Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, қисқа умр кечирган бўлса-да, одамлар қалбида ўзидан абадий эзгу ном қолдиради.
Ҳар бир инсоннинг биринчи устози, менимча, албатта, ота-онаси бўлса керак. Чунки бола дастлабки тарбияни оилада олади, тарбиянинг тамал тоши оилада қўйилади.
Мен илк бор қўлимга қалам тутқазиб, алифбони ўргатган биринчи ўқитувчим Раъно Аҳмедовани ўзгача ҳурмат ва завқ-шавққа тўлиб хотирлайман. Ўта меҳрибон, ўз касбининг фидоийси эди. Ҳар бир ўқувчига алоҳида эътибор қаратиб, билмаганимизни қайта-қайта тушунтирарди. Ютуқларимиздан биздан-да ортиқроқ суюнарди. Умрининг охиригача ҳар бир ўқувчининг ютуқ ва муваффақиятларидан хабардор бўлиб турди. Бахтимиздан суюниб, оғир кунларимизда куюниб яшади.
Кейинчалик таълим берган устозларимни чуқур эҳтиром ва самимият билан эслайман. Улар менга нафақат билим беришди, балки менинг инсон бўлиб камол топишимда ҳам хизматлари катта.
Тошкент гидромелиорация техникумида Али Маҳсумовни фахр ва ғурур билан тилга олгим келади. Гуруҳимиздаги барча талабаларга адабиётга нисбатан меҳр-муҳаббат уйғотиб, «Адабиётни севган кишидан ёмонлик чиқмайди», деб кўп эслатарди. Шеър ва бадиий асарлардан парчалар ёдлатарди.
Тошкент ирригация ва механизация институтида ўқиган ва ишлаган кезларим ҳам қалбимда бир умрга муҳрланиб қолган. Академик ва профессорлардан таълим-тарбия, йўл-йўриқ олиб, улар билан бирга ишлаш бахтига муяссар бўлдим. Бу инсонларнинг ҳар бири бир олам эди. Ёшлардан маслаҳатларини аяшмасди. Улардан нафақат илмий, балки ҳаётий сабоқ олиб, муомала маданиятини, меҳнатсеварликни, инсонийликни, жамоа билан ишлашни ўргандим. Ҳар бирининг шахс бўлиб шаклланишимда бевосита ва билвосита ўз ўрни бор.
...Йигирма уч баҳорни қаршилашига ўн кун қолганда, машъум фожиа оқибатида оиламизни бир умрга тарк этган жигарбандим — якка-ю ёлғиз ўғлимдан жудо бўлганимда айнан устозларимнинг далдаси менга суянч бўлди. Шунда англадимки, устозларнинг йўл-йўриқлари фақат дарсни яхши ўзлаштиришгагина эмас, ҳаётдаги кутилмаган вазиятлардан эсон-омон ўтиб олишимизга ҳам катта ёрдам берар экан...
Менга таълим-тарбия берган, йўл-йўриқ кўрсатган устозлардан яхши ном, яхши хотира қолди. Халқ дарди, халқ манфаати билан яшаган инсонлар доим қадр топишига ҳаётим давомида кўп бор амин бўлганман.
Абдуваққос НАЗАРОВ,
Тошкент телекоммуникация технологиялари касб-ҳунар
коллежи директори
Исроф занжири: дастурхондан сайёрагача
🕔14:28, 22.10.2026
✔24
Музлатгични очиб, бир неча кунги овқатни кўриб, «эҳ, исроф бўлди-ку...» деб афсусланган пайтларингиз бўлгандир. Бу ҳолат сизга таниш. Аммо шу кичик исроф бутун сайёра миқёсида кўпайтирилса, ундан чиқадиган рақам ақлни шоширади. Гап шундаки, бугун дунё ўзи етиштирган озиқ-овқатнинг деярли бешдан бир қисмини шунчаки чиқиндига ташламоқда.
Батафсил
Қонунларимиз болаларни интернет хавфларидан ҳимоя қила оладими?
🕔13:16, 15.10.2026
✔155
Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Интернет орқали билим олиш, хорижий тилларни ўрганиш, дунёнинг исталган нуқтасидаги ахборотдан фойдаланиш имкониятлари тобора кенгаймоқда.
Батафсил
Асалари учраётган хатар – экологик ва иқтисодий тизим учун катта хавф
🕔14:57, 08.10.2026
✔220
Табиатда шундай жонзотлар борки, уларнинг миттигина фаолияти бутун инсоният ҳаёти учун катта аҳамият касб этади.
Батафсил