Экоолам      Бош саҳифа

Тунда юлдузлар чарақламай қўйгани – экологик фожиа

Ёзнинг иссиқ ва узун тунлари... Бутун оила жамулжам бўлиб ҳовлида ёки супада очиқ осмон остида ётишнинг гашти ўзгачада. Болалигимизда шундай дамларда кўзларимизни самога қаратганимизда, худди қора бахмал устига дурлар сочилгандек, минг-минглаган юлдузлар чарақлаб турарди.

Тунда юлдузлар чарақламай қўйгани –  экологик  фожиа

Уларни санаб адоғига етиш мумкин эмасдек туюларди. Тўлин ойнинг ёруғлиги, чигирткаларнинг тинимсиз чириллаши, қишлоқ тунларига хос табиий оҳанглар инсон қалбига ўзгача ором бағишлар эди.

Бугун эса осмонга назар ташласак, аввалги ҳайрат ва жозибани эмас, қандайдир ғарибликни ҳис қиламиз. Юлдузлар жуда сийрак кўринади, уларнинг ёрқинлиги ҳам анча пасайгандек. Атрофда эса табиатнинг ўша таниш овозлари деярли эшитилмайди. Бу сокинлик осойишталик эмас, балки табиатда кечаётган ўзгаришларнинг сукунатидир.

Бу ҳолатнинг асосий сабабларидан бири – ёруғлик ифлосланиши. Ҳаётимиз замонавийлашиб, шаҳар ва қишлоқларимиз кенгайгани сари тунги ёритиш тизимлари ҳам кўпайди. Кўчалар, бинолар, реклама экранлари ва турли объектлардан чиққан кучли нур атмосферага тарқалиб, сунъий ёруғлик пардасини ҳосил қилмоқда. Натижада инсон кўзига минглаб майда юлдузлар кўринмай қоляпти. Биз ўзимиз яратган ёруғликлар таъсирида коинотнинг ҳақиқий гўзаллигидан узоқлашмоқдамиз.

Муаммони янада чуқурлаштираётган омиллардан бири – иқлим ўзгариши ва экологик мувозанатнинг бузилиши. Чўлланиш жараёнлари кучайиб, яшил ҳудудлар қисқармоқда. Ҳаводаги чанг заррачалари ва аэрозоллар миқдори ошиб бормоқда. Бу заррачалар кундузи ҳавони хиралаштирса, кечаси юлдузлар нурини сочиб юбориб, осмонни тиниқ кўриш имкониятини чеклайди.

Тунги табиатнинг ажралмас қисми бўлган ҳашаротлар ва майда жонзотлар овозларининг камайиб бориши ҳам хавотирли ҳолатдир. Қишлоқ хўжалигида кимёвий воситалардан меъёрдан ортиқ фойдаланиш, яшаш муҳитининг ўзгариши ва табиий муҳитнинг қисқариши кўплаб турларнинг сони камайишига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, инсонларнинг турмуш тарзи ҳам ўзгариб бормоқда. Ҳатто чекка ҳудудларда ҳам ер майдонлари бетонлаштирилиб, табиий яшаш муҳити тобора қисқармоқда.

Бу ўзгаришлар энг аввало ёш авлодга таъсир кўрсатмоқда. Бугунги болалар табиатнинг ҳақиқий манзарасини кўпроқ экранлар орқали кўришмоқда. Улар коинот билан юзма-юз мулоқот қилиш, юлдузли осмонни томоша қилиб улғайиш бахтидан аста-секин маҳрум бўлмоқда. Ваҳоланки, табиат билан яқин муносабат инсон тафаккурини бойитади, дунёқарашини кенгайтиради ва экологик масъулият туйғусини шакллантиради.

Албатта, йўқотилган имкониятларни бир кунда тиклаб бўлмайди. Аммо вазиятни ўзгартириш учун ҳали кеч эмас. Бунинг учун ҳар биримиз ўз уйимиздан, маҳалламиздан ва кундалик ҳаётимиздан бошлашимиз лозим. Дарахт экиш, сувни тежаш, яшил ҳудудларни асраш, табиатга эҳтиёткор муносабатда бўлиш – экологик маданиятнинг муҳим қисмига айланиши керак.

Экологик муаммолар фақат мутахассислар ёки давлат идораларининг эмас, бутун жамиятнинг масъулиятидир. Агар биз табиатга истеъмолчи эмас, балки унинг асровчиси сифатида муносабатда бўлсак, келажак авлод учун мусаффо осмон ва соғлом муҳитни сақлаб қолишимиз мумкин. Шунда фарзандларимиз ҳам бир пайтлар биз ҳайрат билан томоша қилган ўша дурдек юлдузларга тўла осмонни кўриш, табиатнинг бетакрор мусиқасини тинглаш бахтига муяссар бўлади.

 

 

Наима ИМАМОВА,

халқ депутатлари

Наманган вилоят Кенгаши депутати, ЎЭП аъзоси




Ўхшаш мақолалар

Экологик муаммо – миллат генофонди саломатлиги билан боғлиқ  жиддий   масала

Экологик муаммо – миллат генофонди саломатлиги билан боғлиқ жиддий  масала

🕔15:13, 23.07.2026 ✔34

Бугунги суҳбатдошимиз – шифокорликдан парламентгача бўлган фаолият йўлини босиб ўтган, Ўзбекистон Экологик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ноиба ИНОЯТОВА.

Батафсил
Тоза сув – хавфсиз озиқ-овқат ва инсон саломатлиги гарови

Тоза сув – хавфсиз озиқ-овқат ва инсон саломатлиги гарови

🕔15:10, 23.07.2026 ✔37

«Oila va TABIAT» газетасининг 2026 йил 9 июлдаги 28-сонида «Чирчиқ ва Қорадарёдан тутиладиган балиқларда микропластик аниқланди» сарлавҳаси остида долзарб мақола чоп этилди.

Батафсил
Германия  «Яшиллар» партияси:  Табиатни асраш йўлида  пешқадам

Германия «Яшиллар» партияси: Табиатни асраш йўлида пешқадам

🕔15:07, 23.07.2026 ✔35

Германияда яшил сиёсат ғояларига алоҳида урғу берадиган «Яшиллар» партияси 1980 йил январдан буён фаолият юритиб келади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар