«Қишлоқ жойлари тугул айрим катта шаҳарларда ҳам светофорсиз пиёдалар йўлакчаларини ҳайдовчилар ўзиники қилиб олишяпти. Улар пиёдалар чизиғи белгиланган жойда йўл бериш кераклигини билишса ҳам амал қилишмайди.
Пиёдаларга менсимаган назар билан қарашади. Бу эса ҳалокатли оқибатларга сабаб бўлмоқда...»
Яқинда «Ўзбекистон» телевидениесида «Муносабат» ток-шоусининг йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш мавзусига бағишланган сонида тараққий этган мамлакатларда бўлиб қайтган бир мутахассис автомобилнинг сигнали биз ўйлагандек пиёдалар учун эмаслигини айтиб қолди.
Масалан, Европада йўл юзига чиқиб кетган ҳайвонларни йўлдан ҳайдаш учун сигнал чалинар экан. Аммо, афсуски, бизда ундай эмас. Йўлларимиз тирбандлиги етмагандек, бесабр ҳайдовчиларнинг асабий сигнал босишларидан пиёдалар йўлкасидан ўтаётган одамнинг ҳам юраги ҳапқириб, совуқ терга ботиши аниқ. Бундан ташқари, баъзида ҳайдовчиларнинг пиёдалар йўлакчасига яқинлашиб қолганда ҳам тезликни пасайтирмаслиги, қурбонлар сонининг ошиб бораётганига сабаб бўлмоқда.
Ота уйим катта магистраль йўл бўйида жойлашган. Аммо ёшим қирққа яқинлашяптики, ҳалиям бу йўлга пиёдалар йўлкасини билдириб турувчи чизиқ чизилганини кўрмадим. Ваҳоланки, йўлнинг нариги тарафида мактаб, боғча ва қатор маҳаллалар жойлашган. Йўлнинг қатнов қисмидан бир кунда кўп сонли пиёдалар оқими кесиб ўтади. Шунча йиллар давомида йўлни кесиб ўтаётганда ҳалокатга учраган мактаб ўқувчилари, вафот этган йўловчилар сон-саноқсиз.
Ўзбекистонда ЖССТнинг йўл хавфсизлиги бўйича асосий стандартларидан айримлари ҳалигача жорий этилмагани ҳам бу муаммони янада чуқурлаштирмоқда.
Масалан, шаҳар йўлларида автомобиль тезлигини соатига 50 километрдан оширмасдан ҳаракатланиш ҳақидаги меъёр ҳалигача қонунчиликка киритилмаган. Ҳалигача аҳоли пунктларида тезлик меъёри соатига 70 километрдан паст эмас.
Йўл қурилишида бизда пиёдалар деярли инобатга олинмайди, мувозанатга эътибор қаратилмайди. Пойтахтда оз бўлса ҳам йўлаклар бор, аммо юқорида айтганимиздек, вилоят ва қишлоқларда аҳвол қайғули. Аҳоли йўлдан ўтмаслик учун ҳатто фарзандини мактаб, боғчага юбормасликка ҳам тайёр.
Маълумотларга кўра, бир йилда дунёда ўртача 1,35 миллион киши йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлади, 20-50 миллион киши эса турли жароҳатлар олади. Масалан, 2022 йилнинг июнь ойи охиригача 153 мингдан ортиқ пиёда ҳалок бўлган. Дунёда ҳар 23 сонияда 1 инсон йўл-транспорт ҳодисаларида вафот этади ва бу кўрсаткичлар кундан-кунга ошиб бормоқда.
Энг қизиғи эса, кам даромадли ва ўртача даромадли мамлакатларда гарчи автомобиллар сони кам бўлса-да, ўлимлар сони кўп. Яъни ривожланган мамлакатларда машиналар кўпроқ бўлишига қарамай, паст ва ўртача даромадли мамлакатларда ўлимлар сони анча юқори. Бу қурбонларнинг ярми пиёдалар, велосипедчилар ва мотоциклчиларга тўғри келади. Пиёдалар орасида эса ҳалок бўлганларнинг кўпчилигини ёш болалар ташкил қилмоқда.
Кўпинча йўлларнинг пиёдалар томонидан нотўғри кесиб ўтилишига пиёдалар учун ўтиш чизиғи белгиланмагани ёки умуман йўқлиги, ноқулай жойга ўрнатилгани сабаб бўлади. Қолаверса, ҳайдовчиларимизда билимнинг етишмаслиги, мастликда машина бошқариш, қонунбузарликни ўзи учун фахр деб билиш, шу билан кимларнингдир олдида мақтаниш, жазосиз юрганини мардлик ўлароқ талқин қилиш ҳам авж олган иллат десак адашмаймиз.
Аслида йўл барчамиз: пиёдалар, велосипедлар, мотоциклчилар, автомобиллар учун хавфсиз бўлиши керак. Бизда эса ҳамма йўллар фақат автобиллар манфаатини ҳисобга олиб қурилгандек. Ваҳоланки аҳолининг асосий қатламини пиёдалар, пиёдаларнинг катта қисмини эса болалар, ўсмирлар, ёшлар ташкил қилади. Афсуски, биргина ҳайдовчи ёки йўл муҳандислигидаги хато сабаб уларнинг ҳаётига нуқта қўйилиши ҳеч гап эмас. Охирги пайтларда қурбон бўлган пиёдалар орасида болалар сонининг ошиб бораётганидан йўлларимиз мина қўйилган майдонлардан ҳам хавфли бўлиб қолмоқда.
Айниқса, Тошкент шаҳрида ерости йўли ёки кўприклар орқали йўлни кесиб ўтгандан кўра йўлнинг белгиланмаган қатнов қисмидан ўтиб қўя қоладиганлар жудаям кўп. Чунки кўприклар баланд ва кўп куч талаб қилганлиги учун қариялар ва болаларга қийинчилик туғдиради. Лифт ва эскалаторлар эса ишламайди. Ҳали бирорта кўприкда ногиронлар учун лифт ва эскалаторлар мунтазам ишлаб турганига гувоҳ бўлганимиз йўқ. Қишлоқ тугул шаҳарларда ҳам светофорсиз пиёдалар йўлакчаларини ҳайдовчилар ўзиники қилиб олган. Улар пиёдалар чизиғи белгиланган жойда уларга йўл бериш кераклигини билишса ҳам амал қилишмайди. Пиёдаларга менсимаган назар билан қарашади.
Пиёдалар орасида қурбонларни камайтиришнинг йўллари кўп, албатта. Аммо бу борада комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилмаган холос. Шулардан энг биринчиси, юқорида айтганимиздек аҳоли яшаш ва одам гавжум ҳудудларда тезликни соатига 50 километр қилиб белгилаш, қулай пиёдалар ўтиш жойлари сонини кўпайтириш, ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиб, ушбу тажрибани йўл қурилиши борасида қўллаш, светофор чироқлари ёниш дақиқаларини узайтириш каби ўнлаб чоралар бор. Аммо бу масалага давлат миқёсида қаралмаётгани сабабли ҳалигача жиддий бир ечимлар қилинмаяпти.
Масалан, Жанубий Кореяда бу борада жудаям кучли жамоатчилик назорати ўрнатилиб, ўнлаб фуқаролик ташкилотлари фаолият олиб боради. Кореяда энг кўзга кўринган бундай ташкилотларга Корея яшил оналар жамияти (the Korea Green Mothers Society) ва Кореянинг энг яхши ҳайдовчилари уюшмаси (the Korea Best Driver Association)ни мисол қилиб келтириш мумкин.
Корея яшил оналар жамияти бошланғич мактаблардаги оналар гуруҳларидан ташкил этилган бўлса, иккинчи ташкилот тўғридан тўғри полиция билан боғлиқ ҳолда фаолият юритади. Бу жамиятлар Корея ҳукуматининг йўл хавфсизлиги бўйича ўтказиладиган тадбирларида фаол иштирок этишади ва уларни ташкил этишда муҳим роль ўйнашади. Мисол учун, Корея яшил оналар жамиятининг мамлакат бўйлаб деярли 5700 та филиали ва 530 минг аъзоси мавжуд бўлиб, халқаро олимпиада ва ФИФA Жаҳон кубоги каби глобал тадбирларни ташкиллаштиришда ҳам бевосита қатнашиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга ўз ҳиссаларини қўшиб келишади. Бунинг рағбатига эса, улар Корея ҳукумати томонидан турли хил қўллаб-қувватловчи ёрдам ҳамда совғалар олишади.
Ушбу мақолани ёзиб тугатар эканман йўл-транспорт ҳодисалари сабаб ҳалок бўлганлар сонини дунё миқёсида ҳар сонияда кўрсатиб турадиган сайтга кўз ташлайман. Мен мақолани ёзиб бўлгунимча (20-30 дақиқа ичида) 13-14 та пиёда ҳаёт билан видолашибди. Минг афсуски, юртимизда қурбон бўлаётган пиёдалар сони ҳам ташвишланарли.
Бу эса йўл ҳаракати қоидаларини боғчаданоқ ўқитиш, жамоатчилик назоратининг қатъий кучайтирилиши кераклигини англатади. Айниқса, кўчаларимизда бир кун ҳам ўқимай ҳайдовчилик гувоҳномасини олган потенциал қотиллар ҳам юргани бизни янаям ташвишга солади. Бундан кўриниб турибдики, йўл ҳаракати ва йўл муҳандислиги билан боғлиқ масалалар бугун ниҳоятда долзарб. Аммо шу муаммони давлат даражасига олиб чиқиб ечим таклиф қила оладиган бирор бир мард топилмаяпти. Биз эса шунча мулоҳазаларимиз қуруқ қоғозда қолиб кетмаслигига умид қилиб ёзаверамиз, ёзаверамиз.
9-синфни битирар куни йўлни кесиб ўтаётиб, машина уриб юборган, велосипеди билан кўз ўнгимда 10-20 метрга учиб кетган, воқеа жойининг ўзидаёқ вафот этган ўқувчимни ҳеч қачон унутолмасам керак. Шу каби қотилликлар эса кун сайин, соат сайин ошиб бормоқда. Бундай фожиани чуқур ҳис қилиш учун эса ўзимизни бир сонияга ҳалок бўлганларнинг яқинлари ўрнига қўйиб кўришимизнинг ўзи етарли...
Саида ИБОДИНОВА,
«Оила ва табиат» мухбири