Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Экологияга дахлдорлик ҳар биримизнинг қалбимизда, виждонимизда бўлиши керак

Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов шундай деганди: «Кесилаётган ҳар бир дарахт, ифлос қилинаётган зилол сувли ариқ бошига, уйидаги ахлатни кўчага ташлаб кетаётган ҳар бир одам ёнига биттадан назоратчи қўйишнинг имкони йўқ.

Экологияга дахлдорлик ҳар биримизнинг  қалбимизда,  виждонимизда  бўлиши керак

Назоратчи ҳар биримизнинг қалбимизда, виждонимизда бўлиши керак.

Бу ҳар биримизнинг ҳаётимиз, тақдиримизга дахлдор юмуш. Агар таъбир жоиз бўлса, ҳаёт-мамот масаласидир».

Статистик маълумотларга қараганда, дунё бўйича кунлик маиший чиқиндиларнинг фақат учдан бир қисми қайта ишланади. Шу боис уларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш масаласи тобора долзарб бўлиб бормоқда. Қаттиқ маиший чиқиндилар миқдори деярли барча давлатларда аҳоли жон бошига ҳар йили бир фоизга ортиб бораётир. Мамлакатимизда иқтисодий-ижтимоий ўсиш ҳисобига бу кўрсаткич 7 миллион тоннага етиб, йилига 2 фоиздан ўсаётгани барчамизни амалий саъй-­ҳаракатга ундаши зарур.

«Поклик иймондандур»

Халқимиз азалдан тупроқ, сув, она табиатни муқаддас деб билади. Ҳар бир оилада уй-жой, ҳовли атрофини тоза-озода сақлаш, сувга туфламаслик, нон ушоғини ерга ташламаслик ўргатилади. Аммо афсус ва надоматлар бўлсинки, бундай қадриятлар бугун унутилаёзгандай.

Янада очиқроқ айтганда, турмуш даражамиз фаровонлашаётгани сайин танбаллашиб боряпмиз. Азиз неъматлардан қолган чиқиндиларни дуч келган жойга ташлаб кетишдан ийманмаймиз. Кўчага чиқинди улоқтирган кишига уни белгиланган жойга ташлаш кераклигини айтиш хаёлимизга ҳам келмайди. Ариқлар, пиёдалар йўлакчалари атрофида елим халталарда ташлаб кетилган чиқиндилар, папирос қолдиқлари, писта пўчоқларига кўзимиз ўрганиб қолди.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг февраль ойида чиқиндилар билан ишлаш тизими ва экологик ҳолатни яхшилаш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган муҳим ишлар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида жамоатчиликка мурожаат қилди:

«Энг муҳим масала – аҳолининг экологик маданиятини ошириш. Бугун кўчага ёки исталган жойга қаранг. Ҳамма жойда одамлар ташлаб кетган чиқиндиларни кўрасиз. Биз она юртимизни муқаддас деймиз. Нима учун уни тоза-озода сақламаймиз? Ахир муқаддас китобларимизда ҳам «Поклик иймондандур» дейилган.

Нега бу масалада оммавий ахборот воситалари, маҳалла фаоллари бонг урмаяпти? Қани нуронийларимиз, жамоатчилигимиз?»

Унутмаслик керакки, табиатга отилган кесак, ўзимизга тош бўлиб қайтади!..

Мақсад жазолаш эмас, олдини олишга қаратилиши керак

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 911-моддасига кўра, белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндилар ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш – фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса – фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Хўш, буни ким назорат қилиши керак?

Ички ишлар вазирлиги тизимида сайёҳлик полицияси, экология полицияси фаолияти йўлга қўйилган. Экология полицияси бу борадаги қонунбузарликларга қарши жиддий курашиши, профилактик чора-тадбирларни кучайтириши керак. Мақсад жазолаш эмас, балки олдини олишга қаратилса, кўзланган самарага эришиш мумкин.

Инновация: муаммодан – тадбиркорликка

Бугун дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган чиқиндилар муаммоси миграция ва аҳоли сонининг ўсиб бориши ҳисобига янада чуқурлашмоқда. Илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиш, инновация туфайли ривожланган давлатларда ушбу муаммо тадбиркорлик орқали бартараф этиляпти.

Финляндияда қаттиқ маиший чиқиндиларнинг қарийб ярмини иккиламчи хом­ашё, қолган қисмини энергияга айлантириш йўлга қўйилган. Бундай тажриба дунёнинг кўплаб тараққий этган давлатларида яхши самара бермоқда. Шу билан бирга, муаммога қарши курашишнинг оила бюджетига таъсир кўрсатувчи чоралари ҳам бор. Европанинг аксарият давлатларида шундай тартиб жорий этилган.

Мутахассислар таъкидича, маиший чиқиндилар энг арзон хомашё ҳисобланади. Уни қайта ишлаш энергия ва хомашёни сезиларли даражада тежайди. Мисол учун Японияда резина ва кабель буюмларининг 34 фоизи, шиша буюмларнинг 43 фоизи, қоғоз ва картоннинг 54 фоизи чиқиндини қайта ишлаш эвазига олинади.

Президентимизнинг 2020 йил 29 сент­ябрдаги «Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам айни шу мақсадга қаратилган.

«Тоза ҳудуд» акцияси

Эътибор берилса, кўчалардаги ёки боғ-роғлардаги чиқинди уюмларининг пайдо бўлишига ташлаб кетилган бир дона елим идиш ёки маиший чиқинди сабаб бўлар экан. Қарабсизки, у худди оҳанрабодек бошқа чиқиндиларни ўзига тортади. Унинг ёнидан ўтаётган одамлар эса беихтиёр қўлидаги чиқиндини шу ерга улоқтириб кетаверади...

Японияда тоғларга чиқиш пулли бўлиб, маҳаллий ва хорижий сайёҳларга қоғоз халталар берилади. Сайёҳлар қайтишда чиқиндиларни ана шу халтага солиб қайтади.

Зомин миллий табиат боғида ҳам ана шундай тажриба қўлланилаётгани эътиборга лойиқ. Миллий табиат боғида ҳам сайёҳларга уч хил қоғоз қоп тарқатилади, турли акциялар ўтказилади.

Буни қарангки, хорижлик сайёҳлар чиқинди териш ёки йиғишдан уялмайди. Шу орқали маҳаллий сайёҳларга ибрат кўрсатади. Бундан кимдир кулди, кимдир буни жиддий қабул қилмади. Лекин ўтган икки йил мобайнида бу борада 50 фоиз ижобий ўзгаришга эришилди.

Демак, ҳар қандай ишга жиддий ёндашилса, ўз натижасини беришига шубҳа йўқ.

Нажот – илмда, тарбияда

Давлатимиз раҳбари «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида экология билан боғлиқ муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмаслигига алоҳида урғу берди. «Бунга ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин. Маҳаллада, кўчаларда чиқинди ташлаган кишини кўрганда «бу ишингиз нотўғри бўлди», дейдиган муҳитни шакллантиришимиз, одамларни бунга ўргатишимиз керак. Бу – ҳаммамизнинг ишимиз ва инсоний бурчимиздир», дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Аммо юртимизда чиқиндиларни йиғиш, саралаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш аҳволи ҳозирча талаб даражасида эмас. Қурилиш чиқиндилари йўл, дала ёки дарё бўйларига ташлаб кетилмоқда. Мамлакатимиздаги чиқинди полигонларининг бирортаси санитария ва экология талабларига жавоб бермайди.

Президент томонидан маиший чиқинди тўплаш қамровини 95 фоизга, қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

Бунинг учун тадбиркорларга имтиёз бериш мақсадида импорт қилинадиган техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона божидан 3 йил муддатга озод этилди. Саралаш ва қайта ишлаш техникалари хариди учун 5 йилгача имтиёзли кредитлар ажратилади ва қайта молиялаштириш ставкасидан ошган қисми қоплаб берилади. Бу ишлар учун халқаро молия институтларининг имтиёзли маблағлари ҳисобидан 5 йил муддатга босқичма-босқич 500 миллиард сўм кредит ажратилиши режалаштирилди.

Мазкур соҳада тадбиркорлар, қайта ишлаш қуввати бор кластерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга ер, мол-мулк ва ижтимоий солиқ ставкаси бир фоиз қилиб белгиланди. Туман ва шаҳарларда давлат-хусусий шериклик асосида шундай корхоналар ташкил этиш, ҳудудлар учун махсус транспортлар олиб келиш, ижтимоий муассасалар ва бозорларга қўшимча контейнерлар ўрнатиш бўйича топшириқлар берилди. Тошкент шаҳридаги «Махсустранс» корхонаси негизида давлат-хусусий шерик­лик корхонаси ташкил этилди. Хорижий тажрибадан келиб чиқиб, маиший чиқиндиларга тўлов ундиришнинг янги тизими йўлга қўйилди.

Асрларни қаритадиган елим халтачалар...

Дунёни ифлослантираётган асосий чиқинди пластик эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Унинг қоришмалари ва турлари 100 йилдан 500 йилгача ерда ётади.

Ўзбекистонда полиэтилен пакетларни 40 микронгача ишлаб чиқариш ва импорт қилиш, сотувчиларга маҳсулот сотиб олган харидорларга пакетларни бепул тақдим этиш, шунингдек, сотиб олинаётган маҳсулотлар нархига пакетлар қийматини қўшиш ёки уларни таннархидан паст нархларда сотиш тақиқланган. Аммо қабул қилинган қарор фақат супермаркетларда амалда бўлиб, бозорлардаги ҳолат аввалдагидай қоляпти.

Бугунги кунда табиат ва атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш учун 40 дан зиёд давлат бир марталик полиэтилен халтачалардан фойдаланишни чеклади ёки бутунлай тақиқлаган. Дунё экологлари полиэтилен халталарнинг зарари тўғрисида тинимсиз бонг ураётгани бежиз эмас. Чунки ҳар йили миллионлаб тонна пластик буюмлар чиқиндихоналарга ташланиши оқибатида она замин заҳарланяпти. Тинч океанига йилига миллионлаб тонна полиэтилен халталар ташланиши натижасида тўпланган чиқинди майдонлари АҚШ ҳудудидан катта ва у йил сайин кенгайиб бормоқда...

Полиэтилен халталарни ишлаб чиқаришда қўрғошиндан фойдаланилишини кўпчилик тасаввур ҳам қилмаса керак. Бу металлнинг инсон организмида тўпланиши кўплаб касалликларни пайдо қилади. Кўпчилик унда озиқ-овқатларни сақлайди. Тадқиқотларга кўра, рангнинг таркибида инсонни ҳалокатга олиб келиши мумкин бўлган токсинлар мавжуд. Тиббиёт олимлари озиқ-овқатни полиэтилен халталарда сақлаш зарар эканлигини исботлашган.

Онажоним – табиат!

Ҳар биримиз атроф муҳитга ижобий муносабатда бўлсак, табиат инсонга хизмат қилади. Биз табиатга, сув, тупроқ, ҳаво қатламлари ва бошқа ҳаётий неъматларга эҳтиёжга қараб муомала қилсак, турмушимиз ҳам шунга яраша хотиржам ва фаровонликда давом этади.

Ер юзида атроф муҳитнинг кескин бузилиши бугуннинг энг долзарб муаммоларидан биридир. Табиатга шафқатсиз муносабатда бўлиш жониворлар ва ўсимлик­лар дунёсининг қирилиб битишига сабаб бўлмоқда. Биосферани турли чиқиндилар билан заҳарлаш натижасида инсон ўз ҳаётига ўзи зомин бўлмоқда.

Сувга ахлат ташлаш, чиқинди ва хазонларни ёқиш, жониворларни ноқонуний овлаш, ўрмонларни тартибсиз кесиш оқибатида юзага келган экологик муаммолар давримизнинг глобал муаммосига айланди. Ўз вақтида ушбу муаммоларнинг олди олинмас экан, инсоният ўз келажагини ўз қўли билан барбод қилади.

Унутманг, келажак авлодга биздан обод манзиллар, фаровон ҳаёт қолиши учун барчамиз бирдек масъулмиз!

 

Нуруллоҳ ОСТОНОВ

(«Ҳалқ сўзи» газетасининг 2022 йил

8 июнь, 119-сонидан олинди)




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔8

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔55

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔125

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар