Айни кунларда юртимизда муҳим сиёсий жараён – давлатимиз Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар қабул қилиш якунланди.
Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталари томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.
Брифингда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қарори билан жорий йил 1 августга қадар умумхалқ муҳокамасига қўйилган «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунлари тўғрисидаги умумлаштирилган ахборот юзасидан маълумот берилди.
Мазкур қонун лойиҳаси юзасидан давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларида кенг кўламли муҳокамалар амалга оширилди ва уларда фуқароларга ўз хоҳиш иродаларини эмин-эркин билдириши учун барча қулайликлар яратиб берилганлигига барчамиз гувоҳ бўлдик.
Умумхалқ муҳокамаси даврида вазирлик, идора ва ташкилотларда, республика бўйича барча туман ва шаҳарларда, шунингдек, Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар, сиёсий партиялар, маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирокида 20 мингга яқин тадбирлар ташкил этилди.
Конституциямизга киритилаётган ўзгаришлар ҳамда олиб борилаётган ишларни аҳолининг кенг қатламига етказиш мақсадида оммавий ахборот воситалари орқали кўплаб материаллар эълон қилинди. Масалан, давлат ва нодавлат телеканалларда 11 606 та лавҳалар, интервьюлар, информацион ва махсус кўрсатувлар эфирга узатилган бўлса, радиоканалларда 2 997 та информацион ва махсус эшиттиришлар тайёрланган.
Жумладан, марказий, ҳудудий ва сиёсий партиялар нашрларида 1 138 та мақолалар чоп этилди. Конституциявий ислоҳотлар юзасидан интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда 46 720 та ахборот материаллари эълон қилинди.
Тадбирда қайд этилганидек, қонун лойиҳаси муҳокамаларида ёшлар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, умуман ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз катта қизиқиш билан иштирок этиб, ўз таклифларини билдирди. Буни қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига чиқарилгандан сўнг ҳозирга қадар 150 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Эътиборли томони, мамлакатимизда бўлаётган Конституциявий ислоҳотлар жараёнида хориждаги ватандошларимиз ҳам бефарқ бўлишмади. Жумладан, Қозоғистон, Россия, Туркия, Жанубий Корея, Германия ва бошқа давлатлардан ватандошларимизнинг юзлаб таклиф ва муносабатлари келиб тушди.
Масъул қўмиталар умумхалқ муҳокамаси давомида берилган таклифларни ўрганиб чиқиш учун Конституциявий комиссия билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйишди. Бу ўз навбатида, келиб тушаётган минглаб таклифларни масъул қўмиталар томонидан атрофлича кўриб чиқилишида қатор қулайликлар яратди.
Шу билан бирга, умумхалқ муҳокамаси давомида қарийб 40 маротаба масъул қўмиталарнинг мажлислари ўтказилди. Қўмита мажлисларида мутахассислар, экспертлар, жамоатчилик, ОАВ вакиллари иштирок этди. Қолаверса, таклифлари долзарб аҳамият касб этган муаллифлар билан учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг берган таклифини бевосита ўзининг иштирокида масъул қўмиталарда муҳокама этилди. Узоқ ҳудудларда жойлашган таклиф эгалари билан эса масофадан туриб онлайн иш олиб борилди.
Масалан, «хотин-қизлар ва эркакларнинг гендер тенглиги давлат томонидан кафолатланиши»ни Конституцияда акс эттириш лозимлиги ҳақидаги таклиф қўмитанинг жорий йил 22 июлдаги йиғилишида муаллиф иштирокида муҳокама этилиб, унинг таклифи долзарб деб топилди.
Шунингдек, масъул қўмиталарнинг мазкур қўшма йиғилишида «иш вақти ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги» ҳақидаги таклиф ҳам унинг иштирокида таҳлил этилди ва долзарб деб топилди.
Брифингда Конституциявий қонун лойиҳасини бугунги кунда 6 турдаги экспертизадан ўтказилгани, шунингдек, куни кеча Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан етакчи олимлар, профессорлар, академиклар иштирокида жамоатчилик маслаҳатлашуви ўтказилиб, унда ҳам лойиҳада сўз ва ибораларни тўғри қўллаш юзасидан қатор таклифлар берилган.
Шунингдек, хориждаги сиёсий доиралар ва етакчи экспертларга Конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини етказиш мақсадида АҚШ, Буюк Британия, Швейцария, Польша, Япония, Корея, Ҳиндистон каби давлатларда турли конференциялар, давра суҳбати ва тадбирлар ўтказилди.
Таъкидланганидек, ҳар бир таклиф ва экспертиза хулосалари чуқур ва атрофлича экспертлар, мутахассислар, олимлар, сиёсатчилар иштирокида муҳокама қилиб борилмоқда. Келиб тушаётган таклифларга асосан Конституциявий қонун лойиҳаси маромига етказиляпти. Албатта, бунинг учун озгина вақт талаб этилади. Зеро, қўмита тушган таклифларни имкон қадар тезроқ қонун лойиҳаси шаклига келтириб, уларни лойиҳа матнида акс эттириши лозим.
Шундан сўнг, қўмиталарнинг қўшма йиғилиши, сиёсий партиялар фракцияларида муҳокамалар ўтказилади ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси кун тартибига олиб чиқилади. Қонун лойиҳасининг матни тайёр бўлиши билан у депутатлар муҳокамасига киритилади ва халқ вакилларининг фикрини инобатга олган ҳолда Конституциявий қонун лойиҳаси референдумга қўйилади.
Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, жорий йилнинг 1 август куни умумхалқ муҳокамаси учун ажратилган вақт тугаганини эътиборга олган ҳолда «Meningkonstitutsiyam.uz» платформаси ва 1341 колл-маркази орқали таклифларни қабул қилиш тўхтатилди, лекин «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун талаблари асосида лойиҳага берилган таклифлар белгиланган тартибда кўриб чиқилади.