайди...
Ит бу гапларни англамасди. Оғриқдан, ночорликдан кўзларидан мўлтир-мўлтир ёш оқарди... Ит оёғини узиб олган қопқондан яраланган бўлса, Шерғози руҳий қопқондан азоб чекарди...
Пардабой ТОЖИБОЕВ
Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
БатафсилЖадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.
БатафсилҲар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.
Батафсил