Ўзбекистон Экологик партиясининг энг муҳим таклифлари Конституциявий қонун лойиҳасида акс этган
Экология ва атроф муҳит мусаффолиги, ресурслардан самарали фойдаланиш, қайта тикланувчи энергия, энергия ва ресурс тежовчи технологиялар, яшил иқтисодиёт каби мавзулар бутун дунёда жуда долзарблик касб этиб бораётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Бугунги глобал дунёда экологик инқироз, пандемия каби муаммоларни ҳеч қайси давлат ўзича ҳал эта олмаслиги ҳақиқатдир. Бу каби масалалар давлатлараро, минтақалараро миқёсда ҳал этилиши керак.
Яқиндагина Ўзбекистон мезбонлик қилган ШҲТ давлатлари раҳбарларининг Самарқанд саммитида ҳам айнан мазкур масалага алоҳида эътибор берилди. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари ҳамда экология муаммоларини биргаликда, минтақалараро елкама-елка туриб бартараф этиш бўйича билдирилган таклифларни барча ҳамкор давлатлар раҳбарлари қатори дунё жамоатчилиги ҳам олқишламоқда.
Мамлакатимизда конституциявий қонун лойиҳасини халқимиз билан биргаликда кенг муҳокама этилаётган жараёнларда ҳам биз гувоҳи бўлмоқдамизки, аҳолимиз айнан экология ва атроф муҳит мусаффолигини сақлаш, барқарорлаштириш кабиларга қаратилган нормаларга жуда катта қизиқиш билдиришмоқда.
Чунки бугунги кунда инсоннинг қулай атроф муҳитга эга бўлиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш, экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш, одамларнинг саломатлиги ва иқтисодий турмуш тарзини янада яхшилаш ҳамда аҳоли ўртасида экологик ҳуқуқий таълим-тарбияни замонавий андозалар асосида ташкил этиш муҳим аҳамият касб этиб, бутун дунёда долзарб вазифага айланган.
Таъкидлаш жоизки, Бош қомусимизда экологик масалалар етарли даражада тартибга солинмаган. Давлатнинг атроф муҳитни яхшилаш, тиклаш ва ҳимоя қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича мажбуриятлари конституциявий жиҳатдан белгиланмаган.
Ўтган давр мобайнида жамиятимизнинг сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ва маданий ҳаётида туб ўзгаришлар бўлди. Бу эса Бош қомусимизда «Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат» тамойилларини мустаҳкамлаш, турли ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатлари бош мезон бўлишини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлигини, ерга эгалик қилиш, инсоннинг қулай атроф муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини, фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини конституциявий даражага кўтариш, давлат ҳокимияти асосларини такомиллаштириш долзарблигини кўрсатди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларда Ўзбекистон Экологик партияси вакиллари, унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари ҳамда партияни маҳаллий кенгаш депутатлари фаол иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгашида ҳамда ҳудудий партия ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш, тарғибот ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича штаб ташкил қилинди.
Ундан ташқари Конституциявий қонун лойиҳасининг муҳокамаси ва унинг мазмун моҳиятини аҳолига етказиш бўйича Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгашида ҳамда ҳудудий партия ташкилоти кенгашларида тарғибот гуруҳлари тузилди. Экспертлар учун ўқиш ташкил этилиб, методик қўлланма, намунавий тақдимотлар, маъруза тезислари ва зарур маълумотлар тайёрланди ҳамда ишчи гуруҳларга етказилди.
Партия томонидан «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг муҳокамаси ва унинг мазмун моҳиятини аҳолига етказиш бўйича тадбирлар режасига мувофиқ халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, фермер хўжаликлари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа муассасаларида аҳоли, нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар жамоатчилиги, тадбиркорлар, фермерлар ҳамда бошқа меҳнат жамоалари иштирокида 3 минг 500 дан зиёд турли тадбирлар ўтказилиб, унда қарийб юз минг нафар аҳоли қамраб олинди. Ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар, маҳалла оқсоқоллари, шунингдек, Экопартия тарафдорлари мазкур тадбирларда фаол иштирок этишди.
Тарғибот давомида жойлардаги бошланғич партия ташкилотларида 366 та учрашув, аҳоли ўртасида 1300 дан зиёд давра суҳбатлари, меҳнат жамоаларида 870 та семинарлар, маҳалла фуқаролари йиғинларида аҳоли билан мингдан зиёд очиқ мулоқот тадбирлари ўтказилди.
Тарғибот доирасида Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгаши депутатларидан 546 нафари фаол иштирок этди. Депутатларнинг сайловчилар билан учрашувлари ҳам асосан конституциявий ислоҳотлар мазмун-моҳиятига, киритилаётган қўшимчаларда экологик масалаларнинг акс этишига бағишланяпти.
Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси кенг жамоатчиликнинг, бутун халқимизнинг мамлакатда бўлаётган янгиланиш ва ўзгаришларга бефарқ эмаслигини, фуқаролар ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлишга интилаётганини ва конституциявий ислоҳотларни ҳар томонлама, якдиллик билан қўллаб-қувватлаётганини кўрсатмоқда.
Кенг жамоатчилик томонидан Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши, ҳудудий партия ташкилотлари ва депутатлар томонидан жойларда ташкил этилган тадбирларда ва партиянинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан ҳозиргача 7 минг 300 дан ортиқ таклифлар келиб тушди.
Шундан партияда фуқароларнинг бевосита қабули орқали келиб тушган таклифлар сони 122 тани, ишонч телефони орқали 141 тани, электрон почта орқали 98 тани, партиянинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали 100 дан зиёдни ташкил этади.
Мазмун-моҳиятига кўра, берилган таклифларнинг аксарияти хусусий мулк дахлсизлигини ҳамда экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилишни янада кучайтириш, фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш, оила институтини ривожлантириш, қадриятларимизни келгуси авлодларга етказиш, миллатлараро тотувликни янада қарор топтириш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, мактабгача таълим, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш каби масалаларни конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш билан боғлиқ. Фуқароларимиз томонидан
Конституциявий қонун лойиҳасига берилган мазкур таклифларнинг аксарияти қонун лойиҳасида назарда тутилгани бугун жамиятимиз томонидан Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар қўллаб-қувватланаётганидан дарак беради.
Таклифлар таҳлилига кўра, Ўзбекистон Экологик партиясининг 300 дан ортиқ фаоллари ҳамда Марказий кенгаш аъзолари томонидан қонун лойиҳаси муҳокамаси Конституциянинг тегишли моддасида ҳукуматнинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатларини кенгайтиришга оид берилган фикрлари ва таклифлари инобатга олиниб, қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида инобатга олиниши кутилмоқда.
Шунингдек, партия томонидан ўтказилган муҳокамалар жараёнида узлуксиз таълим тизими, унинг шакллари, нодавлат таълимни ривожлантиришнинг давлат томонидан таъминланиши билан боғлиқ Конституциямизнинг 41-моддасига партия фаол аъзолари томонидан берилган таклифлар Конституциявий қонун лойиҳасида акс эттирилиши назарда тутилмоқда.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича Конституциявий қонун лойиҳаси халқимиз, жамоатчилигимиз иштирокида кенг муҳокама қилиниши Бош қомусимизнинг пишиқ-пухта, янада халқчил, том маънода элимиз хоҳиш-иродасини ифода этувчи чинакам халқ Конституциясига айланишига хизмат қилади.
Абдушукур ҲАМЗАЕВ,
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари