Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Бир кунлик орзу-ҳавас учун табиат бадал тўламаслиги керак

Арча йил давомида яшиллигини сақлаб турадиган ноёб дарахтлардан бири. Унинг атроф муҳит мусаффолиги ва инсон саломатлигига фойдали таъсирини назарда тутиб, турли ҳудудларга экиб, ўтқазиб кўпайтириш ишларига катта эътибор қаратиляпти.

Бир кунлик орзу-ҳавас учун  табиат бадал  тўламаслиги керак

Табиий ҳолда тоғ ва тоғолди ҳудудларда ўсадиган ушбу дарахт бугунги кунда шаҳарларимиз экзотикасини янада бойитиш, ҳавони тозалаш, яшил ҳудудларни кўпайтириш, тупроқ чўлланишининг олдини олиш каби бир қатор мақсадларда парвариш қилиняпти. Юртимизда анъанага айланиб бораётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида минглаб туп арча кўчатлари экилгани фикримизнинг ёрқин далилидир.

Эндиликда экилган кўчатларни муносиб асраб-авайлаш, уларга ўз вақтида агротехник хизмат кўрсатиш, суғориш тизимини барпо этиш, ўғитлар билан таъминлаш каби вазифалар долзарб бўлиб турибди. Аммо уларнинг табиий ўсиб ривожланишига тўсқинлик қилувчи яна бир омил бизни янада ҳушёрроқ бўлишга ундайди. Инсон бунёд этаётган яшил оламга шафқат ёхуд қирон етказувчи энг катта омил ҳам, шубҳасиз, инсоннинг айни ўзидир.

Айниқса, қиш келиб, декабрь оёқланиши билан арчалар бу омилнинг хатарини кўпроқ ҳис қилишса керак. Янги йил баҳонасида йиллар давомида машаққатли меҳнатлар билан етиштирилаётган арча дарахтларини ўзбошимчалик билан кесиш ҳоллари кўп кузатилади. Инсон ўзи ва оиласидагиларнинг бир кунлик кўнгилхушлиги эвазига кўп йиллик дарахтни ҳаётдан мосуво қилади. Аслида, бир кунлик хурсандчилик учун сунъий арчаларни безатиш ҳам етарли бўларди. Лекин табиат ва халқ мулки ҳисобланган арчаларни кесиб, ноқулай шароитга олиб кириб, кўп ўтмай қуриб қолишига йўл қўйиш жуда ачинарли ҳолатдир. Буни кўриб катта бўлаётган болаларда табиатга муносабат қандай шаклланиши маълум. Уларга кўча-кўйда ўсиб турган дарахтли синдирмаслик кераклигини мутлақо уқтириб бўлмаслиги табиий. Сабаби оилада катталардан кўрган-билгани унинг ҳаётий дастурига айланиб улгуради. Бугун дарахтни, эртага қушни, индинга ҳайвонни шу каби ваҳшийликка дучор қилишдан тап тортмайдиган бўлади. Минг афсуски, унда ўз оиласида шакллантирилган ваҳшийлик фақат ҳайвонга озор етказиш билан чекланиб қолмайди. У аста-секин инсонга ҳам тажовуз қила бошлайди.

Янги йил арафасида ўсиб турган арчаларни ноқонуний тарзда кесиб сотишни даромад манбаига айлантириб олганлар ҳам йўқ эмас. Улар бундай қилиши билан гўё халққа хизмат қилаётгандай бўлишади. Аммо қилаётган ишлари қайси йўл билан бўлса-да, фақат ўз фойдаси учун қаратилганини мулоҳаза қилиб ўтиришмайди.

Биргина кўчатни экиб парваришлаш учун қанча одам тизимли меҳнат қилади. Йиллар ўтиб шу ниҳол дарахт ҳолига етганида эса, уни кимдир ўз манфаатини кўзлаб йўққа чиқаради. Қилинган шунча меҳнат барбод бўлади.

Бу – кўпчиликнинг меҳнатини қадрламаслик, юзига оёқ қўйиш ва тажовузкорликдир. Эҳтимол, бу ҳолатга ҳуқуқ-тартибот йўли билан қатъий чора кўриш керакдир. Аммо бу узил-кесил ечим бўлмаслиги мумкин.

Табиатга етказилган кичик бир зарар куни келиб биздан жуда катта товон талаб қилишини ҳар бир фуқаро онгли равишда англаб ета олса, экологик барқарорликни таъминлаш борасида жиддий ва салмоқли қадам қўйилган бўлади. Акс ҳолда, табиат бизнинг ўткинчи ҳой-ҳавасларимизга қурбон бўлиб кетиши ҳеч гап эмас.

Жавоҳир ҲАҚБЕРДИЕВ




Ўхшаш мақолалар

Исроф  занжири: дастурхондан сайёрагача

Исроф занжири: дастурхондан сайёрагача

🕔14:28, 22.10.2026 ✔46

Музлатгични очиб, бир неча кунги овқатни кўриб, «эҳ, исроф бўлди-ку...» деб афсусланган пайтларингиз бўлгандир. Бу ҳолат сизга таниш. Аммо шу кичик исроф бутун сайёра миқёсида кўпайтирилса, ундан чиқадиган рақам ақлни шоширади. Гап шундаки, бугун дунё ўзи етиштирган озиқ-овқатнинг деярли бешдан бир қисмини шунчаки чиқиндига ташламоқда.

Батафсил
Қонунларимиз  болаларни  интернет  хавфларидан ҳимоя  қила оладими?

Қонунларимиз болаларни интернет хавфларидан ҳимоя қила оладими?

🕔13:16, 15.10.2026 ✔172

Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Интернет орқали билим олиш, хорижий тилларни ўрганиш, дунёнинг исталган нуқтасидаги ахборотдан фойдаланиш имкониятлари тобора кенгаймоқда.

Батафсил
Асалари учраётган  хатар –  экологик ва иқтисодий тизим учун катта хавф

Асалари учраётган хатар – экологик ва иқтисодий тизим учун катта хавф

🕔14:57, 08.10.2026 ✔231

Табиатда шундай жонзотлар борки, уларнинг миттигина фаолияти бутун инсоният ҳаёти учун катта аҳамият касб этади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар