Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

«Бизнинг жаҳолат...»

Бир аср аввал – 1906 йили ўзбек миллий матбуотининг дастлабки нашри ҳисобланган «Тараққий» газетасининг нишона сонида Мунавварқори Абдурашидхонов мамлакат ҳаёти учун энг долзарб ва муҳим бўлган ўткир бир мавзуни кўтариб чиқди. Мақола таълим тизимидаги муаммолар таҳлилига қаратилган бўлиб, «Бизнинг жаҳолат – жаҳли мураккаб» деб номланган эди...

«Бизнинг жаҳолат...»

Мунавварқори ҳазратлари анъанавий таълимнинг қотиб қолган, тушунарсиз ва кераксиз хусусиятларини очиб беради. Миллат фарзандлари йилларча ўқувга қатнаб, пул санаш (насия ёзиш)дан нарига ўтолмаётганидан, уларга сарфланаётган шунча ҳаракат ва харажат беҳуда кетаётганидан халқни огоҳ бўлишга чақиради. Муаллифнинг фикрича, буларнинг барчаси таълимни йўлга қў­йишдаги бироз тадбирсизлик юзидан содир бўлган.

Мунавварқори ўз фикр-мулоҳазаларини фақат назарий жиҳатдан эълон қилиш билан чекланмасдан, XX аср бошларида янги усулдаги мактаблар очишда ҳам жонбозлик кўрсатди. Уларда анъанавий таълимнинг асрлар синовидан ўтиб келаётган, қомусий олимлар етиштириш учун асос бўлиб хизмат қилган энг илғор жиҳатларини янги дунё илмий ютуқлари, хусусан, ишлаб чиқаришнинг янгича тамойиллари билан уйғунлаштирган ҳолда олиб боришни мақсаб қилиб белгилади. Унинг фикрича, фарзанд­лар анъанавий миллий таълим хусусиятлари билан биргаликда жаҳон илм-фанини ҳам пухта эгаллаши лозим эди.

Ўша даврдаги миллат зиёлилари ўз олдига қўйган бундай мақсадга қисқа муддатда эриша бошлади. Жараён оммавий қатағон тизими ишга тушгунга қадар давом этди...

Маърифатпарварлар фанларни керак-нокеракка ажратмасдан, ҳеч бирини чиқитга чиқармасдан, барча илм ва фанларни бир бутун тизим сифатида ўрганиш ва ўргатиш йўлидан боришган эди. Зотан, бу кўп асрлик аждодлар ҳаётида синовдан ўтиб, ўз самарасини бериб келаётган ёндашув эди. Шу сабабли улар қироат, ҳадис, ахлоқ, ислом тарихи ва ҳуқуқи, ақида, туркий, арабий ва форсий луғат дарслари билан бир қаторда география (ер юзи), геометрия (ҳандаса), математика (ҳисоб илми), астрономия (фалакиёт), рус ва бошқа хорижий тиллар каби фанларни ҳам ҳар бир ўқувчи ўрганиши зарар, деб ҳисоблашган. Қисқаси, ўша давр воқелигига эндигина кириб келаётган замонавий технологиялардан фойдаланиш, ишлаб чиқариш техникаларини бошқариш, ҳатто банк тизимида иш юритиш масалалари ҳам таълимдан ташқарида қолмаган. Шунинг учун таълим дастлаб маҳаллий мактабларда бошланиб, кейинчалик хориждаги махсус таълим даргоҳларида давом эттирилиши кўзда тутилган. Бунга сабаб маҳаллий шароитларда имкони бўлмаган илм ва амалиётни хорижда ўрганиб, кўникма ва малака ҳосил қилинишини таъминлаш бўлган.

Умуман олганда, илм-фанга бир бутун тизим сифатида муносабатда бўлиш бизнинг тарихимизда ҳамиша барқарор бўлган жараёндир. Ҳатто тор мутахассисликларга ихтисослашиш ҳодисаси ҳам барча зарурий илмларни комплекс ўзлаштиргандан сўнг юзага келган. Шу зайлда муайян соҳа бўйича катта даражаларга эришган жаҳоншумул миқёсдаги олимларимиз илмнинг бошқа соҳа ва тармоқларида ҳам улкан муваффақиятларни қўлга киритганига гувоҳ бўламиз.

Мисолларга мурожаат қилайлик.

Абу Наср Форобий етмишдан ортиқ тилни мукаммал билган. Лекин ҳозирда биз уни фақат тилшунос олим сифатидагина ўрганаётганимиз йўқ. Сабаби, у ўнлаб чолғу асбобларини маҳорат билан чала олган, мусиқалар яратган, бу соҳани ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан пухта ўзлаштирган олим бўлган. Фалсафа ва мантиқ бўйи­ча катта асарлар ёзиб қолдирган. Қадимги юнон олимлари асарларини араб тилига таржима қилиб, шарҳлар битган. Адабиёт, тиббиёт ва аниқ фанлар бўйича ҳам бир қатор илмий рисолалар яратган. Манбаларда келтирилишича, шундай катта илмий салоҳият эгаси бўлган Форобий боғбонлик билан тирикчилик қилган.

Абу Райҳон Беруний тарихчи, этнограф, тилшунос, маъданшунос, географ, диншунос, ислом илмлари бўйича етук олим сифатида танилган. Ақл-заковати билан Христофор Колумбдан беш аср олдин янги қитъа (Америка) ҳақидаги асосли илмий қарашни назарий жиҳатдан тақдим эта олган.

Абу Али ибн Сино бобомизни асосан тиббиёт соҳасининг билимдони сифатида таниймиз. Аммо унинг фалсафа, мантиқ, риёзиёт, фалакиёт, мусиқа, адабиёт, доришунослик борасидаги улкан илмий мероси чинакам қомусий олим бўлганидан далолат беради.

Бу каби қомусий олимларимиз бугунгача жаҳон илм-фани тараққиёти учун асос бўлиб турган салмоқли илмий мерос қолдириб кетишгани ҳаммага кундай равшан. Аммо ҳозирда орадан минг йилдан зиёд фурсат ўтди, энди анча нарсалар ўзгарган, деб ҳисоблайдиганлар ҳам йўқ эмас.

Келинг, яна бир мисолга назар солайлик. Яқин тарихимизда – XX асрда яшаб ўтган ватандошимиз Алихонтўра Соғуний биринчи ўзбек маршали сифатида эътироф этилади. У ўз даврида миллий давлатчилик тизими, давлат ва ҳуқуқ асослари, бошқарув ва ҳарбий салоҳиятни маҳорат билан эгаллаган йирик шахс бўлиб тарихда қолган. Шу билан бирга, Соғунийнинг ислом тарихи, тиббиёт, Туркистон халқлари тарихи ва этнографияси, ботаника, фармацевтика, адабиёт каби соҳалардаги илмий мероси ҳам катта ва салмоқлидир.

Шонли тарихимизда яшаб ўтган бу каби буюк сиймоларни санаб адоғига етиш қийин. Бугунги тараққиётимизнинг ҳар бир жабҳасидан уларнинг илмий меросларидан муайян даражада истеъфода этиб келиняпти. Энди тарих зарварақларини ўз ўрнида қолдириб, бугунги воқелигимизга қайтсак.

Бугун ҳам ўрта ва умумий таълимда аждодларимиз ўқиб ўрганган фанларнинг кўпчилиги ўқитиляпти.

Энди шунча фанлар ўзи керакми-йўқми? Керак бўлса, нима учун керак, қабилидаги саволнинг пайдо бўлиши бизга яна юқорида Мунавварқори таъкидлаган жаҳолатимизни намоён қилади.

Кейинги пайтларда ўн бир йиллик мактаб тизимида ўзлаштириладиган барча билимни бир четга қўйиб, бир йил давомида махсус ёлланма ўқитувчининг шахсий дастури асосида фақат икки-уч фандан тест синовларига тайёргарлик кўриш негадир афзал тутиладиган бўлди. Шу зайлда «фалон фан нимага керак?», «Фалон фанни ўқиш шартми?» қабилидаги ғалати ёндашувлар юзага келди. Булар ҳали ғўр, ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ўқувчиларнинг хаёлида бўлишининг ўзи – жаҳолат. Лекин бу хомхаёлга ота-оналар ҳам дастак бўлиши яна ўн карра жаҳолатдир. Ота-онанинг бундай ёндашуви билан бола мактабдаги таълим тизимидан қониқмай, аста-секин узоқлаша бошлайди. Бора-бора болада мактабда ўқиш кераксиз ва бемаъни бир юмушга айланиб қолади. Ўзига керак деб ҳисоблаган бир-икки фанни амал-тақал қилиб, «ўзлаштириб» олади.

Мактабда биргина фандан дарс берадиган ўқитувчи ҳам кези келганда умумий ўрта ва олий таълимдаги барча фанларни ўқиб ўзлаштирган. Шундан кейингина у муайян бир фандан дарс беришини тасдиқловчи ҳужжатни қўлга киритган. Ўқитувчининг фақат битта фандан дарс бериши у шу фаннигина ўзлаштиргану бошқа фанларни ўқимаган, демак, ўқувчи ҳам барча фанни ўқиши шарт эмас, деган хулоса чиқариш учун асос бўлолмайди. Ҳар бир ўқитувчининг дипломига ўқиган фанлари ва улардан ўзлаштириш даражаси қайд этилган ҳужжат илова қилинган бўлиб, дипломнинг ўзи шу иловасиз ҳеч қандай кучга эга эмаслигини бугунги кунда ўқувчилар билмаса ҳам катталар ва ота-оналар жуда яхши билса керак.

Ижтимоий ҳаётни кузатсак, ке­йинги пайтларда кундалик турмушимизда содир бўлаётган ва кўпчиликка катта талафот етказаётган салбий ҳолатларнинг аксариятида баъзи «мутахассис»ларда ўз ишидаги бирон масалага комплекс ёндашувнинг йўқлиги оқибатларини кўрамиз. Мисол учун, аҳолига янги уй-жой лойиҳаларини тақдим этаётган мутахассис объектларга иқлим шароитининг, хусусан, шамолнинг таъсири ҳақида бош қотириб ўтирмайди. Унинг назарида бу бошқа бир мутахассиснинг иши. Бошқа мутахассис эса, иқлим таъсирини ўзича ўрганади ва унинг лойиҳалаш-қурилиш масаласига тадбиқ қилиниши билан деярли қизиқмайди. Тўғон қурилишини зиммасига олган ташкилот эса, фақатгина қуруқ объектни топшириш билан ўз вазифасини тугатади. Объектнинг жуда катта миқдорда сув сақлаш учун бардошлилиги, гидротехник талаб ва меъёрларга жавоб бериши қурувчи мутахассиснинг эмас, сув омбори қоровулининг зиммасида тутилади. Гўёки сувнинг дамбани бузиб чиқиб кетмаслигига қоравул масъулдек.

Яна бир кичик мисол. Жойларда йўллар янги асфальт қилингандан кейин дарров қувур ўтказиш ишлари бошланади. Бу ҳаммани хуноб қилади. Лекин шаҳарсозлик, ирригация, коммуникация ишларини умумий бир тизимда кўра оладиган мутахассисни топиш негадир анқонинг уруғи бўлиб боряпти.

Мисолларни инсон саломатлиги билан боғлиқ ҳолатда кузатсак, янада аянчлироқ оқибатларга дуч келамиз. Тананинг бир аъзосига тавсия қилинаётган препарат бошқа аъзо фаолиятини буткул издан чиқариши мумкин. Бахтга қарши, тана аъзоларини муолажа қилувчи мутахассислар ҳам кўпинча бир-биридан хабарсиз ҳолда алоҳида-алоҳида иш кўриши учраб туради.

Фарзандларимизга ўқитилаётган фанлар орасига Хитой девори қўйиб, фанларни бир-биридан ажратиб, керак-кераксизга чиқариб ташлаш янада каттароқ талафотларга сабаб бўлиши мумкин. Ўқувчига фақат бир-икки фан керак, бошқалари муҳим эмас, деб ҳисоблаш, худди ўсаётган ниҳол учун фақат тупроқнинг ўзи кифоя қилади, унга сув, ҳаво, қуёш нури ва бошқа озиқалар шарт эмас, қабилидаги фикрлашга ўхшайди.

Бошқалар Ойни забт этаётган пайтда бизнинг бу зайлдаги ёндашувимиз жуда қимматга тушиши тайин.

 

Соҳибназар ТУРДИАЛИЕВ




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔8

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔55

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔125

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар