Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Экран қаршисидаги фарзандлар лоқайд томошабин эмас, фаол ўқувчи бўлишлари зарур

Пандемия туфайли икки йилдан буён таълим тизимида бирмунча беқарорлик юзага келди. Мана, яқинда ҳам коронавирус инфекциясининг янги штамми тарқалиши хавфи боис фарзандларимиз анча вақт онлайн таълим олишга мажбур бўлди.

Экран қаршисидаги  фарзандлар  лоқайд  томошабин эмас,  фаол ўқувчи  бўлишлари  зарур

Таълим муассасаларида ўқув жараёни масофавий шаклда олиб борилиши, айниқса, таълим борасида етарли кўникмага эга бўлмаган мактаб ўқувчиларининг ўқиш сифатига жиддий таъсир кўрсатиши мулоҳаза ва муҳокамаларга сабаб бўлаётгани сир эмас.

Аслида таълимни масофавий тарзда ташкил этиш бир қанча ривожланган давлатлар тажрибасида ўзини оқлаган ва мунтазам давом этиб келаётган жараён ҳисобланади. Жаҳон илм-фани масофавий таълимнинг ҳар икки томон учун бир қанча афзалликларини назарда тутган ҳолда бундай таълим шаклини янада ривожлантиришга аҳамият қаратяпти. Мутахассислар анъанавий таълим жонли мулоқот, бошқалар билан юзма-юз муносабатлар, ҳамиша бир жойда бўлиш асносида диққатнинг бўлинмаслиги ва ўқувчининг чалғимаслиги, ҳар бир сабоқнинг бевосита таълим олувчининг ўзига йўналтирилиши ва худди шундай жавоб муносабатини қабул қилиб олиниши каби жиҳатлари билан албатта эътирофга сазовор эканини таъкидлашган. Шунингдек, таълим олувчининг ўқишга қатнаш учун кетадиган вақтини тежаш, унинг учун деярли хусусий тартибда дарс ташкил этиш, ўқиб ўрганиш ва ўз устида ишлаши учун кўпроқ имкон яратиш, энг муҳими, таълимни мутлақо ўз истаги ва интилиши билан амалга ошириш учун имкон яратиш сингари кўплаб афзалликларига ҳам эътибор қаратишган.

Бироқ нима учун масофавий таълим шакли бизнинг воқелигимизда кутилган юқори натижаларни кўрсатмаяпти? Ушбу саволга бериладиган жавоб мазкур масалани атрофлича таҳлил қилишда жуда муҳимдир.

Мақсад ва кўникма

Таълим қандай шаклда олиб борилишидан қатъи назар муайян ва аниқ тадрижий мақсад сари йўналтирилган бўлиши шарт. Таълимда иштирок этувчи томонлардан ҳар бирининг алоҳида-­алоҳида тарздаги тўғри, зарур ва амалга ошириш имкони бўлган мақсадлари таълим жараёнини тўғри ташкил этиш учун асос бўлади. Жумладан, таълим берувчи касби орқасидан турли манфаатларни кўзлаш мақсадини асос деб билса, у ҳолда бундай таълим берувчининг мақсади айнан таълимга эмас, таълим воситасида бошқа нарсаларга қаратилади. Жамият, энг камида, таълим самарадорлигига эриша олмайди. Аксарият ҳолларда эса, таълим соҳасини буткул издан чиқарувчи – ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашиш, ўзибўларчилик, порахўрлик, ахлоқий тубанликлар, давлат ва халқ мулкини талон-торож қилишга ўхшаган турли иллатлар кузатилади. Таълим берувчи халқ ва жамият олдидаги вазифасини сидқидилдан бажариш ўрнига ўзининг нотўғри мақсади ва орзу-ҳаваслари ортидан кетади.

Халқда «гўшт бузилса, давоси – туз, лекин туз бузилса-чи?» деган мантиқан ўринли бир нақл бор. Ҳақиқатда ўзи тузатувчи бўлган нарсанинг бузилиши ҳар қандай ҳолатда катта ноқисликларга сабаб бўлади. Баъзан эса, ўнгланмас вазиятларни ҳам юзага келтириши мумкин.

Энди бугунги кунда бу борада биздаги ҳолат қандай? Ёш авлодга таълим бераётганлар инсоният ва жамиятнинг илм-маърифат тарқатишдаги бош ғоясидан қанчалик хабардор? Назаримизда, бу саволларнинг жавоби ҳеч кимга сир эмаски, унга алоҳида жавоб тақдим этишга ҳеч бир зарурат бўлмаса керак. Муҳими, таълим берувчиларни тайёрлаш, малакасини ошириш, юксак ахлоқий фазилатлар эгаси бўлишга тарғиб қилиш, зарурий аттестациядан ўтказиш, саралаш ва ҳар бирининг ўз устида мунтазам ишлашини таъминлаш каби фаолиятлар ҳар доим давлатнинг зиммасига тушади.

Ўқувчиларнинг масофавий шаклда сифатли таълим олиши учун Миллий телерадиокомпаниянинг телеканаллари ҳамда «Онлайн мактаб» телеграм канали орқали кундалик дарслар мунтазам бериб бориляпти. «Онлайн мактаб» лойиҳаси доирасида бериладиган дарс­лар жадвали кунлик равишда «Онлайн мактаб» телеграм канали орқали эълон қилиб борилмоқда. Бунда Халқ таълими вазирлиги ота-оналардан фарзандларини уйдаги хавфсизлиги ва соғлиғини таъминлаган ҳолда лойиҳа доирасида эфирга узатиладиган дарсларни кузатиб боришларида амалий ёрдам беришларини сўраган.

Бундан маълум бўладики, масофавий таълимда ота-онанинг ёрдами анъ­анавий таълимдагига нисбатан кўпроқ бўлиши зарур. Акс ҳолда фақат бир томонлама ҳаракат воситасида масофавий таълимда бирон натижага эришиш қийин.

Баъзи ота-оналар фарзанднинг таълим-тарбиясини тўлалигича мактаб масъулиятига ташлаб қўйгани ҳам сир эмас. Ҳатто таълимдан кўзланган мақсад болани мактабга жойлаб қўйишдангина иборат, деб тушунадиганлар ҳам йўқ эмас.

Бу жуда ачинарли ҳолат. Энди, айтинг-чи, ота-онанинг таълимдан мақсади ва тушунчаси шундай бўлгандан кейин ҳали оқ-қоранинг фарқига тугал боролмайдиган боладан нима кутиш мумкин?! Шундай ҳолда болага бериладиган «Мактабга қатнашдан мақсадинг нима?» деган саволга жўяли жавоб олишни умид қилиш мумкинми?

Уйдаги мактаб ва хусусий муаллим эҳтиёжи

Масофавий таълимда дарс жараёни ташкил этиш ва унда ўқувчининг тўлиқ иштирокини таъминлаш, топшириқ ва вазифалар ҳамда ўзлаштиришни назорат қилиш тўлиғича ота-оналар зиммасига тушади. Ўқувчи билан бевосита юзма-юз бўлмаган ўқитувчининг ҳар бир бола билан алоҳида-алоҳида шуғулланиш имкони янада камаяди. Демак, бу вазифа ҳам ўз-ўзидан ота-онага ўтади. Телевидение орқали эфирга узатилаётган дарсларни ўрганаётган ўқувчи ўзида пайдо бўлган саволларни, табиийки, экран орқали ўқитувчига бера олмайди. Бундай ҳолатда саволни ўзининг ўқитувчисига бериши кераклиги уқтирилади. Лекин масофавий дарс давомида – агар ўқувчи дарсга қизиқса ва уни муайян даражада тушунса, бир эмас, бир қанча саволлар пайдо бўлиши табиий. Уларнинг ҳаммасини мактабдаги ўқитувчиси ёрдамида тушуниб олишга кўп ҳолларда боланинг журъати етмаслиги мумкин. Бунга ўқитувчининг «Шуниям билмайсанми?», «Ҳозир тушунтирдим-ку!», «Ўзи неча марта тушунтириш керак сенга?», «Ўзинг яхшилаб ўқиб чиқсанг, тушуниб оласан», қабилидаги нотўғри ёндашуви ёки синфдошларининг (уни камситиш, устидан кулиш, мазах қилиш каби) салбий муносабати тўсиқ бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Масофавий таълимнинг аҳамияти айни шу нуқтада иш беради. Яъни, ота-она фарзанди билан бирга ҳар куни экран қаршисида ўтириб дарсда иштирок этмаса ҳам камида бир ёки ярим соат вақт ажратиб, кундалик дарсларни қандай тушунгани ва берилган топшириқларни бажарганини қатъий назорат қилиб боришга катта эҳтиёж туғилади.

Одатда бола телезивор орқали кўнгилочар ва дам олиш дастурларини томоша қилишга кўниккан бўлади. Ўқув, интеллектуал ёки илмий дастурлар нисбатан камлиги ҳамда уларни болалар нофаол тарзда, оддий томошабин сифатида томоша қилишади. Бундай кўрсатувлар болага ҳеч қандай масъулият юкламайди. Лекин «Онлайн мактаб» лойиҳасида бола оддий лоқайд томошабин даражасидан зийрак ўқувчи, яъни дарснинг фаол бир иштирокчиси мавқеини эгаллаши талаб этилади. Агар шундай қилинмаса, ташкил қилинган онлайн дарслар ва масофавий таълимдан кўзда тутилган мақсад ҳосил бўлмайди. Бунинг учун сарф этилаётган барча саъй-ҳаракатлар бекор кетади. Энг ачинарлиси, боланинг таълим олиш учун энг муносиб йиллари бой берилади.

Ягона йўл

Таълим ҳақида гап кетганда унда бир-бирини тақозо этувчи икки томон албатта инобатга олиниши зарур. Таълим самарадорлигини оширишда фақат бир тарафни масъул деб билиш ўзини етарлича оқламаслиги табиий. Қарс икки қўлдан чиққанидек, таълим-тарбияда ўқитувчига ота-она ва ўқувчининг ўзи ёрдамчи бўлиши албатта зарур.

Айрим ота-оналар фарзандларнинг мактабда яхши таълим ололмаганидан, ўқитувчилар ўз вазифасини етарлича бажармаганидан нолишади. Лекин бундай дийдиёлар билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Инсоннинг билим салоҳияти қайси мактаб ё қайси ўқитувчида ўқигани, ҳатто қандай баҳоларга ўзлаштиргани билан ҳам эмас, айни пайтда ўзи эга бўлган билими билан белгиланади. Шунинг учун ўқувчини бирон махсус мактаб ё олий таълим муассасасига қабул қилишда унинг баҳолари ёзилган вараққа асосланиб ўқишга кириш амалиёти бизда жорий қилинмаган. Ягона йўл – ўзлаштирилган билим. Бошқа ортиқча гаплар ва нарсаларга ҳожат йўқ.

Модомики, Учинчи реннесанс барпо этиш йўлида эканмиз, илм вақт ўтказиш учун бир машғулот эмас, ҳаётдаги энг муҳим эҳтиёж шаклини олиши кераклигини ҳар биримиз онгли равишда англаб етишимиз зарур.

 

Туробжон АБДУРАЗЗОҚ




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔8

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔55

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔125

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар