Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Истак бўлса, яхшилик қилишга ҳамиша имкон топилади

Кимнингдир ҳожатини раво этиш, холис ёрдам бериш, бировга яхшилик қилиш учун баъзан катта имкониятларга эҳтиёж туғилади.

Истак бўлса,  яхшилик қилишга ҳамиша  имкон топилади

Яхшиликлар қилишни кўнгилдан кечирсак-да, уларни амалга оширишга ҳамиша ҳам муваффақ бўлолмаймиз. Эҳтимол, қўлимиздаги имкон жуда катта ишлар қилишга етмас, аммо имконимиз доирасида бирон кори хайр қилишга ҳамиша имкон топилади.

Ҳаётда турфа инсонлар, турли тақдирлар учрайди. Уларнинг яхшилик илинжида қилган ишлари баъзан кишини ҳайратга солади. Улар ҳар қандай шароитда ҳам ўз эзгу ниятларини амалга оширишга эришади. Раҳматли  муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимов «Имом ал-Бухорий баракоти» китобида ўтган асрнинг охирларида Самарқанддаги Имом ал-Бухорий мажмуасини бунёд этишда ўзлари гувоҳ бўлган бир воқеани шундай баён қилганлар.

«Бизнинг суҳбатимизни яхши кийинган, кўринишидан зиёратчига ўхшаган бир йигитнинг саломи бузди. Ҳол-аҳвол сўрашдик.

– Кечирасизлар... Мен Тошкентдан келганман, – деди у. – Машинада тўқсон икки ёшга кирган отам бор, кўзи ожизлигидан бу ерда юролмайди. Масжиддан биронта домла чақириб келгин, деб мени юборган эди, сизларни кўриб қолдим, кимга учрашишимни билмай турибман.

– Бу киши, – деди Ботиржон мени кўрсатиб, – Имом ал-Бухорий масжидининг имом-хатиби ҳожи Усмонхон домла бўладилар.

Йигит, отамнинг олдига борсангиз, деб айтишга истиҳола қилиб турганди, Ботиржон шундай деб қолди:

– Сиз у ёққа борсангиз, менга узр, домла.

Мен тошкентлик йигит ортидан машинаси томон юрдим.

Қора «Нексия» олдида турган йигитлар билан кўришдим. Ҳамроҳим машинанинг орқа эшигини ошиб: «Марҳамат», деди-да, ўзи олди эшикдан кирди.

– Ота, ёнингизда шу масжид имом-хатиби ҳожи Усмонхон домла ўтирибдилар, – деди мулойимлик билан.

Отахон мен ўтирган томонга юзини бурди. Оппоқ соқоллари ўзига ярашган, кўринишидан зиёли кишига ўхшайди. Кўзлари юмуқ ҳолда мен билан салом-алик қилди-да, бошини қимирлатиб, бирдан ўксиб-ўксиб йиғлади. Зўр-базўр ўзини йиғидан тўхтатиб, кўнглини очди:

– Болам, менинг кўзларим ожиз. Биргина ниятим Имом ал-Бухорийни зиёрат қилиш эди. Ниятимга етганимдан, шу улуғ даргоҳга келганимдан суюниб йиғлаяпман. Бу ерда катта қурилиш бўлаётганини телевизор ва радиодан эшитиб тураман. Имом ал-Бухорий ҳазратларини зиёрат қилиш бугун менга насиб қилган экан, бу қурилишга ўз ҳиссамни ҳам қўшишни ният қилдим. Аммо куч-қувватим йўқ. Сиз рухсат берсангиз, набирам бир дона ғишт олиб келса, уни мен қўлларимга олиб, яна набирамга қайтарсам, у ғиштни усталарга олиб бориб берса. Усталар мен берган ғиштни деворга терса. Бу бинолар асрлар давомида қолади. Масжидул муборакда намоз ўқиганлар савобини бу бинони қурганларга бағишлайди. Ўшанда мен қўйган бу ғиштдан борган савоб қабрда тинч ётишимга сабаб бўлармикин, дейман-да.

Отахон ҳар бир сўзини зўр ҳаяжон, овозда титроқ билан айтарди. Тошкенти азимдек жойдан келган бу покиза ният мўйсафиднинг гаплари менинг ҳам кўзимда ёш пайдо қилди.

Рўмолчам билан ёшимни артар эканман:

– Бобога тез ғишт келтиринглар, – дедим.

– Раҳмат, раҳмат, домлажон, мени хурсанд қилдингиз, – деди бобо ва бир зум жим турди-да, сўнг яна гап бошлади: – Домла, Аллоҳ таоло Ўзбекистонга марҳамат нурини сочди. Юртимизни мустақил қилди. Ислом динимизни қайтиб берди. Масжидларда азон овози эшитила бошлади. Қадриятларимиз, миллийлигимиз қайта тикланди. Худди кечаги кундек ёдимда, мени «қулоқ» қилиб, уйимдаги бор китоб­ларни олиб кетишганди. Кейин билсам, ҳамма қадимий ва табаррук китобларни шаҳарга йиғиб, ҳаммомларга бўлиб беришибди. Ўқилаётган ҳамма Қуръонлар, ҳадислар, турли ноёб китоблар ҳамда тарихимиз ёзилган асарлар ҳаммомнинг сувини иситиш учун ёқилибди.

Шундай дер экан, у пиқ-пиқ йиғлар эди.

Кўз олдимга ҳаммомда гуриллаб ёнаётган китобларимиз келди-ю, юрагим ўртаниб кетди. Наҳотки, ота-боболаримиз қолдирган қўлёзмалар бировлар ювиниши учун сув иситган бўлса! Бу қандай даҳшат! Кўз ёшим тўхтовсиз оқар, рўмолча борлигини ҳам унутиб қўйган эканман. Шу пайт эшик очилди-да бобонинг набираси кўринди:

– Мана, ғишт, – деди у.

Бобо ғиштни олар экан, қўллари қалтираб, кўнгли юмшаб кетди. Кўз ёшлари ғишт устига сим-сим томар ва у ёмғир томчиларини эслатарди. Бобо ғиштни кўкрагига босиб, қўли билан силади-да, набирасига узатди.

– Мана, болам, олгин. Уста бобога та­йинла, тағин ғиштни ташлаб юбормасин. Ғишт деворга терилганини кўрганингдан кейин менга айтасан, – деди титроқ овозда. Набираси «Хўп бўлади», деди-да югуриб кетди.

– Домлажон, сизга катта раҳмат. Вақтингизни аямасдан келибсиз. Энди бир дуо қилсангиз, биз қайтсак, – деди бобо.

Биз бир-биримизнинг ҳаққимизга узундан-узоқ дуо қилдик».

Ёшлари тўқсондан ошган, кўзлари хиралашиб, нурини йўқотган, куч-қувватдан қолган олисдаги бир инсоннинг давомли яхшилик қилиш борасидаги бу иши ҳаммамизга катта бир дарс бўлса, ажаб эмас.

Бу отахоннинг ишларини ўқиб, ўзимизнинг бугунги аҳволимизни унга қиёслаб кўриш мумкин. Бизда тан сиҳатлик, ўзимизга яраша топган-тутганимиз, ёшликнинг кучи ҳам бор. Назаримда, кичик яхшиликлар ҳам катта ҳиммат зарур бўладигандек.

Бундан бир неча йиллар олдин ҳажга кетаётган инсонларни кузатишга ёрдамлашмоқчи бўлдик. Кўнгилли сифатида пойтахтдаги Новза масжидига тўпланган кишиларни йўлга ҳозирланишларига кўмаклашган бўлдик. Ташқарида катта издиҳом. Кўпчилик ота-онасини, кимдир бобо-бувисини, яна биров амаки ё тоғасини ҳажга кузатишга келган. Улар масжид олдида хайрлашиб, зиёратчиларини бизга қолдириб, шу ердан қайтиб кетишлари керак эди. Меҳр-муҳаббат билан кўз ёш тўкиб хайрлашаётган одамларни кўриб, ҳам кўнгил эзилади, ҳам шу кунларга етканларга ҳавасингиз келади. Биз – хизматдаги бошқалардан ажралиб туриш учун бўйнимизга махсус белги осиб олганмиз. Шу белгини кўриб, издиҳом ичидан бир киши мени чақирди.

– Ака, бир илтимос билан келгандим, – деб гап бошлади нотаниш йигит. – Бувим бир умр ҳажга боришга ҳаракат қилди. Тақдир битмаган эканми, бориш насиб қилмаяпти. Ҳозир уйда касал ётибдилар. Мени бу ерга бир илтимос билан юбордилар.

Йигит шундай деб ёнидан бир нарса чиқарди.

– Буни бувим ҳажга кетаётган бир одамга бериб қўйишимни тайинладилар, – деди қўлидагини менга кўрсатиб. Қарадим. Йигит қўлида бир жуфт дастрўмол ушлаб турарди.

– Сиздан илтимос, мана шуни ҳажга кетаётган бирон кишига бериб, бувимнинг саломини муборак жойларга етказишини ўтинсангиз, – деди йигит қўлидагини менга узатиб.

Бутун умр ҳаж йўлига кўз тикиб, уйда хаста ётган бувининг ҳолатини кўз олдимга келтирдим. Мавсум бошланиб, зиёратчилар ҳажга отланаётганидан хабар топган буви набирасига шу вазифани топширган экан. Бувининг улуғ сафар учун йўлга чиққан йўловчининг пешонасидан оққан тер учун бир жуфт рўмолча билан бўлса-да, бу буюк ибодатга ўз эҳтиромини изҳор қилган эди.

Бир қарашда бувининг иши жуда кичик гапдай туюлади. Лекин у ўз имкони доирасидаги энг улуғ ишни қилган эди. Дастрўмолни ҳажга кетаётганлардан бирига бериб, бувининг илтимосини етказдим. Шунда хаёлимга бир нарса келди.

Ҳозир қанча-қанча одамлар катта-катта имконларга эга бўла туриб, бу биргина хаста қариячалик ҳимматга эга эмас экан. Уларда мол-дунё, пул, бойлик, истаганча топилади.

Аммо ўз қўлидаги неъматлар билан бошқаларга наф келтириш, шу орқали ўзи учун ҳам давомли яхшиликка васила бўлишга баъзида унча аҳамият қаратилмайди.

Аслида, бировга қилган яхшиликдан энг кўп фойда кўрувчи киши ўша яхшиликни қилган одамдир. Ҳазрат Навоий бу ҳақда «Нафинг агар халққа бешакдурур, Билки, бу наф ўзингга кўпракдурур», деганлар. Яна бир ўринда қўли билан хайр қилолмаган киши ҳеч йўқса, тили билан хайр қила олиши ҳақида уқтирганлар. Бу эса – агар истаса, ҳамманинг имкони етадиган ишдир.

Ҳозир яхшиликлар учун мусобақалашадиган, оила аҳлига, қўни-қўшни, қариндош-уруғ, таниш-нотанишга қилинган яхшиликларнинг ажри кўпайтириб бериладиган муборак Рамазон ойида турибмиз. Бу ойни хайриятлар билан ўтказиш оилаларимиз, жамият ҳамда инсонлар орасидаги тотувлик ва меҳр-оқибатни янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Музаффар АБДУХОЛИҚОВ




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔8

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔55

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔125

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар