Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) мутахассислари ёнилғида ҳаракатланувчи автотранспорт воситалари ҳавога чиқараётган CО2 миқдорини ҳисоблаб чиқди ва уни мазкур транспорт воситалари электр энергиясида ҳаракатлангандаги ҳолат билан солиштирди.
Электр транспорт воситаларидан фойдаланиш жараёнида ажралиб чиқувчи CО2 (углерод диоксиди, карбон диоксиди, карбонат кислота ангидриди деб ҳам аталади) миқдори нолга тенг бўлгани билан, электр энергиясини ишлаб чиқаришда ҳосил бўлувчи углерод диоксидини назардан четда қолдирмаслик лозим. Хусусан, электр энергияси кўмирдан олинганда атмосферага жуда кўп миқдорда CО2 ажралади. Шундай экан, «яшил» деб аталувчи электромобиллар зарарли газларни камайтириш ўрнига аксинча, кўпайтириб юбормайдими?
ПМТИ республика ҳудудида бензин ва дизель ёнилғиси асосида ҳаракатланувчи автотранспорт воситалари томонидан атмосферага чиқарилаётган CО2 миқдорини аниқлашга қаратилган тадқиқот ўтказди ва 2020 йилда бундай автотранспорт воситалари чиқарган зарарли газлар эмиссияси 7,69 миллион тоннага тенг бўлганини ҳисоблаб чиқди, шунингдек, мазкур транспорт воситалари электр энергияси воситасида ҳаракатланган тақдирда, эмиссия ҳажми 35,11 фоиз кам бўлишини аниқлади.
Дунё миқёсида CО2 эмиссиясининг қарийб 22,7 фоизи транспорт секторининг улушига тўғри келади. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 13,3 фоизга тенг. Шу сабабли дунёдаги автомобилсозлик компаниялари ички ёнув двигателига эга автомобилларни ишлаб чиқаришни буткул тўхтатиб, тўлиқ электромобилларни ишлаб чиқаришга ўтишини маълум қилмоқда. Жумладан, «Волво» ва «Мерcедес-Бенц» автоконцернлари 2030 йилдан, «Женерал Моторс» 2035 йилдан, «Ауди» 2033 йилдан тўлиқ «яшил» автомобиллар ишлаб чиқаришга ўтишни режалаштирган.
Ўзбекистон Республикасида ҳам сўнгги йилларда автомобиль транспортининг иқлим ўзгаришидаги улушини камайтиришга қаратилган ишлар жадаллашмоқда. 2018 йилда Париж битимини (Париж, 2015 йил 12 декабрь) ратификация қилиш тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши ва «2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси» тасдиқланиши бу йўлдаги катта қадамлардир.
2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикасига импорт қилинаётган электромобиллар учун ноль миқдордаги божхона тўлови белгиланди ва йил ўрталарига келиб электромобиллар учун амалда бўлган акциз солиғи ҳам бекор қилинди. 2021 йилда солиқ кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилди ва электромобиллар автотранспорт йиғимидан озод қилинди. Республика ҳудудида электромобилларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида Фарғона вилоятида Хитойнинг «Ҳонг Конг ЗРСC Технологи» корхонаси билан, Бухоро вилоятида Жанубий Кореянинг «Сонгуо Мобилити Инновасион» корхонаси билан ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга оширишга киришилди.
Автомобилларнинг CО2 эмиссияси ҳажмини аниқлаш мураккаб ҳисоб-китобларни талаб қилади. Двигатель электр энергиясида ҳаракатга келадими ёки ёнилғида, энергия/ёнилғи сарфи моделларнинг русумига қараб турлича бўлади. Ҳатто, бир моделдаги автомобилларда ҳам «шаҳар» ёки «трасса» тартибида, ундаги юкнинг оғирлиги ва ҳайдаш услубига қараб электр/ёнилғи сарфи фарқ қилади. Бу эса ўз навбатида, ҳосил бўладиган углерод диоксиди миқдори турлича бўлишига олиб келади.
Таҳлилда хорижий олимлар ўз тадқиқотларида фойдаланган ўртача бирликлар мамлакатимизда оммалашган бир қанча автомоделлар мисолида қўлланилган. Жумладан, 100 км масофа учун ўртача 9 литр бензин, 34,4 литр дизель ёнилғиси сарфланади, деб ҳисобланади. Худди шунча масофани босиб ўтиш учун электр двигателли автомобиллар сарфлайдиган ўртача электр сарфи: енгил автомобиллар учун 18,64 кВт-с, оғир турдагилари учун эса 144 кВт-с деб белгиланган.
Қуйида ёнилғи ва электр энергиясида ҳаракатланувчи автотранспорт воситалариниг 100 км масофани бошиб ўтиши учун қанча углерод диоксиди чиқарилиши акс эттирилган.
Кўриниб турибдики, 100 км масофани босиб ўтиш учун бензин воситасида ҳаракатланувчи енгил автомобиллар ўртача 21,15 кг, электромобиллар эса 9,91 кг CО2 ажратиб чиқаради. Юк автомашиналари борасида тўхталганда шуни айтиш жоизки, агар улар дизель ёнилғисида ҳаракатланса 91,16 кг, электр энергиясида ҳаракатланса 76,6 кг углерод диоксиди ҳосил бўлади. Аммо, бу услубдаги ҳисоб-китобда 100 км масофа ўзгармас, деб белгилаб олингани сабабли ажраладиган CО2 нинг автомобиль русумлари кесимидаги улуши бузилади. Мазкур ҳолатни ҳал этиш учун таҳлил методологиясига «умумий босиб ўтилган масофа» омили қўшилган. Бунда Давлат статистика қўмитасининг Ўзбекистонда 2020 йил давомида автотранспорт воситалари сарфлаган бензин ва дизель ёнилғисининг умумий миқдорига оид маълумотлар асос қилиб олинган. Ҳисоблашнинг биринчи босқичида сарфланган умумий ёнилғи миқдори ички ёнув двигателли автомобилнинг ўртача истеъмол кўрсаткичига бўлинади ва умумий босиб ўтилган масофа аниқланади. Иккинчи босқичда эса, ушбу масофани тегишли CО2 эмиссияси омилига кўпайтириш орқали автотранспорт воситалари ажратиб чиқарадиган зарарли газлар миқдори ҳисоблаб чиқилади.
Тадқиқот давомида мазкур усулдан фойдаланилган ҳолда ёнилғи воситасида ҳаракатланувчи автотранспорт воситаларининг умумий CО2 эмиссияси 7,69 млн. тонна эканлиги ҳисоблаб чиқилди. Электр двигателли автотранспорт воситаларида эса худди шунча масофани босиб ўтишда 4,99 млн. тонна CО2 ажралиб чиқиши аниқланди. Бундан кўриниб турибдики, электромобиллардан фойдаланиш орқали атмосферага чиқарилаётган CО2 эмиссиясини 2,7 млн. тоннага камайтириш мумкин.
Агар мамлакатдаги дизель ва бензин асосида ҳаракатланаётган барча автотранспорт воситалари электр энергияси асосида ҳаракатланса, қўшимча 9 382,3 млн. кВт-с электр қувватига эҳтиёж юзага келади. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларига асосан 2020 йил якунига кўра, республика электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясининг умумий ҳажми 66 500 млн. кВт-соатни, истеъмол ҳажми эса 69 021,1 млн кВт-соатни ташкил этган. Бу эса қўшимча ишлаб чиқариш қувватларига эҳтиёж борлигини англатади.
Ҳозир Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти томонидан мамлакатда тобора оммалашиб бораётган «яшил» автомототранспорт воситалари улуши инобатга олинган ҳолда, 2025-2030 йиллар учун мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси автомобиль транспортида CО2 эмиссияси ҳажми прогнози ишлаб чиқилмоқда.
Абдусаттор АБДУМЎМИНОВ,
ПМТИнинг Логистика
инфратузилмасини
ривожлантириш ва рақамли иқтисодиётни шакллантириш
лойиҳаси катта илмий ходими
Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?
🕔09:12, 23.10.2025
✔6
Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.
Батафсил
1 октябрдан нималар ўзгаради?
🕔15:41, 03.10.2025
✔55
Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.
Батафсил