Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Элак тутган... журналист Хушхабар беринг, нафратлантирманг!

Инсон бир-бири билан кўришганда ҳол-аҳвол, омон-эсонлик сўрашгандан кейин «Нима гаплар? Нима янгиликлар?» деб сўраши одат тусига кирган. Шу тариқа инсон бошқалардан мужда бўладиган бир хабар кутади. Хабар ҳар кимнинг ҳаётига, ишига, кайфиятига, саломатлигига – қисқаси, ҳаётининг барча жабҳаларига қайсидир маънода таъсир кўрсатади.

Элак тутган...  журналист  Хушхабар беринг,  нафратлантирманг!

Биз бир бахтли-саодатли халқмиз. Сабаби, биз ҳар бир сўзи, ҳар ҳаракати тиллодан қиммат аждодларнинг ворисларимиз. Улар қолдириб кетган илмий-маънавий хазина бизни бугун жаҳон айвонида бошқалардан бир неча поғона юксакда тутишга салоҳиятли. Улар амал қилган, ардоқлаган, қадрлаган миллий таомилларни бугунги ҳаётимиз ва фаолиятимизнинг олтин пойдевори сифатида эҳтиром қила олсак, улар юрган йўллардан юриб, улар эришган юксакликларга эришиш имконини барпо этиш мумкин бўлади.

Ота-боболаримизнинг минглаб ҳайратомуз ишларидан бири – улар бирон асосли зарурат бўлмаса, ёмонликни сўз билан изҳор қилишдан ўзларини тийишни афзал билишган.

Ёмон сўз, ҳақорат, ёлғон, туҳмат, бўҳтон, иғво, ортидан фитна ва уруш эҳтимоли бўлган хабардан имкони борича қулоқни узоқ тутиш ҳаракатида бўлишган. Уларнинг ишончига кўра, ёмонлик сўз воситасида қулоқ орқали вужудга кирса, олдин ақлнинг ўтмаслашишига, кейин қалбнинг қорайиб, қотиб қолишига (охир-оқибатда ўлишига) сабаб бўлишини ҳаётий-тажрибавий далиллар асосида теран англаб етишган. Бир чаққанда инсонни ўлдиришгача борадиган заҳарли ҳашаротнинг номини тилга олмасдан «оти йўқ» дейишган. «Бўрини гапирса, қулоғи кўринади», деган ишонч билан хунук, қўрқинчли, ёмон маънолардаги гаплардан имкон қадар «айналиб ўтиш»га интилишган. Ҳатто танишларидан кимдир тузалмас дардга чалинса, шу инсоннинг юз-хотирини қилиб, ҳурматини сақлаб касалликнинг номини ҳам айтиб ўтиришмаган. Унинг ўрнига «оғир касалга йўлиқибди», «ёмон касал бўлибди» каби сўзлар билан аташга одатланишган.

Эрталаб яхши кайфият билан уйдан чиқиб кетаётганда йўлда кимдир жанжаллашиб, бўралаб сўкинаётганини эшитишнинг ўзиёқ кайфиятга салбий таъсир кўрсатади. Кимдир олдимизга сифати бузилган, айниб қолган егулик келтирса, таъбимиз хира бўлади. Агар биров шаънимизга ножоиз гап айтган бўлсаю ногаҳон шуни эшитиб қолсак, дилимиз вайрон бўлиши шубҳасиз. Бундай ҳолда одам мувозанатини йўқотиб, маънавий хасталикка дучор бўлиши табиий. Киши жисмига қасддан етказилган моддий зарбадан кўра, салгина эҳтиётсизлик сабабидан қилинган маънавий таъсирнинг заҳми қаттиқроқ ва оғирроқ бўлади. Шунинг учун сўз сўзлашда узоқ ва атрофлича мулоҳаза қилиш, айтиладиган ҳар бир сўзни ақл ва қалбдаги барча элаклардан ўтказиш зарурати бор.

Қош қўяман деб...

Шу ўринда халқ ичида зарбулмасал бўлган уч элак ҳақидаги ривоят ёдга тушади.

«Бир киши донишманддан сўради:

– Дўстингиз сиз ҳақингизда нима деганини айтайми?

– Шошма, – деди донишманд, – аввал айтмоқчи бўлган гапингни учта элакдан ўтказ...

– Учта элак?

– Бирор гапни айтишдан олдин уни учта элакдан ўтказиш лозим. Аввал ҳақиқат элагидан. Айтмоқчи бўлган гапинг ҳақиқат эканига ишончинг комилми?

– Йўқ, мен уни шунчаки эшитдим, холос.

– Демак, сен унинг рост ёки ёлғонлигини билмайсан. Энди иккинчи – яхшилик элагидан ўтказамиз. Сен менга дўстим ҳақида бирор яхши гапни айтмоқчимисан?

– Йўқ, аксинча.

– Демак, – давом этди донишманд, – сен менга ҳақиқатлигини билмай туриб ёмон хабарни етказмоқчисан. Энди учинчи элакдан ўтказамиз. Бу – фойда элаги. Сенинг гапингни эшитишим шартми, у менга фойда келтирадими?

– Йўқ, ҳожати йўқ.

– Демак, – хулоса қилди донишманд, – сен етказмоқчи бўлган хабарда ҳақиқат ҳам, яхшилик ҳам, фойда ҳам йўқ экан. Унда уни менга айтиб нима қиласан?»

Бу ривоятда бир киши бошқа бир инсонга шунчаки шахсий маълумот – хабарни етказмоқчи бўлгани айтиляпти. Ҳар кунлик аъмоли халққа ижтимоий хабар етказиш бўлган касб эгалари – журналистлар бу борада қандай йўл тутишлари зарурлиги шу ривоятдан англашилса керак.

Бундан бир аср илгари бизнинг ота-боболармиз хабарлар тўплаб, уни ажратиб-саралаб, мувофиқ бир тарзда яна халққа етказиб бериш билан шуғулланишни алоҳида соҳа сифатида кўришмаган. Бу касби ва мутахассислигидан қатъи назар миллатнинг фидойи ва жонкуяр зиёлилари зиммасига тушган. Ўша пайтларда инсонларнинг ҳаёт тарзи, иш-амали айтар сўзи билан муштарак бўлишига катта эътибор қаратилган. Эҳтимол шу боисдандир, уларнинг сўзи салмоқли ва таъсирли бўлиб, зарурий аҳамият касб этган. Миллатни уйғотиш, тарбиялаш, оёққа турғизиш, маърифатли қилиш, жамиятдаги турли иллатлардан огоҳ қилиш ва уларга зарба бериш, жаҳонда бошқаларга намуна бўла оладиган ҳаётни барпо этиш каби эзгу мақсадлар зиёлиларни матбуот аталмиш муборак бир минбарга олиб чиққан. Минбардаги киши ўз зиммасида халқ ва миллат олдида улкан масъулият турганини теран ҳис қилган ҳолда мулоҳаза юритган. Шахсий манфаатлар, машҳурлик, нон топиш ё ном қозониш васвасаси матбуот минбаридан йироқ тутилиши муҳим деб қаралган.

Эски ҳаммом, янги тос

Аждодлар шараф билан уддалаб келган журналистлик бугун кимларнингдир назарида гўё урфдан қолаётган, эскиргандай. Унинг ўрнига блогерлар, бошловчилар, турли агентлар, масс-медиа ходимлари каби ўнлаб янги ва замонавий тушунчалар пайдо бўлди. Ҳаётимизга янгиликлар кириб келгани албатта яхши. Замон билан ҳамнафас яшаш ҳаммамизнинг мақсадимиз. Аммо шакли ва тури қандай бўлишидан қатъи назар ахборот етказиш билан шуғулланувчи ҳар бир киши кимга нима деяётганини ҳамда шу хабарнинг омма учун ижтимоий аҳамиятини ўта синчковлик билан мулоҳаза қилиши зарурат бўлиб қолаверади.

Айниқса, ахборотнинг электрон ҳолатда тарқалиши журналист масъулиятини янада оширишни тақозо этяпти.

Қайнота ва келин, ота ва қиз орасидаги жирканч муносабатлар, ўз фарзанди – чақалоғига ғайриинсоний муомала қилаётган кимсалар, зўравонлик, ўғрилик, фирибгарлик, безорилик, қотиллик, худкушлик каби нохуш ҳолатлар тафсилотини ипидан игнасигача очиб бериб, ҳатто тасвирга олиб кенг миқёсда баралла тарқатишдан кўзда тутилган мақсад, ундан кўриладиган манфаат нималигини теранроқ ўйлаб кўриш зарур. Шунингдек, деярли ҳар соатда юз бераётган ҳалокатлар эълонидан кўра, халққа кутилмаган ва фавқулодда вазиятларда ўзни қандай тутиш, нима қилиш, қай ҳолда кам талафот кўриш йўл-йўриқларини ўргатувчи амалий фойдали ахборот берилса, нур устига нур бўларди. Қайсидир кимса қаергадир дам олишга кетгани, янги улов сотиб олгани, тўй қилгани, фарзандли бўлгани, оила қургани, таом тановул қилгани каби ғоят шахсий ва ижтимоий жиҳатдан деярли аҳамиятсиз бўлган маълумотларни изҳор қилиш; омма олдига она ва болани, ота ва ўғилни, қариндош-уруғни олиб чиқиб гап талаштириш ёки ҳар бир инсоннинг, оиланинг энг нозик сирларини эл олдига олиб чиқиш, ОАВда эълон қилиш қанчалик ўринлилигини ҳам бафуржа ўйлаб кўриш керак.

Одамлар орасида кўпроқ шов-шув қўзғатадиган сарлавҳа ва мавзуларга урғу бериб, халқ эътиборини ўзига тортиш, ахборот тарқаришни фақатгина пул топиш манбаига айлантириб олиб ёки шу йўл билан жамиятдаги ўз мавқе-мақомини мустаҳкамлашни биринчи ўринга чиқариб қўйиш масаласини ҳам журналистиканинг асл матлабига хос деб бўлмайди. Халқ учун зарур бўлган ижтимоий фойдали ахборотни етказиш иши кимсалар ва шахсларнинг шахсий манфаатларидан ҳамиша юқори қўйилиши зарур. Баъзида халқ учун етказилаётган ахборотнинг ўзигина муҳим ҳисобланади. Уни ким етказгани эътиборли бўлмаслиги мумкин. Журналист халқни ўзига жалб қилиб олувчи эмас, омманинг эҳтиёжи бўлган ижтимоий ахборотни холис етказиш йўлида хизмат қилишга бел боғлаган оддий фидойи хизматчидир. У ўз фаолиятида шахсияти ва шахсий манфаатларини устун тутиб ҳаракат қилиши бирёқламаликка йўл очиши мумкин. Буни ўринли мулоҳаза қилган аждодларимиз халққа етказадиган холис ва эзгу сўзини ҳамиша ўзидан устун тутган. Миллий матбуотимизнинг XX аср бошларидаги забардаст вакили Абдулла Қодирий – гарчи элликка яқин имзо-тахаллуслар ортида туриб ижод қилган бўлса ҳам, унинг ҳар бир чиқишини кузатиб борган халқ муаллифнинг кимлигини яхши пайқаган. Қодирийнинг матбуотдаги ижоди ҳам халқимизнинг юксак маънавий хазинаси бўлиб бугунгача сақланиб турибди. Аммо сўз воситасида ўзини майдонга солиб, намойиш ва кўз-кўз қилганлар аллақачон унутилиб бўлди.

Бу каби ижтимоий шовқин-суронлар вақти-вақти билан бир пайдо бўлиб яна йўқликка юз тутиши муқаррар. Халқ эса журналистдан бугунги куни учун фойдали, аҳамиятли, зарур, эртанги куни учун ҳам эътиборли чиқишлар кутади. Шуни топса, журналистга, матбуотга, телерадиога, интернетга ишонади. Тополмаса, ҳафсаласи пир бўлади.

Яшиндан тезкор хабар

Бугун техника ва тараққиёт ривожи боис ахборот коммуникация воситалари жуда оммалашди. Шунинг баробарида ахборот ҳам мисли кўрилмаган даражада кўпайиб боряпти. Ахборот майдонидаги бунча кўп маълумот ва хабарлар инсонларнинг бахт-саодати, фаровон ҳаёт кечириши учун восита бўладими ёки ўзаро низо, нифоқ, фитна-фасодлар учун қуролга айланадими, деган масала олдида бугун ҳар биримиз албатта масъулмиз. Зотан, ахборот курашлари шиддат билан олиб борилаётган бир даврда бу масалага бефарқ қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Шу нуқтаи назардан бугун журналист масъулияти, журналист сўзига эътибор олдингилардан кўра бир неча баравар кучайди. Энди салгина эҳтиётсизлик қилиб ўтказиб юборилган биргина нотўғри маълумот яшин тезлигида бутун дунёга тарқалиб бўлади. Кейин уни қайтариб олиш ёки тузатиш етарлича наф бермаслиги мумкин. Шу маънода бугун журналистлик касби снарядни зарарсизлантирувчи махсус мутахассиснинг ишидан ҳам нозикроқ бўлиб қолди. Снаряд портласа, саноқли одам зарарланиши мумкин, аммо ахборотнинг тез тарқалиши ва чегара билмаслик хусусияти ундан-да каттароқ ҳалокатларга сабаб бўла олади. Ахборот устида ишлаётган, уни қабул қилиб олаётган, қайта ишлаётган ва тарқатаётган фидойи журналист бугун чегарадаги кузатув минораси устида турган содиқ аскардай ҳушёр ва огоҳ бўлиши шарт бўлиб қолди. Акс ҳолда журналист ахборот майдонидаги салбий ҳаракатларга барҳам берувчи холоскор эмас, бесамар курашларнинг онгсиз аскарига айланиб қолади.

Халқ журналистдан ҳамиша яхши ва фойдали сўз кутади. Журналистни ўз сўзига содиқ ҳурматли инсон деб билади. Аксарият ҳолларда уни яхши кўриб ҳурмат қилганидан ўзига намуна қилиб олади. Фарзанди ҳам шу йўлдан кетиши, худди шундай эл-юрт назаридаги одам бўлишини орзу қилади. Журналистни ўзига яқин тутиб, дарди-ҳасратини дастурхон қилади. унга умид билан кўз тикади. Муаммоларига ечим топишда яқин ёрдамчи сифатида кўриб, ишонч билдиради. Журналист учун энг оғир нарса – зиммасидаги халқ ишончини оқлаш. Халқнинг ишончини оқлаш – журналист учун чинакам бир бахт.

Ҳеч бир журналист ана шу бахтдан бебаҳра қолмасин.

 

Камолиддин ШАМС




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔8

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔55

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔125

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар