Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Осмонга Ўрлаётган озиқ-овқат нархлари

Йил бошидан буён муттасил давом этаётган ўсиш қачон тўхтайди, тўхтайдими ўзи?

Осмонга  Ўрлаётган  озиқ-овқат нархлари

Инсониятнинг атроф муҳит ва табиат билан мувозанати издан чиқиши кўплаб экологик муаммолар, глобал миқёсда тоза ичимлик сув етишмаслиги билан бир қаторда озиқ-овқат танқислиги ва етишмаслиги каби оғир масалага сабаб бўляпти. Аҳоли сонининг муттасил ўсиб бориши билан бирга ер ресурсларидан нооқилона фойдаланиш, ҳосилдор ерларнинг яроқсиз ҳолатга келиши, қурғоқчилик ва чўлланиш каби кўплаб омиллар озиқ-овқат етиштириш ҳажмининг тобора камайишига, талабнинг эса йилдан-йилга ошиб боришига сабаб бўляпти. БМТ маълумотларига кўра, дунёда 815 миллион киши тўйиб овқатланиш имконятига эга эмас. Мана шу маълумотнинг ўзиёқ дунё миқёсида озиқ-овқат муаммоси нақадар долзарблиги ҳақида тўлиқ тасаввур бера олади.

Озиқ-овқат етишмаслиги муаммоси ушбу маҳсулотлар нархининг муттасил ўсишига, кўплаб мамлакатлар ижтимоий-иқтисодий ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатишига сабаб бўлмоқда. Олимларнинг фикрича, глобал иқлим ўзгаришлари туфайли бундай муаммоли вазият нормал ҳолатга айланиб, ҳолатнинг бундан ҳам баттар бўлишига йўл қўймаслик – асосий масалага айланмоқда.

– 2021 йилда нархи ошмаган озиқ-овқатнинг ўзи қолмади. Бу шакар, буғдой, гўшт, картошка, маккажўхори ва ҳатто кофегача таъсир қилди. Саналганларнинг аксарияти бўйича ҳосилдорлик қурғоқчилик ёки ортиқча ёғингарчилик оқибатида кескин пасайди, – дейди иқтисодчи Отабек Бакиров. – Энг ёмони, иқлим ўзгаришлари, логистика ва талабнинг ўзгариши муаммолари ёнига давлатларнинг эгоистик сиёсати ҳам қўшилди. Аксар мамлакатлар вазият фақат оғирлашиб боришини назарда тутиб керагидан ортиқ захиралар яратишни бошлади, бошқа тоифа ҳукуматлар эса озиқ-овқат экспорти бўйича савдо чекловларини тобора кўпайтириб боришмоқда (Қозоғис­тон, Россия ва ҳатто Ўзбекистон мисолида ҳам кўриш мумкин). Бу ўзи шундоқ ҳам мураккаб вазиятни янада оғирлаштириши мумкин.

Икки йиллик пандемия ва постпандемия муҳитида нафақат об-ҳаво ўзгаришлари, балки логистика занжирларининг узилиши, истеъмолчиларнинг озиқ-овқатга бўлган талабидаги кескин бурилиш ҳам муаммо ипини тобора таранглаштириб юборди. Биргина Украинадаги уруш оқибатлари туфайли эса март ойида жаҳон бозорида буғдой, маккажўхори ва ўсимлик ёғи нархлари рекорд даражага кўтарилди, дея маълум қилди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти. Шунингдек, шакар, гўшт ва сут маҳсулотлари нархлари индексида сезиларли ўсиш кузатилган. Бу иқсодий бўҳрондан Ўзбекистон озиқ-овқат бозори ҳам четда эмаслиги барчамизни жиддий ташвишга солиши аниқ.

Айниқса, Россия ва Украина ўртасидаги жанговар ҳолат туфайли жаҳон иқтисодий ҳаётида мисли кўрилмаган бурилишлар ва кескинликлар кузатилмоқда. Бу сиёсий жараён юртимиздаги озиқ-овқат, умуман ташқаридан импорт қилинувчи барча товар ва маҳсулотлар нархларига ўз таъсирини ўтказмоқда.

Расмий статистика асосидаги ҳисоб-китобларга кўра, охирги бир йилда Ўзбекистонда кунгабоқар ёғи 26,9 фоизга, пахта ёғи 28,9 фоизга, шакар 36,6 фоизга, мол гўшти 8,5 фоизга қимматлашган. Жорий йилнинг март ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар ўртача 1,5 фоизга қимматлашиб, йиллик инфляция даражаси 10,5 фоизга (мос равишда озиқ-овқат маҳсулотлари секторидаги инфляция даражаси 14,5 фоизни ташкил қилган) етди.

Ўтган ойда нархлар ва тарифлар ўсишида етакчи ўринларни озиқ-овқат маҳсулотлари эгаллаб, ой давомида уларнинг нархлари ўртача 2,5 фоизга ошганлигини кўришимиз мумкин.

2021 йилнинг март ойига нисбатан кунгабоқар ёғи 26,9 фоизга, пахта ёғи нархи эса 28,9 фоизга ошган. 2022 йилнинг 30 март ҳолатига кўра, рес­публиканинг марказий бозорларида 1 литр кунгабоқар ёғи 14-25 минг сўм оралиғида сотилаётган эди. Март ойи давомида кунгабоқар ёғи 3,1 фоизга қимматлади.

Маълумот учун, 1 апрелдан бошлаб Россиядан хорижга кунгабоқар экспорт қилиш тақиқланди. Шунингдек, 15 апрелдан кунгабоқар ёғи экспортига 1,5 млн. тонналик квота киритилиши мумкин. Чекловларнинг 31 августгача амал қилиши кўзда тутилган. Ўзбекистонда ўсимлик ёғига йиллик эҳтиёжнинг ярмига яқини импорт ҳисобига қопланиши, умумий импортнинг эса қарийб 2/3 қисми Россия ҳисобига тўғри келиши ички бозордаги нархлар қимматлашишига таъсир ўтказмай қолмаяпти.

Аҳолимиз орасида фақат ширинчой ва нон ҳисобига кун кўрадиган қатлам анчагина салмоқли рақамни ташкил қилади. Пойтахтда яшаб кўзимизга барча ўзимиздек тўкин-сочин дастурхон атрофида яшаётгандек туюлаверади. Аммо сал ўзимиздан ортиб вилоятларга, қўйингки Тошкент шаҳридан унча узоқ бўлмаган Тошкент вилоятига чиқсак ҳам ҳаминқадар яшаётган, нонуштасига шакар ва нондан бошқа егулиги бўлмаган аҳоли қатлами борлигини билган бўлардик. Ана шу ҳаммабоп маҳсулот бўлган шакар нархининг кескин кўтарилиши ҳам аҳоли орасида турли қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Қолаверса, май-июнь ойлари бекалар тили билан айтганда мураббо ва компот ёпиш мавсуми ҳисобланади ва шу важдан ҳам шакарга талаб бир неча баробарга ортиб кетади. Аммо нархлар осмонга қараб учиб бораётгандек гўё...

Шакар нархи йиллик нисбатда олинганда 36,6 фоизга, 2021 йилнинг декабрь ойига нисбатан 14,5 фоизга, жорий йилнинг март ойида эса 12,8 фоизга қимматлашган. 2022 йилнинг 30 март ҳолатига кўра, республиканинг марказий бозорларида 1 кг шакар 8,5-14 минг сўм оралиғида сотилмоқда.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ушбу ҳолатни Россия ҳукумати томонидан шакар экспорти учун жорий қилинган чекловлар ва чакана савдо тармоғида кутилаётган узилишлар сабаб ички бозорида сунъий талаб босимининг ошиши билан боғламоқда. Қўшимча қилинишича, маҳаллий ишлаб чиқариш қувватлари ички талабни тўлиқ қондира олади. Биз ҳам ноилож шундай бўлишига умид қилиб қоламиз.

Нон ҳар бир хонадон аҳли учун кундалик сотиб олинадиган ва истеъмол қилинадиган муҳим озиқ-овқатлар рўйхатига киради. Нонсиз на меҳмон кута оласиз, на ўзингиз маза қилиб таомланасиз. Хуллас, нон халқимизнинг асосий истеъмол қиладиган маҳсулотларидан бири. Аммо ўтган ойда бир қоп буғдой уни нархи камида 80-100 минг сўм атрофида қимматлаган. Бу эса нон маҳсулотлари нархига сезиларли таъсир кўрсатиб, аҳоли орасида бироз саросимага сабаб бўлмоқда.

Мамлакатимиз учун буғдой ва уннинг асосий экспортёрти бўлган Қозоғистон эса жорий йил 15 апрелдан буғдой ва ун экспортига чекловлар жорий этишни бошлаган. «Мазкур чора ички бозорда тақчиллик юзага келиши ва ун ишлаб чиқариш корхоналари зўриқишининг олдини олиш учун керак», – деди Қозоғистон қиш­лоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Айдарбек Сапаров.

Унинг таъкидлашича, 2022 йил 1 апрелда Ташқи савдо сиёсати ва халқаро иқтисодий ташкилотларда иштирок этиш бўйича идоралараро комиссия 15 апрелдан 15 июнгача буғдой ва ун экспорти учун квоталар жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилган. Буғдой учун квота 1 миллион тонна, ун учун 300 минг тонна этиб белгиланган.

Маълумот учун, Ўзбекистон дон ва ун маҳсулотларининг тахминан 90 фоизини Қозоғистондан импорт қилади.

2020 йилда Ўзбекистон томони Қозоғистондан 666,1 млн. долларга дон ва ундан тайёрланган маҳсулотлар (ун ва бошқа дон маҳсулотлари) сотиб олган бўлса, 2021 йилда дон маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми 648,3 млн. долларни (умумий импортнинг 97,9 фоизи), ун эса 92,9 млн. долларни ташкил қилди (97,2 фоиз).

Бундан ташқари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги таҳлилларига кўра, жорий йилнинг 1-31 март кунлари бозорда киви 2 500 сўмга, мандарин 1 500 сўмга, мош 1 250 сўмга, картошка (импорт), лавлаги, турп 500 сўмга ҳамда гуруч (аланга) 250 сўмга арзонлашган. Шу билан бир қаторда, узум 12 500 сўмга, булғор қалампири (қизил) 10 000 сўмга, бодринг (орзу нави) 8 000 сўмга, анор 5 500 сўмга, апельсин ва булғор қалампири (яшил) 5 000 сўмга, помидор 4 000 сўмга, нўхот 3 000 сўмга, саримсоқ пиёз 2 500 сўмга, қовун, гуруч (лазер) ҳамда помидор (пушти) 2 000 сўмга, пиёз 1 200 сўмга, нок ва лимон 1 000 сўмга ҳамда карам 850 сўмга қимматлашган.

Ёз фасли – Ўзбекистон аҳли учун пишиқчилик ойи. Мева-сабзавот эса аҳоли истеъмол қиладиган озиқ-овқатнинг асосий қисмини ташкил қилади. Бироқ ун, ёғ, шакар, тухум, сариёғ каби кундалик истеъмол қилинадиган маҳсулотлар нархининг кескин ошиб кетиши юртдош­ларимиз орасида хавотир уйғотиши тайин. Бундай бўлмаслиги учун ҳукуматимиз томонидан тезкор чора-тадбирлар ишлаб чиқилишига умид қилиб қоламиз.

 

Саида ИБОДИНОВА




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔8

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔55

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔125

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар