«Тошкентда болалар майдончасида 8 ёшли бола вафот этди... «Водник» даҳасидаги болалар майдончасида боланинг устига арғимчоқ устуни қулаб тушган...»
Бир йил аввал тарқалган мана шу хабарни эшитган одам борки, бундан ларзага тушди. Дарҳақиқат, Тошкент шаҳрида ҳам, вилоятлар марказларида ҳам кўп қаватли бинолар, уйларнинг сони ошгани сайин у ерда истиқомат қилувчи болалар учун мўлжалланган майдончалар муаммоси шунга қараб ўсиб бормоқда. Табиийки болалар майдончалари бизда ҳеч қандай қонун-қоидасиз, меъёрларга ва стандартларга амал қилмасдан барпо этилади. Майдончаларни ҳар бир кўп қаватли уй аҳолиси, маҳалла ёки уй-жой мулкдорлари ширкати ташаббуси билан ўз истаги ва хоҳишидан келиб чиқиб қуриб оляпти.
Шифокор-травматологларнинг айтишича, болалар йўл-транспорт ҳодисаларидан кўра, ўйин майдончаларида кўпроқ жароҳатланишар экан. Баъзида эса вазият аянчли тугаши ҳам мумкин. Агар сирпанма арғимчоқ, арғимчоқ ва майдончадаги бошқа қурилмалар хавфсизлик талабларига жавоб бермаса-чи? Шундай пайтда беихтиёр: «Эҳтиёт бўлинг, болалар майдончаси!..» деб юборганингни билмай қоласан.
Ғариб майдончалар – хавф-хатар ўчоғи
Қишлоқ болалари кўпинча шаҳарлик тенгдошларига ҳавас билан қарашади. Аммо шаҳар болаларининг ҳам ўзига яраша муаммолари йўқ эмас. Пойтахтда яшаб турган бўлса-да, уйи ёнида на болалар майдончаси, на биронта спорт билан шуғулланувчи жойнинг йўқлигини ўнлаб маҳалла болаларининг ушалмаётган орзусига айланмоқда, десак бўлади.
Кечки овқатдан кейин телефоним жиринглаб қолди. Қарасам қўшнимнинг рақами. Айтишича олти ёшли қизчаси комага тушиб қолибди. Уч-тўрт кун олдин қизча опаси билан болалар майдончасида ўйнаган ва арғимчоқдан йиқилган. Опаси эса қўрққанидан уйидагиларга бу ҳақида айтмаган. Қизчанинг иссиғи чиқа бошлаган, кўнгли айниган. Она эса юқумли касалликлар шифокорига олиб борган. Яхшики тажрибали бир шифокор боладаги белгилардан унинг қаттиқ зарб билан йиқилганини билиб қолган. Тасаввур қиляпсизми, 6 ёшли қизча талабга жавоб бермайдиган арғимчоқни деб бош мияда жарроҳлик амалиётини ўтқазди. Мен эса қўшнимнинг ҳикоясини эшитяпману, нима дейишимни билмайман. Ахир кечагина дўмбиллаб ўйнаб юргандику, дейман ўзимга-ўзим. Онаизор учун соппа-соғ кўчага чиқиб кетган боласининг аянчли аҳволда ёки оғир жароҳатлар билан кириб келишини кўриш қанчалар оғир...
Кўп қаватли уйларда яшовчи ҳамюртларимизни бу мавзу ва муаммо доим безовта қилиб келади. Аммо йиллар давомида ҳар қанча ёзилмасин, гапирилмасин бу соҳада бирор бир янгилик кўринмайди. Тўғри, янги қурилаётган фалон пуллик ситиларда албатта бу муаммо йўқ. Чунки у ердаги уйларнинг нархига сифатли майдончадан фойдаланиш ҳам қўшиб юборилган. Аммо ҳамма ҳам ситидан уй олишга қодир эмас-ку! Қолган ҳудудларда яшовчи болалар хавфсизлигига ким жавобгар? Ишлайдиган ота-оналар уззукун боласидан хавотирланиб унумли бир иш қила оладими? Умуман, бизда болалар майдончалари хавфсизлиги, стандартларга жавоб бериш-бермаслигини назорат қиладиган ташкилот борми? Ёки бирор-бир амалий иш қилиниши учун албатта бирор фожиа юз бериши керакми?
Қонун майдончадан ҳам «ишкал»
Пойтахтимизнинг турли ҳудудларини кўздан кечирганимизда болалар майдончаларининг етишмаслигини аниқладик. Бори ҳам, «Мендан кетгунча, эгасига етгунча» қабилида наридан-бери қилингани кўриниб турибди. Аксарият майдончаларда ўткир, учли, омонат пайвандланган, бир аҳвол темир конструкцияларни кўрасиз холос. Уларнинг ҳеч бири хавфсизлик талабларига жавоб бермаслигини бир қарагандаёқ сезиш мумкин. Кўриниб турибдики, болалар улардан осонгина жароҳатланиши мумкин. Худо кўрсатмасин, қўли ё оёғи синиши, шилиниши, боши билан урилиб, ёрилиши учун «шароит» етарли.
Болалар ўйин ва спорт майдончаларини қуриш билан боғлиқ қонун ҳужжатлари эса майдончаларнинг ўзидан ҳам анча «ишкал» масала. Майдончалар ҳақида жамоатчилик томонидан кўп гапирилсада амалда ҳеч қандай таъсирчан назорат тури ўрнатилмаган. Мавжуд ҳужжатлар ижро этиш шарт бўлган эмас, балки тавсия шаклида жорий қилинган. Қолаверса, кўпгина майдончаларнинг ҳудуди ширкатлар томонидан автоулов эгаларига парковка учун сотиб юборилмоқда. Оқибатда кўп қаватли уйларда яшовчи болалар бир соат бўлса ҳам майдончада ўйнаб, тоза ҳаводан нафас олиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлмоқда.
Аслида майдонча қандай бўлиши керак?
Болалар майдончалари болаларнинг ўз вақтини мазмунли ўтказишига, жисмоний ва ижтимоий ривожланишига хизмат қилиши керак. У ерга жойлаштириладиган барча жиҳозларнинг болалар учун қизиқарли бўлишига эришиш жуда муҳим. Чунки мактабгача ва кичик мактаб ёшидаги болаларнинг кундалик ҳаётида ўйин энг қизиқарли фаолият тури ҳисобланади ва ўйин воситасида болаларнинг жисмоний ва интеллектуал ривожланишига самарали таъсир этиш имконияти юқори. Ўйин орқали болалар атроф муҳит билан яқиндан танишади, ўзаро мулоқот қилишни ўрганади ва мустақил ҳаракатланиши, ўз кучини синаб кўриши мумкин бўлади.
Болалар ўзлари учун инстинктив равишда ўйин жиҳозлари, ўйин майдони ва ўйин турини танлайди. Болалар майдончасида ўтказиладиган ҳаракатли ўйинлар орқали болалар атроф муҳит билан уйғунлашади ва охир-оқибат уларда табиатга меҳр уйғонади.
Майдончаларда ташкил этиладиган ўйинлар фақат у ердаги спорт жиҳозлари билан боғлиқ бўлибгина қолмасдан, содда миллий ўйинларни ҳам қамраб олиши мақсадга мувофиқдир. Бу эса болаларни ўйин воситасида миллий анъаналаримизга муҳаббат руҳида тарбиялаш учун хизмат қилади. Ушбу ўйинлар орқали болаларнинг ҳаракатларида мустақиллик, дадиллик пайдо бўлади. Улар бу майдончаларда эркин ҳаракат қилиш, бошқа болаларнинг ҳаракатларидан ўрнак олиш имкониятига эга бўладилар.
Бундан ташқари у ердаги барча ўрнатилган арғимчоқ ва конструкциялар хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб бериши керак. Майдончалардаги жойлаштириладиган ўйин жиҳозлари, биринчи навбатда, хавфсиз, болаларга жароҳат етказмайдиган, ўткир қирраларсиз бўлиши лозим. Дуч келган сантехник, тўғри келган одам гаражидан олиб чиқиб пайвандлаб ясаб қўйган темир конструкциялар болалар ҳаётига жиддий хавф туғдиради.
Қолаверса, майдончаларнинг болалар томонидан ифлос қилиб юборилмаслиги учун унинг чекка қисмларига ахлат қутилари қўйилиши мақсадга мувофиқдир. Болалар майдончаларига кириш ва чиқишни ҳеч ким назорат қилмаслиги боис у ерга болалар турли хил егуликларни олиб келиши ва уларнинг қолдиқларини ҳар жойга сочиб юборишининг олдини олиш мақсадида ушбу қутилардан фойдаланилади. Ахлат қутилари битта жойга муқим (қўзғалмас қилиб) ўрнатиладиган ёки жойи ўзгартириладиган бўлиши мумкин. Ҳар икки ҳолатда ҳам қутилар ҳар куни чиқиндилардан тозалаб олиниши зарур. Афсуски кузатувларимиз давомида аксарият майдончаларда бундай қутиларни қидириб ҳам тополмадик.
«Бети қаттиқнинг иши беш»
– Мисол учун, Юнусобод туманидаги «Бўзсув» маҳалласида яшаётганимга 20 йил бўлган бўлса-да, фарзандларимиз болалар майдончасини кўрмай улғайишди. Энди шу болалар ўзлари ота-она бўлиш ёшида. Аҳоли қўлдан келгунича иккита арғимчоқ ўрнатиб қўйишган, – дейди Нилуфар Юнусова. – Аммо у хавфсизлик жиҳатидан талабга жавоб бермайди. Бундай яроқсиз ва хавфсиз болалар майдончаси учун жавобгар шахс борми? Бу бўйича аҳолининг қилмаган мурожаати ва эълон қилинмаган мақоласи қолмаган. Афсуски, ҳамма мутасаддилар кўрса-да, кўрмасликка, эшитса-да, эшитмасликка одатланган.
Тўғри-да, кун, йил ўтяпти. Болалар майдончаси бўлмаса бўлмаптида. Асосийси, «бети қаттиқнинг иши беш» қабилида ишлайвериш афзалроқ. Аҳоли тилидаги «ЖЕК»ка муаммо борасида айтилса, пул йўқ деган жавоб олинади. Маҳалла раиси бирор ҳомий тадбиркор топиш кераклигини рўкач қилади. Ҳокимлик эса инобатга оламиз, дейишдан нарига ўтмайди. Хуллас, «отангга бор, онангга бор» қабилидаги ҳолат йиллар давомида ечимини топмайди. Бу каби муаммо бутун пойтахт бўйлаб мавжуд ва қачон ечим топишини ҳозир ҳеч ким айта олмайди.
Агар сиз майдончани жамоатчилик иштирокида «одамбашара» қилиш ташаббуси билан чиқсангиз, ёш боласи бўлмаган одамлар томонидан қаттиқ қаршиликка дуч келасиз. Ўйлашмайдики, ёш болалари бўлмаса ҳам, эртага невараларини ўйнатиш учун майдонча керак. Афсуски, ҳали ҳамон барча қулайликларни, шароитни бошқалардан кутиш иллати бизни тарк этганича йўқ.
Хулоса ўрнида
«Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция»нинг 31-моддасида «Иштирокчи давлат боланинг дам олиш ва бўш вақт олиш ҳуқуқини, унинг ёшига мос ўйинларни ва кўнгилочар тадбирларда қатнашиш ҳамда маданий ҳаётда ва санъатда эркин иштирок этиш ҳуқуқини тан олишдир», дейилган. Бундан ташқари, «Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 21-моддасида эса «Ҳар бир бола ўзининг ёши, соғлиғи ҳамда эҳтиёжларига мос келадиган дам олиш ва бўш вақтга бўлган ҳуқуққа эга. Ота-она ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар ўз қобилияти ҳамда имкониятларига мувофиқ боланинг ҳар томонлама камол топиши ва фаровонлиги учун зарур турмуш шароитини таъминлайди.
Болалар соғломлаштириш, спорт, ижодий ташкилотлари ҳамда дам олишни ва бўш вақтни уюштирувчи бошқа ташкилотлар қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат органлари томонидан таъсис этилади ва қўллаб-қувватланади». Ҳозирда эса бизда болалар майдончалари етарли эмас. Чунки кўп ҳудудларда янги қурилишлар майдончаларни ўзи ҳисобига ўтказиб олмоқда. Болалар ўйнайдиган жойлар йўқ, футбол майдонлари эса пулли асосда. Фарзандини пулли жойларга олиб боришга ҳамманинг ҳам имкони йўқ. Бу эса барчамизни ташвишга солиши керак бўлган энг катта масала, давлат миқёсида ечимини кутаётган долзарб муаммодир.
Гап фарзандларимиз ҳақида кетяпти, келажак авлод ҳақида боряпти. Дилбандларимизнинг кўчага соғ-омон чиқиб келиши муаммо бўлиб турган бир вақтда ренессанс ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Болалар майдончаларида бемалол, хотиржам ўйнаши учун бизнингча кўп нарса шарт эмас. Озгина эътибор, ҳоким ва бошқа мутасаддиларнинг мисқол ҳафсаласи керак холос.
Саида ИБОДИНОВА,
«Оила ва табиат» мухбири