Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

«Яшил иқтисодиёт»: Бугун учун ҳам, келажак учун ҳам ягона йўл

Она табиатни асраб қолиш ва муаммоларга ечим топиш йўллари йўқ эмас

«Яшил иқтисодиёт»:  Бугун учун ҳам, келажак учун ҳам  ягона йўл

Бугунги кунда экология билан боғлиқ муаммолар глобал кўриниш касб этиб, муайян шароитга мослашган бир бутун экотизим йўқолиб кетишига олиб келаётгани ва бунга биринчи навбатда антропоген омиллар сабаб бўлаётгани жаҳон аҳлини ташвишга солмоқда.

2019 йилда Ўзбекистон «Яшил иқтисодиёт»га ўтиш стратегияси»ни қабул қилди. Яқин ўн йилда мамлакатда углерод сарфини кескин камайтириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида экологик тоза ва ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш, қайта тикланувчи, самарали энергия манбаларидан кенг фойдаланиш кўзда тутилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Корея Республикасида ўтказилган «Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030» (P4G) иккинчи халқаро саммитидаги нутқида «Бугунги кунда она табиатнинг ўзи бизга йўллаётган огоҳлик қўнғироғига бепарво бўлмаслигимиз керак. Афсуски, иқлим ўзгаришлари тобора кучайиб бормоқда. Биз яшаётган Марказий Осиёда сўнгги 30 йилда ўртача йиллик ҳарорат тахминан бир даражага кўтарилди. Минтақамиздаги асосий дарёларнинг ҳавзаси ва биологик хилма-хилликнинг қисқариб бораётгани жиддий хавотир уйғотмоқда. Буғланиш даражасини оширадиган газлар ва атмосферанинг кенг миқёсда ифлосланиши муаммоларни янада чуқурлаштирмоқда. Бугунги кунда «яшил тараққиёт» борасидаги мақсадларга эришиш учун мамлакатларнинг ҳаракатлари янада фаол ва самарали бўлиши кераклигига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Бошқа чорамиз ҳам йўқ», деб таъкидлаб ўтди.

Дарҳақиқат, «яшил тараққиёт»га эри­шиш учун «яшил иқтисодиёт»га ўти­ши­миз ва уни ривожлантиришимиз қанчалик зарурат эканини табиат ўз тили билан қатъий айтмоқда, олдимизга талаб сифатида қўймоқда. Хўш, мана шундай барқарор ривожланишнинг асоси бўлган «яшил иқтисодиёт»ни мамлакат миқёсидаги қамровини кенгайтириш учун нималар қилишимиз лозим?

«Яшил иқтисoдиёт» бу иқтисoдий тизим бўлиб, унинг aсoсий мaқсaди сaйёрaмизнинг эколoгияси вa уни сaқлaб қoлиш билaн биргa иқтисодиётнинг барча соҳаларини ривoжлaнтиришга қаратилган. Шундай қилиб, «яшил иқтисoдиёт» деганда, инсoн ҳaёти вa сoғлиғи учун зaрур бўлгaн рeсурслaрни, aтрoф муҳит вa эколoгияни бир бутун ҳолда сақлаб қолиб ишлaб чиқaриш ва хизмат кўрсатиш соҳалари билан боғлиқ иқтисoдиётни янaдa ривoжлaнтиришни aмaлгa oширишгa aсoслaнгaн иқтисoдий фaoлиятнинг янги йўнaлиши тушунилади.

Барқарор тараққиёт деганда доимий миқдорий ўсиш каби том маънодаги барқарорлик эмас, балки экологик ва ижтимоий хусусиятлар инобатга олинган ҳолда «низосиз» ривожланиш назарда тутилади. «Барқарор» маъносини берувчи «Sustainable» сўзини «доимий» эмас, балки «мустаҳкам» ёки «бардавом» деб тушуниш лозим.

«Яшил иқтисодиёт» энергия ва ресурс­ни тежашга, атмосферага углерод чиқаришни камайтиришга, соф энергиядан фойдаланувчи транспортга, энергиянинг муқобил манбаларига, органик қишлоқ хўжалигига, экодевелопментга (атроф муҳитга кам таъсир кўрсатган ҳолда қурилишга) ва илғор логистикага асосланади. Бу ўз навбатида иқтисодиётга, табиатга зиён етказмай ривожланиш ва аҳолининг экологик фаровонлигини сақлаш имконини беради, табиий капитални сақлаш ва ошириш ҳисобига ишлаб чиқариш самарадорлигини оширади, заҳарли моддалар ва углерод чиқарилишини камайтирган ҳолда биохилма-хилликни кенгайтиради, шунингдек аҳоли даромадлари ва бандлигини оширади. Ҳам бирламчи, ҳам иккиламчи ресурслардан эҳтиёткор ва оқилона фойдаланиш «яшил иқтисодиёт»га хос, бунда анъанавий истеъмолга ўрганган жамият масъулият билан истеъмол қилувчи жамиятга айланади. «Яшил иқтисодиёт» модели инсон фаолияти ва табиат ҳамкорлигини нормаллаштиради.

«Яшил иқтисодиёт»ни шакллантириш доирасида глобал экологик хавфлар ва замонавий мослаштириш механизмларини шакллантириш, эколок ҳавфларни баҳолаш, табиий ва антропоген таъсирлар натижасида атроф муҳит сифатини башоратлаш тобора долзарб муаммога айланмоқда. Бундай иқтисодиётнинг энг муҳим мақсадларидан бири бу табиатга, атроф муҳитга қайта тикланмас зарар берадиган ҳар қандай ривожланиш йўллари ёки шунга қаратилган сиёсат ва қоидаларни ислоҳ қилиш заруратидир. Шу боис ҳам «яшил иқтисодиёт»га эришиш барқарор жисмоний ва инсоний ривожланишга эришиш учун аксарият компаниялар тузилмаси ва стратегияларида туб ўзгаришларни талаб қилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг атроф муҳит бўйича Дастури (БМТ АМД) «яшил иқтисодиёт»ни инсон фаровонлигини (турмуш даражасини) яхшилаш, шу билан бирга экологик хавфларни ва экологик ресурслар танқислигини сезиларли даражада камайтирадиган механизм сифатида белгилайди. Оддий қилиб айтганда, бу камроқ углерод чиқиндиларини ишлаб чиқаришга ва барча ижтимоий гуруҳларни ресурслар билан жойлаштиришга урғу берадиган иқтисодиётдир. Бунда асосий мақсад ресурслар самарадорлиги ва энергия сарфини ошириш орқали ифлосланиш ва углерод чиқиндиларини камайтиришга қаратилади.

«Яшил иқтисодиёт», шунингдек, давлат ва хусусий инвестициялар ҳисоб­ига амалга оширилиши керак бўлган даромадлар ва иш ўринлари ўсишига интилади.

Ушбу инвестицияларни мақсадли давлат харажатлари, сиёсатни ислоҳ қилиш ва қоидаларни ўзгартириш билан рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш керак. Ривож­ланиш йўли табиий капитални сақлаши ва яхшилаши керак. Дарҳақиқат, унинг қурилиши зарурат туғилганда чекланади, чунки у жамоат манфаати манбаи бўлиб, айниқса, хавфсизлиги ва турмуш тарзи табиатга боғлиқ бўлган камбағаллар учун экани ҳам айтилмоқда.

БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури «яшил иқтисодиёт»ни экологик хавфларни камайтириш орқали инсон ҳаётининг яхшиланиши билан юзага келадиган ва ресурслардан самарали фойдаланиладиган углерод газининг кичик фоизига эга бўлган иқтисодиёт деб таърифлаган. Бу шунингдек, даромадлар ўсишини оширади, давлат ва хусусий инвестицияларни иш билан таъминлайди. Унинг асосий вазифаси – углерод чиқиндилари ва ифлосланишини камайтириш, шу билан бирга ресурслар ҳамда энергиядан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, биологик хилма-хилликни йўқотишнинг олдини олишдир.

Бу мақсадларга фақат сиёсат ва қонунчиликни ислоҳ қилиш орқали эришиш мумкин. Яшил иқтисодиёт экологик хавфларни ва ресурслар танқислигини сезиларли даражада камайтиришга қаратилган. Шундай қилиб, паст даражадаги углерод, ресурс­лардан оқилона фойдаланиш ва ижтимоий интеграцияни жорий қилиш мумкин. Шу нуқтаи назардан, яшил иқтисодиёт шамол энергиясидан фойдаланиш каби янги муқобил йўллардан фойдаланиши мумкин. Шамол энергияси, электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг 47 фоиз ва иссиқлик энергиясини 25 фоиз ва транспорт учун 22 фоизни қондириши мумкин. Қуёш энергетикаси даражасига келсак, у 2009 йилга нисбатан 66 фоизга ўсган бўлса, 2010 йил охирида фотоэлектр қурилмалари кичик ва қисқа харажат эвазига дунёда 35 минг мегаватт қувватга, 35 ядровий реакторга тенг қувватга эришди. «Яшил иқтисодиёт» табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни рағбатлантириш ва тежамкорликни талаб қиладиган энергияни фаоллаштиришдан ташқари табиатнинг аҳамияти ва инвестиция фойдасини англатиши маълум.

«Яшил иқтисодиёт» бизнес юритиш учун янги фикрлашни, тармоқлар бўйлаб ишлаш қобилиятига эга бўлган ва кўп тармоқли жамоаларнинг бир қисми сифатида ишлайдиган малакали ишчилар ва мутахассисларнинг янги даражасини талаб қилади. «Яшил иқтисодиёт»га ўтиш бу кадрларни расмий ўқитиш ва таълим орқали тайёрлашни талаб қилади. Касбий таълим пакетлари тармоқларни кўкаламзорлаштиришга эътибор қаратган ҳолда ишлаб чиқилиши керак. Кейинчалик, таълим тизими ҳам турли фанлар бўйича экологик ва ижтимоий мулоҳазалар билан интеграциялашган бўлиши керак.

Ботир УСМОНОВ,

Тошкент кимё-технология институти ректори, педагогика фанлари

доктори, профессор, ЎЭП Марказий Кенгаш аъзоси




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔11

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔55

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔125

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар