Бу кун «халқаро болаларни» эмас, «болаларни халқаро ҳимоя қилиш куни» бўлса керак, аслида.
Кўпчилик шу кунда фарзандларини турли истироҳат боғлари, ўйингоҳлар, хиёбон каби жойларга сайрга олиб чиқади. Совғалар олиб беради. Болалар хуш кўрадиган музқаймоқ ейиш, емакхоналарда овқатланиш кабилар ҳам шу кунда кўпроқ қилинади. Мақсад – фарзандлар кўнглига байрам баҳона бироз бўлса-да хурсандчилик олиб кириш.
Аммо нима учун бу кун айнан болаларни ҳимоя қилиш куни деб аталган? Уларни кимдан ва нимадан, қандай ҳимоя қилиш керак, қабилидаги саволлар ҳамманинг ҳам хаёлига келавермаслиги табиий.
Болаларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш, боқиш, тарбиялаш ва бошқа барча таъминоти, аввало, ота-она зиммасида. Бу болаларнинг қонун билан ҳимоя қилинадиган ҳуқуқидир. Давлат фарзандлар саломатлиги, таълим-тарбияси ва камолотида ота-оналар билан бирга иш олиб боради. Ўқитади, даволантиради, кўнгилли дам олишини таъминлайди, ўрни келганда ҳомийлик қилади ва бошқа зарурий ёрдамларни кўрсатади. Натижада ёрдам ва парваришга муҳтож ёш авлод баркамол инсон бўлиб шакллана боради.
Мазкур фаолият доим муайян бир тизимда олиб борилиши ҳамма учун бирдай манфаат келтиради. Аммо бу хусусда айрим ғайри низомий ҳолатлар ҳам учраб турадики, фарзандларимизни ана шундай ҳолатларда муносиб ҳимоя қилишга алоҳида аҳамият қаратиш зарур.
«Етимчалармиз...»
Бир пайтлар айрим кам сонли кишилар ўз аждодларидан қолиб келаётган ва таомилга айланган одат сифатида тиланчилик билан шуғулланишар эди. Ҳозирда бундай «фаолият»нинг қамров доираси анча кенгайганини кузатиш мумкин. Аянчлиси, норасида фарзандлар бу қора юмуш домига тушиб бораётганидир.
Тиланчилик – пул топишнинг бир қадар осон усули. Болаларнинг тиланчилик қилишида катталарникидан кўра кўпроқ даромад келиши ҳам шубҳасиз. Сабаби, кўзини мўлтиллатиб турган болакайни кўрганда инсон беихтиёр мурувват ва марҳамат кўрсатиб, уни қуруқ қайтармасликка уринади.
Катталардаги айни шу мурувват туйғуси ёш авлоднинг баъзи вакилларини осон даромад топишга иштаҳасини карнай қилиб қўяди.
Тиланчилик қилган болада уят, шарму ҳаё, қилаётган ишидан ҳижолат бўлиш, ҳалол меҳнат ва пешона тери билан пул топиш ва бу маблағнинг қадрига етиш ҳисси йўқола боради. Булар ўрнига ёлғон, алдов, фирибгарлик, кўзбўямачилик, безорилик сингари салбий хусусиятлар бола қалбини забт эта бошлайди. Бундай зарарли ҳолларни ўзига одат қилиб олган бола одамлардан пул ундириш учун барча имконини ишга соладиган бўлиб қолади.
Кўча-кўйда, аҳоли гавжум жойларда, жамоат транспортларида қўлига ота-онасининг ўлим қоғози ёки шифокорнинг тиббий амалиёт зарурлиги ҳақидаги хулосасини кўтариб юрган норасида болаларга, эҳтимол сизнинг ҳам кўзингиз тушгандир. Уларга дуч келганингизда қўлидаги ҳужжатга ҳеч эътибор берганмисиз? Агар жабрдийдани тўхтатиб, қўлидаги ҳужжатни ўқиб кўрмоқчи бўлсангиз... овора бўласиз. Аввало, у сизга қўлидаги қоғозни бермасликка ҳаракат қилади. Йўлини қилиб ололсангиз, қоғознинг эскириб қорайиб кетганидан ҳеч нарса ўқий олмайсиз. Боладан ўзи ҳақидаги маълумотларни сўрасангиз, у сизга ҳеч қачон тўғри жавоб бермайди. Ёки тезда жуфтакни ростлаб қолади. Унга имкон қадар содда ва ишонувчанлар ҳамда... бахтсизлар керак. Бошига ташвиш тушган киши бошқалар ҳолига кўпроқ ғамхўрлик кўрсатишини улар ҳам жуда яхши билишади.
Худди шундай ҳолатлардан бири – ўн тўрт-ўн беш ёшлардаги бола автобусда ота-онасининг ўлим қоғозини кўтариб, овозининг борича астойдил дийдиё қила бошлади. Атрофдагиларнинг юрагини эзиб, раҳмини келтириб, айтган сўзларини эшитган одамлар унга пул беришга тушди. Шунда автобусдаги ёши каттароқ бир амаки болани таниб: «Ҳа, қўшни, тинчликми?» деб қолди. Йўловчилар амакидан: «Сиз буни танийсизми? Ростдан ота-онаси вафот этганми?» деб сўрай кетишди. Амаки эса, ҳафсаласизлик билан энсаси қотиб жавоб берди: «Э... қаёқда?.. Адаси тол тагидаги чойхонада кун бўйи ичиб ўтиради. Онаси уйда – бекорчи. Мани қўшним булар», деганини эшитиб, ҳалиги бола ўзини дарров эшикка отди.
Бу ҳолдан қандай хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола.
Бозордаги болалик
Балки тиланчилик қилиб юрган болалар онда-сонда учрайдиган ғариб бир ҳол, асли орияти йўқ ота-оналар сабабидан бундай аҳволга тушаётганлар кўп эмас-ку, дейишингиз мумкин. Бир жиҳатдан – ҳақсиз. Бошқа бир боқимдан қараганда ўзини мустаҳкам орият эгаси деб ҳисоблайдиган яна баъзи ота-оналар ҳам фарзандини кўчада қолдираётгани сир эмас.
Мустақилликнинг дастлабки йиллари янги давлат учун анча синовли даврлар бўлганини кўпчилик билади. Ўшанда нон топиш учун кўпчилик ўзини бозорга ургани ҳам рост. Оиладаги ёшу қари бир амаллаб кун кўриш учун ўзидан тадбиркор ясаб олган эди ўша пайтлар. Орадан бироз вақт ўтиб, давлат ўзини ўнглаб олди ва ҳаёт ўз изига туша бошлади. Аммо нон топаман деб четга ва бозорга чиқиб кетган болаларимизни ҳали-ҳануз бу йўлдан қайтариб ололганимиз йўқ. Бир пайтлар қўли жарақ-жарақ пул ушлаган болалар бугун ота-она бўлиб, фарзандларини ҳам ўзига издош қилишда давом этяпти. Тўғри, пул топганлар кам бўлмади: қорни тўқ, усти бут бўлди. Уй-жойлар қилиб, тўйлар қилди, отаси минмаган яп-янги машиналарни минди. Қисқаси, егани олдида бўлди.
Аммо бундай оилада улғаяётган бола худди отасидай пулга кўнгил қўйиб ўса бошлади. Ота бир пайтлар эҳтиёж ва зарурат юзасидан мактабдаги ўқишини ҳам қолдириб бозорга чиқиб кетган бўлса, энди унинг ўғли «мактабда ўқиш шарт эмас, мана, дадам ўқимаган-ку», «ўқиганлар нима қилиб берарди, юришибди ана аммамни бузоғига ўхшаб» деб фикрлайдиган бўлди. Мактабга бориб-бормай асосий вақтини бозорда ё савдода ўтказаётган бола балки айни пайтда ота-онасига, оиласига моддий ёрдам бераётгандир. Эҳтимол бекор қолиб, безорилик қилиб юргандан кўра, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғуллангани яхши-ку, деб ўзимизга ўзимиз таскин берармиз. Аммо унинг бевақт ўғрилаб қўйилаётган болалигини, болалик даврини ҳеч нарса билан қайтариб беролмаймиз. Болаликнинг ўз машғулотлари бор. Унга аслида катталар қилиши керак бўлган ишлар юклаб қўйилса, боланинг белини синдирамиз. Энг камида у ҳиссий-маънавий ва руҳий жиҳатдан мажруҳ бўлиб қолади.
Бу билан бола умуман уй ишларига қарашмасин, оиласига ёрдам бермасин, фақат ва фақат ўқиш билан машғул бўлсин, демоқчи эмасмиз. Катталар зиммасидаги иш-ташвишлар боланинг доимий вазифасига айлантирилмаслиги кераклигини таъкидламоқчимиз холос. Бола болалиги берган имконлардан тўла фойдаланиши учун унга биз катталар тўлиқ шароит яратиб беришимиз зарур. Тушгача мактабга бориб қайтгач, папкани улоқтириб, бозорга ё бошқа ишга югурадиган, кечгача катталарга ёрдамлашиб, қоронғи тушиши билан ухлаб қоладиган бола қачон дарс қилади? Қачон дам олади? Тенгқурлари билан ўйнашга қандай вақт ажратади? Кўрган-кечирганларини айтиб бериб, ким биландир суҳбатлашиб ўтиришга қачон фурсат топади? Бу ҳам майли, лекин у эртага улғайгач, ким бўлади?
Дейлик, у эртага катта пул топадиган сармоядор ҳам бўлар, лекин болаликда кўрилмаган меҳрнинг ўрнини кейин бошқа нарса билан тўлдириб бўлармикан?..
Ўз вақтида ва ўз ўрнида таълим-тарбия олиш ҳар бир фарзанднинг қонуний ҳуқуқи. Уни ҳеч ким ёки ҳеч нарса бу ҳуқуқидан мосуво қилмаслиги керак. Аслида боланинг ўқишдан бошқа ҳам бир қанча қизиқишлари, машғулотлари бор. Ҳаракатли ўйинлар, сайру саёҳат, зиёрат, қариндошларникида қилинадиган меҳмондорчиликлар, оилавий суҳбатлар, китобхонлик сингари ҳам маънан, ҳам жисмонан зарур эҳтиёжлар ҳозирда бир қадар камёблашиб кетаётгани ҳам чин. Агар фарзандларимизни болалигида бундай яхшиликлардан бенасиб ўстирсак, катта бўлганида буларга ҳожат қолмайди. Шу билан боламизнинг олдин болалигини, кейин қолган ҳаётини издан чиқарамиз. Оқибатда, ёнимизда маънавий ва жисмоний эҳтиёжлари ўлдирилган ҳиссиз бир темир одам пайдо бўлиб қолмайдими?
Болалик ҳар бир инсоннинг ўтмиши, ширин хотиралари, умрнинг соғинч билан талпинадиган қисми. Унга сунъий қор ёғдириб, болалик дарахтини совуқ уриб кетишига йўл қўймаслигимиз керак.
Энг зарур нарса
Қайси фарзанд болалигини етарлича ўтказмас экан, катта бўлганида унда ноодатий салбий ҳолатлар кузатилиши кўпроқ учрайди. Болаликда фарзанд учун энг зарур нарса бу – эътибор бўлса керак. Бола ҳамиша катталарнинг эътиборида бўлишга талпинади. Ҳатто чақалоқ ҳам катталарнинг ўзи билан «гаплашиб ўтириш»ини хуш кўради. Сал катта бўлган бола ўзини тинглайдиган одам қидиради. Бола билан бирга ўйнайдиган, суҳбатлашадиган, сайрга чиқадиган, дарс қиладиган, биргаликда нимадир машғулот бажарадиган киши бола учун энг севимли одам бўлиши шубҳасиз. Бироқ биз катталарнинг муносабатимиз ҳамиша ҳам болалар биздан кутганидай бўлавермайди. Бу ташвишланарли ҳолат.
Биз кўпинча болалар кўп вақтимизни олмаслигини истаймиз. Улар имкон қадар биздан нарида бўлишини, ўйнашини, дарс қилишини талаб қиламиз. Қисқаси, биз фарзандларимизни ўзимиздан узоқлаштиришни хоҳлаймиз. Бир пасгина тинч ўтириши учун боланинг қўлига телефон тутқазиб қўйиш бугун жуда кенг урф бўляпти. Ёки қўлига пультни бериб, юзлаб канали бор телевизор қаршисига, ё интернет уланган компьютер рўпарасига ўтирғизиб қўямиз. Мақсадимиз – бизга ҳалақит бермаса бўлди. У нималар кўряпти, нималарга қизиқяпти, қилаётган иши соғлиғига, маънавиятига зарарли эмасми? Бу каби саволлар биз учун муҳим эмасдай гўё.
Шундай кезларда бечора болани ҳатто калтабин ота-онадан ҳам ҳимоя қилиш керакка ўхшайди.
Бедаво дард ҳисобланган орттирилган иммунитет танқислиги хасталигининг бирламчи белгилари қарийб ўн йил ўтгандан кейин намоён бўлар экан. Катталарнинг бепарволик ва эътиборсизлиги касалига чалинган боланинг аҳволи янада аянчлироқ бўлса керак. Сабаби бадан касалига чора топилмаганда, инсоннинг жисмоний ҳаёти тугаши мумкин. Лекин инсон болалигиданоқ маънавий хасталикка дучор қилинса, бунинг оқибати янада оғир бўлиши табиий. Бундай боладан эрта бир кун падаркуш-қотил, ўғри-безори, муттаҳам ва фирибгар, ҳатто қўпорувчи ва худкуш чиқиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
Қаршимизда табассум қилиб турган беозор бола бугун хонадонимизда ўсиб-улғайяпти. Бизнинг барча саъй-ҳаракатимиз уни болалигидан маҳрум қилишга эмас, унга янада мазмунли ва бахтли болалик туҳфа этишга йўналтирилиши лозим. Шунда биз фарзандларимизни ҳар томонлама муносиб ҳимоя қила олган бўламиз.
* * *
Янги Ўзбекистон бугун янги бир тарихий даврга қадам қўймоқда. Бу даврда ўсиб келаётган ёш авлоднинг ақли ва билимига энг асосий инвестиция сифатида қаралиши шубҳасиз. Олдимизда шу қадар жиддий масала турганда биз лоақал биргина фарзандимизни ҳам кўчада овлоқ ҳолда қолдиришга ҳақли эмасмиз. Авлодларнинг болалиги илм олиш, ҳунар ўрганиш, касбга йўналтириш каби истиқболли фаолият доирасига тўла қамраб олиниши шарт.
Шу билан бирга, уларнинг болалиги биринчи навбатда ҳимояланмоғи зарур. Беғубор болалик эътиборсизлик, пул топиш ва бошқа тирикчилик ташвишларининг қора кўланкасида қолиб кетмаслиги керак. Бунинг учун давлат ҳам, ота-она ҳам, устоз-мураббий ҳам бирдай масъул. Яна халқ ва жамоатчиликнинг ҳушёрлиги, дахлдорлиги ва ташаббускорлигига ҳам катта эҳтиёж бор. Токи, биргина бўлса ҳам болалик суянчсиз, ҳимоясиз қолмасин.
Туробжон АБДУРАЗЗОҚ