Жараён      Бош саҳифа

Ўзбекистон мусулмонлари идораси кенгаши баёноти

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини қўллаб-қувватлаш, ушбу хайрли ташаббус доирасида ҳудудларни ободонлаштириш, кўчат ва гуллар экишни тарғиб этишга қаратилган баёноти қабул қилинди.

Ўзбекистон  мусулмонлари идораси  кенгаши баёноти

Қуйида ушбу баёнот билан танишиш мумкин.

Бисмиллаҳир Раҳмонир Раҳим.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломга мукаммал ва батамом салавоту саломлар бўлсин.

Муҳтарам юртдошлар!

Аллоҳ таоло инсонни улуғлаб, унга ато этилган неъмат – табиатни асраб-авайлаш, ундан меъёрида мақсадли фойдаланишга буюрган. Ҳақ таоло «Аъроф» сурасининг 56-оятида бундай амр қилади: «Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!»

Шу каби илоҳий таъкидлар ҳар бир инсонни неъматларга оқилона муносабатда бўлиш, атроф муҳитни озода сақлаш, табиат мусаффолигини асрашга чақиради. Ислом динидаги ўгитлар Ер юзида яшовчи имон- эътиқодли кишилар қалбида табиатни эъзозлашга масъулият туйғусини оширади.

Афсуски, сўнгги йилларда дунё ҳамжамияти экологик муаммолардан азият чекмоқда. Глобал иқлим ўзгаришлари, сув танқислиги, чанг бўронлари каби табиий офатлар инсониятни танг аҳволга солиб қўймоқда. Табиатнинг бу каби инжиқликлари, таассуфки, ўтган йили юртимизда ҳам кузатилди. 2021 йилнинг куз ойларида айрим ҳудудлардаги чанг бўронлари ҳар биримизни ҳушёр торттирди. Қолаверса, айни қиш кунларида ёғингарчиликнинг камайиб кетгани ҳам кишини ўйлантириб қўяди.

2022 йил 2 февраль куни Президентимиз экологик ҳолатни яхшилаш ва «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш юзасидан ўтказилган йиғилишда шу каби долзарб масалаларга алоҳида тўхталиб, жумладан, ота-оналаримиз ўзимиз истиқомат қилаётган ҳовли, теварак атрофни покиза, тоза сақлаш кераклиги ҳақида таълим беришганини таъкидлади. Ҳақиқатан, азалий қадриятларимизда тупроқ ва сув, умуман, табиат алоҳида қадрланган. Президентимиз, жумладан, бундай деди: «Бирни кессанг, ўнни эк», деган доно мақол ҳам бежиз айтилмаган. Дарахт эккан одамга унинг савоби тегиб туради, дейилган. Оилада фарзанд дунёга келса, унга атаб ниҳол экилган.

Дунё миқёсида саноат юқори даражада ривожланган XXI асрда экология билан боғлиқ муаммолар биринчи даражали муаммо сифатида кун тартибига чиқмоқда. Авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшаши керак. Бунинг учун биз табиатга эътибор беришимиз, фақат бугунни эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш тутишимиз зарур.

Энг муҳим масала – аҳолининг экологик маданиятини ошириш. Бугун кўчага ёки исталган жойга қаранг. Ҳамма жойда одамлар ташлаб кетган чиқиндиларни кўрасиз. Биз она юртимизни муқаддас деймиз. Нима учун уни тоза-озода сақламаймиз? Ахир, муқаддас китобларимизда ҳам «Поклик имондандур» дейилган».

Давлатимиз раҳбарининг жонкуярлик билан айтган сўзлари айни ҳақиқат. Чунки сўнгги пайтларда аҳоли орасида атроф муҳитга беписанд, лоқайд қараш ҳоллари кузатилмоқда. Бунинг натижасида эса, табиийки, глобал экологик муаммолар юзага келмоқда.

Муҳтарам юртдошлар!

Аллоҳ таоло бизга атроф муҳитни озода сақлаш, муҳофаза қилиш ва ифлослантирмасликка буюрган. Шу билан бирга, динимиз том маънода поклик динидир. Бежиз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Поклик имоннинг ярмидир», демаганлар (Имом Бухорий ва Имом Молик ривояти).

Инсон имонининг ярмини поклик, тозалик орқали мустаҳкамласа, қолганини илм воситасида эгаллайди. Бундан кўринадики, атроф муҳит муҳофазаси мустаҳкам илмий асосга эга бўлиши зарур.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ (айбу нуқсондан) покдир – хушбўйликни суяди, озодадир – озодаликни суяди, карамлидир – олийҳимматни суяди, сахийдир – саховатни суяди...», дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Шу билан бирга, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «уйларингиз атрофини пок тутинглар», деганлар (Имом Бухорий ва Табароний ривояти). Зеро, Ватан остонадан – уйдан бошланади.

Уйларимиз атрофи, ариқлар, кўчалар, қабристон ва унинг атрофини ҳашар йўли билан тозалаш қадимдан халқимизнинг яхши одатларидан. Мана, неча асрларки, бу урф-одат халқимиз қадриятларида ўз ифодасини топмоқда. Аммо сўнгги пайтларда юртдошларимиз бу қадриятлардан узоқлашгандек гўё.

Шу боис, давлатимиз раҳбари бу масалага маҳалла фаоллари, нуронийлар, уламолар, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчиликни эътибор қаратишга даъват этиб, барчанинг зиммасидаги муҳим вазифани бундай баён этди: «Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди. Бунга ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин. Маҳаллада, кўчаларда чиқинди ташлаган кишини кўрганда «бу ишингиз нотўғри бўлди», дейдиган муҳитни шакллантиришимиз, одамларни бунга ўргатишимиз керак. Бу ҳаммамизнинг ишимиз ва инсоний бурчимиздир».

Ёши улуғларимизнинг сувга чиқинди ташлаш ва ҳатто тош отишга ҳам қўймасдан: «Сувнинг ҳам, ернинг ҳам жони бор, озор бериб бўлмайди», деган ҳикмати моҳияти ҳақида бугунги ёш авлодга ҳам таълим бериш керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар», деганлар (Имом Бухорий ва Абу Довуд ривояти). Бироқ бугун бу ҳадисга амал қилмайдиган, лаънатдан қўрқмайдиган одамлар ҳам учраб тургани кишини ажаблантиради.

Қуръони каримдаги 750 га яқин оят табиат ҳодисалари ҳақида мулоҳаза юритишга ва Аллоҳ таолонинг яратиқлари ўртасидаги муносабатларни ўрганишга ундайди.

Улуғ алломалар асарларида ҳам атроф муҳитга оид бир қатор масалалар баён этилган. Абу Али ибн Сино «Тиб қонунлари» асарида атроф муҳитнинг инсон саломатлиги ва руҳиятига таъсирини очиб берган. Амир Темур бўз ерларни ўзлаштирган кишилар ёки боғ қилганларни рағбатлантирган. Алишер Навоий эса, табиатга хиёнатни дўстга хиёнатга қиёслаган.

Аллоҳ таоло бизнинг яхши яшашимиз учун неъмат қилиб берган Ер сайёрасига нисбатан яхши муомалада бўлишга буюради.

Акс ҳолда, фожиали фалокатлар содир бўлади. Сайёрамизда юз бераётган кўплаб техноген ҳолатлар, жумладан, атмосферага чиқарилаётган чиқиндилар сабаб иқлимнинг кескин ўзгариши, табиий бойликлардан нооқилона фойдаланиш оқибатида дарё ва денгизларнинг қуриши кабилар кенг жамоатчиликни ташвишга солмоқда.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Рум» сураси 30-оятида бундай хитоб қилади: «одамларнинг қилмишлари туфайли қуруқлик ва денгизда бузғунчилик пайдо бўлди. бу уларнинг (ўз қилмишларидан) қайтиш­лари учун қилган баъзи (ёмон) ишлари (жазоси)ни уларга торттириш учундир».

Демак, қурғоқчилик, зироат ва тижоратдан бараканинг кетиши, турли касалликларнинг тарқалиши ҳамда ўт, сув балоси каби офатлар одамларнинг қилмишларига яраша огоҳлантиришдир.

Муҳтарам юртдошлар!

Чин мусулмон киши нафақат инсонларга, балки табиатга ҳам озор бермайди. Уни обод қилиш, кўкаламзорлаштириш пайида бўлади. Бу ташаббус ҳукуматимиз томонидан илгари сурилаётгани ҳар биримизни огоҳликка чақиради.

2021 йил ноябрда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси эълон қилиниб, 200 миллион туп дарахт кўчати экиш режалаштирилган эди. Шунга мувофиқ, кузда 85 миллион дона кўчат ўтқазилди. Кўплаб ташкилотлар, муассасалар, умуман, кенг жамоатчилик бу савобли ишда жонбозлик кўрсатди. Бу йил баҳор мавсумида 125 миллион дона дарахт кўчати экиш мўлжалланмоқда.

Мазкур йиғилишда Президентимиз «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас. Унинг доирасида келгуси беш йилда 1 миллиард туп дарахт кўчатини экишни мақсад қилганмиз. Бу умуммиллий ҳаракатнинг натижаси ҳар бир маҳаллада кўриниши керак, бу савобли ишни ҳавас билан қилиш керак», деди.

Динимиз ҳам бундай хайрли ташаббусга хайрихоҳ бўлиб, кўкаламзорлаштириш ишларини кенг тарғиб қилади. Бунга Набий алайҳиссаломнинг ҳатто уруш пайтида ҳам дарахтларни сабабсиз кесмасликни, ўрмонларни ёқмасликни буюрганлари атроф муҳит муҳофазасига эътиборнинг юксак кўринишидир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадисда:

«Агар бир мусулмон банда кўчат ўтқазса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ё ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади», дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Дарахт экиш инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади.

Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини кўчат ўтқазиш ва экин экишга тарғиб қилганлари маълум бўлади. Ҳатто Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар қиёмат қоим бўлиб қолсаю ва шу вақтда бирортангизнинг қўлида хурмо кўчати бўлса, уни экишга улгурса, экиб қўйсин», дедилар (Имом Бухорий ва Аҳмад ривояти).

Бундан келиб чиқадики, ҳар биримиз ўзимиз яшаб турган шаҳару қишлоқларимизни, маҳаллаларимизни обод қилиб, жорий йилнинг 1 мартидан «Яшил макон» умуммиллий тадбири доирасида бошланган кўкаламзорлаштириш ишларида фаол бўлиб, масжидларимиз атрофига, маҳалла-кўйларимизга, кўчаларимизга бир тупдан кўчат ўтқазсак, бутун мамлакатимиз обод бўлиб, боғу бўстонга айланади.

Бундай хайрли ишларимизнинг савоби садақаи жория сифатида то қиёматгача номаи аъмолимизга тўхтовсиз савоб бўлиб ёзилиб туради, иншааллоҳ.

Муҳтарам юртдошлар!

Аллоҳ таоло барчамизни покликка интилувчи, билганларига амал қилувчи, жисму имони, уй-жойи – Ватанини тоза тутувчи, боғу роғлар ўстирувчи ва ер юзини обод қилувчилардан айласин! Бу ишларимиз қиёматгача садақаи жория бўлишини насиб этсин! Омин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

уламолар кенгаши




Ўхшаш мақолалар

Экопартия депутати –  таълим ҳомийси

Экопартия депутати – таълим ҳомийси

🕔14:56, 09.10.2025 ✔34

Яқинда умуммиллий байрам – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Ўзбекистон Экологик партия­сидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Зайниддин Салямов «Таълим ҳомийси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Қандай хизматлари учун дейсизми? Бир сўз билан айтганда, кўплаб ўқитувчию ўқувчилар меҳрини қозониш, келажак авлод учун мудом қайғуриш орқали сазовор бўлди бу эътирофга.

Батафсил
Атроф-муҳит муҳофазасига  оид қонун лойиҳалари  муҳокамалар марказида

Атроф-муҳит муҳофазасига оид қонун лойиҳалари муҳокамалар марказида

🕔09:15, 26.09.2025 ✔77

Парламент Қонунчилик палатасининг кечаги мажлиси ҳам қизғин ва баҳс-мунозараларга бой бўлди. Депутатлар мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим долзарб масалаларни муҳокама қилар экан, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари қатъий позициясини намоён этишди.

Батафсил
Устозларга  эҳтиром  кўрсатиш –  стратегик тараққиёт гарови

Устозларга эҳтиром кўрсатиш – стратегик тараққиёт гарови

🕔16:10, 18.09.2025 ✔98

Ҳар қандай соҳанинг ислоҳи, ривожи ва тараққиёти етарли билим, малака ва кўникмага эга мутахассисларнинг фидокорона меҳнатлари билан амалга оширилади. Мамлакат тараққиётига хизмат қилувчи билимдон мутахассислар эса, шубҳасизки, устоз ва мураббийлар фаолиятининг самарасидир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Экопартия депутати –  таълим ҳомийси

    Экопартия депутати – таълим ҳомийси

    Яқинда умуммиллий байрам – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Ўзбекистон Экологик партия­сидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Зайниддин Салямов «Таълим ҳомийси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Қандай хизматлари учун дейсизми? Бир сўз билан айтганда, кўплаб ўқитувчию ўқувчилар меҳрини қозониш, келажак авлод учун мудом қайғуриш орқали сазовор бўлди бу эътирофга.

    ✔ 34    🕔 14:56, 09.10.2025
  • Атроф-муҳит муҳофазасига  оид қонун лойиҳалари  муҳокамалар марказида

    Атроф-муҳит муҳофазасига оид қонун лойиҳалари муҳокамалар марказида

    Парламент Қонунчилик палатасининг кечаги мажлиси ҳам қизғин ва баҳс-мунозараларга бой бўлди. Депутатлар мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим долзарб масалаларни муҳокама қилар экан, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари қатъий позициясини намоён этишди.

    ✔ 77    🕔 09:15, 26.09.2025
  • Устозларга  эҳтиром  кўрсатиш –  стратегик тараққиёт гарови

    Устозларга эҳтиром кўрсатиш – стратегик тараққиёт гарови

    Ҳар қандай соҳанинг ислоҳи, ривожи ва тараққиёти етарли билим, малака ва кўникмага эга мутахассисларнинг фидокорона меҳнатлари билан амалга оширилади. Мамлакат тараққиётига хизмат қилувчи билимдон мутахассислар эса, шубҳасизки, устоз ва мураббийлар фаолиятининг самарасидир.

    ✔ 98    🕔 16:10, 18.09.2025
  • Қашқадарёда «Яшил макон»  доирасида  экилган кўчатлар  кўкардими?

    Қашқадарёда «Яшил макон» доирасида экилган кўчатлар кўкардими?

    Ўзбекистон Экологик партияси Қашқадарё вилоят кенгаши, партия депутатлик гуруҳи ҳамда вилоят Кенгаши ҳузуридаги «Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича» доимий комиссияси ҳамкорлигида вилоятда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 2025 йил баҳор мавсумида экилган мевали ва манзарали дарахт кўчатларининг ҳолати бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилди.

    ✔ 132    🕔 08:56, 08.08.2025
  • Марказий банк раисига  парламент сўрови юборилди

    Марказий банк раисига парламент сўрови юборилди

    Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Банк тизимини ислоҳ қилиш ҳамда банкларни трансформация қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.

    ✔ 149    🕔 17:54, 23.07.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар