Интернет тармоқларида чиқинди қутиларини тўлдириб ташлаб кетилган моғор босган бус-бутун нонлар, уюлиб ётган буханкаларни, турли булочкалар, эзилиб ётган ширин пишириқлар, печеньеларни кўриб юрагим увишиб кетди.
Яна, бунинг устига чиқиндиларни ташувчи «Махсустранс»нинг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимларидан бири Тошкентда яшовчи аҳоли томонидан бир ҳафтада бир ярим тоннагача ейишга яроқсиз дея нон ва нон маҳсулотлари ташлаб юборилаётганини айтиши қалбимни изтиробга солди.
Биз ҳеч нарсанинг уволидан қўрқмайдиган бўлиб қолдикми? Ҳатто нон шунчалик хор бўляптими?
Чиқинди ташлагани борганимизда алоҳида нон ташланадиган қутиларни ичига нон ташлаб кетаётган катта ёшдаги аёлларни, ёш келинларни, ўсмир болаларни кўрамиз. Улар бемалол худди уйдан чиққан хазонларни ташлаб кетаётгандек оғринмасдан нон ва нон маҳсулотларини, макарон ва лағмондан тайёрланган овқатларни ағдариб, ахлатдан қутилганига хурсанд бўлиб кетаверишади. Тўйлар ва тадбирларда ейилмасада бўлакланган нонларни гарчи ҳеч кимнинг қўли тегмаган бўлса-да еб бўлмайдиганга чиқарилиб чорва фермаларига бериб юборилиши, тўйхоналарнинг чорва боқувчи аҳоли билан дастурхондан қайтган нонлар ва овқатларни (бир тишлаб ташланган сомсалар, ярим ейилган дўлмалар, котлетлар, салатлар) олиб кетиб моллари ва итларига бериш учун келишувлари борлигини биламиз. «Ҳа, молларга берилар экан-ку» – деймиз.
Ахир чорванинг ҳам, итларнинг ҳам ўз емишлари бор. Ем-хашаклар ва инсон ея олмайдиган суяклар ва сифати ҳайвонларга мос қормалар, аталалар, ювиндилар дегандек... Асло инсоннинг қутлуғ дастурхонидан исроф қилиб ташланган ноз-неъматлар эмас.
Бир ҳовуч доннинг нон бўлиб дастурхонга келиши учун қанча меҳнат қилинишини отаси деҳқон бўлмаган одам ҳам тассавур қилиши қийин эмас. Деҳқон йил – ўн икки ой дала чангини ютиб ғалла етиштиради. Куздан бошлаб ерни экинга тайёрлайди. Қиш фаслида ҳам имконини топиб тупроққа ишлов бераётган қадоқ қўлларни кўрганмиз. Она сутининг сунъийсини яратиб бўлмаганидек, ноннинг ҳам сунъийсини ясаб бўлмайди.
Нонни исроф қилганлар бир кун дўконларга нон келмай қолишини тасаввур қилишармикан? Икки кун-чи, уч кун-чи? Бир ҳафта нон бўлмай қолса-чи? Аллоҳ асрасин. Ўша исрофгарларнинг ўзи биринчи навбатда ҳамма ёқни остин-устин қилади.
«Исроф қилсам ўзимнинг пулимга сотиб олаяпман. Сени нима ишинг бор?», дейдиганлар топилиши мумкин. Тўғри, ўзингизнинг пулингиз, ўзингизнинг тўлмас хурмачангиз. Аммо, унутманг ер ости ва ер усти бойликларимиз – табиат ресурслари битта мамлакатга – она Ўзбекистонга тегишли.
* * *
Кўклам ниш уриб чиққан буғдойларни кўриб фермерлар йиллик режани ҳисобини ололмайдилар. Сабаби, ҳали бошоқлар етилиб пишгунича қанча касалликлар ва зараркунандалару табиат инжиқликлари ризқ-рўзимизга чанг солиши мумкин. Лаълми ерларда буғдойнинг тақдирини ёмғирлар ҳал қилади. Ёғингарчилик бўлмаса кенг қир-адирлар бағрига сув чиқариш ҳали йўлга қўйилгани йўқ. Бу бўйича йирик ирригаторларимиз, олимларимиз тинимсиз тадқиқотлар олиб боришмоқда. Буғдой хирмонларига ёпишадиган қушлар, сичқону каламушларнику айтмаса ҳам бўлади. Кейинги йилларда айрим мамлакатларнинг ҳосил далаларини шип-шийдон қилиб кетаётган, ҳатто буғдой пояларигача еб кетаётган чигирткалар ҳужумидан ҳеч бир мамлакат ҳимояланган эмас. Шунингдек, даласи очил дастурхонли Ўзбекистонимиз ҳам.
Интернет тармоқларида нонни исроф қилмаслигимиз тўғрисида ёзилаётган гапларга куюнчак юртдошларимиз нон пиширувчи цехларга ҳақли эътирозлар билдиришяпти. Яъни, ўша чиқинди қутилардан жой олаётган буханка нонлари дўкондан сотиб олинган кунининг эртаси эрталаб нонуштагача еб бўлмас даражада ичи берч бўлиб қолишини ёзишган. Бу нохуш ҳолатни барчамиз бошдан кечирганмиз.
Бу борадаги саволларга Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлиги бошқарма бошлиғи Ботиржон Шаропов шундай жавоб беради:
«Нон бўйича «Ўздонмаҳсулот» АЖ билан биргаликда йил давомида икки юздан ортиқ ўрганишлар ўтказилган. Биринчи ўринда ишлаб чиқарувчилар билан тушунтириш ва суруштирув ишлари олиб борилган.
Сифатсиз нонларни ишлаб чиқарган корхоналарга нонлари савдодан олиниб, қайтариб берилган. Стандарт бўйича нон оғирлиги 600 гр. ва 300 гр. қилиб ишлаб чиқарилиши мумкин. Нон маҳсулотларини ташиш бўйича қоидалар ҳали жорий қилинмаган ва бу масалалар бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шу пайтгача ташиш билан ишлаб чиқарувчининг ўзи шуғулланиб келмоқда. Бу ҳолатни назоратга олиш учун ҳаракатдамиз».
Юртимизда эл ичра номи кетган буханка пиширувчи корхоналар борки аҳоли атайлаб узоқ ҳудудлардан ҳам келиб уларнинг нонларини олиб кетади. Айрим нон цехлари эса маҳсулотдан уриб, нон пишириш технологияси илми ва тажрибасини билмаслиги нонларни рисоладагидек пишмаслигига сабаб бўлмоқда.
Исроф бўлаётган нонларнинг уволидан қўрқмаётган айрим тадбиркорлар фаолиятини қонуний кўриб чиқишнинг аллақачон вақти келди.
Қадимий «Авесто» китобида ҳам нонга бир боб бағишланган бўлиб, нон деҳқончиликнинг энг қимматбаҳо маҳсулоти экани айтилган. Қишлоқ жойларда нон тандирларда пиширилади. Биз томонларда келин изловчи совчилар албатта тандирда нон ёпишни уддалайдиган қизлар дарвозасига серқатнов бўлишади.
Чунки, бараканинг калити пазанда, уқувли оила бекасининг қўлидадир. Ҳозирда қишнинг совуғи ёки ёзнинг саратонида ҳам духовка печларда пиширган келинлар ширин нон ва патирларни ойнадек ярақлатиб дастурхонларга қўйишмоқда.
Қишлоқларда бир бурда нон ҳам исрофга кетмайди. Шаҳарларда ҳам нозанин уй бекалари қотган нонларни қирқиб (сухарик), қитирдоқ қилиб, устига зираворлар сепиб духовкада қуритиб оладилар.
Бу исроф уволидан асраш билан бирга, уйга барака олиб киради. Қуритилган қитирдоқларни кексаларнинг шўрвасига тўрттагина ташлаб берсангиз, улар ҳеч бир эътирозсиз истеъмол қиладилар. Болаларнинг тишларини мустаҳкамлашда ҳам стоматологлар қўлбола қитирдоқларни тавсия этади. Камқонлик касалига чалинганларга суви қочган нон билан қовурилган пиёз тавсия қилинишида алоҳида шарқона тиббий асрор борлиги аён.
Истеъмолдан ортиқча нонларни музлатгичларда сақлаш ҳам яхши самара беради. Буханка нонлардан ташқари, уй шароитида, духовкада пиёзли нон, пиёзли патир, гўштли нон, жиззали нон, қаймоқли патир, қовоқли нон, памидорли нон кабиларни пишириб, талқон қилиб организм иммун тизимини яхшилаш мумкин.
«Шариъатул ислом» китобида «Нон иложи борича ҳурматланади», дейилган. Имом Абдулҳай Лакнавийнинг билдиришича, «Нонни эъзозланг» лафзи билан бошланган ҳадис ҳамда нонни эъзозлашга бўлган тарғибнинг асли пайғамбаримиз суннати ва саҳобалар амалига етиб боради.
Нонни эъзозлаш ҳам ота-онани, устозни эъзозлаш кабидир. Ота-она, устоз билан қасам ичиш дуруст бўлмаганидек, нон билан ҳам қасам ичиш яхши иш эмас. Ерга тушган таомни (нонни биринчи ўринда) ердан олиб, тозалаб ейишга келсак, бу айни неъматга бўлган ҳурмат ва шукроналик ифодасидир.
* * *
Оммавий ахборот воситаларида берилаётган хабарларга кўра, қўшни Туркманистонда ортиқча нон сотиб олганларга ҳатто 15 сутка қамоқ жазоси берилиши мумкин экан. Балки бу қўшнимиз бўлган давлатнинг нон исрофгарчилигига қарши ўзига хос чорасидир.
Бизда эса барчаси виждонимизга ҳавола этилган. Аммо, фарзандларимизга, оила аъзоларимизга ер юзида, йил давомида нон йўқлигидан миллион-миллион одамлар очлик қурбони бўлаётганини тушунтириш бурчимиздир.
Халқда «Нимани қилсанг хор, шунга бўласан зор» деган нақл бор. Илоҳим, элимиз ҳеч қачон нонга зор бўлмасин. Аллоҳ хирмонларимизга барака берсин.
Очлик ер юзини юҳодек ютаётган йилларда ҳам «Тошкент – нон шаҳри» деб, ном олган. Самарқанд нонларининг таърифи етти иқлимга кетган.
Тонгларида ноннинг хушбўй ҳидларидан баҳраманд бўлиб уйғонаётган юртдошларим – азизларим. Унутмайлик, бу тўкинликка ўз-ўзидан етиб келингани йўқ. Урушга кетган отаси тишлаб кетган нонни очлик қақшатган кунда, девордан олиб еган болаларнинг отаси урушдан қайтиб келмайди, деб ишонилган. Болалар бир куни улғаяди, аммо, юракларида бир умр «Отам тишлаб кетган нонни еганимиз учун отам қайтиб келмади», – деган армон билан яшаганларини кўрганмиз. Гарчи тишлаган нонларини ҳеч ким емаганлар ҳам урушдан қайтиб келмаганларини барча билса-да. Гарчи урушда омон қолиш девордаги нонга боғлиқ бўлмаса-да...
Ўзбекистон халқ артисти, саҳнамиз фариштаси Рихсихон Иброҳимова бир кўрсатувда вафот этган укасини эслаб, қуйидагиларни айтиб берган эди:
«Кўп болали оила эдик. Қаҳатчилик йиллари онам нонларни саватчага солиб илиб қўяр эдилар. Нонлар уйга ҳамма йиғилганда онам томонидан бўлиб берилар эди. Укаларимдан бири ҳаммадан чиройли, аълочи эди. Бир кун уйларни тозалаб турсам ўша укам ҳеч ким йўқ деб, югуриб кириб нон саватдан бир бўлак нонни олдию оғзига солди. Мен уни тутиб олиб урдим. Ўшанда укамжоним роса аччиқ-аччиқ йиғлади. Минг афсуски ўша укам камолга етмай вафот этди. Менинг юрагимда эса «Оч укамни нега урдим» деган, катта доғ қолди...»
Ҳа азизлар, биз ўзбекларда «Нондек азиз бўлинг» – деган гап бежиз эмас. Ушбу мақолани ёзар эканман менинг ҳам сизга ўтинчим бор: нонни исроф қилманг, нондек азиз бўлинг!
Зулфия МЎМИНОВА,
шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими