Табиат      Бош саҳифа

Энг замонавий лаборатория ҳам табиатни такрорлай олмайди, нега?

XXI аср инсоният тарихида технологик тараққиётнинг энг юқори чўққиси сифатида тан олинмоқда. Олимлар сунъий интеллект яратмоқда, генларни таҳрирлаш технологияларини такомиллаштирмоқда, ҳатто Марс сайёрасини ўзлаштириш лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.

Энг замонавий лаборатория ҳам  табиатни такрорлай  олмайди,  нега?

Лаборатория­да сунъий органлар ишлаб чиқариляпти, мураккаб кимёвий моддалар синтез қилиняпти ва ҳатто тирик ҳужайраларнинг айрим функциялари моделлаштириляпти.

Бироқ инсониятнинг барча илмий ютуқларига қарамай, шундай табиий неъматлар борки, уларни сунъий равишда яратиш ёки тўлиқ такрорлаш ҳали ҳам имконсиз бўлиб қолмоқда. Ана шундай бебаҳо неъматлар қаторига тоза ҳаво ва тиниқ булоқ суви киради. Миллиардлаб доллар маблағ сарфланадиган замонавий лабораториялар нега табиат яратган ушбу бойликларнинг мукаммал нусхасини ярата олмайди?

Олимларнинг тахмин қилишича, Ер сайёраси 4,5 миллиард йил аввал шаклланган. Шу давр мобайнида атмосфера, гид­росфера, биосфера ва литосфера ўртасида мураккаб табиий муносабатлар вужудга келган. Натижада бугунги ҳаёт учун қулай экологик муҳит юзага келган. Аслида Ернинг ўзи улкан табиий лаборатория ҳисобланади. Унда миллионлаб ўсимлик ва ҳайвон турлари, микроорганизмлар, тупроқ ва сув тизимлари бир-бири билан узвий боғланган ҳолда фаолият юритади. Тоза ҳаво ва чучук сув айнан шу мураккаб табиий жараёнларнинг маҳсулидир.

Атмосфера таркибининг тахминан 78 фоизини азот, 21 фоизини кислород ва 1 фоизга яқин қисмини бошқа газлар ташкил этади. Инсон ва бошқа тирик организмлар ҳаёти учун зарур бўлган кислороднинг асосий қисми фотосинтез жараёни натижасида ҳосил бўлади. Яшил ўсимликлар ва океанлардаги фитопланк­тонлар қуёш энергиясидан фойдаланиб, карбонат ангидрид ва сувни органик моддаларга айлантиради ҳамда кислород ажратади. Олимлар ҳисоб-китобларига кўра, атмосферадаги кислороднинг қарийб ярми океанларда яшовчи микроскопик фитопланктонлар томонидан ишлаб чиқарилади. Лаборатория шароитида кислород олиш мумкин, бироқ атмосферанинг табиий таркибини доимий равишда сақлаб турувчи глобал механизмни яратиш деярли имконсиздир. Чунки бу жараёнда триллионлаб организмлар ва улкан экотизимлар иштирок этади.

Космик станциялар ва сувости кемаларида сунъий ҳаво айланиш тизимлари мавжуд. Улар карбонат ангидридни ютиб, кислород ишлаб чиқаради. Аммо бундай тизимлар катта энергия талаб қилади, қиммат ускуналарга боғлиқ ва фақат чекланган ҳудудда ишлайди. Ер атмосфераси эса миллиардлаб гектар ўрмонлар, океанлар ва микроорганизмлар томонидан узлуксиз равишда бошқарилади.

Табиат ҳавони нафақат кислород билан бойи­тади, балки зарарли моддаларни ютади, ҳароратни мувозанатлаштиради ва иқлим барқарорлигини таъминлайди.

 Шунинг учун лаборатория кислород ишлаб чиқара олса-да, табиий атмосфера тизимининг барча функцияларини тўлиқ такрорлай олмайди.

Ер юзидаги барча сувларнинг 97 фоиздан ортиғи шўр сув ҳисобланади. Ичимлик учун яроқли чучук сув эса умумий сув захирасининг атиги 2,53 фоизини ташкил этади. Булоқ сувлари минглаб йиллар давомида шаклланадиган табиий гидрогеологик жараёнлар натижасидир. Ёғин сувлари тупроқ ва тоғ жинслари қатламлари орқали ер остига сингади. Бу жараёнда сув табиий равишда фильтрланади, зарарли аралашмалардан тозаланади ва турли минераллар билан бойийди. Баъзи ҳолларда сувнинг ер остида ҳаракатланиши ўнлаб, юзлаб ёки минглаб йиллар давом этиши мумкин. Натижада инсон организми учун фойдали бўлган табиий минерал таркибга эга булоқ суви ҳосил бўлади.

Замонавий технологиялар денгиз сувини чучуклаштириш, оқава сувларни қайта ишлаш ва ичимлик сув тайёрлаш имконини беради. Масалан, айрим давлатларда денгиз сувидан фойдаланиш учун йирик тузсизлантириш заводлари қурилган. Бироқ бундай технологиялар катта миқдорда энергия талаб қилади. Бундан ташқари, сунъий тозаланган сувнинг кимёвий ва биологик хусусиятлари табиий булоқ сувидан фарқ қилиши мумкин. Лабораторияда сув молекуласи бўлмиш H₂O ни ҳосил қилиш осон, аммо сувнинг табиий таркиби, ундаги фойдали минераллар, микроэлементлар ва экологик тозалик даражасини табиатдаги каби шакллантириш жуда мураккаб вазифадир.

Экология фанида экотизим хизматлари деган тушунча мавжуд. Бу табиатнинг инсониятга беминнат тақдим этадиган фойдаларини англатади. Ўрмонлар ҳавони тозалайди, дарёлар ва ботқоқликлар сувни фильтрлайди, тупроқ ўсимликларни озиқлантиради, ҳашаротлар ўсимлик­ларни чанглатади. Ушбу хизматларнинг ижтимоий, иқтисодий ва экологик аҳамияти жуда катта. Агар инсоният табиатнинг барча вазифаларини сунъий равишда бажаришга ҳаракат қилса, бунинг учун улкан молиявий ва энергетик ресурслар талаб қилинади. Шунга қарамай, натижа табиий тизимлар самарадорлигига етмаслиги мумкин.

Марказий Осиё минтақаси, жумладан Ўзбекистон, сув танқислиги хавфи мавжуд ҳудудлардан бири ҳисобланади. Иқлим ўзгариши, чўлланиш ва сув ресурсларидан ортиқча фойдаланиш мавжуд захираларга бўлган босимни кучайтирмоқда. Шунинг­дек, йирик шаҳарларда автомобиллар сонининг ортиши ва саноат корхоналарининг фаолияти ҳаво сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу сабабли яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахт экиш, сувни тежаш ва экологик маданиятни ривожлантириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.

Технологиялар инсоният ҳаётини енгиллаштирмоқда, янги имкониятлар яратмоқда. Бироқ табиат яратган энг муҳим бойликлар тоза ҳаво ва тиниқ булоқ сувининг тўлиқ ўрнини боса оладиган тизим ҳали яратилмаган. Чунки улар миллионлаб организмлар ва миллиардлаб йиллар давомида шаклланган мураккаб экологик жараёнлар маҳсулидир. Шу боис экологик муҳофаза масаласи нафақат табиатни асраш, балки инсониятнинг ўз келажагини сақлаб қолиш масаласидир. Энг қиммат лабораториялар ҳам тоза ҳаво ва тиниқ булоқ сувини табиат яратганчалик мукаммал ярата олмас экан, демак, бизнинг энг муҳим вазифамиз мавжуд табиий бойликларни асраш ва келгуси авлодларга соғлом ҳолда етказишдир.

 

Адамбой МАШАРИПОВ,

Абу Райҳон Беруний номидаги

УрДУ профессори в.б., ЎЭП фаоли




Ўхшаш мақолалар

Табиатга  муносабат – тараққиётнинг  сифат  кўрсаткичи

Табиатга муносабат – тараққиётнинг сифат кўрсаткичи

🕔15:45, 12.11.2026 ✔126

Инсоният тараққиётининг бугунги босқичида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш нафақат иқтисодий ривож­ланиш, балки давлатлар барқарорлиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг ҳам муҳим шартига айланди.

Батафсил
Ёмғирдан кейин ҳаво тоза,  аммо сув-чи?

Ёмғирдан кейин ҳаво тоза, аммо сув-чи?

🕔15:34, 12.11.2026 ✔102

Болалигимизда ёмғир ёғса, буви-оналаримиз челак, тоғораларни тарнов остига қўйиб, сув йиғишарди. Ёмғир суви тоза бўлади, дейишарди.

Батафсил
Океан тубидаги ранг-баранг  ҳаёт оқариб кетмоқда

Океан тубидаги ранг-баранг ҳаёт оқариб кетмоқда

🕔15:30, 12.11.2026 ✔119

Денгиз тубида ранг-баранг боғни эслатувчи олам борлигини ҳужжатли фильмларда кўрганмиз.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Табиатга  муносабат – тараққиётнинг  сифат  кўрсаткичи

    Табиатга муносабат – тараққиётнинг сифат кўрсаткичи

    Инсоният тараққиётининг бугунги босқичида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш нафақат иқтисодий ривож­ланиш, балки давлатлар барқарорлиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг ҳам муҳим шартига айланди.

    ✔ 126    🕔 15:45, 12.11.2026
  • Ёмғирдан кейин ҳаво тоза,  аммо сув-чи?

    Ёмғирдан кейин ҳаво тоза, аммо сув-чи?

    Болалигимизда ёмғир ёғса, буви-оналаримиз челак, тоғораларни тарнов остига қўйиб, сув йиғишарди. Ёмғир суви тоза бўлади, дейишарди.

    ✔ 102    🕔 15:34, 12.11.2026
  • Океан тубидаги ранг-баранг  ҳаёт оқариб кетмоқда

    Океан тубидаги ранг-баранг ҳаёт оқариб кетмоқда

    Денгиз тубида ранг-баранг боғни эслатувчи олам борлигини ҳужжатли фильмларда кўрганмиз.

    ✔ 119    🕔 15:30, 12.11.2026
  • Галофит  боғлари —  чўл яйловларининг янги имконияти

    Галофит боғлари — чўл яйловларининг янги имконияти

    Мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолини сифатли гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан барқарор таъминлашда яйлов чорвачилиги муҳим ўрин тутади. Чорвачилик тармоғининг ривожи эса, аввало, табиий яйловларнинг ҳолати, озуқа захираси ва улардан оқилона фойдаланишга бевосита боғлиқдир.

    ✔ 128    🕔 14:46, 05.11.2026
  • Ҳаво  ифлосланиши  сабаби битта эмас...

    Ҳаво ифлосланиши сабаби битта эмас...

    «Куз ва қиш фаслларида ҳарорат инверсияси тез-тез кузатилади. Бунда шаҳар устида худди қопқоқ каби илиқ ҳаво қатлами ҳосил бўлади.

    ✔ 133    🕔 14:44, 05.11.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар