Ўтган давр мобайнида тўй-маъракалардаги сарф-харажатларни бироз камайтиришга эришдик. Бу кундалик ҳаётимизда яққол кўзга ташланмоқда. Ҳозирда аксар одамлар «кўрпага қараб оёқ узатиш»га ўрганиб боряпти.
Аммо бунга осонликча эришилгани йўқ. Масала юзасидан ҳатто ҳукумат қарорлари, парламент томонидан алоҳида регламентлар ишлаб чиқилишига ҳам тўғри келганини ҳаммамиз яхши эслаймиз. Маҳалла раислари, ҳокимлик вакиллари, прокурору ички ишлар ходимлари ҳам иллатни камайтиришга сафарбар қилинди. Бироқ, вақт ўтиб, бугун яна шу каби муаммолар авж олаётгандек.
«Куёвмаҳр»
Вазият шу даражага бориб етдики, одамларимиз бир кунлик дабдабали тўй учун йиллар мобайнида емай-ичмай, саломатлик, болалари таълимига сарфламай, пул тўплашади. Не машаққатларда орттирилган маблағлар бир кунда кераксиз латта-путта, исрофгарчилик учун ҳавога совурилади. Ҳозирда вазият бироз изга тушган бўлса-да, ҳамон одамлар олдида бир кун мақтаниб олиш учун дабдабага берилаётганлар йўқ, дея олмаймиз. Бу, айниқса, айрим аёлларимиз томонидан дину урф одатларимиз, менталитетимизга мутлақо ёт бўлган беъмани одатларни ўйлаб топиш ҳамон бас қилинмаганида кўзга ташланади.
Аслида турмуш қуришда латтанинг қадри эмас, балки муҳаббат, ҳурмат асосий мезон бўлиб хизмат қилади. Муқаддас динимизда эса тўйдан олдин куёв келинга маҳр бериши керак. Бизда эса, аксинча, келинлар латта-путта, эркаклар пардоз воситалари, мебель, машина, уй кўринишида куёвларга «маҳр» беряпти.
Яқинда бозордан қайтаётиб киракаш амаки билан суҳбатлашиб қолдим. Унинг айтишича яқин дўсти миниб юрган машинасини сотиб ўша пулнинг ҳаммасига «Қиз кўрди» қилибди. Уйнинг нима жиҳози бўлса ҳаммасини олиб берибди. Мен эса ўша қизга уйланган куёвга ҳам қойил қолмадим. Қайнотасининг машинасини пулига олинган нарсаларни қандай уялмай ишлатаркан...
Аслида ўғилларимизни ана шундай ҳамиятсиз бўлишида биз ота-оналарнинг айбимиз жуда катта эмасми? Нега ҳали ҳамон табиатимиздаги молпарастликни йўқ қила олмаймиз?
Сарпога келган костюм-шим оддийроқ бўлгани учун қудалар ўртасида келишмовчилик чиққани, мебелнинг оддийроғи олингани сабаб тўйдан кейин ажрашишга борилганини кўп кўрганмиз. Етим ўсгани сабаб ёлғиз онаси янги туғилган чақалоққа «мундайроқ» сарпо қилиб келгани учун ҳақоратлар остида қолган қўшни келинчакнинг аҳволини тасвирлаб беролмайман.
Дарҳақиқат, қанчалар аччиқ бўлмасин, Беҳбудий бобомиз тўйлар ҳақида юз йил олдин куюниб ёзганидан буён ҳам ўзгармадик. Аксинча дабдабабозликнинг миқёси ошиб борди. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган, маъно-мазмундан мутлақо холи янгидан-янги бачкана одатларни ўйлаб топяпмиз. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган тўйлар ва кортежлар, маросим ва маъракалар билан боғлиқ лавҳалар ақли бор одамни ҳушёр торттиради. «Чарлар», «ақиқа», «мучал тўйи», «қиз мажлис», «куёв чақириқ», «келин кўриш» каби маросимлар камдек яна янгиларини ўйлаб топяпмиз. Булар минг-минглаб оилаларнинг нафақат ижтимоий аҳволига, балки бутун ҳаётига, қолаверса, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатиши тайин. Жамиятда ижтимоий тенгсизлик, табақаланишни бўрттириб кўрсатиши ва бу аҳоли орасида норозилик кайфиятининг кучайишига сабаб бўлиши мумкин.
Яқинда ижтимоий тармоқларда яна бир одатга кўзим тушдию, ёқа ушладим. «Marry me» деб аталаётган бу ажнабий одат, ўзбекчасига «Менга турмушга чиқ!» деган маънони билдиради. Бу ғирт деҳқончасига айтсак «Узук тақиш маросими». Ушбу бўлмағур тадбирга 2-3 минг доллар сарфлаётган ёшларимиз, бир-иккита китоб олиб ўқишганда менимча бу қадар онгсиз равишда исрофга берилишмаган бўларди.
Исрофнинг жавоби
– Ҳозирги кунда шаҳарлардагина эмас, қишлоқларда ҳам тўй бериш жуда қийин бўлиб бормоқда, – дейди кўп йиллар Олтиариқ туманидаги «Эскиараб» маҳалла фуқаролар йиғинида ишлаб келаётган Турғуной Пўлатова. – Қолаверса, тўйхоналар қиммат, ҳар бир ўринга фалон минг сўмдан ҳаражат қилинади. Ўғлини уйлантираётган хонадон қишлоқда 50 миллион атрофида пул сарфласа, шаҳарда, ўз-ўзидан 100 миллион сўм кетади. Халқимизда «Кўрпангга қараб оёқ узат», деган гап бор. Кўп тўйларда шунга риоя қилинмайди. Қарз ҳавола қилиб бўлса-да, номдор санъаткорларни чақиришади. Бир соатга фалон сўмга келувчи «бирров»чилар ҳам кўпайган. Бир кунлик тўй деб оила 3-4 йил қарз узиш билан овора бўлади.
Яқинда шаҳарда бир тўйда иштирок этдим. У ердаги исрофгарчиликни кўриб, менинг ҳам виждоним қийналиб кетди. Уч хил овқат, ичимликларнику гапирманг. Овқатнинг ейилгани ейилди, қолгани қолди. Бўлинган ярим-ёрти ноннинг қанчаси исроф бўлди. Ноз-неъматларга тўла тўкин-сочин дастурхонимизга кўз тегмасин, деймиз, аммо элимизда «Нимани хор тутсанг, шунга зор бўласан», деган нақл ҳам бежиз айтилмаган.
Ҳа, ота-оналаримиз ўзлари билганича, қурблари етганича тахтни қуриб берадилару, аммо бахтни қуриб бера оладиган даражада қудратли эмас. Афсуски, кўпчилик оилаларнинг бахтсизлиги, ўзаро тушунмовчилик ва низоларига ўша қурилган тахтнинг катта-кичиклиги, тилла-кумушлиги, безакли-камтарлиги, дабдабали-ҳаминқадар экани сабаб бўладиган ҳолатлар ҳам бўлади…
Яна одамлар «сеп ҳеч нарса қилиб бера олмайди, агар келин эпли бўлмаса», дейишади. Бу гапларни ҳамма ёддан билар экан, шунча ғалва нима учун?
Бобомнинг тўйи қандай ўтган?
Хўш, олдин ота-боболаримиз қандай тўй қилишган? Тўй куни қурби етса, битта қўй сўйиб, етмаса, битта ош тайёрлаб, маҳалланинг оқсоқолларига уйланаётганини эълон қилиб келинни олиб келаверган. Келин томон қурби етса, куёвга битта кўйлак, битта белбоғ ва дўппи ҳозирлаган, қурби етмаса, келиннинг ўзи тиккан битта белбоғ берилган. Шу тариқа тинч, осойишта, тоқатдан ташқари талаблар гирдобига ғарқ бўлмай, камтарона, қулай ҳаёт бошланган ва кўп йиллар қўша қариб, тотув, иноқ, ҳавас қилса арзигулик умр кечиришган.
Тўй ҳақида, тўйлардаги исрофгарчилик, дабадабабозлик ҳақида кўп ва хўп ёзилди. Менинг фикримча, ҳамма гап ўзимизни ислоҳ қилишда қолган. Яъни ўзимиз ўзгаришимиз керак. Аммо қанча бу ҳақида гапирмайлик, ёзмайлик барибир дабдабозлик ва риё учун, хўжакўрсинга қилинаётган одатлар кўпайиб бормоқда. Кўпчиликнинг онгига буни сингдириш учун эса узоқ вақт керак.
Қачонки, инсонлар бошқалар учун яшашни тарк қилишмас экан ва барча нарсаларнинг ҳисоб-китоби борлигини, исрофнинг натижаси яхшилик билан тугамаслигини жамиятимиздаги ҳар бир инсон англаб етмас экан, тўйлар ихчамлашмайди, дабдабали бўлишда давом этаверади. Яна қанча аҳмоқона, бизга, миллатга бегона урфлар ҳам бемалол кириб келаверади.
Саида РУСТАМ қизи